Воскресенье, 19.05.2024, 08:01
Приветствую Вас Гость | RSS

ижтимоий-сиёсий,адабий-бадиий,маданий-маърифий сайти

Меню сайта
Статистика

Онлайн всего: 1
Гостей: 1
Пользователей: 0
Главная » 2015 » Июль » 11 » Кечиккан тарбия- қуриган экинни суғоришдай гап
14:14
Кечиккан тарбия- қуриган экинни суғоришдай гап

Психолог Зебинисо АҲМЕДОВА  оила тутумининг энг нозик жиҳатлари нималарда деб ҳисоблайди?

 

Уйланиш, турмушга чиқиш — одамни энтиктирадиган ширин палла. Аммо шу кундан оила масъулиятини ҳис этишдек мураккаб давр бошланади. Ундан ҳам мушкули эса фарзандли бўлиш, уларни оқил инсонлар этиб тарбиялаш. Бола тарбиясида кичкина бир хато ёки эътиборсизлик ҳам келгусида оғир оқибатларга олиб келиши мумкин.

Хўш, оилада тарбия масаласи қай тартибда йўлга қўйилиши зарур? Бунда ёш ота-она нималарга алоҳида эътиборли бўлиши керак? Оила тутуми, тарбия­нинг психологик-руҳий жиҳатлари қандай ўрганилади?

– Оила қуриб, фарзанд вояга етказаётганлар тарбия деган ҳаёт илмини,  бир дақиқа бўлмасин, ёдидан чиқармаслиги керак, – дейди психолог. – Чунки ўз вақтида ва жойида берилмаган, кечиккан тарбия худди экинга кераксиз вақтда – у қовраб-қовжираб қолганидан кейин берилган сувга  ўхшайди: барча меҳнат зое кетади, натижа бермайди.

– Айтинг-чи, оилада ўғил бола тарбияси билан ким кўпроқ шуғулланиши мақсадга мувофиқ?

– Тарбия – бу, аввало, ўрнак дегани. Қуш уясида кўрганини қилади, нақли айни ҳақиқат.

Психологияда пигмалион эффекти деган тушунча бор. Унга кўра, инсонлардан нимани кутсангиз, ўшанинг жавобини, яъни тасдиғини оласиз. Бу қонуният, назаримда, биз ўзбекларнинг табиатимизни, тийнатимизни тўла-тўкис намоён этади. Биз фарзандимизни эъзозлаб, суйиб, ҳатто сизлаб, кафтимизда, қароғимизда асраб-авайлаб улғайтирадиган халқмиз. Бундай тарбия кўрган фарзандларимиз эртага ана шу меҳримизга, албатта, жавоб қайтаради: эсли-ҳушли, оқил, меҳр-оқибатли бўлиб ўсади.

Оилада ўғилни тарбиялаш масаласига келсак, унинг қандай инсон бўлиб вояга етиши кўп жиҳатдан отага боғлиқ. Ота ўғил учун маёқ, намуна. Ота ўғлини онасини қандай ҳурмат қилишга, синг­лисини эъзозлашга, оиласи, халқи шаъни, ори ва ғурурини қандай ҳимоялашга ўргатиб бориши зарур. Ўғилни ўғил боладай тарбия­лаш унинг зиммасида.

Албатта, ўғил бола тарбия­сида онанинг ҳам ўз ўрни бор. У ўғлида меҳр кўрсатиш, аёлларга нисбатан муносабатнинг шаклланишида, яхши хулқ ва хислатларнинг уйғонишида ҳал қилувчи ролни ўйнайди.

Агар ота-она оилада ўзининг ана шу вазифаларини қойилмақом қилиб уддаласа, фарзанд мард ва жасур ўғлон бўлиб тарбияланади. Ахир айтишади-ку, отадан — ўғил, онадан — қиз.

– Фарзанд тарбиясининг асоси нима бўлиши керак? Яъни, тарбияда қайси жиҳатларга доим катта эътибор бериш керагу, қайси омилларга кўз юмиш лозим?

– Фарзандга доим инсоний қадриятлар асосида тарбия бермоқ керак. Хусусан, орият, эркаклик вазифалари, аёллик бурч­лари ўғил ва қизнинг ёшлигидан онгига сингдириб борилиши лозим. Бунда ота-онанинг фарзандларига шахсий ўрнаги, тўғри сўзи, чиройли панд-насиҳатлари, дўстона муносабати тарбиянинг асосидир.

Масалан, болага ҳадеб танбеҳ бериш ва койийвериш ярамайди. Яхши сўз билан, уришмай тушунтириш бақириб, тергаб ўргатилган юмушдан афзал ва фойдалироқдир.

Фарзанднинг ёшига хос жиҳатлар – қайсарлик, ўжарлик томонларини, кези келганда «кўрмай қолиш», дакки бермасдан, уни тўғри томонга йўналтирмоқ  лозим.

– Қиз тарбиялаётган оилаларда масъулият икки ҳисса дейишади...

– Жуда топиб айтилган гап бу. Қиз ўстирган ота-она икки оила олдида масъулиятни ҳис қилиши керак: бири ўз оиласи, иккинчиси ҳали қизи келин бўлиб боражак қўрғон. Шу боис ҳам қиз тарбияси ўта нозик масала.

Унга яхши тарбия бериш билан бирга, рўзғор юмушлари – куйдир-пиширни, саранжом-саришталикни, озодаликни, бирорта фойдали касб-ҳунарни ҳам ўргатиши керак бўлади. Қиз — лой, она — кулол. Бу нарсаларни қизига болалигидан ўргатиб борган она келгусида ҳеч қийналмайди. Қизи ҳам ҳаётда ҳеч қачон панд емайди.

Мен психолог, ҳам она сифатида ўғил болаларни ҳам ана шундай рўзғор тебратишга, оила юритишга болаликдан тайёрлаб бориш керак, деган фикрдаман.

Аслида қиз бола учун оила муқаддаслиги, фарзанд тарбиясига доир кўникмалар, менталитетимизга хос аёллик ибоси ва ҳаёси табиий инстинкт каби қонимизда борлиги бизнинг ютуғимиздир.

– Бўйига етган ўғил-қизни оилага тайёрлашда йўл қўйиладиган энг катта камчиликлар қайсилар, деб ҳисоблайсиз?

– Менимча, ота-оналар бўйи етган фарзандининг қўлидан бирор нима келишини ва уларнинг катта бола бўлиб қолганини тан олмаслиги энг кўп учрайдиган камчиликлардан бўлса керак. Аслида болага сенинг қўлингдан ҳамма иш келади, сен уддалай оласан, деб тарбия бериш зарур.

Ўғилдир-қиздир, уни тушуниш, энди шаклланаётган қарашларини ҳурмат қилиш, ҳамфикр бўлиш болани улғайтиради.

Психолог маслаҳати сўраб келган баъзи (ота) оналар (ўғлим) қизим билан дўст-дугонадекман, ҳамма мавзуда гаплашамиз, дейишади. Бу унчалик тўғри эмас. Фарзанд фарзанд, ота-она ўз ўрнида ота-оналик ролини бажариши керак.

Оилада ҳар ким ўзининг кимлигини, мавқеини эсидан чиқариб қўйиши ҳам бир камчилик ҳисобланади тарбияда.

Фарзандга ишонч билдирмаслик оилада ўз фикрига эга бўлмаган, журъатсиз,ҳатто боқиманда одамларнинг пайдо бўлишига замин яратади.

– Бобо ва буви тарбиясини олган фарзандлар бошқалардан ажралиб тургандек. Аммо бундай оилаларда баъзан боланинг ёнини олиш кузатилади. Бу фарзанд руҳиятига қандай таъсир этади?

– Бобо ва буви ҳамда ота-она бор уйда тарбия икки карра кўпайса, хато ва камчилик ҳам шунга яраша икки баробар ошади. Сабаби, ота қарорига бобо қарши чиқса, она айт­ганини буви нотўғри ҳисоблаб, менинг айтганим бўлади деса, фарзанднинг ҳеч кимга ишончи қолмайди, у катталарга бўйсунмай қўяди.

Бундай оилаларга маслаҳатим шуки, бирор масаланинг ечимини излаётган хонадонда катталар болалар йўқлигида кимнинг қарори асосийлигини ўзаро келишиб олиши зарур. Бироқ ота-она тарбия масъулиятини тўлиқ бобо ва бувининг қўлига топшириши ҳам яхши эмас. Бундай ҳолатда фарзанднинг ўз ота-онасининг оиладаги ўрни ҳақидаги тушунчаларига дарз кетиши мумкин.

Бунинг акси ҳам зарар. Фарзанд ота-онаси билан бирга бобо ва бувисининг ҳам тарбиясини олиши шарт. Ахир қари билганни пари билмайди.

Бир сўз билан айтганда, ота-она ўз ота-онаси ва қайнота-қайнонасига муносабат тимсолида фарзандига ўрнак бўлаётганини доим ҳис қилмоғи лозим. Зеро, тарбия ана шу ердан бошланади.

 

«Оила даврасида» мухбири

Жасур КЕНГБОЕВ

Просмотров: 681 | Добавил: rsc | Рейтинг: 0.0/0
Всего комментариев: 0
Имя *:
Email *:
Код *:
Вход на сайт
Поиск
Календарь
«  Июль 2015  »
ПнВтСрЧтПтСбВс
  12345
6789101112
13141516171819
20212223242526
2728293031
Архив записей
Друзья сайта
  • Официальный блог
  • Сообщество uCoz
  • FAQ по системе
  • Инструкции для uCoz