Воскресенье, 19.05.2024, 03:32
Приветствую Вас Гость | RSS

ижтимоий-сиёсий,адабий-бадиий,маданий-маърифий сайти

Меню сайта
Статистика

Онлайн всего: 1
Гостей: 1
Пользователей: 0
Главная » 2014 » Май » 7 » ҚЎШХОТИН – ОСТИНГДАН ЁҚАРЛАР ЎТИН….
21:41
ҚЎШХОТИН – ОСТИНГДАН ЁҚАРЛАР ЎТИН….

Бердиёр ЖУМАЕВ: ҚЎШХОТИН – ОСТИНГДАН ЁҚАРЛАР ЎТИН….


Мақолани босиб чиқариш ва юклаб олиш

“Дунё ўзбеклари”дан:

Кўпхотинлилик муаммоси – кейинги йилларда (айниқса, ХХ асрнинг интиҳосида истиқлолга эришган Марказий Осиё давлатларида) нисбатан кўп кўтарилаётган, бисёр муҳокама қилинаётган  мавзу бўлиб қолди.

Ислом динимизда мазкур масалага ўзига хос тарзда ёндошилганлиги эса, ўзларини оғизда-ю қоғоздагина аёлларга анча ғамхўр ва ҳимоячи сифатида кўрсатадиган айрим ўзга эътиқод намояндаларининг, исломга хотин – қизларни камситувчи ва таҳқирловчи дин сифатида қарашларига дастак ва баҳона бўлаётир.

Ўшандай иддао қилувчилар бу борадаги шариат аҳкомларининг нозик ва мураккаб жиҳатларини тушунмаётирлар ёки ўзларини билиб – билмасликка олаётирлар.

Қозоғистонда яшаб, ижод қилаётган таниқли журналист  Бердиёр ЖУМАЕВнинг мазкур муаммо ва унинг сабаблари таҳлилига бағишланган  мақолани эълон қиларканмиз, сизнинг ҳам муносабатингизни кутиб қоламиз.

                                        *        *        *

Ёш ижодкор қизлар билан

 Суратда: Журналист Бердиёр Жумаев қозоғистонлик ижодкор шогирдлари билан…

 

Бердиёр ЖУМАЕВ

 

             ҚЎШХОТИН - ОСТИНГДАН ЁҚАРЛАР ЎТИН…

 

           ёхуд  кўпникоҳлиликнинг  азалий 

                                    можаролари  ва  абадий  муаммолари

         

          – Ким-ки, шахсий ҳаётини исломий қонун – қоидаларга асосланган ҳамда амал айлаган ҳолда қурса, ўша банда бахтли бўлажакдир. Илло, Оллоҳимиз балоғатга етган ҳар бир муслим ва муслима (мусулмон эркак ва мусулмон аёл) учун, албатта, шариат аҳкомлари асосида никоҳдан ўтишни-ю турмуш кечиришни шарт қилиб қўяди. Негаки, эркаклар ҳамда аёллар, фақат, оиладагина ўзларининг роҳат – фароғатларини топадилар, ушбу муҳитдагина гуноҳлар, хиёнатлар, зинолардан сақланадилар, биргаликда яшаш жараёнида ўрталаридаги меҳр – муҳаббат ришталари мустаҳкамланади, ҳамкорликда – ҳамфикрликда хайрли самараларга эришадилар. Мусулмончилик қоида – тартиблари ҳукм сурган хонадонларда туғилган, тарбияланган, униб – ўсган фарзандлар ҳам солиҳ – солиҳа бўлиб вояга етадилар, – деган эди жаҳонга таниқли фиқҳшунос аллома, Ар – Риёд дорилфунунининг профессори Абдураҳмон бин Ҳаммад ал – Умар жаноблари.

Ҳа, ҳақиқатан ҳам-ки, исломимиз – инсонпарварлик фазилатларининг мужассами ҳамда ҳаётсеварлик ғояларининг тажассумидир. Шунинг учун ҳам, оилавий масалаларга, эркаклар ва аёллар муносабатларига, фарзандларга яхши тарбия – таълим бериб, уларни ибратли равишда улғайтиришга эътибор борасида унинг олдига тушадиган дин йўқ ва бўлмас ҳам. Айни муҳим жиҳатларни кўпгина бошқача эътиқодлардаги, айрича маслаклардаги одамлар ҳам эътироф этадилар, тан оладилар.

Аммо, неча – неча асрлардир-ки, мусулмончиликда кўпникоҳлиликка расман рухсат берилганлиги насоролар, яҳудолар, буддавийлар ҳамда ўзга мазҳаблардаги инсонлардан ташқари, иккинчи мингйилликнинг ниҳоясида мустақилликка эришган Марказий Осиё давлатларининг фуқаролари ўрталарида ҳам тортишувлар – мунозаралар, низолар – можаролар туғдириб келмоқда.

Аслидаям, юзаки қараганда, оғзаки нутқимизда таърифланганидек, “кўпхотинлилик”, илмий тил билан ифодалаганда “полигамия” – аёллар ҳуқуқларини таҳқирлаш, уларнинг шаънларини ҳақоратлашдай туйилади. Лекин, мазкур мураккаб муаммонинг туб моҳиятига теранроқ назар ташлаб кўрайлик-чи!

Қуръони Каримнинг “Нисо” сурасидаги 3 – оятда “… сизлар учун никоҳи ҳалол бўлган аёлларга иккита, учта, тўрттадан уйланаверинглар. Энди, агар, (улар ўртасида) адолат қила олмасликдан қўрқсангиз, бир аёлга(уйланинг)… Мана шу жабр-у зулмга ўтиб кетмаслигингизга яқинроқ ишдир” деган қайд мавжуд. Айни шаръий кўрсатманинг нақадар тўғри эканлиги ислом дин сифатида ташкил топган,  шаклланган ва тараққий этиб, мустаҳкамланган барча даврларда бисёр бора тасдиқланди.

Қолаверса, “Каломуллоҳ”нинг мазкур ояти улкан уламолар тарафидан шундай шарҳланади: “Исломдаги бу қонун Қуръони Карим нозил бўлган даврда кенг тарқалган кўпхотинлилик иллатини тартибга олиш учун жорий қилингандир. Негаки, ислом вужудга келишидан илгари битта эркак қўл остида ўнлаб аёллар ҳар қандай ҳақ – ҳуқуқ, эркинлик ва ҳурмат – эътибордан маҳрум бўлган ҳолда кун кечиришлари, умр ўтказишлари одатий ҳол эди. Ислом жорий этилгач эса, бу саноқ энг кўпи билан тўрттадан ошиб кетмаслиги ва, албатта, ўртада адолат барқарор бўлиши шарт эканлигиқатъий қонунга айлантирилди”.

Бироқ, барибир, ҳақли суратда шундай савол туғилади: модомики, муддаодан мурод адолат экан, нима учун бир эркакка, фақат, биргина аёл билан турмуш қуриш амр этилмади? Мусулмон шайхлари ушбу сўроққа ушмундоқ жавоб қайтарадилар:

- Маълумки, ислом воқелик динидир. Яъни, у инсонларни покиза ҳаёт кечиришга даъват этишда ғайриҳаққоний йўлларни тутмайди. Бинобарин, айни шариат қонунида ҳам инсонларнинг воқеий ҳаётлари назарда тутилган. Биринчидан, асрлар давомидаги тажрибаларнинг кўрсатиши-ча, ўғил болаларга нисбатан, қиз болалар кўпроқ туғиладилар. Иккинчидан, аёллар эркаклардан кўра анчагина узоқроқ умр кўришлариям турмуш ҳақиқатидир. Учинчидан эса, турли – туман фожиалар, хусусан, урушлар – низолар ҳамда тўқнашувлардаям, асосан, эркаклар ҳалок бўладилар. Мана шулар ва бошқа бисёр сабаблар оқибатида башарият оламида, мудом, аёлларнинг сони эркакларникидан устун юради.

Демак, мазкур ўринда “биттага – битта” талаби қўйилса, эркаклар саноғидан ортиб қолган аёлларга зулм қилинган бўлар эди. Натижада, жамиятда нопоклик ва маиший бузуқликлар, зинокорликлар, ахлоқсизликлар юзага келарди. Шунинг учун, ислом динимиз моддий имкониятлари етарли бўлган кишиларга, гарчи, адолат қила олишнинг уддасидан чиқа билсалар бирдан зиёд аёлга уйланишга рухсат беради ва шу билан биргаликда, хотинлари ўртасида одиллик ўрнатмай, фақат, шаҳвоний нафсини – ҳайвоний ҳирсини қондириш учунгина икки – уч – тўрт мартадан уйланаверадиган кимсалар учун охиратда ашаддий азоб муқаррарлигидан-да огоҳ айлайди.

Қўшимча равишда буни яна шундай изоҳлаш мумкин-ки, инсоният пайдо бўлганидан буён ички ва ташқи урушлар тинган эмас. Тарихий маълумотларнинг гувоҳликка ўтишича, башарият вужудга келганидан буён давом этиб келаётган муҳорабаларда – сўқишишларда ўлган одамлар, ўз ажали билан қазо топган бандаларга қараганда анча ортиқ эканлар. Жанг-у жадалларда эса, нуқул, аксарият эркаклар қурбон бўлишлариям инкор айлаб бўлмас ҳаққониятдир. Бундай фожиалар эса, жинслар ўртасидаги йирик номутаносибликни келтириб чиқариши-да рост: ҳар йили минглаб аёллар есир ҳамда ўн минглаб болалар етим бўлиб қолаверганлар. Мана шундай вазиятларда сони нисбатан жуда кўпайиб кетган хотинларни зинодан, уларнинг фарзандларини очликдан – яланғочликдан сақлаб қолиш учун эркакларга тўрт мартагача уйланиш ҳуқуқи Оллоҳ таоло томонидан белгилаб қўйилгандир.

Таъкидлаш даркор-ки, кечмиш замонларда-да ҳаммаям кўпникоҳлилик шартларини ҳамда талабларини бажариш имкониятига эга эмасди. Уч ёки тўрт марта у ёқда турсин, ҳатто, икки карра уйланиш-да осон кечмаган. Аввалан,шариат ҳукмларига мувофиқ, ҳар қандай эрнинг қайта уйланиши учун илк хотинининг рози – ризолиги талаб этилган. Сониян, хонадон хожасининг зиммасига навбатдаги шаръий хотин учун ҳам дастлабкисиникидан кам бўлмаган шароитларни, имкониятларни ҳамда қулайликларни яратиш масъулияти юклатилган. Жумладан, алоҳида уй – жой, етарлича таъминот, бошқа зарур шарт – шароитлар, биргаликда ётиш учун ҳафтанинг белгиланган кунлари…

Маълум-ки, кўпникоҳлиликка расман рухсат берилган мамлакатларда айни масалаларда шариат аҳкомлари асосида йўл тутилади. Фурсатдан фойдаланиб, уларнинг айримлари билан таништириш мақсадга мувофиқ кўринади. Уларда жорий тартибга биноан, гарчанд, ким-ки, бир марта уйланиш билангина кифояланадиган эса, ҳар тўрт туннинг, фақат, бир кечасида хотини ёнида ётиб, қолганларини ўз хоҳишича ўтказади (албатта, буни эркак бошқа аёлларга боради, деган маънода тушунмаслик керак).

Мабодо, кимнинг-ки, тўртта хотини бўлса, ҳар қайсисининг ҳузурида бир кечадан тунашга мажбур (беморлик даврлари ва сафар пайтлари ушбу ҳисобга кирмайди). Эр маълум хотининикида қолиши кераклиги белгиланган куни ўзгасиникига бориши мумкин эмас. Эрининг сўровига мувофиқ, хотин ўзига тегишли тунни нариги кундошига “ҳадя айлаш” ҳуқуқига эга, илло, бу – камдан кам учрайдиган “ҳиммат”дир. Бироқ, бундай ташаббус хотин тарафидан кўтариладиган бўлса, айни вазиятда, эрнинг ижозати олинмоғи даркор.

Ҳатто, ушмундоқ қатъий тартибларнинг шаклланганлигига қарамасдан, қўшхотинлилик ёхуд кўпникоҳлилик осон эмас. Зеро, жуфти ҳалолларидан биронтасиям ўз умр йўлдошининг назаридан тушиши қоидадан ташқари, уларнинг ҳар қайсисига тенг муҳаббат билан, баравар меҳр билан муносабат кўрсатмоқ шарт. Билъакс, эътибордан қолган аёл эрга нисбатан ҳаром ҳисобланиб, бу, алалоқибат, талоққа олиб келиши, эҳтимол. Ислом дини эса, ажралишни, оила бузилишини қаттиқ қоралайди. Изн берилган нарсалар орасида талоқнинг Оллоҳ таологаям мутлақо ёқмаслиги муқаддас манбаларда қайта – қайта таъкидланганиям шундан.

Юқоридаги сабабларга биноан, Қуръони Каримнинг “Нисо” сураси 129 – оятида “Ҳар қанча уринсангизлар ҳам хотинларингиз ўртасида адолат қилишга қодир бўлмайсизлар. Бас, бутунлай (суйган хотинларингиз томонга) оғиб кетиб, (кўнгилсиз бўлиб қолган) хотинингизни муаллақа каби ташлаб қўймангиз!” дея уқтирилади-ки, бу – ҳар кимга ва ҳар қачон сабоқликка арзигулик. Шунингдек, агар, “Бир кишининг иккита хотини бўлса-ю, уларга адолат ила бир хил қарамаса, ўша кимса қиёмат куни танасининг ярми йўқ ҳолида гўридан қўпгай”саҳиҳ ҳадиси ҳам нақадар ибратлидир.

Энди, сўнгги пайтларда, Марказий Осиё давлатларида ҳам, ҳатто, олий қонунчилик доираларида (Тожикистон, Туркманистон ҳамда Қирғизистон парламентларида мазкур масаланинг қўзғатилаётганлигидан воқифмиз)кўпникоҳлиликка расман рухсат берилиши юзасидан баҳслар кўтарилмоқда. Фикримизча, юқоридагидек вазиятда, айни муаммога шариат ҳукмларидангина келиб чиқиб эмас, балки, мавжуд шарт – шароитларни ҳисобга олган ҳолда ёндошмоқ мақбул кўринади. Чунки, полигамияга расман рухсат этилган тақдирдаям, уч – тўрттаси у ёқда турсин, билъакс, иккита хотин орасидаям адолат ўрнатиш, холисликни сақлаш, бунинг устига устак, фарзандларнинг қалбларини жароҳатланишдан асраш ниҳоятда мушкул жумбоқдир.

Иддаомизни асосли равишда далиллашга уринамиз: – Тўғри, ҳозирги давримизда, қўша – қўша уйланишга имконияти етиб – ортадиган шахслар кўпайди ва амалда ушмундоқ йўл тутаётган кимсалар-да оз эмаслар. Бироқ, ўшандай оилалар, улардаги ўғил – қизлар бахтли яшайдиларми, деган саволга эса, ижобий жавоб топмоқ амримаҳолдир. Негаки, бундай шароитда, энг аввало, муҳим шаръий шарт: дастлабки хотиннинг розилигини олиш зарурлиги талаби қондирилмайди. Зотан, сиз ҳам ўз изни – ихтиёри билан кундош орттиришга кўнадиган аёл бор эканлиги эҳтимолини тасаввурингизга сиғдира оласизми?! Ахир, “Эр бермоқ – жон бермоқ” ибораси турмушнинг минг йиллар оша исботини топаётган энг аччиқ сабоқлари маҳсули эмасми?!

… Гап нақлга тақалган экан, келинг, “Ҳикматнома” қомусий китобида (Тошкент – 1990) полигамия тўғрисидаги халқ мақоллари қай тарзда шарҳланганига диққатни қаратайлик-чи! Жумладан, “Икки сигир соққаннинг айрони бор, икки хотин олганнинг вайрони бор” дейилганда қўш хотин билан ҳар қандайин эркак ҳам тинч – тотув яшай олмаслиги, унинг ҳолига маймунлар-да йиғлаши мумкинлиги таъкидланади. “Икки хотинли киши икки юзли бўлади” айтими билан: у хотинининг кўнглини оламан деб, ундай гапириб, бу хотинининг дилини овлайман деб, бундай гапириб, мунофиқ ва ёлғончига айланиб қолган эрлар устидан кулинади. “Эшак минганнинг оёғи тинмас, қўшхотинликнинг қулоғи тинмас” нақлида эса, бундай кимсанинг ғалва – жанжалдан бўшамайдиган қулоғи – эшак минган каснинг, уни юришга қистаб, узлуксиз ҳаракатланадиган сарсон оёғига ўхшатилади.

Шунингдек, “Ёмон хотин олганнинг ёви уйида, икки хотин олганнинг дови уйида”, “Қўшхотинлик уй – жанжалнинг уяси”, “Икки хотин олибсан, балоларга қолибсан”, “Қўшхотинлини ўлганидаям тўнғиз қўпар”, “Икки хотинли ажалидан беш кун бурун ўлар” каби халқ мақоллариям Оллоҳимизнинг бандаларига қарата: ”ҳар қанча уринсангизлар ҳам хотинларингиз ўртасида адолат қилишга қодир бўлмайсизлар” деган хитоби жудаям чин огоҳлантириш эканидан ёрқин далолатдир.

Ваҳоланки, айни гапларнинг қай даражада ҳаётий – ҳаққоний эканлигини аксариятимиз амалда кўриб – билиб, сезиб – эшитиб, англаб – тушуниб юрибмиз-ку!

 

*          *          *

Яна тағин, нимаям дея олардик: Ҳақдан ҳамда халқдан ўтказиб, бирор нарса айтишга бандаси ожиз…  

 

 http://dunyouzbeklari.com/       

Просмотров: 664 | Добавил: rsc | Рейтинг: 0.0/0
Всего комментариев: 0
Имя *:
Email *:
Код *:
Вход на сайт
Поиск
Календарь
«  Май 2014  »
ПнВтСрЧтПтСбВс
   1234
567891011
12131415161718
19202122232425
262728293031
Архив записей
Друзья сайта
  • Официальный блог
  • Сообщество uCoz
  • FAQ по системе
  • Инструкции для uCoz