Воскресенье, 19.05.2024, 01:30
Приветствую Вас Гость | RSS

ижтимоий-сиёсий,адабий-бадиий,маданий-маърифий сайти

Меню сайта
Статистика

Онлайн всего: 1
Гостей: 1
Пользователей: 0
Главная » 2015 » Июль » 11 » «Тирик бўлсангиз, мени кечиринг»
14:04
«Тирик бўлсангиз, мени кечиринг»

Шу воқеа эсимга тушса, юрагим увишади. Инсон қачонлардир айтган бир сўзи, қилган бир ишидан афсусланса-ю, уни тўғрилай олмаслигини билса, бундан ёмони йўқ. Мени ҳам баъзида бир сўз юки эзади...

Бунга ўн йилча бўлди. Ўн тўрт-ўн беш яшар қиз эдим. Ўша вақтлар амакимнинг ўғли оғир хасталикка чалинган, пойтахтдаги шифохонада ётганди. Амаким ва янгам бизникида. Кунда ўғилларининг ҳолидан хабар олишади. Ич-ичларидан сиқилишини кўриб, менинг ҳам юрагим жизиллайди. Ўз акамдек бўлиб қолган Баҳром акамнинг тузалиб кетишини истаб, дуо қиламан.

Баҳром акам касалхонадан чиққач, палатадоши ҳақида кўп гапириб берди. Қисқа фурсат ичида дўстлашиб қолишган экан. Ўзи қатори тошкентлик бу боланинг аҳволи акамникидан анча ёмонроқ экан. «Мен-ку, оғир меҳнат туфайли шу дардга йўлиқдим. Сиз-чи, Баҳромжон, ўзига тўқ, шундай зиёли одамларнинг фарзанди экансиз, бу бало сизга қандоқ илашди?» деб кўп айтаркан. Ҳа, дард одам танламаслиги рост экан. Амакимлар уйига қайтишди. Шифохонадан рухсат беришди... аммо соғайиб кетгани учун эмас. Кўп ўтмай меҳрибон акамни ерга топширдик...

Орадан анча вақт ўтди. Бизнинг уй телефонимиз рақами Баҳром акамнинг ўша дўстида бор экан. Бир куни қўнғироқ қилиб қолди. Гўшакни мен кўтардим. Ўзини таништиргач, акамнинг соғлиғи, қаерда яшаши ва телефон рақамини сўради. Ўзи ҳалиям касалхонада экан. Дўсти билан гаплашмоқчилигини айтди... Таъзиядан хабари бўлмаган, бечоранинг.

– Баҳром акам бўлмадилар... – дедим тутилиб. Бизнинг водийда «бўлмади», деган сўз «вафот этди» маъносини билдиради. Аммо йигит буни тушунмади.

– Нима деганингиз бу?

«Бўлмади» сўзига маънодош излаб узоқ ўйландим. Тузукроқ синоним тополмай, тушунарли сўзда айта қолдим:

– Ўлдилар...

Гўшак ортида бир муддат жимлик чўкди. Сўнг у ҳеч нима демай, гўшакни қўйди. Ўша жимлик  ҳалигача қулоғим остида. Чунки бу жимликда «нега!?» деган ҳайқириқ ҳам ётарди. Ўшанда у нималарни кўнглидан кечирди экан?.. Хайрлаша олмаганидан надомат чекканмикин? Ёки мен ҳам барибир ўларканман, деганмикин. Эҳтимол...

Мен ўша сўзни бекор айтдим.

Балки Баҳром акам соппа-соғ, дейишим керакмиди? Ўйнаб-кулиб юрибди, сиз ҳам тезроқ соғайиб, водий тарафларга ўтинг, десам тўғри бўлармиди? Билмадим. Билганим шуки, мен бир беморнинг қалбига катта умидсизлик ташладим.

Унинг исмини билмайман. Ҳозир ҳаётми-йўқми – буниси ҳам менга қоронғи. Балки, соғайиб кетгандир... Ҳаёт бўлса, ёши ўттизга кириб, бола-чақали ҳам бўлгандир. Илойим, шундай бўлсин. Агар у шу сўзларни ўқиб, ўша суҳбатни эслаган бўлса, бир айтарим бор: берган ноумидлигим учун мени кечиринг...

Нодирабегим ИБРОҲИМОВА

Просмотров: 1254 | Добавил: rsc | Рейтинг: 0.0/0
Всего комментариев: 0
Имя *:
Email *:
Код *:
Вход на сайт
Поиск
Календарь
«  Июль 2015  »
ПнВтСрЧтПтСбВс
  12345
6789101112
13141516171819
20212223242526
2728293031
Архив записей
Друзья сайта
  • Официальный блог
  • Сообщество uCoz
  • FAQ по системе
  • Инструкции для uCoz