Воскресенье, 19.05.2024, 09:29
Приветствую Вас Гость | RSS

ижтимоий-сиёсий,адабий-бадиий,маданий-маърифий сайти

Меню сайта
Статистика

Онлайн всего: 1
Гостей: 1
Пользователей: 0
Главная » 2014 » Ноябрь » 21 » Турсунбой Адашбоев. Пародиялар
21:01
Турсунбой Адашбоев. Пародиялар
Адабиёт. Турсунбой Адашбоев. Пародиялар
19 ноября 2014, 12:15

CA-NEWS - Турсунбой-Адашбоев

 

ЁЛҒОН АЙТСАМ...

 

Кўзларинг бир жодуки, билсанг,

Етти иқлим қолгусидир лол.

Сажда этгум, ишора қилсанг,

Соҳиби кўз, эй қоши ҳилол.

 

Темур УБАЙДУЛЛА. “Кўзларинг” шеъридан.

 

* * *

 

Эҳ, бу кўзлар, дунёдек чексиз,

Осмон каби тубсиз, бепоён.

Сажда учун ишора шартмас,

Бошгинамни урайин қаён?

 

Оҳ, бу кўзлар, денгиздек теран,

Ғарқ бўлишим мумкин жонгинам.

Шу кўзларнинг қалини учун

Ол, Чинозни, Тўйтепани ҳам.

 

Сатқаи сар тақдирим, умрим,

Кўзларингнинг қурбони бўлай.

Сабаб, ўта нозик йигитман,

Ёлғон айтсам ёрилиб ўлай…

 

АГАР, СЕВСАНГ…

 

Севсанг,

Осмонга чиқ, ойни олиб кел,

Тонглар водийсини тўша йўлимга!

Сомон йўлларидан чечаклар териб,

Бахтнинг шодасидай тутгил қўлимга!

 

Озода БЕКМУРОДОВА. “Севсанг” шеъридан.

 

* * *

 

Озодабегим!

Шартларингиз қалтис ва мушкул,

Алпомишлар йўқ, ҳозир демак,

Ойни олиш лозим бўлса агарда

Ошиқлар космонавт бўлиши керак.

 

Ҳозирги йигитлар не билан машғул,

Барчага аёндир гапнинг дангали.

Парилар бозорда савдо қилишар,

Муштумга айланган девнинг чангали.

 

“Ёрилтош”нинг ёрилмоғи гумондир,

Сомон йўлларида гуллар чечаклар.

Қизлар қайтар ҳорғин дала тарафдан,

Бошда бир боғ молга юлган печаклар…

 

Хаёлим чалғиди… Кўкда ғилмонлар,

Мовий ёғдулардан тутар гўшанга.

Янгалар оҳиста чиқиб кетаркан,

Дер: – Куёв бунча ҳам латта, бўшанг-а?..

 

ТОПГАН ТОПАЛОҚ…

 

Ўзи битта,

Қулоғи битта…

 

Олқор ДАМИН. “Бир қулоғи кесилган эшак”.

 

Ўзи битта,

Қулоғи нўлта…

 

Олқор ДАМИН. “Икки қулоғи кесилган эшак”.

 

* * *

 

Ажабтовур топишмоқ,

Арзир “кашфиёт” десак.

Кўзингдан ўтар дарҳол,

Сабрли ҳайвон бешак –

Афандининг улови,

Бечора, шўрлик эшак.

“Қулоғи нўлта” бўлса,

Тўрт туёғи саросар,

Думи эса аросат.

Дўстим Олқор Даминга

Мавзу танлаш бобида,

Тилаймиз дид, фаросат.

 

ЙЎҚЛОВ

 

Чумчуқлар этар чир-чир,

Ёмғир ёғади шир-шир.

Қатиқ ичилди хўр-хўр,

Мазза, сен ҳам ичиб кўр.

 

Мўмин АВАЗ. “Кел биродар” шеъридан.

 

* * *

 

Келинлар пичир-пичир,

Кампирлар висир-висир,

Ўт ёқсанг исир-исир,

Молимиз қисир-қисир.

Меҳмонлар сиз-биз,

Жиззалар жиз-биз.

Мошинлар тир-пир

Хурраклар хир-хир,

Овозлар ғат-ғат,

Карнай ват-ват,

Қойил, ҳай-ҳай,

Яшанг, бай-бай.

Тол шохида

Сайрар булбул,

Тумшуғини

Қайраб булбул

Дейди: – Машқинг

Ғўр ва думбул,

Ғўр ва думбул…

 

БОЛАЛАРГА ЙЎРИҚНОМА

 

Вақтни ўтказмас бекор,

Яхши ўқиган бола.

Ялқовлардан қилар ор,

Яхши ўқиган бола.

 

Ҳайдар ТЎРА. “Яхши ўқиган бола” шеъридан.

 

* * *

 

Катталарга жойин берар,

Кичикларга чойин берар

Яхши ўқиган бола.

 

Қадди-басти расо бўлар,

Кексаларга асо бўлар

Яхши ўқиган бола.

 

Қисқа қилар каломини,

SMSда саломини

Яхши ўқиган бола.

 

Дарслардан вақти ортмайди,

Қизларнинг сочин тортмайди

Яхши ўқиган бола.

 

Таътил пайти эчки боқар,

Олма териб, ўрик қоқар

Яхши ўқиган бола.

 

Яхши бола, бу йўл-йўриқ

Сенинг учун шартга кўра,

Ушбу дастур муаллифи,

Шоир тоғанг Ҳайдар Тўра.

 

ШАЙДОЛИК

 

Нилуфардан чиройли юзинг,

Бинафшадан гўзалсан сўлим.

Атиргулдан ифорли юзинг,

Ер юзида танҳосан гулим.

 

Бахтиёр РОЗИҚ. “Гулим” шеъридан.

 

* * *

 

Қизил гулим,

Сафсар гулим.

Сариқ гулим,

Оқ гулим.

Ер юзида

Танҳо гулим,

Тоқ гулим.

Момақаймоқ,

Қоқи гулим.

Бойчечагим,

Қизғалдоғим,

Гулхайримсан,

Ойчечагим.

Лолам ўзинг,

Бўтакўзим,

Турфа гулга

Ва сунбулга

Макон бўлган

Далам ўзинг.

Гапнинг рости,

Пора қилдинг

Юрагимнинг қатини.

Жоним эшит,

Давот қилиб

Мен оққушнинг патини

Китоб ёздим, жўнатаман

Гулларнинг рўйхатини…

- See more at: http://uz.ca-news.org/news:31202#sthash.xIuk2AP2.OVITB0ar.dpuf

Просмотров: 628 | Добавил: rsc | Рейтинг: 0.0/0
Всего комментариев: 0
Имя *:
Email *:
Код *:
Вход на сайт
Поиск
Календарь
«  Ноябрь 2014  »
ПнВтСрЧтПтСбВс
     12
3456789
10111213141516
17181920212223
24252627282930
Архив записей
Друзья сайта
  • Официальный блог
  • Сообщество uCoz
  • FAQ по системе
  • Инструкции для uCoz