Воскресенье, 19.05.2024, 07:16
Приветствую Вас Гость | RSS

ижтимоий-сиёсий,адабий-бадиий,маданий-маърифий сайти

Меню сайта
Статистика

Онлайн всего: 1
Гостей: 1
Пользователей: 0
Главная » 2015 » Февраль » 1 » ДУНЁГА ЖАВОБГАР ОДАМ
20:46
ДУНЁГА ЖАВОБГАР ОДАМ
 

Таги чизиб ўқиладиган сартлар

ДУНЁГА ЖАВОБГАР ОДАМ

ҲАР БИР ДОFИСТОНЛИКНИНГ ҚАЛБИДА ЎЗ ДОFИСТОНИ БОР

"Агар менинг китобимда маъқул фикрни кўрсанг, тагига чизиб қўй...". Бу сатрларни мен сизга ҳикоя қилмоқчи бўлган, бир китобхон сифатида ўзим чексиз меҳр қўйиб қолган асардан олдим. Кўпчиликда бўлгани сингари азалдан китобларни "чизиб" ўқийдиган одатим бор эди. Аммо... Китобни менга берган ҳамкасбимдан уялиб ўтирибман – унинг деярли ҳар бир саҳифаси чизиқларга, "птичка"ларга тўлиб кетди... Китобни варақлар экансиз, ҳайратдан бошингиз айланади: одам зоти туғилиб ўсган тошлоқ заминини шунчалар севиши мумкинми? Шунча МЕҲР муштдек юракка қандай жо бўлди экан? Меҳрки, айримлар кўникиб қолган баландпарвозлигу сохта ватанпарварликдан миллион чақирим йироқ. Меҳрки, тоғ чашмаси сувидек тоза ва тиниқ... Меҳрки, мутолаадан сўнг беихтиёр томир-томирларингизда оқа бошлайди, юрак-юрагингизга, ҳар бир ҳужайрангизга сингиб кетади. Авар халқининг машҳур шоири Расул Ҳамзатов (1923-2003)нинг "Менинг Доғистоним" асари Ватан туйғуси, миллат равнақи, тил маданияти, урф-одатлар давомийлиги, ҳикмат-ривоятлар боқийлиги ва соф муҳаббат ҳақидаги энг ибратли китоблардан биридир. Асар 1970 йилда ёзиб тугалланган. "Менинг Доғистоним"га ўхшаш асарлар ёзишга уринишлар ҳам кўп бўлди, - деб ёзади Ўзбекистон Қаҳрамони, Халқ шоири Абдулла Орипов асарнинг Асрор Мўмин томонидан ўгирилган таржимасига ёзган сўзбошисида. - Бироқ от аллақачон минилган эди. Чавандози эса Расул Ҳамзатов эканини ҳамма биларди". Бу ноёб дурдонадан Сизга қуйидаги дурларни илиндик.

***

Бизнинг тоғликларда шундай одат бор – чавандоз ўз уйининг остонасида отига сакраб минмайди. Аста отини етаклаб овулдан чиқади. Эҳтимол бу ҳеч нарсани ёддан чиқариб қолдириб кетмаётганини эслаши ва йўлда нималар кутаётганини хаёлдан ўтказиши учун керакдир?!

***

Одам тилга кириши учун икки йил кифоя, лекин тилини тийиб туришни ўрганиши учун олтмиш йил керак бўлади.

***

Тоғликларнинг уйига меҳмонлар кутилмаганда келишади. Лекин улар тоғликлар учун ҳеч қачон кутилмаган меҳмон эмас. Чунки биз тоғликлар меҳмон келишини ҳар доим, ҳар кун, ҳар соатда, ҳар дақиқада кутиб яшаймиз.

***

Нуфузли журналнинг ҳурматли бош муҳаррири! ...Мен сиз кутгандай ўз Доғистонимни 9-10 саҳифа қоғозга ўрай олмайман. Узр, Доғистоннинг бугунги куни, илғор тажрибаси ва эришган муваффақиятлари", "оддий меҳнаткашларнинг кундалик ташвишлари, меҳнат қаҳрамонликлари ва орзу-ниятлари", "тоғли ўлка ва унинг асрлардан ўтган анъаналари", "ажойиб бугуни ва порлоқ эртаси" тўғрисида ёзиш ҳазилакам иш эмас.

Ручкамнинг кичкинагина пероси бундай улкан юкни кўтариши қийин. Сиёҳнинг кичкинагина томчиси тоғдан шарқираб оқаётган жилғаларнинг, саркаш дарёларнинг туғёнини, олам тақдирини, ҳатто биргина одам тақдирини ўзида жамлаши мушкул.

***

...биз шоирлар бутун дунёга жавобгармиз, аммо ўз тоғликлари ҳақида гапира олмаган одам бутун дунё номидан гапира оладими? Назаримда у ўзи туғилган юртдан кетиб ўзга мамлакатда уйланган ва қайнонасини она деган одамга ўхшайди. Тўғри, ҳамма қайнонасини ҳурмат қилиши керак, лекин барибир она она-да!

***

Улар биз ҳақимизда қаёқдан ҳам биларди, агар биз ўзимизни тўла билмаган билсак. Биз миллион кишимиз. Доғистоннинг тошлоқ тоғлари орасидамиз. Миллион киши ва қирқдан зиёд тил...

***

Тўғри, барча доғистонликлар учун Доғистон битта, ягона. Лекин ҳар бир доғистонликнинг қалбида ўз Доғистони бор.

***

Мен авар шоириман. Лекин қалбан нафақат Аваристонга, Доғистонга, улкан мамлакатга, балки бутун сайёрага, ХХ асрга жавобгар эканимни ҳис қиламан. Бундан бошқача яшашим мумкин эмас.

***

Баъзан одамлар миясида фикр бўлгани учун эмас, шундай тилининг учи қичиб тургани учун гапиришади.

***

Эҳтимол, келажакда доғистонлик фольклоршунослардан бири қарғишларни ҳам ўрганар, уларни тўплаб, китоб ҳолига келтирар, ўшанда одамлар сўзга топқирлик меъёрини, нозик фаҳмлилик чегарасини, қанчалик хаёлга эрк бериш мумкинлигини, тоғликлар сўзида ифодалаш кўламининг кенглигини билиб олишарди.

***

...Онасининг уйига тўпланган қариндошлари ўз Ватанини ташлаб кетиб, уни ўзга ерларга алмашган ўғил ҳақидаги ҳикояни ғамгин тинглашди. Улар адашган ўғилни кечиргандай бўлишди, тирик эканидан суюнишди. Шунда бирдан онаси сўраб қолди:

- Сизлар аварча сўзлашдингларми?

- Йўқ, биз таржимон ёрдамида гаплашдик. Мен русча гапирдим, у французча.

Она юзига қора чодрасини туширди, бизда оналар ўз ўғлининг ўлганини эшитганда шундай қилишади...

***

Тоғликлардан сўрашди: нега сизлар тоғларнинг бориб бўлмайдиган жойларида уйларингизни қурасизлар?.. Тоғликлар жавоб беришди: "Яхши дўстлар писанд қилмасдан ёмон сўқмоқлардан ҳам ўтиб келишади, ёмон кишиларнинг эса бизга кераги йўқ".

***

Мен Доғистоннинг энг баланд чўққисига кўтарилдим ва теварак-атрофга назар ташладим. Сўқмоқлар ҳар тарафга таралган, қайдандир қўнғироқ овози эшитилади, ҳар-ҳар жойда гулханлар ёқилган, тутун кўкка ўрлаяпти.

Оёғинг қадрдон замин устида турганда дунёга қараш қандай яхши!

***

Тоғликларда шундай одат бор: меҳмонга уйингдаги бирор нарса ёқиб қолиб, уни мақтагудай бўлса, ачинсанг ҳам совға қилишинг керак...

Бир вақтда Қўмиқдан меҳмон келиб, уйдаги бор нарсани мақташга тушибди. Унга мақтаган ҳамма нарсасини беришибди. Лекин уни кузатаётганда этигига ёпишган тупроқни сидириб олишди...

***

Жимжилоқ кичкина бўлгани билан усиз улкан муштни қаттиқ тугиш мумкин эмас.

Нуриддин ЭГАМОВ тайёрлади.

Просмотров: 567 | Добавил: rsc | Рейтинг: 0.0/0
Всего комментариев: 0
Имя *:
Email *:
Код *:
Вход на сайт
Поиск
Календарь
«  Февраль 2015  »
ПнВтСрЧтПтСбВс
      1
2345678
9101112131415
16171819202122
232425262728
Архив записей
Друзья сайта
  • Официальный блог
  • Сообщество uCoz
  • FAQ по системе
  • Инструкции для uCoz