Воскресенье, 19.05.2024, 08:01
Приветствую Вас Гость | RSS

ижтимоий-сиёсий,адабий-бадиий,маданий-маърифий сайти

Меню сайта
Статистика

Онлайн всего: 1
Гостей: 1
Пользователей: 0
Главная » 2015 » Июнь » 28 » ҒАРИБ МУСАВВИР
20:21
ҒАРИБ МУСАВВИР

ҒАРИБ МУСАВВИР

Жойс Кэри

Шимолий Ирландия ёзувчиси

Росаям очиқ ҳавога чиққим келарди. Ичкарида ётиб ўтказаётган  бир куним ҳам бор фикрларимни чувалаштириб, битта тугун ичига зич қилиб тиқиштириб қўяётгандай эди гўёки. Ҳа, чинданам тасаввурим чизгилари ташқарида – кенгликларда яралиши ўрнига ичкарида димиқиб қолиб кетмоқда эди.

Агар мен Коки (менга арзон-гаров бошпана топиб берган ёшгина жувон) инъом этган бошпана ичида яна бир ҳафта қолиб кетгудай бўлсам, у ҳолда бор ижодимга ҳам видо айтишимга тўғри келади. Бори ижодимдан қолгани эса бир парчагина тўрт бурчакли қуруқ рамка бўлиб қолади, холос. Девор устига қанчалик катта қилиб расм чизмайин, бари бир арзимаган асар пайдо бўляпти.

Эҳ, бўлмағур иш экан. Хона ҳеч боп тушмаяпти. Зотан, чинакам сурат гул каби очилиб, фаввора мисол отилиб чиқар экан, у ҳеч қачон қуруқ шакл эмас, балки ростакам ҳаёт булоғидай қайнаб, акс этиб туриши зарурдир. Ҳақиқий суратнинг на бурчаклари ва на юзаси бўлиши эмас, билъакс, у Мавжуд Борлиқ бўлиб дунёга келиши лозимдир. Ва ўша Мавжуд Борлиқ бўлиб яралган сурат – меники бўлади.  

Ич-ичимдан Пинти билан Кокидан ғаш бўлиб турардим. Уларнинг кетаётганимдан таъблари хира бўлиши тайин. Бироқ менинг бор фикру хаёлим ташқаридаги – очиқ ҳаводаги ранглар ҳамда тасаввурлар билан банд эди. Кокининг сурати эса ҳалиям миямга қаттиқ ўрнашиб қолибди. Бахтимга кун очиқ, осмон ҳам худди Лондон сувлари каби зангор ва тиниқ эди. Лекин шу пайт оёқларимни чўзганим ҳамон Кокининг узун сояси саватчадан тўкилиб тушаётгандай бўлиб туюлди. Жувон ҳавода ўн фут баландликка кўтарилиб кетаётгандай бўлди, у  жонли қиёфадай шакллана бошлади.

-Э-ҳа, мана мен истаган тасвир,-дедим ўзимга ўзим. Аёл-дарахт, ҳатто илдизлари ҳам кўриниб турибди. Айнан газометр ёхуд Черчиллнинг шляпаси каби думалоқ шакл. Ҳа, бирдан кўз олдимда Черчиллнинг шляпаси баҳайбат кўк китга айланиб қолди.    

Шу ўтиришимда мен ҳам қаттиқ қобиғи ичига маҳкам ёпишиб қолган ёнғоққа ўхшаб қолдим. Лоақал каттароқ ёнғоққа ҳам эмас. Тасаввуримдаги она кит бўлса, денгиз қўйнидаги қорайган ғор коваклари, чексиз денгиз қоялари оша ҳар бир ғовни парчалаб келганча, ёлғиз дилбандини эмизаётган сонияларда – фарзанди билангина жаннатий ором топади.       

Мен Хорсмонгер Ярди томонга қараб юриб кетаётгандим. Кокининг гаражига у қадар ҳам ишонворгим келмасди, у ерда ижодий муҳит топа олишимга ҳеч кўзим етмасди. Аммо шу дам нигоҳимни бир тўп тахталар олиб қочди. Наилож, борига шукр, эҳтимол, қаноат қилса бўлгудай жой топиб олгандирман. Боз устига, чўнтагим ҳам саёзлашиб бораётган бир паллада бундан яхши имконият бўлмаса керак. Ҳа, дарвоқе, буни қаранг-а, Ярд орқасида кичкинагина аллея бор экан, мен буни авваллари сираям кўрмагандим.

Мен ана ўша аллея бўйлаб кунда пиёда юришни одат қилиб олдим. Аллеяда доимо биронта дарахт сурати ёхуд ҳовлини супуриб-сидираётган қандайдир қиз қиёфасини тасаввуримга муҳрлаб оламан. Ораста қизнинг масъум нигоҳлари бу тасвиримни бойитади. Аллея шундоққина ўнг томонга бурилиб кетарди. Тўкилай деб турган битта том тарафга кўз ташладим-да, ўша тарафга қараб қадам босдим, ажабки, уй ўрнида қуп-қуруқ пол ястаниб ётарди. Пол устида эса бир-икки дона шиналардан бўлак айтарли ҳеч вақо йўқ эди. Чириб адойи тамом бўлган тахтачалар ҳам бор. Айтганча, бир оёғи йўқ пастаккина қора курси ҳам топилади.   

О, бу жойни менга Худо етказди! Мана бу деразалар ўрнини эгаллаб ётган ғиштлар устиям суваб қўйилса бас. Зарари йўқ, бунисини ўзим эплаб қўяман. Лекин шу пайт миямда чақмоқ чаққандай бўлди-ю, ўйлаб кетдим.  Оёқларим шу қадар қалтирай бошладики, қора курсича устига бўшашганча ўтириб қолдим. Ҳаяжондан терга пишиб кетибман. Ақлу ҳушимни йиғдим-да, ўз-ўзимга уқтира кетдим. “Йўқ, Гулли, бу жой бировники. Тағин қандайдир тузоқ бўлмасин. Сени ўғри дея гумон қилишиб, иблис макрига дучор этишмасин яна. Ахир, бирортаям ишонганинг йўқ-ку!  Яхшиси, бу ердан тезроқ кета қолганинг маъқул”. Аммо туришга қилчалик ҳам қувватим қолмаганди, оёқларим ҳалиям қалтирар, юрагим эса тинимсиз гурсиллаб ураётганди.  

Охири бу кимсасиз жойдан чиқиб кетдим-да, бориб дуч келган дарвозани тақиллатдим. Бўтакўзникидай катта-катта кўзли, ияклари туртиб чиққан битта йигитча дарвозадан ташқарига бир қадам хатлади-да, оғзидаги банан пўстлоғини бир четга пуфлаб ташлагач:

-Хўш-ш?- деди чўзиб.

-Анави ерда битта хароба жой бор экан, ўшани эгаси ким эканлигини билмайсизми?

-Мен қаердан билай?

-Ўзи у ер қанақа жой?

-Ҳеч қанақа. Адашмасам, бир пайтлар гараж бўлганди, аммо ҳозир ҳеч нарса эмас. Ташландиқ битта бино-да.

-Ўзимҳам шундай бўлса керак, деб ўйлагандим – ахир, унга бир қаранг-а, ҳатто мушук йўталсаям чайқалиб кетади-ю. Бундай ахлатхоналарга ким қараб туради ўзи?

-Бундан кейинги дарвозага учрашинг, ўша ерда битта киши бор, ўша қарайди.

Кейинги дарвозадаги ўша битта киши кўк кўзли, бир оёғи чўлоқ кичкинагина қартайиб қолган чол экан. Бурни худди қалампирга ўхшайди, бутун юзини сепкил қоплаган.

-Ҳа, у жойни ибодатхона ҳам деймиз, мен қараб тураман, - дея жавоб қилди у берган саволимга.

-Умуман яроқсизми?

-Шунақа десаям бўлади.

-Хўп, ҳафтасига қанча ижара ҳақи сўрайсиз?

-Бир паундга келишсак бўлади.

-Майли, дердимку-я, аммо бор пулимни ижарага сарфлаб қўйсам, қорин масаласи чатоқ бўлиб қолади-да. Қўрқманг, мен тўловдан қочиб кетмайман. Мана сизга тўрт шиллингу уч пенс.

-Ҳозир, бир дақиқа шошманг, Жаноб...

-Исмим Жимсон, Гулли Жимсон. Ана, келишиб ҳам олдик. Энди мен бориб, лаш-лушларимни олиб кела қолай.

-Аммо, шошманг, бу ёққа қаранг...

Мен чолни жойида қолдирдиму, оёғимни қўлимга олиб, Кокининг макони томон елдек учдим. Коки эндигина болалар аравачасини судраганча, уйга кириб келган экан, у негадир чақалоғини тинмай уришаётган эди. Бир қўлимда стулчамни, бир қўлимда товам билан бўёқ қутимни чангаллаб олганча яна хароба томон елдим.

-Ҳей, - деб қолди Коки ортимдан. У билан гаплашиш учун бир дақиқа ҳам вақт тополмасдим. Ҳаш-паш дегунча ташландиқ бино ичида ҳозир бўлдим. Пол ўртасига стулимни қўйдим, қора курси устига эса това билан бўёқларимни жойлаштириб олдим. Эшик олдида оқсоқ чолнинг қалампирнусха бурни кўринди.

- Бу жойга ҳали киришингиз мумкин эмас, аввал пулни тўлиқ қилиб чўзиб қўйинг.

-О, буни қаранг-а! Аллақачон келишиб олгандик-ку. Энди бу хонада мениям ҳаққим бор.

-Дарҳол туёғингизни шиқиллатиб қолинг-чи.

-Энди кеч бўлди, отахон. Мана бу лаш-лушларим ҳам қонунга зид жиҳозлар сирасига кирмайди. Овқатланиш учун идиш-товоқ ҳамда ҳунармандчилик асбоблари. Ўзингиз ҳам кўриб турибсиз. Бироқ уларга тега кўрманг. Истасангиз, суд ижрочисини чақиринг. У ҳам  гапларимни тасдиқлаб беради.

-Ўтакетган қаллоб экансиз.

-Туҳмат қилманг. Эртага адвокатимдан бу гапингизнинг нотўғрилигини эшитасиз ҳам. Бегуноҳ одамни қаллоб деб аташ бошингизга бало олиб келади...

Қариянинг жаҳли чиқиб кетди. Худди Кокига ўхшаб тўнғиллаганча, ташқарига чиқиб кетди. Чол даф бўлиши биланоқ, эшикни зичлаб ёпдиму, халқасини маҳкам қилиб қулфлаб олдим. Кейин ўтириб, полни ўлчаб кўрдим. Кенглиги йигирма беш фут чиқаркан. Девор ўрнидаги тахталарни тақиллатсангиз, худди тобутдан келаётгандай хунук овоз чиқади.

Шу пайт ўша деворга термулиб туриб, ўзимнинг санъат асаримни кўрдим. Бутун ҳаётим мазмуни бўлган асар. Деворнинг баландлиги қирққа йигирма беш фут келаркан. Бошим гангиб кетди. Сурат учун бу ўлчам пича катталик қиларди. Турган жойимга чўкдиму кулиб юбордим. Кейин эса йиғлай бошладим.

“Буни қаранг-а, дедим ўзимга, моҳир мусаввир-ей, ваниҳоят бандаргоҳга келиб тушдингиз. Режани пухта ўйлаш керак эди-да. Аввал ғоя, ана ундан кейин девор...   

Худо билади, энди нима бўлади. Ўзи куч-қувват берсин-да, ишқилиб”.   Шундай дедиму, бўёқ қутимни очиб, деворнинг бир четидан бошлаб сурат эскизини сола бошладим.

Мусаввир одам шакллар ва қиёфалар аро учиб юрганида унга бошқа ҳеч нарса керак эмас. Ҳеч нарса уни ўша тасаввур осмонидан тушириб ололмайди ҳам. Зеро, яратилаётган санъат асари ичида мусаввирнинг бир ўзигина яшайди. Ана, тасаввурдаги асар ҳам тайёр бўлиб қолаёзди. Суратнинг ҳеч қаерида очиқ жой йўқ. Ортиқча бўяшнинг ҳам ҳожати йўқ. Ўз эскизим теграсида ўзимча учиб юрарканман, турли-туман шакллар тобора теварак-атрофимни тўлдириб борарди. Мен эса ўзим яратаётган санъат асари ичидан ташқарига ҳеч чиққим келмасди.

Инглиз тилидан Қандилат Юсупова таржимаси.

Просмотров: 566 | Добавил: rsc | Рейтинг: 0.0/0
Всего комментариев: 0
Имя *:
Email *:
Код *:
Вход на сайт
Поиск
Календарь
«  Июнь 2015  »
ПнВтСрЧтПтСбВс
1234567
891011121314
15161718192021
22232425262728
2930
Архив записей
Друзья сайта
  • Официальный блог
  • Сообщество uCoz
  • FAQ по системе
  • Инструкции для uCoz