Воскресенье, 19.05.2024, 11:04
Приветствую Вас Гость | RSS

ижтимоий-сиёсий,адабий-бадиий,маданий-маърифий сайти

Меню сайта
Статистика

Онлайн всего: 1
Гостей: 1
Пользователей: 0
Главная » 2014 » Май » 7 » “Мусофирлик баттар, ахир, ўлимдан ҳам!”
21:42
“Мусофирлик баттар, ахир, ўлимдан ҳам!”

Бердиёр ЖУМАЕВ: “Мусофирлик баттар, ахир, ўлимдан ҳам!”


Мақолани босиб чиқариш ва юклаб олиш

      Бердиёрнинг яхши расми

 

Бердиёр ЖУМАЕВ: Ўзбекистонликлигимни               

       ҳамда ўзбеклигимни оқлаб келаётирман

 

“Дунё ўзбеклари”дан: Янги йил арафасида адабиёт ва санъат, давлат ва жамият, ҳукумат ва мухолифат тарафдорларига бир неча савқоллар билан мурожаат қилган эдик.

Бугунга қадар санъаткор Моҳира Асадова, шоира Рислиғой Хотамова, табиб ва шифокор Абдуқодир Сатторов, физика математика фанлари доктори Неъматжон Раҳимов, тожикистонлик ёзувчи мухлисимиз Абубакр Асоев, Ўзбекистон Олий Кенгашининг собиқ депутати, таниқли инсон ҳуқуқлари ҳимоячиси Марат Зоҳидов, истеъдодли ёзувчи Саломат Вафо, ўзбекистонлик таниқли журналист ва адиб Нусрат Раҳмат,  Буюк Британияда яшовчи олим Аҳмад Ҳожи Хоразмийларнинг жавоби эълон қилинди.

Бу гал “Дунё ўзбеклари”нинг Янги йил арафасидаги қатор саволларига ўзбекистонлик журналист, 2007 йилнинг август ойидан эътиборан Қозоғистон Республикасидаги ўзбек оммавий ахборот воситалари билан яқиндан ижодий ҳамкорлик қилиб келаётган истеъдодли  ижодкор Бердиёр ЖУМАЕВ (Диёр ДИЛЁР) жавоб қайтаради.

 

- 2013 йилнинг тарихдаги ўрнини қандай изоҳлаган бўлардингиз?

- 2013 йилнинг киришини-ю кечишини нохуш башорат қилганлар оз эмасди. Негаки, кўпгина иримчилар-у кароматчилар унинг таркибида 13 рақамининг мавжудлигига ҳамда илон йили эканлигига ишора айлаган ҳолда, мазкур сананинг ҳар томонлама ёмон йил бўлишини уқтиргандилар. Аммо, эндиликда, унинг ниҳоясида яққол кўриб турганимиздек, умуман олганда, 2013 ҳам-ки, одатий фалокатлари, ҳалокатлари, офатлари, талофатлари билан ўзга йиллардан айтарли фарқланмади.

Қозоғистондаги етакчи ўзбек матбуот нашрларидан бири – “Жануб жарчилари” газетасида эълон эттирганим “2013 – хуш келдинг! 2012 – яхши қол!” шеъримда мазкур муносабат билан қуйидаги сатрларни битгандим:

 

        Ҳар сананинг сўнгида сарҳисоб чиқармоқ одатий ҳол,

        Ўтаётган йилимиздан рози бўлсак арзигай, алҳол,

        Кутаётган йилимиз ҳам қувончлар билан қолдирсин лол,

        Элга бахш айласин иқбол, юрт очсин жамол –

                                                                               топсин камол –

                               2013 – хуш келдинг! 2012 – яхши қол!

 

Кимлардир “ўн уч” рақами-ю “илон йилин” ирим қилгай,

Лек, Яратган ҳамма сонлар – саналарни баравар билгай,

Ҳар йилдаям эзгу ният этганларга истиқбол кулгай,

Хайрли ишларга улгуринг, ки, умрингиз

                                                                  шамолдай елгай –

                               2013 – хуш келдинг! 2012 – яхши қол!

 

Деҳқончиликка, чорвачиликка қиёсан олганда эса, таъкидламоқ ўринли-ки, у, ҳатто, аксарият жойларда нисбатан анча ҳосилдор, маҳсулдор ҳамда баракали йил бўлди.

Бироқ, айни вазиятга жаҳоний жамиятларнинг ўзаро алоқаларидаги мураккабликлар чуқурлашиб бораётганлиги нуқтаи назаридан ёндошадиган эсак, 2013 – сертаҳликаликда ҳамда серғалваликда илгаригиларидан қолишмади, дейиш мумкин.

Оламшумул хавф – хатар, айниқса, Сурия, Ироқ, Миср ва бошқа араб мамлакатлари, шунингдек, Эрон ҳамда Афғонистон билан АҚШ ва Ғарб давлатларининг муносабатлари борган сари чатоқлашгани ҳолда чигаллашиб кетаётганида бўй кўрсатаётир.

Бу эса – тез орада оммавий равишдаги эътиқодлараро низоларга – жанжалларга олиб келиши эҳтимолини янада кучайтирмоқда.

Бундайин нифоқлар Исроилдаги сионистлар ҳамда сайёрамизнинг бошқа минтақаларидаги уларни қўлловчи кучлар, эндиликда, энг истиқболли ҳисобланаётган ислом дини ва Ер юзи аҳолисининг деярли учдан бир қисмини ташкил этувчи ва сафлари ўзга эътиқоддагилар ҳисобига кўпайиб бораётган мусулмонларни обрўсизлантиришга ҳамда ёмонотлиққа чиқаришга тиришувчи кўпгина манфаатпараст оқимлар тарафидан атайин қўзғатилаётгани равшандир.

Россия ҳамда Хитой очиқ – ошкора равишда ўзларининг дунёвий етакчилик (мировое лидерство) иддаолари, ҳарбий устунликка эришиш борасидаги хатти – ҳаракатлари йўлида кўплаб давлатларни қурбон қилиб юборишни, иқтисодий ҳамкорликлар ниқоби остидаги жаҳонни қайтадан тақсимлаш юришларини аллақачонлар бошлаб юбордилар ва давом эттирмоқдалар.

Ер сайёрасининг турли бурчакларидаги ички ва ташқи қонли тўқнашувлар кучайган бўлса – кучайди-ки, асло камайгани йўқ.

Буларнинг барини жиловлаб, халқаро миқёсдаги ҳар қандай уруш – жанжаллар, келишмовчиликларга барҳам бериши, чек қўйиши, оламдаги барча мамлакатларнинг ўзаро меъёрий муносабатларини мувофиқлаштириб туриши шарт ва зарур бўлган Бирлашган Миллатлар Ташкилоти (БМТ) номли жаҳоний иттифоқнинг эса, йил сайин қуввати – қудрати сусайиб, таъсири ожизлашаётир.

Айни ҳолат кўпгина давлатларнинг БМТ талабларига бўйсунмаётганлиги, унинг топшириқларини бажармаётганидаям кўзга ташланаётир.

Мазкур ўринда, руснинг буюк ижодкори, халқлар ўртасидаги тинчлик ҳамда дўстликнинг толмас курашчиси Евгений Евтушенконинг рамзий маънодаги: “Икки муқаддас китоб – Библия (насронийлар ҳамда яҳудоларнинг диний китоблари йиғиндиси) билан Қуръон “ўзаро келишиши” мумкин ва зарур” (“Две великие книги – Библия и Коран – могут и должны “договориться”) деган хитоби нақадар долзарблик касб этаётгани аёнлашади.

 

- Мустақилликнинг 22 йиллиги санасидаги Сизнинг кайфиятингиз, ўй – туйғу ва орзуларингиз. Нималарни кутган эдингиз, нималарга эришдингиз ёки эриша олмадингиз…

- Мусофир банданинг кайфияти қаёқданам кўтаринки бўлсин?! Туркнинг улкан шоири, халқаро муҳожир, узоқ йиллик маҳкум Нозим Ҳикмат қаламига мансуб ўзим ўгирган бир шеърнинг қуйидаги сатрларини муҳожирликнинг дастлабки пайтларида тез – тез такрорлардим:

 

Бундан кўра, ўлганим афзал, жонгинам,

Мусофирлик баттар, ахир,  ўлимдан ҳам!

 

Нозим оғамиз кўрган заҳматлар, чеккан машаққатларнинг ўндан бирини бошимдан кечирмаган эсам-да, мазкур мисралар ҳар қандай тоифадаги ғариб-у бенаволарнинг ночор аҳволи – руҳиясини яққол тасвирлаши турган гап. Шунингдек, халқимизнинг “Мусофир бўлмасдан мусулмон бўлмайсан” нақли нақадар тўғри айтилганлигига қайта – қайта ишонч ҳосил қилдим.

Мен юқорида келтирган шеъримдаги “кутаётган йилимиз ҳам қувончлар билан лол қолдирсин, элга иқбол бахш айласин, юрт жамол очсин, камол топсин” сингари эзгу тилакларим ижобат бўлмаганидан ҳадсиз надоматдаман.

- Шахсан Сизнинг ҳаётингизда 2013 нинг ўрни. Келаётган 2014 йилдан нималарни кутасиз?

- 2013 – шахсий ҳаётимда алоҳида из қолдирмагани билан, элимиздан эшитилаётган фожеий воқеалардан, рўй бераётган бедодликлардан, юртимиздан юборилаётган нохуш ва фожеъ хабарлардан қалбимдаги дардли доғлар борган сари кўпаяётир.

Баъзилар юзимга солганидек, мен ҳеч қачон Ватанимни ташлаб чиқиб кетмаганман, билъакс, ижодий имкониятларимни чеклаш орқали шунга мажбур этилганман.

Мана, ўша дарбадарлик арафасидаги ва ундан сўнгги кунларимдаги изтиробларимнинг “Нетай, бағринг тарк этдим, Ватан!” шеърим тимсолидаги қоғозга кўчган нидоси:

 

Боғлаб судралган ит каби муҳожиротга кўчдим-ку, Ватан,

Шўришингдан ўрт олдим-у мусофиротда ўчдим-ку, Ватан,

Дийдоринг – рухсоринг қўмсаб, соғинч – илинж

                                                                    қучдим-ку, Ватан,

Вақт етиб, оғушингга гўё қанот боғлаб учдим-ку, Ватан –

Баттар хароблашганинг кўргач, қон ютдим-ку,

                                                             заҳр ичдим-ку, Ватан!

 

Зимистон тунларингда зулматдан-да сим – сиёҳ

                                                                       бўлди кўнглим,

Қаҳратон кунларингда изғириндан музлади –

                                                                      тўнгди кўнглим,

Бефайз – бефазл – бефаришта кенгликларинг кезиб,

                                                                        сўлди кўнглим,

Мўлтироқ – қалтироқ халқимнинг ўксизлигидан

                                                                      ўлди кўнглим –

Душворликка дучорлигимдан кўксимни

                                                    чок – чок сўтдим-ку, Ватан!

 

Илгаридан ўз исми – шарифим ҳамда турли адабий тахаллуслар остида турфа халқаро ва маҳаллий оммавий ахборот воситаларида ҳар хил мавзудаги чиқишларим билан қатнашиб келганман.

Аммо, “Дунё ўзбеклари”  нашри билан ижодий ҳамкорликка киришганим ва давом эттираётганим мен учун кузатилаётган сананинг салмоқли самари бўлди, десам – муболаға эмасдир.

- Бугуннинг муаммоси аниқ: Ишсизлик, парокандалик. Нега адабиётда буларнинг сояси кўринмайди, йўқ…

- Ўшандай муаммоларни кўтариб чиқадиган, оғриқли дардларни фош этадиган асарларни яратиш учун, аввало, тегишли муҳит ҳамда зарур шарт – шароитлар керак.

Мамлакатимизда қалам аҳлининг ўткир намояндалари, камёб эсаям, мавжуд бўлсалар-да, рамзан олганда, уларнинг тиллари, диллари, қўллари боғлангандир ва уларниям тўғри тушунишга ҳаракат қилмоқ лозим.

Ҳар қандай инсоннинг вазифаси, энг аввало, оила ва тирикчилик муаммоларини ҳал этиш. Аксар ижодкорларимиз мана шу билан овора-ю андармон бўлиб қолишди.

Ҳозирги ўзбек адабиётини эса, маддоҳилар ва ялтоқилар адабиёти, деб атасак тўғрироқ бўларди.

Яна ўзга муҳим жиҳатниям унутмаслигимиз даркор. Биз чораккам бир аср бошларимизда кўтариб юриб, сўнгра итқитиб ташлаганимиз пролетариат йўлбошчилари раҳнамоси Карл Маркснинг “Инсонларнинг онги уларнинг турмуш даражасини белгиламайди, балки, аксинча, инсонларнинг ижтимоий турмуш тарзи уларнинг онгини белгилайди” (“Не сознание людей определяет их бытие, а, наоборот, их общественное бытие определяет их сознание”) мазмунидаги доҳиёна гапи бор.

Мана шу мезон талаби билан ёндошилса, биздаги чекланган ҳаётий имкониятлар, нафақат, иқтисодий – маънавий тараққиётимизга, шунингдек, адабиётимиз равнақига ҳам салбий таъсирини кўрсатмоқда.

- Янги йил арафасида кўнглингизда чўкиб ётган яна қандай саволларга жавоб топишни истардингиз… Дил сўзларингиз…

- Мен қишлоғимизда ўша эллигинчи йиллар замони учун янгилик – болалар интернати очилиши натижасида 5 ёшимда 1 – синфга борган эканман. Шундай қилиб, 1969 йилда 15 ёшимда ўрта мактабни тамомлашимга тўғри келди. Бироқ, Тошкент давлат университетида: ҳали ёш экансан, паспортинг ҳам йўқ, дея изимга қайтариб юборишди. Жуда хафа бўлдим, отам раҳматлик: озроқ сабр қилиб тур, дея кўнглимни кўтарди. У киши анча – мунча таъсирга эга инсон эканлиги боис, бир ҳафтага қолмасдан 1954 йил 20 октябрда туғилганлигим акс этган ҳужжатларим алмаштирилиб, 1952 йил 20 октябрда туғилган, дея ўзгартирилган сана бўйича тегишли ҳужжатлар ва паспорт олдим-да, ўша йилиёқ ТошДУга ўқишга кирдим.

Ушбу маълумотни келтираётганимнинг сабаби: Худо хоҳласа, 2014 йилнинг 20 октябрида ҳужжатда эмас, амалда 60 ёшга тўламан. Бутун умрим мобайнида журналистика ва ижод билан шуғулланиб келаяпман, матбуотнинг мусаҳҳиҳликдан тортиб, бош муҳаррирликкача бўлган барча босқичларини босиб ўтдим, 15 йил ўзимнинг она юртим – Чироқчида туман газетасига муҳаррирлик қилдим. Қашқадарё обкомининг ўша вақтдаги биринчи котиби Ислом Каримовнинг ўзи мени ушбу вазифага қўйганидан қачонлардир фахрланиб юрардим…

Деярли қирқ йил орасида тўрттагина китобимни нашр эттирган бўлсам, бирортасининг ҳам мазмун – моҳиятидан, китобатчиликнинг муҳим талаблари саналадиган матбаавий ижроси ҳамда бадиий безатилишидан кўнглим тўлмайди. Яратганга беҳад шукурлар-ки, хориждалик йилларим ижод бобида анча сермаҳсул кечиши билан биргаликда, кўпчиликнинг эътибориниям қозонди. Эндиликда, олтмишга киришим муносабати билан, айни санагача биттаси насрий, бошқаси назмий битикларимдан иборат иккита яхши китоб чиқарсам, деган ниятдаман. Аксарият ўзбек қаламкашларида бўлганидек, менинг ҳам айни масаладаги моддий имкониятларим чекланганлиги мазкур орзуим рўёбга чиқишига имкон берадими – йўқми, буёғи Оллоҳга аёндир. Янги – 2014 йилдаги асосий ниятим ушбудир.

Таъкидламоғим даркор-ки, мен хорижга чиқиб кам бўлганим йўқ. Моддий шароитим у қадар яхшиланмагани тақдирдаям, ижодий – маънавий имкониятларим жуда кенгайди. Ватанда яшаган ҳолимда бирортасиям ёруғлик юзини кўриши мумкин бўлмаган ўнлаб  публицистик битикларим, назмий, насрий асарларим турфа йўналишдаги нашрларда эълон этилди.

Қардошлар юртидаги ўзбек адабиёти равнақига қўшган муносиб ҳиссам учун, чет эллик журналист – ижодкорлар орасида биринчи бўлиб, Қозоғистон Республикаси “Дўстлик” ҳамжамиятининг “Арғумоқ” адабий мукофоти билан тақдирландим, миллатдошларимизнинг маънавияти ва маърифатини тараққий топтиришдаги, шунингдек, халқлар ўртасидаги дўстликни мустаҳкамлашдаги хизматларим учун Жанубий Қозоғистон минтақаси ўзбек маданияти марказининг “Жамоат фидойиси” фахрий нишони билан сийландим, халқаро журналист мақомига эга бўлдим…

Бу ердаги ҳалол меҳнатларим – хизматларим эвазига ўғилларим – қизларимнинг олий маълумот олишларига эришмоқдаман. Ушбу гапларимни мақтанишга йўйсангиз ҳам, начора, айтгим келди.

Фурсатдан фойдаланиб, менга ўнлаб янги назмий, насрий, публицистик асарларимнинг ёруғлик кўришига яқиндан мадад кўрсатган қардошлар заминидаги даврий матбуот нашрларининг ижодий жамоаларига улкан миннатдорчилигимни билдириб, уларни Янги йил байрамлари билан астойдил қутлаган ҳолда, ҳаммасининг ҳаётларига, ижодларига ҳамда фаолиятларига катта муваффақиятлар тиламоқчиман.

Мен айнан уларнинг бевосита қўллаб – қувватлашлари ва кўмаклари ёрдамида қозоғистонлик минглаб ўзбекларимизнинг хонадонларига қадамим билан, қадамим етмаган оилаларга қаламим билан – каломим билан кириб боришга, қалбларидан маълум жой эгаллашга эришдим.

Шу боисдан ҳам, қардошларимиз юртидаги миллатдошларимдан кўпларининг ҳартомонлама хуш дил изҳорларини, кўнгил эътирофларини эшитиб, бошим осмонга етади, муҳожирликда кечган ҳаётим бекорга сарфланмаганлиги дилимга далда бағишлайди.

Хуллас-ки, муҳожиротда юрсам-да, мусофиротда фаолият кўрсатаётган эсам-да, Оллоҳимга беадад ҳамд-у санолар бўлғайким, ўзбекистонликлигимни-ю ўзбеклигимни оқлаб, миллий ғуруримни-ю ўзлигимни сақлаб келаётирман.

 

*      *      *

ХХI асрнинг шиддатли эврилишлари жараёнида ҳамда дунёвий глобаллашув шароитида ёшлар тарбияси ниҳоятда нозик ҳамда мураккаб муаммога айланиб қолаётир. Бу – бевосита Ўзбекистонимиз учун ҳам жуда оғриқли масаладир. Афсуски, ҳозирги мактабларимизда айни борадаги аҳвол яхшиланиш ўрнига, ҳар тарафлама баттарлашиб бораётир ва бу 2014 йилнинг ҳам-ки, оғриқли масаласидир.

Баъзилар айтишлари мумкин: токайгача, фақат, шу ҳақда гапираверамиз, деб. Лекин, тарбия тўғрисидаги ўгитлар, пандиятлар ҳеч қачон кўп ёхуд ортиқча бўлмаган ва бўлмайди ҳам. Шундай экан, ҳозирги ўғил – қизларимизнинг келажакда муносиб инсонлар бўлиб етишишларини истасак, уларга, энг аввало, оилалар ҳамда мактабларнинг биргаликдаги – ҳамкорликдаги уйғун ҳамда муштарак  тарбиясини кучайтирмоғимиз даркор. Ушбу борадаги масъулиятни ва жавобгарликни бир – бирига юклаш ярамайди. Негаки, ўқувчи билан бирон салбий ҳодиса рўй бериб қолса, бунинг учун мактаб оилани айблайдиган, оила эса, ўз навбатида, мактабни қоралайдиган вазиятлар оз эмас.

Шуни унутмаслигимиз зарур-ки, биз қанчалик билимли ва иқтидорли фарзандлар ўстирмайлик, ўғил – қизларимизга етарли даражада одамийлик сабоқларини беролмасак, ахлоқ – одобларини ростлай билмасак – уларнинг оқилликлари-ю доноликлари бир пулгаям – сариқ чақагаям арзимайди. Шундайлар сингари худбин билимдонлар, бағритош ақл – заковат соҳиблари, эл дардига лоқайд, юрт ғамига бефарқ амалдорлар-у мансабдорлар, бойлар-у бойваччалар азал – азалдан халқнинг, жамиятнинг камолига эмас, уларнинг заволига сабабкор бўлиб келганлар – келмоқдалар. Бунга тарихдаям, бугунги кунларда ҳам аянчли мисоллар бисёрдан бисёрдир.

Мен минтақамиз мамлакатларидаги барча ўзбекларимизнинг тарбия борасидаги муаммоларига ана шу муҳим, нозик ҳамда ҳаётий – мамотий масалада ота – боболаримизнинг минг йиллар оша сақланган анъаналаридан чекинганимиз, диёнатга – эътиқодга путур етганлиги, умуман қайта тикланмас имоний – виждоний қадриятларимизнинг унутилаётганлиги, йўқотилаётганлиги, сақланиб турганларига-да амал қилмаётганимиз сабабчи, деб ўйлайман ва, аслидаям, шундайдир. Гарчи, аҳвол шу ҳолида давом этаверса, тарбия соҳасидаги муаммолар кескин кучайиб, миллий фожиа даражасига кўтарилиши мумкин-ки, унда ҳар қанча таассуфларимиз ортиқча…

Тағин ўзимнинг шахсий фикрим-ки: Алишер Навоий бобомиз ижодини мутлақо билмаслигимиз бошимизга ёғилаётган балоларнинг асосий боисидир. Негаки, атоқли мутафаккирларимиздан бири: “Барча саволларга Мир Алишер ҳазратларининг асарларида жавоб бордир, ҳамма муаммоларга ул Ҳазратнинг битикларида ечим мавжуддир” деганида нақадар ҳақ эди. Навоий бобомизнинг Ўзбекистон Миллий боғидаги ҳайкали пойида ўтириб ёзганим шеърдаги қуйидаги сатрлар ушмундоқ чексиз армонлар таъсирида қоғозга тушганди:

 

Асрлар-ки, сизни тушунмай келдик,

                                                     англамасдин кетаётирмиз,

Насллар-ки, назм уммонингиздин

                                        ганж – ханж теролмай ўтаётирмиз,

Сиз жон бахш этган туркийни

                                                    арасот тўпиға тутаётирмиз,

Бефарқ – бефаҳм – беғаммиз-ки,

                                              аянч интиҳомиз кутаётирмиз –

Такрор, бисёр букилдим – сўкилдим –

                                                  тўкилдим, Ҳазрати Мир бобо!

 

Илло, демак, шунга эришишимиз даркор-ки, ҳар қайси ўзбек фарзандининг тили Навоий назми билан чиқсин, ўзбекнинг боласи боғчадан бошлаб Навоий асарлари руҳида тарбиялансин. Мактаб ҳамда олий ва ўрта махсус билим даргоҳларида Навоий сабоқлари тўлиқ ўқитилсин. Токи, ўзбек Навоийни луғат ёрдамида эмас, ўз салоҳияти ва иқтидори билан мутолаа этадиган, англайдиган, уқадиган, ул ҳазратнинг оламларга татигулик ҳамда жаҳонларга бергусиз диний ва дунёвий ғояларини англаб етадиган, бевосита ҳаётида қўллайдиган, истиқболга-ю иқболга йўллайдиган даражага ва мартабага етишсин. Албатта, бунга эришиш осон эмас, аммо, ўзга самарали ва баракали йўл ҳам-ки мавжуд эмас.

 

*      *      *

Сўзим интиҳосида дардларимдан дастурхон ёйиш имконини берган “Дунё ўзбеклари” бош муҳарририга ва унинг ижодий жамоасига чин дилдан миннатдорчилик билдираман.

Дарвоқе, “Дунё ўзбеклари” ҳозирги пайтда жаҳоннинг турли минтақалари ва ҳудудларидаги миллатдошларимизнинг энг оммабоп – ҳаммабоп халқаро минбарига айланиб улгурди.

Унинг саҳифаларида оммавий ахборот воситалари олдига қўйиладиган ҳаққонийлик, холислик, одиллик, тезкорлик сингари асосий талабларга, бошқа миллий интернет нашрларига нисбатан, кўпроқ ҳамда хўброқ амал қилинаётганлигини кўриб – сезиб турибмиз.

Янги – 2014 йилда бундай мваффақиятлар сони ва салмоғи янада ошаверишига астойдил истакдошмиз.

Ватандаги ҳамда муҳожиротдаги – мусофиротдаги барча қондошларимиз ва жондошларимизга бутун яхши ниятлар, эзгу тилаклар бахшида бўлаверсин. 2014 – от йили ҳаммамиз учун бизлар интиқ кутган ҳамда ўзимиз мутлақо кутмаган бахтлар – саодатлар санаси сифатида ташриф буюрсин.

Иншооллоҳ!

“Дунё ўзбеклари” учун махсус 

Просмотров: 1017 | Добавил: rsc | Рейтинг: 0.0/0
Всего комментариев: 0
Имя *:
Email *:
Код *:
Вход на сайт
Поиск
Календарь
«  Май 2014  »
ПнВтСрЧтПтСбВс
   1234
567891011
12131415161718
19202122232425
262728293031
Архив записей
Друзья сайта
  • Официальный блог
  • Сообщество uCoz
  • FAQ по системе
  • Инструкции для uCoz