Воскресенье, 19.05.2024, 11:04
Приветствую Вас Гость | RSS

ижтимоий-сиёсий,адабий-бадиий,маданий-маърифий сайти

Меню сайта
Статистика

Онлайн всего: 1
Гостей: 1
Пользователей: 0
Главная » 2015 » Июль » 11 » Ит қопмайди, ўғри тушмайди, ҳатто қаримайди...
13:37
Ит қопмайди, ўғри тушмайди, ҳатто қаримайди...

Ит қопмайди, ўғри тушмайди, ҳатто қаримайди...

07.07.2015

Ота-онанинг мантиқли мулоҳазалари фарзанд маънавий тарбиясида енгилмас куч эканлигини  ҳис этмоқдаман. Тинглаганингда энсангни қотирадиган ва фикрлай бошлаганинг сари этингни жунбушга келтирадиган мантиқий топишмоқлар ўйини. Сизга ҳам ўша топишмоқлардан бирини илиндим.  "Ундай инсонларни кўчада ит қопмайди, хонадонига ўғри тушмайди, ҳатто қаримайди"...

Очиғи, йўл бекатлари, кўп қаватли уйлар атрофида уюм-уюм тўпланган ахлатларга кўзимиз кўп тушади-ю, бироқ бир қарашда боши қорайиб, кети сарғайган ожизгина "ўлим ас­кар­лари" — тамаки қолдиғининг инсоният бошига мислсиз касофат­ларни ёғдираётганлиги ҳақида ўйлаб ҳам кўр­маймиз. Оёғингиз остидаги бир дона "ўлим найзаси" қолдиғидан ҳам кўп нарсани англаб олса бўлади. Айтай­лик, чувалчанг ўлчамидаги тамакини "шимиб" ту­риш учун ўртача уч дақиқа кифоя қилади. Жаҳон статистикаси бўйича "саратон сур­най­часи" ҳар олти со­ния­да битта инсонга ўлим куйини чалиб беради. Буёғини ҳисоблаймиз. Де­мак, оёғи­миз остидаги биз эъти­бор бермай­диган бир дона сигарет ҳар олти сонияда — 1, бир дақиқада — 10, ка­шанда уни сўриб бўлгунча — 30, бир соатда — 600, бир суткада — 14400, бир йилда — 5,4 миллион нафар, яъни Эсто­ния, Қатар, Баҳ­райн, Лат­вия­дек давлатлар аҳолисига тенг инсо­ниятни ер юзидан юлиб ташлайди. 

Хўш, Ўзбекистон ва жаҳонда бун­дай фожиалар илдизини қуритиш ҳамда жамиятда соғлом муҳитни барқарор­лаш­тириш борасида  қан­дай чоралар кўрилмоқда?

Маълумки, 2003 йили "Жаҳон соғлиқ­ни сақлаш ташкилотининг тамакига қарши курашиш бўйича "Ҳадли кон­вен­­цияси" қабул қилинди. 2002 йилдан буён Ўзбекистон ҳам мазкур Конвен­циянинг 174 давлат сингари ижрочиси ҳисобланади. Айнан ушбу Конвенция­нинг кўплаб қоидалари Ўзбекистон Республикасининг "Реклама тўғриси­да"ги (1998 йил қабул қилинган, 2002 ва 2008 йиллар қўшимча ва ўзгартиш­лар кири­тилган), "Алкоголь ва тамаки маҳсулот­ларининг тарқатилиши ҳамда истеъ­мол қилинишини чеклаш тўғри­си­да"ги (2011 йил) миллий қонунлари­миз ҳамда Ўзбекистон Республикаси Жи­ноят ва Маъмурий жавобгарлик тўғри­сидаги кодексларида ўз ифодасини топган.

Шундан келиб чиққан ҳолда юрти­мизда тамаки маҳсулотлари реклама­си мутлақо таъқиқланган. Иш жойлари­да, соғлиқни сақлаш, таълим, спорт-соғломлаштириш муассасаларида, ёнғин чиқиш хавфи бўлган нуқталарда, жамоат жойларида, жамоат транспор­тининг барча турларида тамаки маҳсу­лот­лари истеъмоли ман қилинган.Қолаверса, 20 ёшга тўлмаганларга уни сотиш мумкин эмас. Тамаки сотувчи савдо объектлари таълим, спорт ва диний муассасалардан камида 500 метр узоқликда жойлашиши зарур.

Айтайлик, Россияда таълим ва даво­лаш муассасалари, жамоат транспорти ҳамда стадионларда чекиш қонун йўли билан таъқиқланган. Италияда ҳам жа­моат жойларида чеккан кишига жарима миқдори 250 евродан 2000 еврогача белгиланган. Япония, Малайзия, Тур­кия­нинг айрим жойларида чекмайди­ганларга мукофот бериш, уни ташла­ган­ларга имтиёзли кредитлар ажра­тиш жорий қилинган. Туркиянинг қиш­лоқларидан бирида амал қилаётган маҳаллий таомилга кўра, катталар ки­чикларга ибрат бўлишлари учун чек­мас­лиги шарт. Агар у қоидани бузса, қиш­лоқдаги камбағал оилага бир қоп ун ёки шакар олиб бериши талаб қи­ли­­нади. Бутан қироллигида тамаки савдоси ман қилинган. Тамаки маҳсу­лоти сотуви билан шуғулланган фуқа­рога 225 доллар миқдорида жарима солинади. Ҳолбуки, Бутан қироллигида ўртача иш ҳақи 16 доллардан ошмайди. 

Афсуски, юртимизда соғлом турмуш тарзини қарор топтириш, ёшларни жисмонан ва ақлан салоҳиятли юрт посбонлари қилиб тарбиялаш йўлида эзгу ислоҳотлар амалга оширилаёт­ганига қарамасдан ҳалигача баъзи оғриқли нуқталаримиз тузалмасдан қол­моқда. Туркияда ота-она ёшларга ибрат бўлиш мақсадида чекмай турган бир пайтда айрим ота-оналарнинг вояга етмаган фарзандини  носвой ёки тамаки учун кўчага юбораёт­ганлиги, Япония, Малайзия каби дав­латларда чекмайдиган инсонлар рағбат­ланти­рилаётган бир пайтда, ўғли, набираси тенгги мактаб болала­рини 500 метр радиусда тамаки билан бе­малол "сий­лаётган" меҳрибон буви­жонлар­нинг бизнес фаолиятлари, энг ачинар­лиси, ўқувчилар атрофида баъзи тар­ғи­бот­чилар томонидан "Биз тама­ки чекишга қаршимиз" давра суҳбатла­ри таассу­ротлари "тамаки" воситасида муҳока­ма этилаётганлиги оқибатида акстар­ғибот қилинаётган­лиги бу маса­лага янгича танқидий ни­гоҳ билан ёндаши­шимизни англатади. 

Бу ҳали ҳаммаси эмас. Республика Саломатлик ва тиббий статистика инс­титути маълумотларига кўра, Ўзбекис­тонда ҳар йили 30 мингга яқин киши айнан чекиш билан боғлиқ касалликлар туфайли ҳаётдан кўз юмаётганлиги, 2020 йилга бориб эса бу рақам икки бараварга ортиши мумкинлиги ҳақи­даги аянчли рақамлар барчамиздан ё бугун Аллоҳ мукаррам қилган танамиз­ни покиза вужуд ёки қовжираган жа­садга айлантириш, тишларимиз­нинг занглаган тунука, оғиз бўшли­ғининг эса таърифи йўқ "мушки анбар" ифо­ри таратадиган ахлат қутисига айлан­тиришни таклиф этмоқда.

Умр — бамисоли чопиб кетаётган ки­йик соясида бир лаҳза ҳордиқ чиқа­риш­дек оний фурсат. Шундай мусаф­фо осмон­га фарзанду жигар­банд­ларимиз бах­тини тилаб, қулоқ­ла­ри­мизга тама­ки ўрнига жаннат неъма­ти бўлган рай­ҳон­нинг бир нов­дасини қўндириб, атроф-муҳит­ни ифлослан­тирувчи қувур эмас, балки юзидан нур ёғиладиган ин­сон­­дек яшасак та­на­миз яйрайди, руҳимиз енгилла­шади. Тамакининг фильтрини тортавериб йўқолган кул­­гичларимиз ажин деворларини еми­риб яна ёруғ­ликка чиқади. Шунда  ёру-дўстлар билан ўтирганда "Вой, қаер­дан­дир ахлат ҳиди келяптими?" дея берил­ган саволга биздек кашандани на­зарда тутиб "Йўқ, ҳеч қанақа ахлат ҳиди кел­ма­япти, шунчаки фалончи эснаб қўйди" каби кесатиқлар қилиш­майди. Шун­дагина, она бешикдаги но­ра­сида гўдак учун заҳарли пашша-чи­виндан кўра, балконда лабларини ос­монга чўқчай­тирганча мусаффо осмонни бул­ғаётган отаси хатарли экан­лигини анг­лаб ета­ди. Энг асо­сийси, дунёга маш­ҳур тама­ки рекла­маси рамзи ковбойча шляпа кийган Даррелл Хью Уинфилд­нинг аянчли тақдири бар­чамизга сабоқ бўлади. Айнан  тамаки рекламасидаги ковбойча шляпаси орқа­ли машҳур бўлган Даррелл Хью Уинфилд ўпка са­ра­­тонига чалингач тама­ки компания­сини судга беради. Минг афсуски, ундирил­ган миллионлар кашандани сақлаб қолол­майди. Ким билади, қари­ганда компа­ния­ни эмас, ёшлигида наф­сини судга бериб, тўғри йўлни топга­нида эди, эллик етти ёшли бу шоввоз­нинг усти­дан ҳаёт бунчалик кулмасди. Ҳаётининг охири хор бўл­масди.

Мақола бошида то­пишмоқнинг жаво­бини омонат қолдир­ган эдик. Унинг жавоби шуки, кўчада соғлигидан ай­рил­гач ҳассага суяниб қолган одамни ит қопмайди. Чун­ки ит таёқдан қўрқади. Бемаҳал тунда чекувчи одамнинг уйига ўғри тушмай­ди. Чунки, туни бўйи на­фас етишмас­дан қон йўталган кашан­данинг хунук ўкириги ўғрининг хотир­жамлигини бузади. Тамаки тутунидан паровоз тутуни-ю, оқ булутчалар ясаёт­ган ка­шан­данинг тишлари сарғайиб, тамаки ўсимлигидек қовжираган одам қари­майди. Чунки у нуроний инсон­лар­дек кексайиш ёшигача етиб бормайди.

Жонибек ШУҲРАТОВ,

ФЖШМҚМИ Навоий ҳудудий бўлинмаси етакчи мутахассиси.

Просмотров: 564 | Добавил: rsc | Рейтинг: 0.0/0
Всего комментариев: 0
Имя *:
Email *:
Код *:
Вход на сайт
Поиск
Календарь
«  Июль 2015  »
ПнВтСрЧтПтСбВс
  12345
6789101112
13141516171819
20212223242526
2728293031
Архив записей
Друзья сайта
  • Официальный блог
  • Сообщество uCoz
  • FAQ по системе
  • Инструкции для uCoz