Воскресенье, 19.05.2024, 11:04
Приветствую Вас Гость | RSS

ижтимоий-сиёсий,адабий-бадиий,маданий-маърифий сайти

Меню сайта
Статистика

Онлайн всего: 1
Гостей: 1
Пользователей: 0
Главная » 2015 » Июль » 11 » Ташвишли кун
14:06
Ташвишли кун

(Ҳикоя)

Кечаси яхши ухлаёлмаганиданми ё кун иссиқлигиданми, Қувватовни уйқу элтарди. Оромкурсига ёнбошлаганча сал кўзи кетибди, телефоннинг жиринглашидан чўчиб тушди. Эринибгина гўшакни кўтарди. Телефондан хотинининг йиғламсираган овози эшитилди. Қувватов тутоқиб:

– Бундоқ, одамга ўхшаб гапирсанг-чи, нима гап ўзи? – деб жеркиди.

У оромкурсида ўтирганча телефон устига бутун гавдаси билан энгашиб олганди. Гўшакдан хотини Ҳафизахоннинг овози эшитилди:

–  Ўзингизни тутинг, дадаси, Муроджонни машина сал уриб кетди. «Тез ёрдам» чақирдик…

– Нима?! Қанақа қилиб кап-катта болани машина уради, ахир!? – жонҳолатда сўради Қувватов.

– Ўртоқлари билан кўчада ўйнаётган экан. Вой, ана доктор келди...

Телефондан қисқа «тут-тут» овоз эшитилди. Қувватов югуриб кабинетидан чиқди-да, котиба қизга:

– Машина, тез машинани чақиринг!!! – дея бақирди.

Котиба ҳеч нимани тушунмасдан бақрайганча:

– Ўзингиз машинани бир иш билан юборган эдингиз-ку?.. – деди.

Шофёрни меҳмонларни кутиб олиш учун аэропортга жўнатгани Қувватовнинг ёдига тушди. У энди қизга ялингудек бўлиб:

– Илтимос, бош инженерними, кимни бўлса ҳам чақиринг! Ўғлимни машина уриб кетибди, –  деди ранги ўчиб.

Котиба ҳам бир зумда Қувватовнинг ҳолига тушди.

У уйига етиб келганда дарвоза ланг очиқ, йўлакда суви ағдарилган пақир думалаб ётарди. Баланд, ҳашаматли қурилган уй эгаси кўчиб кетган ҳовлига ўхшарди. Қувватов югуриб кўчага чиқди. Нариги эшик олдида уч-тўрт хотин гаплашиб туришарди. Уларнинг олдига етар-етмас ҳовлиқиб:

– Нима бўлди? – дея сўради.

Уларнинг энг ёшроғи, қўшнисининг қизи:

– Манави кўчадан машина ўтиб кетаётган эди. Бирдан тормоз берса, эсхонам чиқиб кетибди. Югуриб чиқиб қарасам, кўчада ўйнаб юрган болалардан бирини уриб юборибди. Тумонат одам йиғилди. Милиция ҳам келиб текширди, – деди бидиллаб.

– Ёмон урганми? – ичи узилгудек бўлиб сўради Қувватов. У энди ўғлим фақат тирик бўлса бас, дея ўйларди.

Ҳалиги қизнинг онаси Қувватовни бироз тинчитгандек бўлиб:

– Хавотир олманг, тиззасини сал урибди шекилли, шифо берса, тузалиб қолар, – деди ачиниб.

Қувватов бироз ўзига келди-да, қиздан:

– Қайси болницага олиб кетишди? – деб сўради.

– Билмадим, – елкасини қисди қиз.

– Олиб кетаётганда бир нарса дейишмадими? – у бехосдан бақириб юборганини ўзи ҳам сезмай қолди. Унинг бу гапига қиз қошларини чимириб, энди гап қайтармоқчи бўлиб турганда онасининг хўмрайиб турганини кўриб ўзини босди.

– Мен қаердан билай, ахир? – деди чақчайиб.

Қувватов машина томон югурди. «Ҳа, улар Чилонзордаги касалхонада бўлса керак», дея ўйлади у.

– Қаерга олиб кетишибди? – сўради ҳайдовчи.

– «Неотложка»га бўлса керак-да, – хаёл билан жавоб берди Қувватов.

– Нима, машина уриб юборибдими? – савол назари билан тикилди ҳайдовчи.

– Ҳа, – деди Қувватов кун иссиқ бўлишига қарамай жунжикиб.

– Демак, травматология бўлимига ётқизишган бўлса керак, – тахмин қилди ҳайдовчи.

Улар тўғри топиб боришди. Қабул бўлимига кираверишда Қувватовнинг кўзи биринчи бўлиб хотини Ҳафизага тушди. Унинг ранги оқариб кетган, беҳолгина ўтирарди. Ҳатто кийимини алмаштириб олишга ҳам улгурмаганди. Эрини кўриши билан хотини йиғлаб юборди. Қувватов ичидан оти­либ чиқаётган ғазабини зўрға тўхтатиб қолди. Шу тобда Ҳафизанинг гап эшитгулик ҳоли ҳам йўқ эди. Қувватов атрофга аланглаб хотинининг оёғига ишора қилди. Хотини уй шиппагини ҳам тескари кийиб олганди.

– Вой, худойим-эй, – деди хотини оёқ кийимини ўнглар экан.

Қувватов бироз ўзини босиб олди-да, сўради:

– Ёмон урибдими?

– Йўқ, – деди аёли. – Унча ёмон урмаган. Лекин жудаям қўрқиб кетдим.

Шу пайт ичкаридан тўлагина, ўрта яшар шифокор чиқди-ю, уларга яқинлашиб:

– Хавотир олманглар, унчалик хавфли эмас. Ухлаяпти. Ҳозир кетаверишингиз мумкин. Ўғлингизнинг оёғини гипслаб қўйдик, – деди.

Қувватов бироз тортиниб:

– Кўрсак бўладими? – деб сўради.

Шифокор бош силкиб:

– Йўқ, кечқурун келасизлар энди, – деди.

Эр-хотин алағда бўлиб-бўлиб уйга қайтишди. Ҳайдовчига жавоб бериб юборишди. Уйда қизлари Умида ёлғиз ўтирар, кўзи йиғидан қизариб кетганди.

– Дада, Муродга нима бўлди? Ўқишдан келсам, қўшнилар шунақа дейишди, – деди ҳиқиллаганча.

Қувватов қизини тинчлантирди. Шу пайт телефон жиринглаб қолди. Гўшакдан бош инженернинг овози эшитилди:

– Ҳошим Қувватович, тинч­ликми?

– Тинчлик. Касалхонада ётибди. Шўх-да. Кўчада ўйнаётган экан, машина уриб юборибди, – деди.

– Сиз бемалол уйда бўлаверинг. Меҳмонларни мен ўзим кутиб оламан, – деди бош муҳандис.

– Бу ёғи қандай бўларкин? – иккиланиб сўради Қувватов.

– Яхши бўлади, хавотир олманг. Хўп, хайр...

Қувватов хайрлашиб гўшакни қўйди. Шу пайт у бош муҳандисга чин дилдан миннатдорлик билдиргиси келарди. Хотини қизи билан ошхонада овқатга уннай кетишди. Нима қилишини билмай турган Қувватов эшикдан кириб келаётган икки-уч кишини кўриб, шошиб қолди. «Маҳалладошлар, – хаёлидан ўтди унинг. – Кўнгил сўрагани киришган бўлса керак».

У қўшниларни уйга олиб кирди. Улар бироз ўтиришиб, кўнгил сўраб, чиқиб кетишди.

Ҳошим Қувватовичнинг кўнгил ғашлиги бироз тарқагандек бўлди. Уйга кириб, кийимларини алмаштириб чиқди-да, водопроводга сувичак улаб, ҳовлига сув сепа бошлади. Бу ишни ҳар куни Мурод бажарарди. Шуни эслади-ю, хаёлига яна ўғли келди. Кейин ўзига-ўзи тасалли бериб, «Врач яхши деди-ку», дея нохуш фикрларни ўйламасликка ҳаракат қилди.

Ҳовлини кўллатиб сув сепди. Шу пайт дарвозада турадиган машинасини эслади. Уни яқиндагина сотиб юборганди. «Аттанг, ўйламай сотган эканман-да», ўкинч билан ўйлади Қувватов. Чунки ҳайдашга ҳеч ким йўқ. Мурод эндигина ўн тўртга кирди. Ўзи эса ишдан ортмайди. Ишхонадан машина беришган.

Шуларни ўйларкан яқинда бўлиб ўтган воқеа ёдига тушди. Бир куни кечаси кимдир эшикни тақиллатди. Чиқиб қараса, ён қўшнисининг яқиндагина уйлантирган ўғли. У хотинининг аҳволи оғирлашиб қолганини, «тез ёрдам» эса келмаётганини минг истиҳола қилиб тушунтирди. Ўшанда Қувватов эриниб, кечаси рулда яхши юролмаслигини баҳона қилганди. Нега ўшанда йўқ деганди? Мана, бир кун бўлмаса бир кун ҳамманинг бошига ташвишли иш тушар экан…

Кўчада машина овози эшитилди. Ташқарига чиқиб қараса, ҳайдовчиси – Асқар экан. У қувониб кетди. Уни қўлидан судрагудек бўлиб уйга олиб кирди. Эҳтимол, бошқа пайт у шундай қилмасди. Зўрлаб айвонга ўтқазди, кейин хотинига:

– Ҳей, қаердасизлар, ул-бул бўлса, олиб келинглар, – деди деразадан.

Хотини ошхонадан мўралади-да, ичкаридан патнис кўтариб чиқди. Бир зумда чой дамлаб келди. Бироз гаплашиб ўтиришгач, Қувватов хотинидан:

– Овқатинг тайёрми? – деб сўради.

– Ҳа, тайёр. Олиб келайми? – деди Ҳафизахон.

Овқатланиб олишгач, Қувватов хотини ва қизини олдида, касалхонага жўнади. Муродни палатага олишган экан. Оёғини гипслаб қўйишибди. Учови бараварига Муродга энгашишди. Қувватов ўғлининг қўлини сиқиб:

– Эркак киши чидамли бўлиши керак, ўғлим, – деб тасалли бераркан, ҳиқиллаб йиғлаётган хотини ва қизига маъноли қараб қўйгач, улар ҳам тинчишди.

Касалхонадан чиқишганда кеч кириб қолганди. Уйга етиб келишганда ҳовлининг чироғи ярақлаб ёнар, сўрида эса қўшни хотинлар чақчақлашиб ўтиришарди. Ҳафизахон улар билан кўришар экан, яна негадир йиғлаб юборди. Кейин эса Умидага буюрди:

– Чой қўйиб юборгин, қизим, – кейин кетиш учун изн сўраётган аёлларга юзланди. – Ҳеч қаёққа кетиш йўқ. Мана, ҳозир, – деганча зипиллаб ошхона томон кетди.

Қувватов хотинларга тикилди. Улар ҳайдовчиларнинг тор кўчада ҳам тез юришлари-ю, бебошликларини ва бугунги воқеа ҳақида бир-бирларига гал бермай гапиришарди. Шу пайт Қувватовнинг ёдига бир нарса тушгандек бўлди-ю, у ҳам ошхона томон югурди.

Бугунги кун уни одамларга анча яқинлаштириб қўйганди.

Неъмат РАФИҚОВ

Просмотров: 553 | Добавил: rsc | Рейтинг: 0.0/0
Всего комментариев: 0
Имя *:
Email *:
Код *:
Вход на сайт
Поиск
Календарь
«  Июль 2015  »
ПнВтСрЧтПтСбВс
  12345
6789101112
13141516171819
20212223242526
2728293031
Архив записей
Друзья сайта
  • Официальный блог
  • Сообщество uCoz
  • FAQ по системе
  • Инструкции для uCoz