Воскресенье, 19.05.2024, 00:19
Приветствую Вас Гость | RSS

ижтимоий-сиёсий,адабий-бадиий,маданий-маърифий сайти

Меню сайта
Статистика

Онлайн всего: 1
Гостей: 1
Пользователей: 0
Главная » 2015 » Июль » 11 » Ким аслида кимни алдайди?
13:54
Ким аслида кимни алдайди?
 

Ким аслида кимни алдайди?

Никоҳдан олдинги тиббий текширув — нафақат икки ёш, балки уларнинг келгуси авлодлари ҳаётига ҳам дахлдор масала. Шу боис бугун мамлакатимизда никоҳланувчи ёшларни тиббий кўрикдан ўтказиш механизми самарали йўлга қўйилган.

Лекин шунга қарамай, бу долзарб масалага баъзан етарлича эътибор қаратилмаётгани ҳам бор гап. Аниқроғи, оила тушунчасига лоқайд, тиббий кўрикка юзаки ёндашадиган айрим ёшлар, ҳатто ота-оналар борлиги, бундан эса «унумли» фойдаланаётган шифокорлар учраётгани сир эмас.

Президентимиз Ислом Каримов Конституциямизнинг 21 йиллигига бағишланган тантанали маросимдаги маърузасида бу ҳақда алоҳида тўхталиб, «Мамлакатимизда бўлғуси келин-куёвларни никоҳдан олдин тиббий кўрикдан ўтказиш тартиби жорий этилган бўлиб, бундан кўзланган асосий мақсад соғлом оила қуриш, соғлом болани дунёга келтириш билан боғлиқ. Лекин, афсуски, инсоннинг ҳаёти, туғилажак фарзанднинг тақдирига бевосита дахлдор бу масалага баъзан масъулиятсизлик билан қараш, сохта ва юзаки хулосалар чиқариш, тиббий маълумотномаларни сотиб олиш каби  ҳолатлар учраб туриши барчамизни ташвишга солиши зарур. Айни шу масалалар учун, умуман, болаларнинг соғлом, бенуқсон бўлиб туғилиши учун тиббиёт ходимларининг масъулиятини, керак бўлса, жавобгарлигини ошириш вақти келди, деб ўйлайман», дея таъкидлади.

Умуман, бу борадаги муаммолар, уларнинг олдини олиш ва бартараф этиш йўллари ҳақида соҳа мутахассисларининг фикрлари билан қизиқдик.

 Фарида ШОЁҚУБОВА, Тошкент шаҳар Чилонзор тумани тиббиёт бирлашмасининг Никоҳланувчи шахсларни тиббий кўрикдан ўтказиш бўйича масъул ходими:

— Туман марказий кўптармоқли поликлиникасида ФҲДЁ берган йўлланмага асосан никоҳланувчиларни тиббий кўрикдан ўтказамиз. Улар қўшимча равишда, гарчи ҳукуматнинг қарорида кўрсатилмаган бўлса-да, ўз хоҳишига кўра бошқа — қулоқ-бурун, томоқ, кўз шифокори, УЗИ, кардиолог каби мутахассислар кўригидан ҳам бепул ўтади. Ҳозир аксарият тиббий кўрикдан ўтишга хайрихоҳлик билдирмоқда. Фақат ёши нисбатан катта иккинчи маротаба турмуш қураётганлар орасида бунга эътиборсизлар учраб турибди. Бундай кишилар билан мутахассис шифокор алоҳида тушунтириш ишларини олиб боради.

Тиббий маълумотномани бериш чоғида баъзан дуч келинаётган асосий муаммо — унинг вақтида тайёрланишида. Биз, ўзбек оилаларида келин-куёвнинг фотиҳаси тўйдан бир-икки ой, ҳатто, ундан ҳам анча олдин қилинишини биламиз. Мана шу пайтда айримлар тиббий текширувдан ўтишни хаёлига ҳам келтирмайди. Уни тайёрлашнинг муайян муддати белгиланганига қарамай, айримлар тўйга оз вақт қолгандагина тиббий текширувга келиб, боз устига, «тезлаштириб беринг», деб туриб олишади. Лекин шунга қарамай, биз уларни  тиббий кўрикдан тўлиқ ўтказамиз. Оила қураётганларга унинг моҳияти ҳақида атрофлича ахборот берилади.

Сабоҳат ЭШМАНОВА, Чилонзор тумани ФҲДЁ бўлими мудираси:

— Никоҳланувчи шахсларни тиббий кўрикдан ўтказишга доир қарор қабул қилинганига ўн йилдан ошди. Айтиш керакки, бу давр оралиғида никоҳланувчиларнинг соғлиғини сақлаш борасида жуда катта ҳажмдаги ишлар амалга оширилди. Бундан 8-9 йил илгари оила қуриш истагидаги ёшлар тиббий текширувдан ўтишга бефарқ қараган бўлса, сўнгги йилларда бунинг аҳамиятини деярли ҳамма тушуниб етмоқда. Чунки фақат соғлом ота-онадан соғлом фарзанд дунёга келади.

Бу масаладаги камчиликлардан бири, назаримда, никоҳланувчи ёки уларнинг яқинларининг бир-бирига ҳаддан ташқари ишонувчанлигида. Яъни «бўлғуси келин ёки куёвни яхши биламиз, нима қиламиз текширувдан ўтиб» қабилида фикрлайдиган кишилар ҳам йўқ эмас. Бир қарашда томонларнинг бир-бирига нисбатан ишончи бўлгани яхши. Аммо бу улар мутлақ соғлом дегани эмас-ку.

Шунинг учун тиббий текширув ишонч деган тушунчадан ҳам устун бўлиши керак. Чунки икки ёш эртага оила қуриб, фарзанди носоғлом туғилса, бу уларнинг муносабатига салбий таъсир кўрсатиши мумкин. Демак, масъулият, жавобгарлик тушунчасини авваламбор, ёшларнинг ўзи англаши зарур.

Раъно ШУКУРУЛЛАЕВА, Тошкент шаҳар 1-руҳий-асаб касалликлар диспансери бош шифокори:

— Диспансеримиз бўлғуси келин-куёвларни тиббий кўрикдан ўтказиш бўйича энг муҳим муассасалардан бири ҳисобланади. Ёшларга мантиқий саволлар бериш орқали интеллектуал қобилиятига баҳо берилади. Баъзан ҳамма ҳам бериладиган саволларга аниқ жавоб бера олмайди. Лекин бу жавобларга қараб уларга аниқ салбий ёки ижобий ташхис қўйилади, якуний хулоса шунга боғлиқ дегани эмас.

Текширувдан ўтаётган келин-куёвнинг саломатлигида камчилик аниқланса, биз уларга бирон шифохонада қўшимча тарзда даволанишни тавсия қиламиз. Тиббий маълумотномани беришда юзага келадиган асосий долзарб масала ҳам шу ерда. Яъни келин-куёвнинг бирида жиддийроқ хасталик аниқланса, айрим ҳолларда томонлардан бирининг бу билан иши бўлмайди. Оила қуришга аҳду паймон қилишгану, гўё бунақа тўсиқлар уларни мутлақо қизиқтирмайди.

Шунда биз шифокорлар олдида ниҳоятда масъулиятли вазият юзага келади. Никоҳланувчиларга «Оила ва никоҳ» ҳақидаги қонунда кўрсатилган руҳий касаллик билан хасталанган ва унга бу никоҳ оқибатидаги тиббий-ижтимоий асоратлар тўғрисида тушунтириш ишларини олиб борамиз.

Карима ҚАЙСАРОВА, уй бекаси:

— Никоҳдан олдинги тиббий текширувлардаги қинғирликлар, бефарқликлар кейинчалик катта оилавий жанжалларга сабаб бўлишига бир неча марта гувоҳ бўлганман. Масалан, яқинда бир узоқроқ танишимиз қизини узатди. Куёв тиббий текширувлардан яхши ўтгани айтилган, бироқ уч ой ўтмай, унда эпилепсия (тутқаноқ) аниқланган: ҳуда-беҳудага ўзини ташлаб юбораверади, баъзан нима қилаётганини ҳам билмай қолади.

Демак, қайсидир масъулиятсиз тиббиёт ходими «ҳақи»ни олиб, унга тиббий маълумотномани тўғрилаб берган. Ўша қиз ота уйига қайтиб келди, бир оила  барбод бўлди.

Назаримда, келин-куёвнинг алоҳида эмас, биргаликда тиббий текширувдан ўтишини қонун йўли билан белгилаб қўйиш керак. Шунда қайсидир томоннинг қинғирликлар қилиб, қудаларни алдашига имкон қолмасди, балки.

Фикр-мулоҳазалардан кўриниб турибдики, соғлом турмуш тарзи — инсоннинг ўзига боғлиқ. Тўғри, тиббий текширувдан ўтаётганда айрим фуқаролар маълумотномани сотиб олиш пайига ҳам тушади. Бундан фойдаланган шифохонадаги айрим ноинсоф, ўз ишига масъулиятсиз ходимлар эса фақат моддий манфаат илинжида уни сохталаштириб, тўғрилаб бериши мумкин. Оқибатини эса ҳеч ким ўйлаб кўрмайди.

Аммо шу маҳал хоҳ у бўлғуси келин-куёв, хоҳ шифокор ё бошқа киши бўлсин, масаланинг ҳар қачонгидан муҳим аҳамият касб этишини, бу оила қураётганнинг бўлажак зурриёди билан бирга, никоҳланувчининг ҳам келажагига бевосита дахлдор эканини теран англаса, бунга жиддий қараса, муаммога ўрин қолмайди. Пировардида қуриладиган оиладан соғлом бола дунёга келиб, баркамол бўлиб вояга етади. Зеро, соғлом бола, бу аввало, соғлом ва аҳил оиланинг мевасидир.

Шаҳобиддин РАСУЛОВ,

«Оила даврасида» мухбири

Просмотров: 580 | Добавил: rsc | Рейтинг: 0.0/0
Всего комментариев: 0
Имя *:
Email *:
Код *:
Вход на сайт
Поиск
Календарь
«  Июль 2015  »
ПнВтСрЧтПтСбВс
  12345
6789101112
13141516171819
20212223242526
2728293031
Архив записей
Друзья сайта
  • Официальный блог
  • Сообщество uCoz
  • FAQ по системе
  • Инструкции для uCoz