Суббота, 18.05.2024, 23:02
Приветствую Вас Гость | RSS

ижтимоий-сиёсий,адабий-бадиий,маданий-маърифий сайти

Меню сайта
Статистика

Онлайн всего: 1
Гостей: 1
Пользователей: 0
Главная » 2015 » Июль » 11 » Бўрижарлик «Робинзон»лар
14:06
Бўрижарлик «Робинзон»лар

Робинзон Крузо ҳақида эшитмаган одам бўлмаса керак. Инсон иродаси ҳақидаги бу саргузашт асар ўқувчиларни ҳамон ўзига мафтун этиб келади.

Бизнинг мухтасар ҳикоямиз сабабчиси бўлган ёш келин-куёвлар ҳам қайси бир жиҳати билан ўша машҳур қаҳрамонга озгина ўхшаб кетади. Фақат воқеалар кимсасиз оролда эмас, ўзимизнинг Боғтепанинг Бўрижарида содир бўлди.

Боғтепалик Абдураҳмон тракторчини ҳамма танийди. Оиласи ҳам каттагина. Икки қизини турмушга узатди. Қолган уч ўғли ҳали бўйдоқ. Тўнғичи Анвар шаҳарда дўхтирликка ўқийди. Собир ҳарбийда хизмат қилмоқда. Кенжаси Шавкатжон эса уйда бекорчи, томорқага, мол-ҳолга қараб юради.

Барча кўргилик ўша, Ойсанам дўкончининг қизи Сарвиноз туфайли бошланди. Қиз қурғур йигитчанинг у ёнидан ўтди, бу ёнидан ўтди, қошини учирди, лабини бурди, бир бало қилиб ўзининг асирига айлантирди-қўйди.

 

Сигирларга ўт олиб келаётган Шавкатни йўлда учратган қиз деди:

— Белингизда белбоғингиз бўлса, шанбага қолдирмай совчи юборинг, онам билан гаплашдим, уч кун «срок» қўйди. Йўқса, Сарвинозингиз ўзгага кетади. Оғзингизни очиб қолаверасиз...

Шавкат довдираб қолди.

«Тўғри айтаяпти, унга кўз тикканлар кўп, ана Салим солиқчининг ўғли Хидир доим орқасидан эргашиб юради. Отамга айтсам, «Хотинсираб қолдингми» дейиши турган гап. Ахир, мендан аввал иккита акам бор. Яна эл-улус нима дейди, қолаверса, ортиқча мол-ҳолимиз ҳам йўқ. Тоғамга айтаман!» Ўтган йили ғалла ўримида кўмаклашганда, тоғаси, «Сени ўзим уйлантираман», деганди.

Шавкат шу хаёллар билан тоғаси Содиқ фермернинг уйига борди. Хайрият, тоғаси уйда экан. Жиян уятни унутиб, йиғламоқдан бери бўлиб, бошига тушган ишқ савдосини сўзлаб берди.

Жиянининг сўзларини тинглаб бўлган тоғаси бирдан қаҳ-қаҳ отиб кулиб юборди ва йигитчанинг елкасига қоқди:

— Балли. Йигит дегани шундай бўлиши керак. Дунёда ҳамма нарсани топса бўлади, лекин йўқотилган муҳаббатни топиб бўлмайди. Мен буни биламан, бошимдан ўтган. Жиян, қўрқма, ёнингда тоғанг бор! Бир кунда ҳал қиламан, ўзим совчи бўлиб бораман. Фақат ота-онангга ҳозирча ҳеч нарса демай тур. Ўзим гаплашаман... Энди, жиян, сен яхшилаб дуо қил, билсанг, янганг яқинда қўзилайди. Илоҳим, ўғил бўлсин. Ўшанда Содиқбой бир тўй берсин...

Шавкат тоғасига меҳр билан қаради, шундай мард, танти тоғаси борлигидан фахрланди, тоғасининг тўртта қизи бор, шуниси ўғил бўлсин-да...

Содиқ фермер кечқурун поччасиникига келиб, бир пиёла чой устида барчасини айтди. Эр-хотин эътироз билдирмоқчи бўлди. Бироқ Содиқ фермер оғиз очишга қўймади.

— Савоб иш қилмоқчиман, индамай туринглар, ахир тоғаман, шундайми?

Мезбонлар ноилож жим қолишди.

Содиқ фермер ўша куни Ойсанам дўкончиникига бориб ҳамма ишни ҳал қилиб келди ва қайтишда яна поччасиникига кирди.

— Ҳаммаси ҳал бўлди, келин қутлуғ бўлсин, почча, опа, тўй кузда бўлади. Унгача ўғилли бўлсак, қўшша тўй қиламиз-да. Қўрқманг, барча харажат мендан, фақат аразламай борсангизлар бўлгани, — деди ва машинасига ўтириб кетди.

Ниҳоят, Содиқ фермернинг хотини қўчқордек ўғил туғиб берди. Фермер чақалоқнинг чилласи чиққач, гуриллатиб қўшалоқ тўйни бошлаб юборди. Пойтахтдан хоразмча ашула айтадиган ҳофизни олиб келди. Бу тўй Боғтепада битта бўлди.

Орадан икки ой ўтиб, қишнинг охирида Содиқ фермер жияни Шавкатни чақириб сўз айтди:

— Хўш, жиян, энди кўнгил жойига тушдими? Бўлмаса бир вазифа бор, тушдан кейин кўч-кўронни ортиб Бўрижарга кўчасизлар, ўша жойда бошпана бор. Ғаллага қарайсизлар, хуллас, алоҳида яшайсизлар.

Шавкат ўйланиб қолди. Бўрижар дегани овлоқ, гадойтопмас жой бўлса. Бунга Сарвиноз нима дейди?  Ёки отасиникига борсинми? Йўқ. Одамлар ҳолинг шу экан-ку, деб кулишмайдими? Йўқ. Бўрижарга боради. Билагида кучи бор, қолаверса, тоғаси ҳам қараб турмас...

 Тушдан сўнг Шавкатбой­ кўчди. Бўрижардаги бошпана аслида ҳашарчилар учун қурилганди. Эр-хотин аввал хоналарни тартибга келтиришди, тандир-ўчоқни таъмирлашди. Кечқурун эр хотинига деди:

— Сен товуқ-курка очирасан, мен жарликка қовун-тарвуз экаман.

— Сув йўқ-ку, — деди келинчак.

— Лалми экаман.

Ўша йили баҳор серёғин келди, ўт-ўлан тиззага урди, буғдой мўл бўлди. Жарлик эса тарвуз-қовунга тўлиб кетди. Содиқ фермер харидор топиб келиб, яхшигина пуллаб берди. Келинчакнинг товуқ-куркаси ҳам Чимнинг бозорида қўлма-қўл бўлди. Жамғарилган пулга бузоқли сигир, батареяда ишлайдиган митти телевизор, иш ҳақига олган икки тонна доннинг ярмига Расул чўпондан саккиз бош эчки сотиб олишди. Шавкатбой эса жарликда уя қурган қуён ва тулкиларга тузоқ қўйишни ўрганди. Уларнинг терисини эса Шоди терифуруш талашиб-тортишиб олиб кетди.

Хуллас, Шавкат ва Сарвиноз рўзғори учун елкама-елка туриб меҳнат қилиб, тер тўкди. Шу орада тоғаси артезиан қудуқ қаздирди, шу баҳона уларнинг уйига электр токи уланди.

Ҳозир ёш оиланинг тўрт бош сигир-бузоғи, эллик бош эчки-улоғи, товуқ-куркаси, ўттизга яқин қуёни, юк ташийдиган эшак-араваси ва иккита ити бор. Кимдир яқинда Шавкатнинг бир арава мевали дарахт кўчатини олиб кетаётганини кўрибди. Ҳадемай, Бўрижарда боғ пайдо бўлса ажабмас...

Туман марказига машинада кетаётган Содиқ фермер тугунча кўтарган поччаси Абдураҳмон тракторчи ва опаси Қумрини катта йўлда учратиб қолди ва тўхтади.

— Йўл бўлсин?

— Шавкатнинг қизи Лоланинг бугун туғилган куни, Бўрижарга кетяпмиз, — деди опаси жилма­йиб.

— Эй, «Робинзон»ларникига денг, — деди Содиқ фермер. Эр-хотин бу сўзга тушунмади.

Содиқ фермер жўнаб кетди.

— Уканг нима деди, Робинзонми? Тавба, бу нима дегани экан, — деб қўйди Абдураҳмон тракторчи.

Хотини эса елка учириб қўйди.

Ўролбой ҚОБИЛ

Просмотров: 481 | Добавил: rsc | Рейтинг: 0.0/0
Всего комментариев: 0
Имя *:
Email *:
Код *:
Вход на сайт
Поиск
Календарь
«  Июль 2015  »
ПнВтСрЧтПтСбВс
  12345
6789101112
13141516171819
20212223242526
2728293031
Архив записей
Друзья сайта
  • Официальный блог
  • Сообщество uCoz
  • FAQ по системе
  • Инструкции для uCoz