Воскресенье, 19.05.2024, 08:29
Приветствую Вас Гость | RSS

ижтимоий-сиёсий,адабий-бадиий,маданий-маърифий сайти

Меню сайта
Статистика

Онлайн всего: 1
Гостей: 1
Пользователей: 0
Главная » 2015 » Июль » 11 » Вақт шамолидан кучли одамлар
13:38
Вақт шамолидан кучли одамлар

Вақт шамолидан кучли одамлар

26.06.2015

Ҳаётдаги энг буюк ва энг кичик воқеаларни, одамларнинг ғалаба ва мағлубиятларини, сўзлари ва сўзга айланмаган орзу-умидларини, табассум ва нигоҳларини вақт шамоли қаёққадир учириб, ўчириб олиб кетаверади. Наҳотки буларнинг бари бир марта юз берса-ю, йўқликка маҳкум бўлса?! Ҳар саҳар қуёш тонгнинг оппоқ рўмолига ўраниб чиқиши, қишлоғига сув келтириш учун ариқ қазиётган кишининг пешонасидан тонг этагига томаётган тер томчилари, тонг бешигида дунёга келган чақалоқ йиғиси, тонг қоронғисида тандирдан ланғиллаб ўрлаган оловнинг нон билан суҳбатлари, севишган қалбларнинг дил розларини тонг даргоҳига олиб учаётган қалдирғочлар парвози, кафтларига тонгни тўлдириб, эл-юртга тинчлик ва омонлик сўраётган қарияларнинг дуолари... — йиллар, асрлар давомида ҳар тонг юз берадиган бу мўъжизаларни вақт чангалидан юлиб қолиш, қайта ҳаёт бағишлаш учун дунёга келган қавм бор.

Рассомлар, мусиқачилар, шоирлар, ёзувчилардан ибо­рат ижод аҳли, деб аталмиш ушбу қавм сафида "Қизил­тепа тонги"нинг яратувчила­ри ҳам бор. Улар мана, 80 йилдирки,Қизилтепа деб аталмиш юрт одамлари ҳаё­ти­ни, завқ ва ташвишларини вақт шамолининг қўлидан юлиб олиб, абадиятга муҳр­лаш, қайта ҳаёт баҚишлаш билан шуғулланадилар.

Ёшлигимда бир кун келиб мен ҳам шуларнинг сафига кираман, вақтдан лаҳзаларни узиб олиб, сўзга айлантириш сабоқларини оламан, деб ўй­ла­магандим. Ўн икки ёшлар­да эдим чамаси, бизга рус тилидан Даврон Баҳронов, деган янги ўқитувчи келди. Доим кулиб турадиган, бола­ларни ҳам сизлаб, оҳиста оҳангда гапирадиган бу ўқитувчи адабиётга қизиқи­шимни сезибми, бир куни "Мактабда бўладиган тад­бир­ларни ёзиб беринг, газетада чиқарамиз", деди. Газетада! Бу мен ишонади­ган нарса эмас эди. Китоб ёзадиган, газета-журнал чи­қа­радиганлар мен учун ўзга олам вакилларидай туюлар­ди. Гарчи ўзим ўша пайтда бадиий китобга, уйимизга ке­ладиган газета-журнал­ларни ўқишга муккасидан кетган бўлсам-да, ўзим ҳам шеърлар, кичик ҳикоялар машқ қилиб юрсам-да, газе­тага ёзиш ёки газетада чи­қиш хаёлимга ҳам келмаган­ди. Дафтардан йиртиб олин­ган бир вараққа мактаби­мизда ўтказилган қайсидир байрам тадбири, унда фаол иштирок этган ўқувчилар ҳақида хабар ёзиб, ўқитув­чимизнинг қўлига бердим. Орадан бир кун ўтиб, Даврон ака "Қизил тонг"нинг янги сонини қўлимга тутқазди. Унинг тўртинчи саҳифасида менинг хабарим босилган, остига кимлигим ёзилган эди. Менинг ҳайрат ва ҳая­жонимни англаш учун ўша пайтдаги менинг ёшимда бўлиш керак. Исм-фами­лиямнинг босма ҳарфларда ёзилганини биринчи марта кўриб туришим эди. Баъзи жумлалар келишмаган бўлса-да, бирорта сўз тузатил­ма­ган­ди. Менда ўз-ўзимга ишонч пайдо қилиш учун атай­лаб таҳрир қилинма­га­нини кейинчалик англаб ет­дим. Ўша лаҳзаларда ҳақиқа­тан ҳам менга қаердандир куч ёғилиб келгандай бўлди ва бирдан кўз ўнгимдаги олам кенгайгандай, "ёзиш мумкин-ку", деган дарвоза очилиб, бутун ҳаёт мавзулардан ибо­ратдай туюлди. Синфдошла­рим­нинг менга ҳаваси кел­гани, директоримизнинг ме­ни мақтагани, ота-онамнинг хурсанд бўлгани — булар катта воқеалар бўлса-да, энг асосийси эмас эди. Энг асо­сийси — хабарда тилга олин­ган байрам тадбири ҳар гал ўқиганда ҳозир бўла­ётгандай қайта кўз ўнгимда такрорланиши, ўша лаҳза­лар, ўша руҳият, одамларнинг ўша пайтдаги қиёфаларининг қайта жонланиши эди.

Сўнгра хабарларим, кичик-кичик мақолаларим газетада мунтазам чиқа бошлади. Ле­кин мен таҳририятга бирор марта ҳам бормаган, рус тили фани ўқи­тувчимиздан ташқари газе­та­нинг бирор бир ходими билан юзма-юз бўлмаган эдим. Бир куни Даврон ака: "Бугун дарсдан кейин ре­дакцияга борамиз, сизни чақиришаяпти", деб қолди. Ўша пайтдаги Бухоро-Тош­кент трассасининг ту­ма­ни­миз­даги базалар ва қури­лиш ташкилотлари жойлаш­ган чўлга туташ қисми "Қизил тонг" кўчаси, деб аталарди. Шу кўчанинг охирроғидаги кўримсизгина бўлса-да, яхшилаб оқланган бир қа­ватли бинога кириб бордик. "Нималарни сўрашади, қан­дай саволлар беришади?" деган ўйлар миямда чарх урар, адабиёту тарихга доир билганларимни хаёлимдан ўтказишга уринар, аммо ҳеч нарсани эслай олмасдим. Оғзим қуриб, тилим тангла­йимга ёпишиб қолганини, қўл­ларим бироз титрай бош­ла­ганини сездим. Узун, ним­қоронғи даҳлизнинг икки томонидаги кўк эшиклар­да­ги ёзувлар, эски бўлса-да, полнинг ялтиллатиб ювил­гани ва газетанинг сирли ҳиди (у пайтда бу ҳиднинг кейинчалик менга қадрдон бўлиб қолган босмахона бўё­ғи ҳиди эканлигини бил­мас­дим), қайсидир хонада тинмай чиқиллаётган ёзув машинкасининг овози ҳамда жуда ҳам салобатли ва улуғ­вор янграйдиган "редакция" деган номнинг ваҳимаси ме­ни тамоман гангитиб ташла­ган эди. Даҳлиз охиридаги ўнгдаги катта хонага кирдик. Иккита бўёқлари кўчган де­разанинг ярмигача ўша замоннинг урфи бўйича оқ сурп парда тортилган, қолган ярмидан кўк рангга бўялган қалин сим панжара кўриниб турарди. Хонанинг ўнг бурча­гидаги стол ёнида бўйи узун, сийрак сочлари бир то­монга қўл билан таралган киши сирланган оқ кружка­ни кўтариб сув ичаётганди. Биз киришимиз билан круж­кани чап қўлига олди-да, "Э-э, келсинлар", деганча катта-катта қадамлар билан юриб келиб, Даврон акага қўл узат­ди. Ўқитувчимиз: "Бу киши Пўлат Мурод. Қишлоқ хўжа­лиги бўлимимизнинг бошли­ғи", деб таништирдилар. Пўлат ака гўё ҳозир бир қизиқ гапми, латифами айтмоқчи бўлгандай қиёфада, юзлари ёришиб, кулиб турарди. Салом, деган овозим ичимда қолиб кетди, кўришдик. "Қишлоқ хўжалиги бўлими" деган сўздан ўзимиз пахта теришга, яганага борган пах­тазорлар, боғлар ва тутзор­лар, далада кетмон ураётган одамлар, юз-кўзига рўмо­лини чирмаб олган сут соғув­чилар, сурув-сурув қўйлар кўз ўнгимга келди ва "бошлиғи" деган сўздан бу кишини шу­ларнинг ҳаммасининг бош­лиғи, деб тушундим ва бироз ҳайратга тушдим. Бошлиқ деганда галстук таққан, қор­ни катта, ҳеч қачон кулмай­диган, нимагадир ҳамма ундан қўрқадиган одамларни тушунардим. Қаршимдаги юзлари кулиб турган Пўлат Мурод эса бу тасаввур­ла­римга мос келмасди. Хона­нинг чап бурчагидаги столда нималарнидир ёзиб ўтирган аёлни "Бу опангиз —  Сабо­ҳат Тўхтаева, маданият бўли­мимиз бошлиғи", деб таништирди. Энди "бош­лиқ" деган сўздан унча таъ­сир­ланмадим, чунки Сабоҳат опани икки-уч бор мактаби­мизга, маҳалламизга келга­ни­ни кўргандим, мақола­ла­рини ҳам ўқиганман. Қола­верса, маданият бўлими деганда ўша пайтда фақат туман маданият уйини тушу­нардим холос. Байрамларда концерт қўядиган туман ма­да­ният уйи санъаткорларига Сабоҳат опанинг бошлиқ эмаслигига фаҳмим етарди. "Бу акангиз — Баҳодир Эгамов, ёзган шеър, ҳикояла­рин­гизни шу кишига келти­ра­сиз", деб хонанинг кираве­ришдаги столда, хатларга кўмилиб ўтирган, ориққина, кўкиш кўзларида жиддийлик акс этган, оқ-сариқ юзларида самимият балқиб турган ки­шини кўрсатди. Шу пайт ташқаридан келиб тўхтаган машинанинг овози эшитил­ди. "Домла келдилар", деди кимдир.Ҳамма жим бўлиб қолди. Даҳлиздан бир-бир ташланган сокин қадам товуш­лари биз турган хона томон яқинлашиб келарди. Домла дейишгандаёқ, мен газетанинг бош муҳаррири Мурод Халил эканлигини англагандим. Мурод Халил деган шоирнинг номи тума­нимиздагина эмас, вилоятда ҳам машҳур эди. Мен у кишининг шеърлари билан ўша пайтда тузук-қуруқ таниш бўлмасам-да, обрў-эътибо­ри, тўғрисўзлиги ҳақида гап-сўзларни кўп эшитардим. Эшикдан узун бўйли, ҳорғин­лик соя солган юзларида самимийлик ва меҳр товла­ниб турган киши кириб кел­ди. Ҳамма ўрнидан турди. Ҳаяжондан кафтларим тер­лаб кетганди. Домла бошқа­лар билан эрталаб кўришган шекилли, фақат ўқитувчим билан саломлашди ва тил-забонини йўқотган менга қўл узатди-да: "Давронбой, биз­нинг мухбиримиз шу йигит­ми?" деб сўради. "Нима де­ди­ — бизнинг мухбири­миз?!" Оёғим остидан ер йўқолиб қолгандай бўлди. Бу сўз мени кўчада тўп тепишиб юрган тенгдошларимдан ажратиб олиб, бир лаҳзада улғайтириб қўйгандай эди. Кимсан, фалон киши "мухби­ри­миз" деди, айниқса, "миз" қўшимчасининг борлиги ме­ни шу қавм сафига кирга­нимнинг тасдиғидай, ҳатто шундай даргоҳга ишга қабул қилингандай туюлди. Мен бахтиёр ва масрур эдим. Сўнг­ра домла "Қани, келинг­чи", деб кабинетига олиб кирди ва биз узоқ суҳбат­лашдик. Ота-онам кимлиги, нима қилиши, қандай китоб­лар ўқишимни сўради. Газетага нималар ҳақида, қанақа қилиб ёзиш ҳақида маслаҳатлар берди. "Хоҳла­ган пайт келаверинг", деди. Менга "Қизил тонг" деган янги дунёнинг эшиги очил­ган эди.

1984 йил ўқишни битириб келганимда газетада Раҳим Мақсудов бош муҳаррир эди. Дастлаб Раҳим ака­нинг туманимиздан чиққан машҳур адабиётшунос олим ТожиҚораевнинг укаси экан­лиги у кишига нис­батан алоҳида эҳтиром уйғот­ган бўлса, иш­нинг биринчи кун­ларидан бошлабоқ асли касби мате­матик бўлган бу кишининг журналистика со­ҳасини ми­ридан-сиригача билиши, ёш­ларга муносаба­ти, материал­ларга ўзгача масъулият билан қараши мени ҳайратга сол­ди. Булар университетлар ўргатмайди­ган, фақат ҳаётий тажриба­лар туфайли ўзлаш­тири­ла­диган журналистик сабоқлар эди.

Азиз САИД.

Просмотров: 561 | Добавил: rsc | Рейтинг: 0.0/0
Всего комментариев: 0
Имя *:
Email *:
Код *:
Вход на сайт
Поиск
Календарь
«  Июль 2015  »
ПнВтСрЧтПтСбВс
  12345
6789101112
13141516171819
20212223242526
2728293031
Архив записей
Друзья сайта
  • Официальный блог
  • Сообщество uCoz
  • FAQ по системе
  • Инструкции для uCoz