Суббота, 18.05.2024, 21:36
Приветствую Вас Гость | RSS

ижтимоий-сиёсий,адабий-бадиий,маданий-маърифий сайти

Меню сайта
Статистика

Онлайн всего: 1
Гостей: 1
Пользователей: 0
Главная » 2015 » Июль » 11 » Илинж
14:03
Илинж

    — Салима, қизалоғим, қўлингни бер. Қўрқма!..

Она-бола томга чиқиш­ганида, том четида пар­воз қилишга шайланган қушдек турган кишини кўришди. Қиёфасини англаёлмаган бўлса-да, эркакнинг нияти маълум эди...

    — Тўхтанг, бу ишингиз гуноҳ! Ҳатто нариги дунёда ҳам кечирилмайди. Ўтиниб сўрайман,  ортингизга қайтинг!..

    — Яшашни истамайман, — деди нотаниш киши. — Чарчадим, ҳа, ҳаммасидан тўйиб кетдим!  Мен ҳеч кимга керак эмасман!..

    — Й-ў-ўқ!..

* * *

    ...Эшик бирдан тарақлади. Кўзларини ишқалаб қизи Салима кирди:

    — Ойи, печенье ейман...

    Шукрона ёстиқдан бошини кўтарганида, кўрган тушининг таъсириданми, терга ботганини кўрди.  Тун яримлаб қолганди. У ошхонага чиқиб, қизига чой қуйиб бер­ди.. Тағин жойига кириб чўзилди. Ҳозиргина кўрган даҳшатли тушидан сўнг кўзига уйқу ҳам келмай қолди. Ажаб, нега бунақа туш?!.

    Шукрона оғир ўйлар исканжасида кўзи илинди. Уйғонганида кун ёришиб қолганди. Оғироёқ бўлгани учунми, ўзини беҳузур сезаётганди. Тушга яқин  эрининг аммаси Насиба опа келди. Ҳол-аҳвол сўрашишдан ке­йин амма ҳомиладор келинига жилмайди:

    — Оғирлашмай юрибсизми? Билиб қўйинг, чақалоқ туғилган куни биринчи суюнчиси мендан! Эсон-омон қутулиб олинг.

    — Айтганингиз келсин.

    Шукрона меҳмон олдига дастурхон ёзди.

    — Бу Зойиржон тағин уйда йўққа ўхшайди, ҳаммаёқ жимжит...

    — Уларни биласиз-ку, амма, якшанба куни ҳам дам олмайди... — деди Шукрона эътироз оҳангида чой узатаётиб.

    — Хафа бўлманг, келин. Бирни икки қиламан деб ишласа, ёмонми? Бекорчидан Худо безор. Аммо сиз ҳақсиз, эрта-индин кўзингиз ёриса... бу аҳволда сизни ёлғиз ташлаб бўлмайди.  Ҳозир, ҳозир..

    Насиба опа чўнтагига қўл солиб, телефонини олди. Тугмачасини босиб, кимгадир қўнғироқ қила бошлади.

    — Алло, Зойиржон, ҳа.. катта аммангман. Сени қулоғингни бир бураб қўйиш керак. Ҳа, нимага бўларди, хотининг туғиб қўйса, кейин нима бўлишини биласанми? Ёлғиз қўйма демаганмидим? Ҳа, ҳамма ишингни ташла-да, ҳозироқ уйга кел, кутаман...

    Кўп ўтмай Зойиржон кириб келди. Улар кўришиб, анчагача суҳбат қуришди.

    — Сизларга бир гап айтсам, маъқул келармикан деб, истиҳолада  ўтирибман, — салмоқли гап ташлади амма.

    — Нима гап, амма? — сўради Зойиржон қизиқсиниб. — Бехижолат айтаверинг!

    — Одам тафтини одам оларкан. Бу дунёда ҳеч ким ноумид яшамайди. Айниқса, оилада хотиржамлик бўлсин экан. Аканг Шомуродга кўп ачинаман. Мана, бу йил 17 йил бўлибди, ҳамон бефарзанд. Шунча вақт сабр қилди, бу — унинг иродаси кучлилигидан. Хотини билан ажрашишни истамайди. Меҳри бор. Агар рози бўлсангиз, чақалоғингиз туғилса, унга фарзанд қилиб берсангизлар...

Зойиржон билан Шук­рона бир-бирига ярқ этиб қарашди-ю, жим қолишди. Охири, сукутни Зойиржоннинг маҳзун овози бузди:

    — Ҳайронман... Акам би­лан келинойим бунга кўнишармикан?! Шукрона, сен-чи, нима дейсан?

    Шукрона ҳамон ўйланиб ўтирар, унинг кўзларида иккиланиш ва хавотир бор эди.

    — Маслаҳатлашиб кўринг­лар. Аканг бегона эмас, қола­верса... шу ишинг билан ўз жигарингни азобдан халос қиласан, — хўрсинди Насиба опа, сўнг кетишга тараддудланди. — Бир қарорга келсаларинг, кейин менга айтарсан...

    Зойиржон аммасини кузатиш учун унинг ортидан эргашди.

* * *

    Кечки овқат тараддудида Шукрона ошхонага кирди. Ош қилмоқчи эди, аксига олиб, сабзи тугабди. Дўконга бормоқчи бўлди, лекин йўлнинг бошига бориб келгунича кеч тушиб қолишини ўйлади. Бунинг устига, дастёр ўғли ҳам спорт тўгарагига кетган. Яхшиси, овсининикига киргани маъқул.

    У шундай хаёлда, яқинда қўшни маҳалладаги янги ҳовлига кўчиб ўтган овсинининг уйи томон юрди. Ҳовлига кириб, олд айвонга ўтмасидан, ичкаридан икки кишининг овозини эшитди-ю, тўхтаб қолди.

    — ...Почча, итингиз туғибди, табриклаймиз! — деди биринчи овоз, чамаси, бу овсинининг укаси Ўткир эди. — Лекин баъзи одамлар ўз ишини шу ҳайвончалик эплолмайди... Уятдан бошимиз эгилиб қолган, поччажон!

    — Ўткирбек, бу гапингиз билан менга шаъма қиляпсиз-да, а?!

    — Ҳа, яна бошқа кимга бўларди? Етар, ҳамма нарсанинг ҳам чегараси бор. Лайли Мажнундек бир-бирингизга ёпишиб олгансизлар. Ўн етти йилдан бери орзу-умид қилиб яшайсизлар. Шуям ҳаёт бўлди-ю! Пушти куйган эркакдан қандай қилиб бола туғилсин!..

    — Ҳой, оғзингизга қараб гапиринг. Агар шу гаплари­нгизни опангиз эшитганида, аллақачон юраги ёрилиб ўлган бўларди. Аттанг, сизни шу вақтгача ўз укамдек кўрган эканман. Ука, фарзандни қачон беришини сиз билан биз билмаймиз. Вақти-соатини белгилаб қўйгандир...

    — Эсиз, опам бошқа эрга текканида, бу вақтга қадар бир этак боласи бўлган бўлармиди...

    — Ука, бас қилинг, бўлмаса ҳозир...

    — Нима? Осмон қўлингизда бўлса, ерга ташламайсизми! Опам сиз билан ортиқ яшамайди, ажрашади, гап тамом!

    — Билганингизни қилинг, фақат тезроқ кўзимдан даф бўлсангиз бўлди...

    — Ҳайф сиздек эркакка...

    Шукрона довдираб қолди. Ўткир йўлакдан дарвоза томон ўтаётиб, унга тўқнаш келди.

    — Пойлаб турмай, ичкарига кираверинг, кеннойи!.. — минғирлади Ўткир кўчага чиқиб кетаркан.

    — Лаънат! Минг лаънат..! Бундан кўра ўлганим афзал… қутуламан!.. — деган овоз келди ичкари томондан.

    Шукрона бу гапни эшитгач, жон ҳолатда айвон томон югурди. Қайнакаси кўринмагач, ҳовлини айланиб қидира бошлади. Аёл омборхона эшигини очганида, арқонни тепага боғлаётган Шомуродга кўзи тушди.

    — Ака!.. Ундай қилманг. Саида опамга раҳмингиз келсин. Илтимос, арқонни ташланг. Худо ҳаққи, сизлар ҳали фарзандли бўласизлар! Қорнимдаги болам туғилса, албатта, сизларга бераман, бағрингизга  фарзандим дея қучасизлар. Фақат, фа­қат ўзингизни қўлга олинг, ўти­наман, пастга тушинг...

    Шукрона йиғлаб юборди. Шомурод осмондан тушгандек пайдо бўлган Шукронани кўриб, дастлаб қотиб қолди, сўнг у айтган гаплар миясига етиб бордими, бирдан кўзларига ёш қуйилди.

    — Ростданми?! Болангизни берасизми, келин?..

    — Ҳа, — бош чайқади Шук­рона. Унинг ҳам кўз ёшлари тинмасди.

Шерзод  ДЕҲҚОНОВ

Просмотров: 496 | Добавил: rsc | Рейтинг: 0.0/0
Всего комментариев: 0
Имя *:
Email *:
Код *:
Вход на сайт
Поиск
Календарь
«  Июль 2015  »
ПнВтСрЧтПтСбВс
  12345
6789101112
13141516171819
20212223242526
2728293031
Архив записей
Друзья сайта
  • Официальный блог
  • Сообщество uCoz
  • FAQ по системе
  • Инструкции для uCoz