Суббота, 18.05.2024, 22:25
Приветствую Вас Гость | RSS

ижтимоий-сиёсий,адабий-бадиий,маданий-маърифий сайти

Меню сайта
Статистика

Онлайн всего: 1
Гостей: 1
Пользователей: 0
Главная » 2015 » Июль » 11 » «Ориятни сизлаб яшадим»
14:11
«Ориятни сизлаб яшадим»

Қишлоғимизда Умринисахон исмли момо яшар эди. Табаррук онахон юз ёшдан ўтиб қазо қилди. Уч аср билан юз кўришди.

Момо умрининг сўнгги дамларида ҳам тетик суҳбатлашар эди. Турмуш ўртоғи билан беш нафар фарзандни тарбиялаб вояга етказди. Бир этак невара, чевара ва эвараларнинг суюкли бувижониси бўлиб, роҳатини кўрди. Момо билан кўп бора суҳбатлашиш бахтига муяссар бўлган эдим. Онахондаги одамохунлик, ширинсўзлик, қувноқлик ва очиқ чеҳралик каби фазилатлар кишини лол қолдирарди. Ана шундай суҳбатларнинг бирида момодан узоқ умр кўриш сир-синоатларини сўрадим. Ўшанда табассум билан менга юзланиб: «Э, айланай, болажоним, бунда ҳеч қанақа яширадиган сир йўқ, буни Яратганнинг менга ҳадя қилган инояти, деб биламан ва унга шукрона айтаман. Боиси шуки, ақлимни танибманки, ота-онамнинг берган ўгитлари, панду насиҳатларига ҳамиша қулоқ тутдим ва уларга амал қилдим.

Улар мени вояга етказишди. Ўзга хонадонга келин бўлиб тушиб, шуни анг­ладимки, энди қайнота ва қайнонамни ҳам ҳақиқий отам-онамдек кўришим, бу уйдаги барча оила аъзоларини эса доимо ўзимга яқин олишим, уларга садоқатли бўлишим зарурлигини ич-ичимдан ҳис этиб, юрагимга жойлаб олдим. Албатта, бунинг учун меҳр-ихлос билан бирга сабр-қаноат ҳам керак эди. Бу оиладаги ҳар бир муваффақиятим замирида улкан орзу-умидларимнинг рўёбини кўрардим. Назаримда, самимиятим униб-ўсишимга имкон яратарди. Оилада нима юмуш бўлса, сидқидилдан бажардим. Қишин-ёзин, эрта-ю кеч тинмай уларнинг хизматида эдим, оиланинг қувончига ҳам, ташвишига ҳам шерик бўлдим. Қайнота-қайнонам юзига ҳеч қачон тик боқмадим, сўзини икки қилмадим.

Кези келганда, шуни ҳам айтиб қўяйки, ибо, шарм-ҳаё энг юксак инсоний фазилатлардан эканини чуқур англардим. Бир сўз билан айтсам, ўзимни сенлаб, ориятни сизлаб яшадим. Қайнота-қайнонам эса ҳар дақиқа, ҳар куни ўз миннатдорлигини дуо билан изҳор этди. «Умринисахон, қизим, умринг узоқ, ризқинг улуғ бўлсин, сендан у дунё-ю бу дунё розимиз», деб кўп айтишарди», – дея донишмандлик билан сўзини якунлади момо.

Умринисахон момо, бироз тин олгач, «Оллоҳ ўзи рози бўлсин», дея астагина эзгу ниятлар айтиб, дуога қўл очганида, онахоннинг нурли юзига боқиб, доно халқимизнинг «олтин олма, дуо ол» деган нақлнинг маъносини чуқурроқ ҳис этгандек бўлдим.

Шамсиддин ИСМОН

Просмотров: 504 | Добавил: rsc | Рейтинг: 0.0/0
Всего комментариев: 0
Имя *:
Email *:
Код *:
Вход на сайт
Поиск
Календарь
«  Июль 2015  »
ПнВтСрЧтПтСбВс
  12345
6789101112
13141516171819
20212223242526
2728293031
Архив записей
Друзья сайта
  • Официальный блог
  • Сообщество uCoz
  • FAQ по системе
  • Инструкции для uCoz