Савол: ассалому алайкум, қори ака! Менинг “Муниса” исмли қизалоғим бор. У туғма юрак пороги ва буйрак йўли касаллиги билан хасталанган. Юраги ва буйрагидаги касалликларини операция қилдириб дардан халос бўлди. Аммо учта операцияни ўтказган бола тез-тез шамоллаш, ва ҳолсизлик каби касалликларга йулиқиб туради. Саволим шундан иборатки, унинг исми нотўғри қўйилганми? Қайин отам: “Масжиддаги фалон ноибдан дуо сўраганимда, исмини ўзгартиринг, деб айтди”, дедилар. Умуман “Муниса” исми “мунглик”, “ғам” маъносини билдирадими? Жавоб учун олдиндан катта раҳмат. Аллоҳ ҳаммамиздан рози бўлсин!
Жавоб: “Муниса” исми “дўст”, “ўртоқ”, “суҳбатдош”, “мулойим”, “латофатли” маъноларини англатади. Унинг “ғам-андуҳ” маъносини англатиши маълум эмас. Қизингизнинг исмини ўзгартиришни қайси масжиднинг ноиби сўраган? У қайси манбага асосланган. Сабаби бирон нарсадан қайтариш учун аниқ далил-ҳужжат бўлиши керак. Хулоса қиладиган бўлсак, фарзандга “Муниса” исмини қўйиш жоиз. Қизингизнинг касалликка чалинишига унинг исми сабаб бўлмаган. Яна Аллоҳ билгувчироқдир!