Воскресенье, 19.05.2024, 00:35
Приветствую Вас Гость | RSS

ижтимоий-сиёсий,адабий-бадиий,маданий-маърифий сайти

Меню сайта
Статистика

Онлайн всего: 1
Гостей: 1
Пользователей: 0
Главная » 2015 » Июль » 11 » Даҳшатли кутиш
14:10
Даҳшатли кутиш

Эрнест XЕМИНГУЭЙ

(Ҳикоя)

Ўринда ётарканмиз, у деразани ёпиш учун хонага кирди, кўзимга касалдек кўринди. Юзлари бўздай оппоқ, оғриқнинг зўрлигидан базўр ҳаракат қилар, қалтирарди.

— Нима бўлди, тойчоқ?

— Бошим оғрияпти.

— Бориб ёт.

— Йўқ. Тузукман.

— Жойингга бориб ёт. Ҳозир кийиниб, олдингга тушаман.

Мен пастга тушганимда у кийиниб ўчоқ ёнида ўтирарди. Тўққиз яшар мурғакнинг рангида ранг йўқ эди. Пешонасига қўлимни қўйиб, ҳарорати борлигини билдим.

— Кириб ёт,— дедим ун­га. — Касалсан.

— Тузукман,— деди у.

Кўп ўтмай доктор келди, боланинг иситмасини ўлчади.

— Қанча?— деб сўрадим ундан.

— Ҳаддан ортиқ баланд... Бир юзу икки.

Доктор кўрсатма бериб, уч хил дори қолдирди. Болани тумов деб айтди, ўтиб кетади, ҳарорати у қадар хавотирли эмас, деди. Хонамга қайтиб, боланинг ҳароратини ёзиб қўйдим-да, дори берилган вақтни белгиладим.

— Бирон нарса ўқиб берайми?

— Майли. Агар хоҳласангиз, — деди у.

Унинг юзи, кўзлари киртайиб кетганди. Тўшакка михланиб хаёл суради, холос. Мен Ховард Пайлнинг «Денгиз қароқчилари ҳақида достон»идан энг қизиқ ҳикояни ўқиб бердим, бироқ унинг бунга мутлақо эътиборсизлиги сезилиб турарди.

— Қалайсан, тойчоқ? — деб сўрадим ундан.

— Ҳамишагидек, — дея жавоб берди у.

Мен унинг оёқ томонига чўкиб, кейинги дори бериш вақтига қадар китоб ўқидим. Ухлаб қолар, деб ўйловдим, қайдам — каравот оёғига тикилиб, жимгина ётибди.

— Нега ухламаяпсан? Дори ичиладиган пайт ўзим уйғотаман.

— Ухламаганим яхши... Сиз кетаверинг, дада... агар малол келаётган бўлса...

— Йўғ-э, нималар деяпсан, ўғлим.

— Ҳа, англашимча... агар малол келса... ёнимда турмайсиз...

Эҳтимол, у алаҳ­сираётгандир, деб ўйладим ва соат ўн бирда бериладиган дорисини ичириб, ташқарига чиқдим.

Бола хонасига ҳеч кимни киритмаяпти, деб айтишди.

— Кирманг, касали юқиши мумкин, — дейишди. Мен ичкарига кириб, аста каравотга яқинлашдим.

Унинг қовоғи иситмадан пир-пир учар, ҳануз кўзи каравот оёғида эди. Ҳароратини ўлчадим.

— Қанча? — деб сўради у.

— Анча тушибди.

— Демак, нажот йўқ... — дея хўрсинди у.

— Ким шундай деди? Ҳароратинг жойида... Қўрқинчли жойи йўқ.

— Қўрқаётганим йўқ, — деди у, — лекин... ўйлаганим сари...

— Ўйлама.

— Бўлмаяпти-да, — деди у ва менга нигоҳини қадади. У нимадандир қаттиқ сиқиларди.

— Мановини сув билан ич.

— Фойдаси бормикан?

— Албатта-да, фойдаси бор.

Ўтириб, яна «Қароқчилар»ни ўқий бошладим, лекин унинг қулоқ солмаётганини кўриб тўхтадим.

— Мен қачон ўламан, да­да? — деб сўради у.

— Нима?!

— Мен қачон ўламан?

— Сен... ўлмайсан... Нима бўлди ўзи сенга?

— Менгами? Унинг: «Ҳаддан ортиқ баланд», деганини эшитдим...

— Одамлар қирқ даража иситмага чидайди-ку. Аҳмоқона хаёлларни қўй.

— Мен биламан ўлишимни, Франциядалигимизда мактабдош болалар менга қирқ тўрт даража ҳарорат билан яшолмайсан, деб айтишган. Меники — бир юзу икки.

У тун бўйи, ҳатто эрталабки соат тўққизгача ўзининг ўлимини кутиб ётган экан.

— Ай, тойчоғим-а,— дедим мен.— Сен ўлмайсан. Ахир ўлчагичлар ҳар хил бўлади-ку. Худди миля билан километрдек. У ўлчагичда ўттиз етти даража бинойи ҳарорат ҳисобланади, бунда эса тўқсон саккиз даража.

— Ростдан-а?— деди у ҳайратланиб.

— Ҳаққаст рост. Ўйлаб кўр, машинада ўн етти миля юрсак, неча километр бўлади?

— Ҳа...

У энди каравот оёғига бош­қа тикилмади ва хўрсинмай қўйди. Юзига ҳам ранг киргандек бўлди. Кейинги куни эса арзимас нарсани кўнглига олиб, хархаша қилди...

«Оила даврасида» мухбири 

Ўроқ РАВШАНОВ таржимаси

Просмотров: 504 | Добавил: rsc | Рейтинг: 0.0/0
Всего комментариев: 0
Имя *:
Email *:
Код *:
Вход на сайт
Поиск
Календарь
«  Июль 2015  »
ПнВтСрЧтПтСбВс
  12345
6789101112
13141516171819
20212223242526
2728293031
Архив записей
Друзья сайта
  • Официальный блог
  • Сообщество uCoz
  • FAQ по системе
  • Инструкции для uCoz