Воскресенье, 19.05.2024, 09:29
Приветствую Вас Гость | RSS

ижтимоий-сиёсий,адабий-бадиий,маданий-маърифий сайти

Меню сайта
Статистика

Онлайн всего: 1
Гостей: 1
Пользователей: 0
Главная » 2015 » Июнь » 28 » РИШТА
20:22
РИШТА

РИШТА

 

Гулбаҳорнинг ўйлари тарқоқ. Сўнгги умиди ҳам сўнди. Фарзанд кўриш ҳақидаги орзулари армонга, бахт бекаси бўлиш ниятидаги ширин хаёллари саробга айланди. Тиббий текширув хулосасини кўрган шифокор оғир тин олди. Энди фақат Яратганнинг мўъжизасидан умид қилиш лозимлигини айтишга жуда қийналди. Чунки у кўп беморларни кўрган, кўпларини Аллоҳнинг марҳаматига ишонч даволаганини тажрибасида синаганди. Гулбаҳорга ҳам мумкин қадар ҳаётида қандайдир мўъжиза юз беришига қаттиқ ишонишни таъкидлади...
Турмуш қурганига саккиз йил бўлса-да, бефарзандлик эру хотинни анча синовлардан ўтказди. Охирги вақтларда Гулбаҳор Сарварга ажрашишлари лозимлигини, бир-бирларини синаб кўришлари кераклигини кўп гапирди. Аммо Сарвар бу ҳақда эшитишни ҳам истамасди. Гулбаҳор эса ... одамларнинг гап-сўзларидан зерикди, таъна-дашномлардан чарчади. Айниқса, қайнонасининг “ўғлимнинг йўлини боғлаяпсиз, инсофингиз борми? Ажрашинг!” деган гапидан сўнг бу уйдаги илинжи тамоман сўнганди...
Ажрашганларидан кейин Сарвар кўп ўтмай уйланди. Бир йил бўлар-бўлмас  фарзанд кўрди. Ўша кунлари Гулбаҳорнинг кўз ёшлари дарё бўлди, гўё. Тақдиридан илк бор норозилик туйди-ю, тўйиб-тўйиб йиғлади. Аламини ишдан олишга ҳаракат қилди. Ўзини иш билан овутди. 
Бироқ ... кулишни буткул унутди. Айниқса, фарзандларини етаклаб кетаётган оналарни кўрганда, кемтик кўнгли тўкилиб-тўкилиб кетарди. Турмуш ўртоғининг бахтли ҳаёти ҳақида эшитганда эса яна-да қалбан изтироб чекар, юрагидаги аламлар алланечук исён кўтарарди... 
Ёлғизликнинг ўтган ҳар бир куни Гулбаҳорга ширин ўтмиш хотираларини эслатаверар, фақатгина онасининг далдаси билан яшашга иштиёқ сезарди. Келган совчилар ҳақида  эшитишни ҳам истамасди. Бироқ... Икки фарзанди билан ёлғиз қолган бир йигитдан келган совчилар онасини умидлантирди. “Болаларига меҳр берсанг, балки фарзандли бўларсан...” дея ялинчоқ оҳангда айтган гаплари Гулбаҳорни ўйлантириб қўйди. Онасига раҳми келиб кетди. Ўзи билан бирга волидасининг ҳам қийналаётганини кўриб эзилди. 
Онасига ҳам қийин. Биттагина қизининг фарзандини бағрига босолмай армонда ўтяпти. Шунинг учун ҳам  совчиларга розилик берди. Ўзиники бўлмаса-да, меҳри ортидан қадр топса ажабмас...
                                         ******    ******       ******  
Бахтиёр хушчақчақ, бир гапириб, ўн куладиган йигит. Хотинининг бевақт вафоти уни анча вазмин қилиб қўйди. Фарзандларини қайнонасига ҳам беришни истамади. “Соғинганда келиб кўриб кетаверинглар, болаларимнинг онаси бўлмаса-да, мен борман! Уларни ота меҳридан, дийдоридан айиришни истамайман!” дея бу мавзуга нуқта қўйди. Уйидагилар Гўзалнинг йили ўтгач, Бахтиёрга уйланиш ҳақида оғиз очдилар. “Фарзандларингга бари бир она керак! Эркак киши кўчанинг одами, уйнинг фариштаси ҳам, сариштаси ҳам аёл!”- дея далда берди онаси ўғлини уйланишга кўндириб. Гулбаҳорни кўрган Бахтиёр энг асосийси, унинг фарзанд кўрмаганини маъқул топди. 
Гулбаҳорнинг янги оилага кўникиши осон бўлмади. Ҳали ёшига тўлмаган кичик гўдаккина унинг чинакам овунчоғига айланди. Бахтиёрнинг катта қизи эса аввалига ётсиради, кейинроқ  у ҳам “янги она”га ўрганиб қолди. Бу уйда ҳамма Гулбаҳорни яхши қабул қилди. Фақатгина Бахтиёр уни Гўзалдай қабул қилолмасди, ундан биринчи рафиқасининг сифатларини топишга интилаверарди. Буни қалбан ҳис қилган Гулбаҳор эса фарзанд тафти билан ўзига таскин берарди. Ўтган йиллар ичида аёл ўзи дунёга келтирмаган бўлса-да, бор меҳрини, умрини бағишлаган фарзандлари ортидан бахт, муҳаббат топди. Бахтиёр дилбандларига ўз онасидай ғамхўрлик қила олган Гулбаҳорни танлаб адашмаганини кеч бўлса-да, ҳис қилди. 
Ҳаёт гоҳида кутилмаган синовлари ортидан бахт инъом этади. Фақат бу бахтга эришиш учун одамзоддан жуда катта матонат, сабр ва ирода талаб этилади. Фарзанд ҳар қандай муаммонинг ечими бўла олишини унутмаслик керак.
Зилола  РАҲМОНОВА.
Просмотров: 644 | Добавил: rsc | Рейтинг: 0.0/0
Всего комментариев: 0
Имя *:
Email *:
Код *:
Вход на сайт
Поиск
Календарь
«  Июнь 2015  »
ПнВтСрЧтПтСбВс
1234567
891011121314
15161718192021
22232425262728
2930
Архив записей
Друзья сайта
  • Официальный блог
  • Сообщество uCoz
  • FAQ по системе
  • Инструкции для uCoz