Воскресенье, 19.05.2024, 00:51
Приветствую Вас Гость | RSS

ижтимоий-сиёсий,адабий-бадиий,маданий-маърифий сайти

Меню сайта
Статистика

Онлайн всего: 1
Гостей: 1
Пользователей: 0
Главная » 2014 » Сентябрь » 23 » ЎҚИШДАН БЕЗДИРИЛГАН ФАРЗАНД
07:05
ЎҚИШДАН БЕЗДИРИЛГАН ФАРЗАНД
 
ЎҚИШДАН БЕЗДИРИЛГАН ФАРЗАНД

 

Ривоят этишларича бир куни халифа Маъмун одоб билан сўзлаётган бир боладан сўрабди:

- Кимнинг ўғлисан?

Бола жавоб қайтарибди:

- Одобнинг ўғлиман.

Бу жавобни эшитган Маъмун:

- Қандай чиройли отанг бор экан-а, - деб унга таҳсин ўқибди...

...Хонамга юқори синфларга дарс берадиган кекса ўқитувчи фиғони чиқиб кирди:

- Шогирд, иш ҳақим камайса ҳам розиман, битирувчи синфлардаги дарсларимни бошқа ўқитувчига олиб бер.

Томдан тараша ташлагандек қўйилган талабга ҳайрон қолдим, одатда аксарият муаллимлар ўғлини уйлантириш, қизини чиқариш каби баҳоналарни рўкач қилиб имкон қадар дарс соатини кўпайтириб беришимни сўраб мурожаат этишарди. Бу гал эса...

- Нима гап, домла? - дедим ҳайрон қолганимни яширмай.

- Шу болаларнинг қўл телефонлари жонимга тегиб кетди. Эндигина мавзуни бошладим дегунча "жиринг-жиринг"лар бошланиб кетади. Ўчириб қўйишларини сўрасам, аксинча иш тутишади. Ўқувчиларга "сотка" кўтаришни ман этишнинг иложи йўқми?

- Дарсни бузган ўқувчининг телефонини олиб қўймадингизми?

- Битта-иккита бўлганда қани эди, деярли ҳаммасида бор. Сизни безовта қилмай деб тўрт-бештасининг ота-онасини чақиртиргандим, раҳмат эшитарман дегандим, қаёқда, бирисининг отаси: "Домла, қўлингизни ким ушлаб турибди, малол келса сиз ҳам сотиб олинг ёки олиб берайликми? Ҳар ҳолда болам телефонига пул тўлаб беришингизни сўрамагандир?", - деса бўладими. Шунча йил "сотка"сиз ҳам яшадик, бир еримиз камайиб қолгани йўқ, майли, даври келибди, тараққиётдан фойдалансин, лекин бу матоҳ ёш боланинг тарбиясига салбий таъсир кўрсатиши ёмон-да, тағин газетада ўқигандим, соғлигига ҳам зарари бормиш. Наҳот шуни ота-оналар билмаса?

Мактабда қўл телефонидан фойдаланишни тартибга солиш юзасидан умумий мажлис чақириб, унда ота-оналарнинг иштирокини таъминлашга сўз бериб, қачонлардир ўзимни ҳам ўқитган устознинг кайфиятини кўтардим.

Қизиқиш устун келиб ҳисобини олдим, элликдан ортиқ ўқитувчидан беш-олтитаси қўл телефонини ишлатса, юқори синф ўқувчиларининг ҳар учтасидан иккитаси шу қурилмадан фойдаланар экан.

Фан-техника тараққиёти илдам одимлаяпти, бундан атиги чорак аср муқаддам мактабимизнинг айрим хоналаридагина шалоғи чиққан чўт бўларди, ҳозир ўқувчиларимиз компьютер олдида ўтириб савод чиқараяпти. Буниси албатта яхши, бироқ миттигина қўл телефони биргина алоқа воситаси бўлиб қолмай, ўрни келганда видео, компьютер, радио, телевизор ўрнини босишини ҳисобга олсак у ўқувчини асосий машғулотидан чалғитаётганига шубҳа қолмайди.

Биз оддийгина бир мисолни келтирдик, аммо ўқувчиларнинг "бой-камбағал" бўлиб турланишига сабаб бўладиган нарсалар фақат қўл телефонларигина эмас.

Бир куни қишлоқ оқсоқолларидан бири менга:

- Ука, сен тарбиячи одамсан, фалончининг ўғли еттинчи синфга ўтган бўлса-да ҳарф ва сонларни зўрға ажратар экан. Бунга сабаб нима? - деб сўраб қолди.

Ўша "фалончи"ни яхши танирдим, вақтида ўзига ҳам сабоқ бергандим. Саводи ўзига яраша эди, тўрт-беш сўм топиб, тижорат йўлига ўтди-ю, босар-тусарини билмай қолди. Биринчи синфга эндигина қадам қўйган ўғлига қимматбаҳо велосипед олиб берди, олтинчи синфга ўтганида машина рулига ўтирғизиб қўйди. Эгнига сўнгги русумдаги кийимларни кийдирди. Ҳатто:

- Ўғлим, сен шаҳодатнома олсанг бас, истаган ўқишинг-га киритиб қўяман, гап саводда эмас, савдода, жарақ-журуқ пул топишда, сен пул топишни бил, - деди.

Синфдоши ҳайдамаган велосипедни минган, бўйи аранг рулга етадиган ёшида машина бошқарган, ёшликдан қимматбаҳо, энг сўнгги русумда кийинишга одатланган бола – ота-онасининг эркатойи оҳори қочган костюм-шимни қайта-қайта дазмоллаб мактабга қатнайдиган ўқитувчисининг ҳурматини жойига қўяди, ҳар бир каломини олтинга тенг билиб ўз саводини оширади, деб бўлармиди?! Ахир халқимизнинг "экканингни ўрасан" деган мақоли бежизга айтилмаган-ку.

Ўтган асрнинг саксонинчи йиллари, институтни эндигина тугатиб, вақтида ўзимга ҳам сабоқ берган, ҳар бир ҳаракатини ҳавас билан кузатган ўқитувчиларим сафига қўшилган даврим эди. Гарчи қўлимизга олий маълумот ҳақида ҳужжат олган бўлсак-да, устозларимиз ҳамон бизга қаттиққўллик қилишар, касбнинг сирли оламига равон кириб боришимиз учун баҳоли-қудрат ёрдамлашишарди. Айниқса, йигирма йилдан буён мактабга раҳбарлик қилиб келаётган Сафар домла Атақовнинг:

- Ўқитувчиликнинг нони қаттиқ. Шунга чидаган кишигина бу касбдан обрў-эътибор топади, - деганлари сира хотирамдан кўтарилмайди.

Бир куни устозни жиғибийрони чиқиб турган ҳолатда учратдим:

- Домла, нега шаштингиз паст? - сўрадим юрак ютиб.

- Э-э, сен сўрама, мен айтмай. Фалончи дўкондорнинг ўғлини биласан, бир кун ўқишга келса икки кун изсиз кетади, саводи ҳам ўзига яраша. Шуни отасига айтгандим, нақ ёқамдан олди. Ҳаммасидан ўғлининг кўз ўнгида "Менга кўп ақл ўргатманг, ўғлим ёмон ўқиса, мактабга домла бўлар", деган гапи ошиб тушди. Энди шу болага гап уқтириб бўладими?

Темурий шаҳзода Шоҳрух ҳукмронлиги даврида яшаб, ижод қилган машҳур ҳадисчи олим Муҳаммад ибн Муҳаммад ал-Жомийнинг "Риёз унносиҳийн" ("Насиҳатчилар бўстони") асарида шундай ҳикоят бор:

"Равзаи хулд" асарининг муаллифи Мавлоно Мажидиддиннинг ёзишича, у бир куни Язд шаҳрида ваъз айтаётган экан. Гап ота-она ҳақида кетаётган пайтда бир қария ўрнидан туриб, йиғлаганича:

"Эй мавлоно, отасининг соқолидан тутиб, бошига калтак билан урган фарзанд ҳақида нима дейсиз?" – деб сўради. Мен ундан: "Отаси уни нима ишга ўргатган эди?" – деб сўрадим. У эса: "Эшакни ижарага беришга", -деб жавоб берди. "Айб унинг отасида, - дедим унга, - болани ёшлигидан илм ўрганишга жалб қилганида ва яхши кишилар суҳбатига юборганида, унда бундай иш содир бўлмас эди. Ота бундай қилиш ўрнига эшакни ижарага беришга ўргатипти. Натижада бола эшакни жиловидан тортиб, бошига чўп билан уришга ўрганиб қолган. У ўз отасининг соқолини эшакнинг жилови, деб ўйлаб тортган, бошига эса эшакнинг боши, деб ёғоч билан туширган...

Фарзандни жаҳл зимистонидан илм рўшнолиги томон етаклаганки, илм инсон фахри, жоҳиллик эса ғафлатдир".

Гапнинг очиғи, ўтиш даври, бозор иқтисодиёти муносабатларини рўкач қилиб боласининг онгида "муҳими ўқиш эмас, пул топиш йўлини билишда" деган зарарли фалсафани сингдириш, уч-тўрт қўй-эчки изига тушириб, дарсдан олиб қолиш, орзу-ҳавас деб фарзанднинг кўнглига қараш, қўлига "сотка", эгнига бошқалардан ажратиб турадиган ясан-тусан кийим-бош олиб бериш, ўқишни тугатмасдан машина рулига ўтирғизиб қўйиш асосий вазифаси ўқиш, ўрганишдан иборат бўлган болани мактабдан бездирмайди, деб ҳеч ким кафолат бера олмайди!

Эсимда, болалик чоғимда уйга келган меҳмонлар ҳузурига чой кўтариб кирганимда раҳматлик отам:

- Чойни сузиб, амакиларингга узат, - дердилар.

Шу жараёнда катталарнинг одоб билан, бир-бирига навбат бериб қилаётган суҳбатларини эшитардим. Энди ўша воқеаларни эслаганимда отамнинг нега бундай иш тутгани сабабини англайман. У киши бизни "катталарнинг одоб-икромини кўрсин, гурунгларини олсин, келажакда асқотади" деган мулоҳазада ўзимизга сездирмай меҳмонлар ёнига ўтирғизар эканлар. Зеро, Юсуф Хос Ҳожибда шундай мисралар бор:

Ўғил-қиз кичиклигида нимани ўрганса,

То қариб ўлмагунча унутмайди.

Боласи ҳузурида хотинини ҳақоратлаган ота фарзандда ҳам хотин-қизларга нисбатан беҳурматлик, ўғил ёки қизини уриб-сўкканда атрофидагиларга раҳм-шафқатсизликни туғдириши тайин. Бола катталардан ўрнак олади, ҳар бир босган қадамини ўлчаб туради. Буни унутишга ҳеч биримизнинг ҳаққимиз йўқ. Тикон экиб, гул унишини кутмайлик.

Тўғри, бу билан ота-она фарзандини доимий тергов остида вояга етказиши, уриб-сўкиб туриши керак, деган фикрни сингдирмоқчи эмасмиз. Бола – навниҳол. У униб-ўсиб, ҳосилга киргунича боғбоннинг кўз қири, юрак қўри тўкилади. Боланинг ҳар бир ёш даврига хос хислатлари, ҳамма бирдек ҳис қилавермайдиган феъл-атвори бўлади. Унга ҳаёт тажрибалари етарли катталар, мутахассис кўмагисиз ёндашиш тарбиянинг издан чиқишига олиб келиши шубҳасиз. Бу йўлда хато қилмайлик.

Абдунаби АБДИЕВ, Миришкор туманидаги 22-ўрта мактаб директори.

Просмотров: 509 | Добавил: rsc | Рейтинг: 0.0/0
Всего комментариев: 0
Имя *:
Email *:
Код *:
Вход на сайт
Поиск
Календарь
«  Сентябрь 2014  »
ПнВтСрЧтПтСбВс
1234567
891011121314
15161718192021
22232425262728
2930
Архив записей
Друзья сайта
  • Официальный блог
  • Сообщество uCoz
  • FAQ по системе
  • Инструкции для uCoz