Воскресенье, 19.05.2024, 02:10
Приветствую Вас Гость | RSS

ижтимоий-сиёсий,адабий-бадиий,маданий-маърифий сайти

Меню сайта
Статистика

Онлайн всего: 1
Гостей: 1
Пользователей: 0
Главная » 2014 » Сентябрь » 23 » Янги давр масъулияти(2)
08:15
Янги давр масъулияти(2)
 

Янги давр масъулияти(2)

 Иккинчи воқеа.Пушкинларникига подшо ташриф буюрибди. Зодагонлар, граф-у дворянлар зал бўйлаб юрган ҳолда ўзаро суҳбат қуришибди. Бир маҳал меҳмонхонага жингалак сочли болакай ўқдай отилиб кирибди. Меҳмонларни кўриб мулзам бўлибди. Подшо болакай ёнига келиб, жингалак сочларини силабди, қорача юз-кўзига боқиб: — Ох, какой арабчонок, — депти. Тийрак Саша ялт этиб подшога қарабди. Унинг юзларидаги чечак изларини кўриб, дарҳол "қасд" олибди: Арабчонок, но не рябчонок. Бола меҳмонхонага қандай отилиб кирган бўлса, шундай тезлик билан чиқиб кетибди. ХХ асрнинг 50-йилларида мактабни тугатган, Олий ўқув юртларининг ижтимоий факультетига кирганлар, ўзбек тили ва адабиёти қатори, рус тили ва адабиётидан иншо ёзар, оғзаки имтиҳон топширардилар. Яна бир гап. Ўтган асрнинг 60-йилларигача тошкентликлар тилида «Губир боғи» («Губернатор боғи» — А.Р.) анча фаол эди. Трамвай, троллейбус паттачилари бекатни «Киров парки» десалар ҳам, шаҳарликлар «Губир боғи»гача боришларини айтаверардилар. Комсомол кўлидан ўтиб, Симон кўприкнинг қишлоқ томонига ўтишингиз билан девор билан ўралган, дарахтзор, баҳайбат темир дарвоза ўрнатилган катта-катта дала ҳовлилар бошланарди. Ҳозирги Республика Тез ёрдам илмий-текшириш Маркази ортида 100-150 йиллик, баланд-баланд чинор монанд ўрис дарахтлар бор. Губернаторга махсус боғ қурилгач, амалдор рус зобитларига Чилонзордан катта, баҳаво, Бўрижар «нафаси уриб» турган боғ-ҳовлилар ажратилган. ХIХ асрнинг 90-йилларида бошланган бу тартибот Шўро замонида, 70-йилларгача давом эттирилди. Чор Россияси ҳам, Шўро ҳукумати ҳам рус зобит-амалдорларини ҳамма ерда асраб-авайларди... Мен ўқиган 90-мактабнинг III-IV қаватларидан Му­­қимий театри ҳовлиси, грим қилиб олган артистлар, ролини такрорлаётган актёрлар кўриниб турарди. Синф­дош­ларим пиёда юрса, Ёшлар кўлига кирса, То­ҳир, Ал­­помиш қўшиғини айтарди. 1952 йилда бўл­са керак, бу­тун синф «Отелло»ни кўриш учун Ҳамза (ҳо­зирги Мил­лий) театрининг ёзги биносига борганмиз. Спек­такл тунги иккиларда тугаган. Ҳаммамиз уйимизга пою пиёда жўнаганмиз.Мактабимиз футбол майдони билан Ғафур Ғу­лом­нинг Арпапоядаги ҳовлисини битта девор ажратиб турарди. Негадир кўпчилигимиз Ғафур Ғуломни "ўзи­мизники" деб билардик. Аксарият ўқувчилар Ға­фур Ғу­лом билан қўл бериб кўришган, озроққина суҳ­бат­лашишган ҳам. Донгдор шоир мактабимизга бот-бот таш­риф буюрарди. Ўқитувчиларимиз орасида шоирнинг қадрдонлари анчагина эди. Қолаверса, Ғафур Ғу­ломнинг ўғли Мирзоулуғ мактабимизда ўқирди. Унинг синфдошларидан аксарияти, Улуғ ака сингари машҳур олимлар бўлиб етишган. Ғафур Ғуломнинг «Ол­­тин медаль» шеърини ўқисам, «у бизнинг мактаб ўқувчиларига бағишланган», — деган фикр келади. Мен трамвай йўл ўтадиган Бешоғоч кўча, 164-уй­да яшаганман. Кўчамизнинг ўзига хос тарихи бор. ХХ аср бошларида Бешоғочдан кўнка (от қўшилган узун вагон), 1913 йилдан трамвай қатнай бошлаган. Ҳар йили баҳорда тош терувчилар (кўпинча арманилар) ўз маҳоратларини кўрсатар, гўзал, пишиқ қилиб тош ётқизардилар. Бу кўчадан трамвай ҳам, машина ҳам, бричка, қўқон арава ҳам юраверарди. Гоҳо устига саксовул, сомон ортган кичик-кичик туя карвонлари ўтарди. Чорсу бозорига йўл олганлар шу кў­чадан бориб қайтардилар. Бешоғоч кўчасида тарих ўқитувчимиз, 30-йилларда адабий-танқидий мақолалар ёзган, Ҳамид Олимжоннинг дўсти Абдусалом Ниёзий, рус тили ўқи­тув­чимиз Қаландаров, Ғафур Ғуломнинг синглиси Баҳри Ғуломова, жарроҳ Дарвин Ғуломов, Ҳамид Олимжоннинг синглиси Муҳаббат Олимжонова сингари таниқли кишилар яшарди. Ўсмирлигимда Гулистон бекатининг Гулистон кўча­сида яшайдиган Мушаррафхон аяникига кўп борардим. Олтмишларни қоралаб қолган, баланд бўйли, адл қоматли, оқ юз, оқ сочли ая ниҳоятда файзли эдилар. Санъат, адабиётни севардилар.         — Мана бу, ёнимдаги ҳовлида дўстим Ойбек яшаган. Ана у ҳовлида бир неча йил Фитрат домла ис­тиқомат қилганлар — дея ҳикоя қилиб қолардилар ая. Ўт­кир Ҳошимовнинг «Дунёнинг ишлари» қиссасини ўқи­гач, Амма — мен таниган, суҳбатлашган Мушарраф ая эканлигини билиб олдим. Ая Абулқосимхон тўранинг набираси, Ҳошимхон тўранинг қизлари экан. Аянинг ҳов­лилари Абулқосимхон Эшон авлодлари уй-жойлари қаторида эди. Ў.Ҳошимовнинг отаси Атауллохон — Мушарраф аянинг бир ота-онадан туғилган инилари эди.Мактабимиз жойлашган Олмазор кўчаси, Форобий мактаби ёнверида Олим Шарафиддинов, Воҳид Зоҳидов, Ҳамид Ғулом, Азиз Абдураззоқ яшарди. Улар қайсидир томондан мактабимиз билан алоқада бўл­ганлар. Масалан, Олим Шарафиддиновнинг жияни Пў­лат биздан бир синф қуйида ўқирди. Уни ҳамма «Том» деб атарди. «Том тоғанинг кулбаси» қиссаси таржима қи­линган йили туғилган жиянини Олим Шарафиддинов домла «Том» деб атай бошлаган экан. Кейинчалик Том — Пўлат етук олим бўлди, Техника университетида кафед­рани бошқарди. (Уни Аллоҳ раҳматига олган бўлсин). Хуллас, камина САГУ (ҳозирги ЎзМУ)нинг филология факультетига бир-икки асарни ўқибгинамас, адабий муҳит руҳини англаб кириб борганман. Университетга келгунимча Ғафур Ғулом, Ойбек, Ҳа­­мид Олимжон сингари ўзбек ёзувчилари асарларини, Л.Толстойнинг «Кавказ асири», М.Шолоховнинг «Дон ҳикоялари»ни, С.Айний, М.Авезов, Меҳди Ҳусайн, А.Фадеев, К.Симонов асарларини яхши билардим. «Тинч Дон»ни мактабдалигимда ўқиганман. Университетга киришим билан Ҳозирги ўзбек адабиёти йўналишини танладим. 1955 йилда Ойбекни 50 йиллик юбилейида университетда кўрдим. Одил Ёқу­бов, Ўлмас Умарбеков, Алексей Пьянов сингарилар ўша пайтда талаба бўлсалар-да, адиб сифатида танилиб қолгандилар. Турсун Собиров, Лазиз Қаюмов, Озод Шарафиддинов сингари ёшлар замонавий адабиётдан дарс берганлар. Ўқишга кирганимизда, дарс берганлардан Озод Шарафиддинов 26, Лазиз Қаюмов 24, Натан Маллаев 32, Шавкат Раҳматуллаев 30, Музаффар Хайруллаев 25, Сиддиқ Фузаилов 29, Ёқуб Ғуломов 30 ёшда бўлган экан. Биз уларни улуғ, катта ёшли устозлар деб билардик. Кейинчалик ўзбек мумтоз адабиёти йўналишидан кет­маганимга афсусландим. Лекин ички бир сезги Навоий, Турди, Гулханий, Нодира, Муқимий, Фурқат ижо­ди ўта мафкуралаштирилган ҳолда ўтилаётганини бил­дириб турарди. 70-йилларгача Навоий девон, дос­тон­лари «анъанавий кириш»сиз, ХII, ХIII боблардан бош­лаб босиларди. Навоийнинг Аллоҳ, пайғамбар, са­­­­лафлар, сўзининг ўрни ҳақидаги фикрлари тушириб қол­дириб «бошсиз» Навоий талабалар ҳукмига ҳа­во­ла қи­линарди. Биз университетга кирганимизда, масалан, Фур­қат нафаси шундоққина сезилиб турарди. У билан суҳ­батлашган, зиёфатлашган кишилар кўп эди. Лекин шунга қарамай, Фурқатнинг «Туф» радифли шеъри тилга тушган, ҳатто дарсликларга киритилганди.Фурқатий, бойларни ҳажвин қанча ёзсанг шунча оз, Рост эрур бу сўзларим, биллоҳки, ёлғонларга туф!. «Жоним менинг» ҳам Фурқат томонидан айтилади. Аслида «Туф!» ҳам, «Оҳ ким, раҳм айламас...» ҳам Абдуваҳоб Сайфий қаламига тааллуқли бўлиб, Фурқатни социаллаштириш, халқчиллаштириш мақ­садида унинг тилидан айттирилган эди. Бу жиддий хатоликни бартараф қилишда матншунос Ваҳоб Раҳ­моннинг ҳиссаси катта бўлди. Яна бир нарсага афсусланаман. Матёқуб Қўш­жонов, Лазиз Қаюмов, Озод Шарафиддинов, Са­ло­ҳид­дин Мамажонов, Наим Каримов, Собир Мирвалиев, Бахтиёр Назаров, Умарали Норматов, табиийки, ўзим ҳам Навоий ижоди ҳақида ёлчитиброқ мақола ёзмаганмиз. Эркин Воҳидов, Иброҳим Ғафуров, Иброҳим Ҳаққулов, Султонмурод Олимов сингарилар мустақил интилиб, берилиб Навоий дунёсига шўнғиб кетдилар. Аслида, адабиётшуносни узил-кесил соҳаларга ажратиб ташлаш нотўғридир. Ҳозир арузни, туркий фольк­лорни, жаҳон адабиётини билмайдиган чин талаба қолмаяпти, ҳисоби. Университетда домлалар, устозу шогирдлар аро алоқалар ўзига хос эди. Факультетимиз ўқитувчилари ёзги дам олишни ҳам биргаликда ўтказардилар. Озод Шарафиддинов, Бегали Қосимов, Умарали Норматов ва камина «осмондаги шаҳар» — Хорогда, Владивостокда, Кишинёвда, Ғилон қишлоғида, Ҳазрати Баширда, Хонжиззада, Шалқонда бирга бўлганмиз. Устозларим О.Шарафиддинов, Ғ.Каримов, С.Долимов, Л.Қаюмов сингариларнинг кўп инсоний фазилатлари ҳақида гапириб беришим мумкин. Ҳозиргача ўн учта китобим чоп этилди. Мен филолог ва журналист талаба — бакалавр, магистрларга дарс берувчи ўқитувчи, адабий-танқидий мақолалар ёза­диган одамман. Қисқаси, бадиий адабиётни ҳам ёз­ма, ҳам оғзаки тарғиб қиламан. Қанча кўп зурафо-ада­биётни ҳис қиладиган, маънавияти юқори шогирд етиштирган бўлсам, шунча мақсадга эришган бўламан. «Илми ғарибани қўмсаб...», «Танқид, талқин, баҳолаш», «Истеъдод ва эътиқод», «Бетакрор ўзлик» китобларим ўқиляпти. Муҳим ҳақиқатни айтайми? Биз, мутахассислар машҳур асарларни бир мартагина ўқиган эканмиз! Ҳар бир замон — машҳур асар учун янги ракурс, кузатув нуқтаси экан. Қайси асар ҳақида ёзсам, уни қайтадан ўқияпман, замон билан боғлиқлигини кўряпман. "Ўтган кунлар", «Меҳробдан чаён», "Қутлуғ қон", «Юлдузли тунлар», «Диёнат» ўша ўзим билган асар-да", — дейдиганлар хато қилади. Истиқлол кўзимизга янги ойнак тақди. Шууримиз, дунёқарашимиз ўзгарди. Аввал ёзилган асарларни янгича нигоҳ билан ўқиш, ҳозирги илмий-назарий қарашлар асосида таҳлил қилиш зарур. «Ёшлар адабиётни ўқимай қўйди», «Улар енгил-ел­пи йўллардан кетиб қолмоқдалар» деяверишдан кўра ўқувчиларни китоб ўқишга ўргатиш керак. Менга қолса, «филология, санъат, журналистика соҳасини танлаганлар камида 3-4 минг сатр шеър, насрий парчаларни, монологу диалогларни қироат билан ўқиб берсинлар», — деган шартни қўйган бўлардим. Раҳматли Воҳид Абдуллаев тирикликларида, Самарқанд Давлат университетини бошқарганларида деярли барча устозлар, талабалар минглаб мисраларни ёддан ўқирдилар. Бадиий асар қанча берилиб, қунт билан ўқилса, унинг ўзига хос жозибаси, мазаси чиқа бошлайди. Мен университетда I курс талабаларига "Ҳозирги адабий жараён" курсидан дарс бераман. Тилга тушган барча асарларни ўқиб чиқишларини талаб қиламан. Талабалар ўқиган асарларини гапириб (оғзаки талқин қилиб) берадилар. Талабалар жаҳон адабиётининг машҳур асарларини ўзбек ёзувчиларининг янги яратмалари билан қиёсан ўрганишларини орзу қиламан. Ёзувчи дунё адабиёти миқёсида фикрласа, ижод қилса, ёшлар — талабалар унга интиладилар, ўзларининг орзу-маёқига айлантирадилар. Истиқболда ўзбек адабиёти ўзлигини сақлаган, жаҳон адабиётида муқим ўринга эга бўлган беқиёс адабиётга айланади. Ўтган асрнинг 80-йилларида профессор Ғулом Каримов илмий лойиҳасига кўра ЎзМУ филология факультетида ХIХ аср охири, ХХ асрнинг биринчи чорагидаги ўзбек жадид адабиётини ўрганиш кенг йўлга қўйилди. Профессор Бегали Қосимов раҳбарлигида Миллий уйғониш даври ўзбек адабиёти кафедраси иш бошлади. Республика Олий ўқув юртлари орасидаги бу илк кафедра кенг миқёсда илмий, ташкилий ишларни йўлга қўйди. Туркий адабиётлар билан алоқа кенгайтирилди. Тошкент, Қозон, Анқара, Симферополь, Истамбул, Боку, Олма-Ота, Самарқандда илмий конференциялар ўтказилди. Туркий адабиёт намояндалари энцик­лопедияси, машҳур асарлар чоп этилди. Талабалар М.Беҳбудий, М.Абдурашидхонов, Чўлпон, А.Қодирий, М.Жумабой, Фитрат, А.Авлоний, Элбек, Сидқий Хон­дайлиқий, Юсуф Сарёмий, Каримбек Камий, Хислат, Тавалло, Шермуҳаммедовлар ижодини мукаммал ўр­гандилар. Исмоил Гаспирали ижоди кенг ўрганила бошланди. Ҳозирги пайтда ХХ асрнинг 30-йилларидан то ҳозирги кунгача бўлган ўзбек адабиётини қунт билан ўрганиш фурсати етди. Менимча Олий ўқув юртларида "Ўзбек истиқлол адабиёти«ни ўқита бошлаш лозим. Беш фарзандим, тўрт набирам олий маълумотли. Келиним — филолог, фан номзоди. Бир набирам тил ва адабиёт ўқитувчиси. Худога шукур, болаларим, набираларим адабиётга қизиқади, кўп китоб ўқийди. Эллик уч йил муқаддам аудиторияга илк бор ўқи­тувчи сифатида қадам қўйганман. Ҳануз аудиториядан қадамимни, талабалардан кўнглимни узганим йўқ. Тахминан, ярим асрдан бери қўлимдан қалам тушгани йўқ. Тарки одат — амри маҳол, деган гап бор. Бундан кейин ҳам Худо умр берса, дарс бераман, мақолалар ёзаман, деган ниятдаман.
Просмотров: 605 | Добавил: rsc | Рейтинг: 0.0/0
Всего комментариев: 0
Имя *:
Email *:
Код *:
Вход на сайт
Поиск
Календарь
«  Сентябрь 2014  »
ПнВтСрЧтПтСбВс
1234567
891011121314
15161718192021
22232425262728
2930
Архив записей
Друзья сайта
  • Официальный блог
  • Сообщество uCoz
  • FAQ по системе
  • Инструкции для uCoz