Воскресенье, 19.05.2024, 08:29
Приветствую Вас Гость | RSS

ижтимоий-сиёсий,адабий-бадиий,маданий-маърифий сайти

Меню сайта
Статистика

Онлайн всего: 1
Гостей: 1
Пользователей: 0
Главная » 2015 » Июль » 12 » ЮКСАК ПАРВОЗЛАРГА ШАЙЛАНИБ...
16:02
ЮКСАК ПАРВОЗЛАРГА ШАЙЛАНИБ...

ЮКСАК ПАРВОЗЛАРГА ШАЙЛАНИБ...
Инсон руҳига кўтаринкилик ва хуш кайфият бахш этувчи санъат турларидан бири рақсдир. Рақс ижро этаётган раққоса бир-бирига ўхшамаган, нозик ҳаракатлари билан томошабинни гўзаллик, нафосат оламига олиб киради. Вилоятимиз марказидаги “Фарҳод” маданият саройи ҳузурида ташкил этилганига қарийб 40 йил бўлган “Счастливое детство”, яъни “Бахтли болалик” намунали халқ рақс ансамбли қошида санъатнинг турли йўналишлари бўйича тўққиз турдаги бадиий жамоалар гуруҳлари фаолият кўрсатиб келмоқда. Бу ансамблнинг энг ёш гуруҳларидан бири “Родничок” (“Булоқча”) рақс жамоасидир.
Бундан бир неча йил олдин гуруҳни тузиш ишига астойдил киришган Фируза опа Мусаева дастлаб санъатга қизиқувчи мактаб ўқувчиларини ўз ёнига тўплай бошлади. Ҳаракатлар бесамар кетмади. “Родничок”да бугунги кунда қобилиятли ёшлар нафақат ўзбек миллий рақсларини, шу билан бирга турли халқ рақсларини ҳам ўрганиб, байрам кечаларида, тадбирларда, нуфузли кўрик-танловларда ижро этиб келишмоқда. 
– Рақсда нафақат қўл ва оёқ ҳаракатлари, шу билан бирга раққос ва раққосалар юзидаги мимикалар ифодаси ҳам муҳим ўрин тутади. Кўп меҳнатлар эвазига ўрганилган, сайқал топган рақс, албатта, мукаммал бир санъат даражасига етади, - дейди суҳбат чоғида гуруҳ раҳбари Фируза опа. – Болаларга аввал унинг майда ҳаракатларини ўргатамиз. Сўнгра мусиқага мос ҳаракатланишга ва ўрганилган кичик қисмлардан битта яхлит рақсни ижро этишга тайёрлаймиз. Саҳна ортидаги бу ишларимиз гоҳида кўзга осондек кўринса-да, уни амалга ошириш жараёни анча машаққатли меҳнатни талаб этади. Бироқ болалар томошабинлар олдида уни рисоладагидек ижро этганида, машаққатларимиз унутилиб кетади. Ютуқларга эришишимизда бизни қўллаб-қувватлаб келаётган, зарур имкониятларни яратиб бераётган муассасамиз директори Николай Сысоевнинг ҳиссаси жуда катта. 
Рақс ҳаракатлари орқали ифодаланган мазмун-моҳиятни томошабинга етказиб беришда унга мос кийилган кийимлар ҳам муҳим ўрин тутади. Бу ҳақида масканнинг либослар дизайнери Анна Шалева шундай фикрларни билдириб ўтди: – Аввал болалар ижро этаётган рақслар қайси миллатники бўлса, ўшанга мос либослар кўринишини чизиб оламиз ва унга монанд матони танлаб, либосларни тайёрлаймиз. Буларсиз ҳеч бир рақс мукаммал чиқмайди. Ана шу жиҳатларга асосий эътибор қаратамиз.
Англашимизча гуруҳдаги ўғил ва қизлар мактабдаги дарслардан бўшади дегунча “Фарҳод” маданият саройи томон шошилар экан чоғи, бугун ҳам уларни қизғин машғулотлар пайтида учратдик.
“Родничок” болалари 2008-2010 йилларда бўлиб ўтган “Янги авлод” болалар ижодиёти фестивалида республика лауреати бўлган бўлса, Ўзбекистон маданияти ва санъати форуми жамғармаси томонидан ўтказилган халқаро танловда 1-ўрин, Украинанинг Харьков шаҳрида бўлган “Зелен свiт” номли халқаро рақслар танловида қатнашганда Гран-При соҳиби бўлишди. Бундан ташқари, 2010-2012 йилларда “Қизилқум санъат ғунчалари” ҳамда “Истиқлол ғунчалари” номли вилоят ва республика танловларида ҳам гуруҳ ёшлари фусункор рақслари билан иштирок этиб, ғолиблар сафидан жой олди.
– Устозимиз билан бирга турли халқ рақсларини ўрганар эканмиз, дастлаб манбалар орқали ўша миллатнинг урф-одатлари, кийиниш маданияти, яшаш тарзи билан танишамиз. Сўнгра рақсларини ўрганишга киришамиз. Бу бизга чексиз завқ бағишлайди, - дейди ўқувчилар ҳаяжон билан.
Санъатсевар болалар ҳозирда ўзбекча “Андижон полкаси”ни, рус халқининг “Матрослар”, қрим-татарларнинг “Хайтарма”, молдаванча “Жок”, украинча рақс ва бошқа миллат рақсларини катта қизиқиш билан ўрганиб, ижро этиб келишаяпти. Шаҳримизнинг намунали маданият муассасаларидан бўлган “Фарҳод” саройи Наврўз байрами билан ҳамоҳанг тарзда ўзининг 40 йиллик юбилейини нишонлаш арафасида. Бу тантанали байрамга “Родничок” гуруҳи аъзолари ҳам яхши тайёргарлик кўриб, ўзбекча “Баҳор”, “Дўстлик” ҳамда Доғистон Республикасининг рутул халқ рақслари билан иштирок этишни режалаштирган. Рақслар қанотида юксак парвозларга шайланган бу ёшлар устозлари изидан бориб, азиз Ватанига меҳру садоқат туйғулари билан эртанги келажакнинг мустаҳкам пойдеворини бугундан қураётгани барчамизни бирдек қувонтиради.

Раъно РАББИМОВА,
“Navoiy-PRESS” мухбири.

Просмотров: 573 | Добавил: rsc | Рейтинг: 0.0/0
Всего комментариев: 0
Имя *:
Email *:
Код *:
Вход на сайт
Поиск
Календарь
«  Июль 2015  »
ПнВтСрЧтПтСбВс
  12345
6789101112
13141516171819
20212223242526
2728293031
Архив записей
Друзья сайта
  • Официальный блог
  • Сообщество uCoz
  • FAQ по системе
  • Инструкции для uCoz