Воскресенье, 19.05.2024, 01:30
Приветствую Вас Гость | RSS

ижтимоий-сиёсий,адабий-бадиий,маданий-маърифий сайти

Меню сайта
Статистика

Онлайн всего: 1
Гостей: 1
Пользователей: 0
Главная » 2015 » Июль » 11 » Қувонишга баҳона топинг!
14:02
Қувонишга баҳона топинг!

Қувонишга баҳона топинг!

Ношукрлик –   умрга хиёнат

Икки йил олдин бир дугонамни кўриб қолгандим. Емакхонага кириб, чой устида суҳбатлашдик. У норози қиёфа ва оҳангда нолий бошлади:

– Биласанми, дугонажон, пешонам шўр экан. Не-не орзу-умидларим бор эди-я! Увол кетди, афсус.

Унинг сўзларидан ичимда ваҳима оралади. Бошига кулфат тушгандир, деб ўйлаб, секин сўрадим.

– Нима бўлди? Тинчликми, ишқилиб?

– Сен сўрама, мен айт­май, – куюниб гапиришда давом этди у, – келин бўлиб тушган хонадонимнинг аҳволи ниҳоятда абгор экан, ҳеч вақоси йўқ, камбағал. Ижарада яшаётганимиз етмагандай, рўзғоримда игнадан тортиб, гилам, қозон-товоқ дейсанми, ҳаммасини бир бошидан сотиб оляпман. Шунга яраша эримнинг топиши тузук бўлсайкан. Икковимизники ойдан ойга зўрға етади. Пул топаман деб гулдек ёшлигим хазон бўляпти.

– Қўйсанг-чи, сен айтган нарсалар сиқилишингга арзимайди. Турмуш ўртоғинг яхшими? Сенга меҳрибонми? Оиласидагилар-чи, яхши одамлар эканми?

– Уларнинг меҳрини қозонга солиб пишириб ермидим,  – лабини бурди дугонам. – Қаердаги гапларни гапирасан-а? Рўзғорда камчилик чиқаверса, эрта-индин бу меҳрибонлигидан асар ҳам қолмайди.

Унга гап уқтириш қийин эди. Деразадан ташқарига маъюс тикилганча ўйга толган дугонамга разм соламан: соғ-саломат, эс-ҳуши жойида, ҳусни ўзига ярашган. Аммо ҳаётидан норизо, тунд...

Унга қараб туриб, яна бир дугонам ёдимга тушди. Бетоб ётганида ҳол сўраб, ёнига борганимда қўлларимдан тутиб, шундай деганди:

– Ҳар турли икир-чикирларга берилиб, умрни хазон қилмаслик керак экан, дугонажон. Мен оғир дардга чалинганимдан сўнггина ҳаётнинг нақадар азиз неъмат эканини, ёшликнинг ниҳоятда гўзаллигини тушуниб етдим. Ўтаётган ҳар бир кунингдан мазмун ва қувонч топа билишинг керак экан. Ҳар лаҳза умрнинг омонатлигини ҳис этиб, кимнингдир меҳрини қозона олсанг, сенга ана шу умрбодлик ҳамроҳ бўлар экан.

Атиги йигирма олти ёшдаги, қалби бир олам орзу-умидга тўла, лекин ҳаётининг сўнгги кунларини яшаётган дугонамнинг иқрори эди бу.

«Бахтли бўлишга  арзигулик нима бор?»

Бир устозим айтганди: ҳаёт биз ўйлагандек мураккаб эмас. Уни ўзимиз мураккаблаштириб юборамиз.

Чиндан ҳам... Баъзида кўпчилигимиз аслида қандай яшаш керак, ҳаётда нима муҳиму нима арзимас эканини чалкаштириб юборамиз. Турли майда ташвишлар ортидан югуриб, вақт йўқотамиз. Асабийлашиб, дард орттирамиз. Ҳашаматли уй-жой деймиз, машина, тўй ва ҳоказо... Кексалик яқин келгач эса умримизнинг ўтиб кетганини англаймиз. Бироқ унда кеч бўлган бўлади.

Моддий эҳтиёжларни ҳам қондириш керак, албатта. Лекин бунинг учун изтиробга тушиш шарт­микан? Бирор иш ўхшамай қолса, асабийлашиб, яқинларимизнинг тинчини бузиш, дилимизни хира қилиб, ўртанишимиз тўғримикан?

Бир устозим иш столи устига доим оиласи суратини қўйиб қўярди. Бунинг сабабини сўраганимда шундай деганди:

– Ишимда бирор камчилик бўлиб, кайфиятим бузилганда шу расмга қарасам, кўнглим кўтарилади. Улар менинг қувончим, бахтим. Қолгани иккинчи даражада.

Бахт ҳақида сўрасангиз, баъзилар ўйланиб қолади. Токи сиз сўрамагунингизча бу ҳақида ўйлаб кўрмаган. Ҳаётида бахтли бўлиши учун арзигулик ниманидир қидиради. Аслида, унда бахт бисёр: тан-жони соғ, ёнида фарзандлари, жуфти ҳалоли, дуогўй ота-онаси, жигарлари... У эса ўйланади, ҳаётидан бахт изламоқчи бўлади.

Мутахассисларнинг фик­рича, ҳаётга ижобий назар билан қарайдиган (оптимист) инсонлар қарама-қарши тоифадагиларга қараганда омадли бўлишаркан. Улар ҳар доим ёш ва тетик кўринишади. Қийин вазиятларда ҳам ечим топа олишади.

Ҳалоллик қувончи

Дуч келадиган муаммоларимиз биз тушуниб етган ҳақиқатларга узвий боғлиқ. Кимдир мол-дунё, обрў кетидан қувиб, қинғир йўллардан юриб кўради. Натижада, кўнглини ғубор босади. Ҳавас ўрнини ҳасад, инсоф ўрнини разолат эгаллайди. Охир-оқибат унинг ўзи ҳам моддийлашиб боради. Ҳар бир нарсани пулга чақиб, фақат фойда ҳақида ўйлай бошлайди. Меҳр-муҳаббат, ҳис-ҳаяжон кўнглидан бутунлай ўчиб кетади.

Ҳалол меҳнат билан яшаб, борига шукр қилган инсон эса чинакам қувончни туя­ди. Унга топгани мақтаниш эмас, оиласи ва фарзандларининг камолини кўриш учун зарур. Бундай инсонларнинг қалби доим меҳрга лиммо-лим бўлади. Натижада, бошқаларнинг дардини ҳис эта олади, кимнингдир корига яраса, ўзини бахтиёр сезади.

Яқинда ўша дугонамни яна учратдим. Юзи нурсиз, шашти паст. Айтишича, пул топиш учун бозорда ишлай бошлабди. Турмуш ўртоғи унинг қилиқларидан безганидан ташлаб кетибди ва бошқа оила қурибди. Дугонамнинг чўнтагида ҳозир жарақ-жарақ пул. Аммо ҳаётидан ҳамон норизо, тунд...

Зилола ХУДОЙБЕРДИЕВА

Просмотров: 503 | Добавил: rsc | Рейтинг: 0.0/0
Всего комментариев: 0
Имя *:
Email *:
Код *:
Вход на сайт
Поиск
Календарь
«  Июль 2015  »
ПнВтСрЧтПтСбВс
  12345
6789101112
13141516171819
20212223242526
2728293031
Архив записей
Друзья сайта
  • Официальный блог
  • Сообщество uCoz
  • FAQ по системе
  • Инструкции для uCoz