Воскресенье, 19.05.2024, 08:29
Приветствую Вас Гость | RSS

ижтимоий-сиёсий,адабий-бадиий,маданий-маърифий сайти

Меню сайта
Статистика

Онлайн всего: 1
Гостей: 1
Пользователей: 0
Главная » 2014 » Октябрь » 7 » Қуръони карим таржимаси хусусида
11:50
Қуръони карим таржимаси хусусида

Қуръони карим
таржимаси хусусида

Қуръони каримнинг ўзбек тилига ўгирилиши Оллоҳ таолонинг ўзбек халқига улуғ иноятларидан бири бўлди.
Бу ─ мустамлакачилик зулмидан эндигина бош кўтарган, жаҳолат зимистонидан адолат гулистони томон собитқадамлик билан кўкрак кериб келаётган заҳматкаш ва мардонавор халқнинг энг зарур, энг юксак ва бир лаҳзага бўлсин кечиктириб бўлмас тилаги ва хоҳиши эдиким, авваломбор мустамлакачиликнинг заволи ва талофатларини, мустақилликнинг иқболи ва шарофатларини чуқурроқ ва кенгроқ англаб етмоғи, одамнинг олам аро, диннинг дунё аро ўрнини ҳамжиҳатлик ва донишмандлик билан белгилаб олмоғи учун ниҳоятда мунтазир эди. Ва улар ўзларига беқиёс суянчиқ ва ҳарқандай ғанимдан миллион бора қудратлироқ бўлган тенгсиз азамат эгаси Оллоҳни топдилар ва унга таяндилар ва ундангина мадад кутдилар.
Энди улар бу фоний ва ғафлат дунёсида ким дўст, ким душман эканлигини, нима учун дўсту, нима учун душман эканлигини, ҳар қандай даҳрий жамиятда бўлгани сингари, бир – бирларининг ожиз ақлларини раҳнамо этиб эмас, ўзларини Яратган, ва дунёдаги энг тўғри энг адолатли, энг саодатли, энг баракали калом эгаси бўлмиш Парвардигори оламнинг оятларини раҳнамо этиб билиб олдилар. Ундаги кўрсатмаларни дастуриламал деб билдилар. Оллоҳнинг каломи инсоният учун, инсониятнинг яралишидан ҳам, яъни Оллоҳнинг уларга ҳаёт бахшида этганидан ҳам улуғроқ. Чунки, куфрда, итоатсизликда, осийликда яшагандан кўра, яшамаслик яхшироқдир. Яшашнинг асл моҳияти – тўғри йўлда яшашни ўрганмоқдир. Йўқса одамзот ўзининг энг муқаддас нарсалари – онги, тафаккури, қалби, жони борлигини ва улар ҳаммаси унга омонатга берилганлигини, ва булар учун у ҳамиша маъсул, ва буларнинг ҳар бири учун келажакда жавоб беришини, бу фоний дунё ҳаёти нари борса юз йил давом этишини, сўроқ – жавоблар эса бир неча минг йиллар давом этишини, ва мана шу жараёнга инсон ўз ҳаётининг ҳар бир лаҳзасида, ҳар бир сониясида, ҳар бир кунида тайёрланиб, тарбияланиб, ақоидни таниб бориши лозимлигини унутиб қўйиши ҳеч гап эмас экан. Ва ўша заҳоти, қиёмат қойим юз бериши муқаррар бўлган, рўзи маҳшарни унутиб энг катта хатога йўл қўяр эканмиз. Биз бу кунга тадорик кўрмай, дўзах азобини олдини олмай, куну – тунимизни асл ватанимиз, яъни отамиз Одам атонинг диёри, бир кун қайтишимиз шарт бўлган беҳад латофатли мўъжизавий мафтункор макон – жаннати ризвонга қайтмоққа шайланмай энг катта хатога йўл қўяр эканмиз.
Шу билан бирга мана шу ҳаётнинг ўзида бахтли – саодатли, пок ҳалол, хотиржам ва осойшта яшашни, илм эгаллашни, тараққиётга эришишни, инсоннинг улуғ фазилатлари, илоҳий ҳикматларини кашф этишни, инсон истеъдодининг ҳайратдан танг қолдирар даражадаги қудратли имкониятларини, йўл – йўриқларини билолмай ғафлат водийсида тентираб юрар эканмиз.
Аждодларимиз эришган буюк ғалабаларнинг сири – асрори, хазинаси, қулфи – калити қаерда, қайси манбадан эканлигини билолмай сарсон – саргардон юрар эканмиз. Ахир юртдошимиз Имом ал – Бухорий ҳазратлари, Абу Али ибн Сино, Абу Райҳон Беруний ҳазратлари бу китобни, яъни Қуръони каримни етти ёшида ёд олган ва мана шу китоб уларни инсониятнинг энг қудратли алломаларига айлантирган, қолаверса ўзбек миллати эришган барча маънавий муваффақиятлар, ғалабалар, зафарлар мана шу китоб шарофати туфайли эканлиги, бугун осмондаги офтобдай равшан бўлди-ку? Миллатимиз маънавий озуқа оладиган жонбахш замин – Қуръони каримни худди этни тирноқдан ажратиб олмоқчи бўлгандай, етмиш йил уриндилар, қуёш юзига парда тортдилар.
Неча асрларки миллатимизга меҳрибон бўлиб келган Худо, яна бошимиз узра меҳр ва муҳаббат ҳидоятини ёйди.
Неча асрларки оламга довруқ ёйиб келган миллатимиз яна оламга юз бурди, яна олам халқлари билан тенглашди, буюк давлатлар қаторидан муносиб ўрнини топди.
Ер юзи можароларга тўлиб турган бир пайтда тинчликни сақлаш, инсониятнинг зийнати бўлмиш – маърифат чироқларини ёқиш, инсоният бошига гултож бўлгувчи санъат дурдоналарини яратиш йўлини танлади. Бугун биз дунёни кузатар эканмиз, қўлимизда энг мукаммал тарози бор – бу Қуръони каримдир. Энди бирор давлат сиёсати, бирор олчоқнинг маккорона уйдирмаси кўзимизни шамғалат қилолмайди. Оммавий ахборот воситалари, интернет, сунъий йўлдош алоқалари ривожланган бир пайтда ким оқу – ким қора эканлиги, қайси давлат, қайси мамлакат ким қандай адолат ва қандай адоват билан машғуллиги яққол намоён бўлмоқда.
Бугунги кунда Қуръони карим энг кўп ўқиладиган, инсониятнинг деярли учдан бир қисми иқтидо қиладиган, ва Ер шари узра хитоб қилиниши сониянинг миллиондан бир қисми бўлган оз фурсатда ҳам тинмайдиган мукаррам ва муаззам китобдир. Уни мадҳ этиш, унинг буюклигини таърифлаш учун Ер юзидаги жаъмики уммонлар сиёҳ бўлганда ҳам, Ер юзидаги жаъмики дарахт ёғочлари қалам бўлганда ҳам, осмондаги жаъмики булутлар қоғоз бўлганда ҳам жуда – жуда озлик қилади.
Шу сабабли, Тангрининг то қиёматгача бирор сатрига заха етказмай омон сақловчи қудратли каломи – Қуръони каримни таърифлашга ожизлигимизга минг бора иқрор бўлган ҳолда, ҳолис ниятимиз бор – йўғи, ушбу каломни ўзбек тилига ўгирган, таржимонлик бобида юксак салоҳият эгаси эканлигини кўрсатган, ўзбек тилининг нақадар жилвакор, нақадар бой, нақадар ҳашаматли ва нафосатли эканлигини, бир сўз билан айтганда, Қуръон каримнинг залворли оятлари юкини кўтаришдай қудратга эга эканлигини кўрсатган, аллома, Алоуддин Мансурга ушбу улуғ Рамазон ойи муносабати билан ўз миннатдорчилигимизни билдирмоқ, Оллоҳ таолодан ижодий ишларига ривож, хонадонларига файзу – барака, ўзларига соғлик – саломатлик сўрамоқдир.
Ишларингиздан Оллоҳ рози бўлсин, ва ҳамиша ўз ҳифзу – химоятида омон сақласин!

     
Просмотров: 494 | Добавил: rsc | Рейтинг: 0.0/0
Всего комментариев: 0
Имя *:
Email *:
Код *:
Вход на сайт
Поиск
Календарь
«  Октябрь 2014  »
ПнВтСрЧтПтСбВс
  12345
6789101112
13141516171819
20212223242526
2728293031
Архив записей
Друзья сайта
  • Официальный блог
  • Сообщество uCoz
  • FAQ по системе
  • Инструкции для uCoz