Воскресенье, 19.05.2024, 01:09
Приветствую Вас Гость | RSS

ижтимоий-сиёсий,адабий-бадиий,маданий-маърифий сайти

Меню сайта
Статистика

Онлайн всего: 1
Гостей: 1
Пользователей: 0
Главная » 2014 » Сентябрь » 23 » ЎЗИМИЗНИНГ ОЛТИН ОЙ
06:50
ЎЗИМИЗНИНГ ОЛТИН ОЙ

ЎЗИМИЗНИНГ ОЛТИН ОЙ


Истеъдодли ва хушовоз хонанда Алтинай Жўрабаевани Қозоғистонда танимаган инсон топилмаса керак. Кундан кунга турли мавзуларда яратаётган ўзига хос ва гўзал қўшиқлари билан 130 дан ортиқ миллатли юртимиз халқининг кўнглидан тобора чуқурроқ жой ола бораётган санъаткор билан суҳбатлашиб, хонанданинг аёл, она, бека ва санъаткор сифатидаги ҳаётий қарашлари, фикрлари билан ўртоқлашдик. Суҳбатни Сизнинг эътиборингизга тақдим этамиз.
—"Жанубий Қозоғистон" газетаси сиз ҳақингизда илк бор ёзаётганлиги боис ўзингиз ҳақингизда гапириб берсангиз.
—1978 йили Тўлебий туманидаги 1-мамир қишлоқ округига қарашли Бейнеткеш қишлоғида дунёга келдим.Отам Қулажан оддий колхозчи бўлиб ишлаган, онам Жанил уй бекаси, ҳозир нафақада, қарилик гаштини суриб юришибди.1995 йили мактабни тугатдим ва Туркистондаги қозоқ-турк университетининг санъат факультетида ўқидим.2-курсда олийгоҳнинг фольклор гуруҳига аъзо бўлиб, қозоқ халқининг қадимий қўшиқларини куйлай бошладим. 1997 йили вилоят «Арай» танловида қатнашдим ва 3-ўринни эгалладим.Бу кичик ғалаба мени илҳомлантирди ва икки йил ичида 65 қўшиқ ёздим ва ўзимнинг биринчи альбомимини мухлисларимга тортиқ қилдим.Қўшиқларим инглиз, ўзбек, турк рус, грузин ва бошқа тилларда эди. Кейин эса санъатнинг мураккаб йўлига тушдим,композиторлар – Б.Оралов, Н.Тлендиев, У.Жолдасов, А.Ақаев, А.Сулейменов, Ш Қалдаяқов ва бошқаларнинг асарларини фойдаланиб,янги ва янги қўшиқлар ярата бошладим ва у халқимизнинг дилидан чиқди.Шунинг учун бўлса кеоак, 30 ёшимда, яъни 2008 йили Элбошининг Фармони билан менга ҚР хизмат кўрсатган артист унвони берилди.— Аёл кишининг оиладаги, жамиятдаги ўрнини қандай баҳолайсиз?
— Мен аёлларнинг оилада ва жамиятда, умуман ҳаётдаги ўрнини юқори баҳолайман. Чунки аёллар ҳар доим ва ҳар ерда ўз ўрнига эга. Агар дунёда аёл зоти бўлмаса, ҳаётнинг қизиғи ҳам, мазмуни ҳам бўлмайди. Ҳаётимизга разм солайлик, болаларимиз кўчадан кирибоқ биринчи бўлиб онасини сўрайди. Эркакларимиз ҳам, дарвозадан аёлини сўраб ёки чақириб киради. Демак, улар нафақат оилада, балки ҳаётда ҳам беқиёс ўрнига, қадрига эга зот саналади. "Оилада эр подшо, аёл вазир", деган гап жуда ҳам тўғри топиб айтилган. Дарҳақиқат, агар аёл тадбиркор ва оқила бўлса, унинг оиласи тинч ва осуда бўлади. Уларнинг суянчи эркаклар ҳам аёлнинг ақлу камолотидан руҳланади ва шунга кўра оилада сиёсат олиб боради. Демак, оилани эркак қандай бошқариши ҳам бевосита аёлга боғлиқдир.
Фарзанд тарбияси дунёдаги энг масъулиятли, шарафли ва машаққатли иш ҳисобланади. Ана шундай юмуш айнан аёллар зиммасига ишонч билан юклатилган, шу боис ҳам тарбиячи сифатида аёллар ҳар томонлама билимдон ва оқила бўлмоғи керак. Бугун аёлларимиз ҳар бир соҳада ўзларини намоён этмоқдалар. Спорт, санъат, фан, адабиёт, таълим, тиббиёт… санайверсак, саноғи тугамайди. Дунёга юртимиз номини танитаётган, миллатимизнинг миллий анъаналарини тарғиб этаётган, халқимизнинг ўзига хос урф-одатларини оламга кенг намоён этаётган фаол ва фидойи аёлларимиз ҳозирда жуда кўп. Қувонарлиси шундаки, улар оилада бекалик, фарзанд тарбияси сингари юмушларни бекаму кўст адо этиб, жамиятимиз ижтимоий ҳаётида ҳам улкан муваффақиятларга эришмоқдалар. Яратган аёлларга ҳаё, ибо, назокат билан бирга куч-қудрат, садоқат, сабру қаноат, мақсади йўлида улкан матонат хислатларини инъом этган. Шу боис, опа-сингилларимиз аёл, она шаънини юксакларга кўтарган ҳолда ватанимиз шуҳратини дунёга танитувчи буюк ишларга қодирдир.
— Аёлнинг оиладаги маъсулияти ҳақида гапирдингиз, ўзингиз аёл масъулиятини қай даражада уддалаяпсиз?
—Мен оилада зиммамдаги масъулиятларни иложи борича уддалашга ҳаракат қиламан. Назаримда, мен учун оила кўчадагидан ҳам кўра кўпроқ масъулият ва куч талаб этади. Тўғри, санъаткор бўлганим учун доим ҳам уй ишларига улгуришим қийин кечади. Шундай пайтларда яқинларимнинг кўмагидан фойдаланаман. Аммо бўш вақтимни албатта, оилам ва фарзандларим билан ўтказишга ҳаракат қиламан. Мен санъатни севаман. Лекин унга бўлган муҳаббатим, оиламга бўлган севгимдан асло устун эмас. Шунинг учун ҳам оиламдаги кир ювиш, уй тозалаш, овқат тайёрлаш сингари бекалик ишларини кўпроқ ўзим бажаришга ҳаракат қиламан ва бундан ҳузурланаман.
—Суҳбатимиз бошида "санъатнинг мураккаб йўли" деган иборани ишлатдингиз...
—Тўғри.Санъткор бўлиб яшаш, санъатнинг нонини ейиш осон эмас. Мен бунга кўп бора гувоҳ бўлганман. Ёшлигимдан санъатнинг машаққатлари ҳақида кўп эшитганман, аммо унча ҳис қилавермасдим. Бироқ ёшим улғайиб, ўзим санъатга кириб келгач, унинг қанчалар мушкул эканлигини англаб етдим. Илк бор келажакда санъаткор бўлиш орзуимдан хабар топган отам менга қаршилик қилганлар. Ўша пайтларда хафа бўлгандим. Бироқ ҳозир отамнинг қаршиликларининг сабабларини тушуниб етмоқдаман. Ҳақиқатан ҳам, аёл киши учун санъаткор бўлиб яшаш анча қийин экан. Тўғри, ҳар бир касбнинг ўзига яраша қийинчилиги бор. Шу жумладан, санъатнинг ҳам. Санъат бу шунчаки қизиқиш, элга танилиш ёки орзу-ҳавас эмас. Санъаткор бўлиш, халқнинг кўнглидан жой олиш учун тинимсиз меҳнат, интилиш, сабр-тоқат ва катта куч керак. Ҳар хил гап сўзлар, ҳар хил кўнгилсизликлар бўлади. Уларга чидаш керак. Битта қўшиқ яратишнинг ўзи машаққат бўлса, у билан бирга халқ кўнглидан жой олиш яна ҳам қийиндир.
—Санъатнинг кучини қандай ҳис қиласиз?
—Санъат яхшини ёмон, ёмонни яхши қилолмас экан. У фақат эзгуликка мойил, яхшиликка ишонувчан, нозик қалбларга далда бўла олиши мумкин экан. Боланинг кўзларига қаранг, қандай масъум! Одам бу ҳаётга бахтли бўламан, севаман-севиламан, деган чиройли ниятлар билан кириб келади. Лекин бора-бора бу нигоҳлар сўнади, … муҳаббат тўла нигоҳлар ўз ўрнини армонга бўшатиб беради… Санъат бизга эзгуликка бўлган ишончимизни сақлаб қолишимиз, қалбимизни, ҳеч қурса хаёлларимизни асраб қолишимиз учун ҳам керак.Қўшиққа куй басталаб, ижро этилиши билан санъатга айланиб қолмайдику ахир.Ижодий жараён жудаям мураккаб ҳодиса. Шу билан бирга унинг натижаси ҳам англаб бўлмас даражада сирли.
—Санъаткорни санъат оламида азоб чекиб, куйиб-ёниб яшашига нима мажбур қилади?
—Кўнгил, санъатга бўлган муҳаббат, иштиёқ мажбур этади. Кўнгил майли, юрак дарди бу. Агар ижодкор ижод қилмаса, унинг юрган-тургани татимайди. Худди бир нимасини йўқотиб қўйгандай бўлади. У фақатгина шу ижоди билан тирик. Усиз ҳаётнинг маъноси йўқ. Ижоднинг машаққатлари, уйқусиз тунлар, тинимсиз меҳнатлар, ҳар томондан отилган тошлар, турли-туман рост-ёлғонлари бўлади. Санъат бу фидойиликдир. Санъат бу муҳаббатдир. Санъат бу кўнгилларга қувонч улашувчи дарддир. Нафақат санъат, балки барча соҳаларда ҳам муҳаббат бўлиши керак. Агар инсон ўз соҳасини, ўз касбини севмаса, у ўз ишининг устаси бўла олмайди. Ишонасизми, даврада мени олқишлаётган, ўз меҳрини, муҳаббатини изҳор этаётган, менга термулиб турган минглаб мухлисларни кўраман-у жонимни азоблаётган оғриқларни ҳам унутаман.
—Шундай элга манзур асарлар борки, уларнинг муваффақиятлари асосини ё дард, ё қувонч ва ёки муҳаббат ташкил этади. Сизнинг муваффақиятли чиққан қўшиқларингизнинг асосида нима ётади?
—Санъаткорда, аввало, дард бўлиши керак. Бу дард ўз дарди эмас. Балки мингларнинг, миллионлаб инсонларнинг дарди бўлмоғи лозим. Баъзан менга қайсидир қўшиғимни мисол қилиб, "Шу ўз ҳаётингиздан олинганми", деб сўраб қолишади. Аслида, бу менинг эмас, халқнинг ёки шу жамиятда яшаётган қайсидир инсоннинг дарди. Чунки қўшиқ таъсирчан ва ишонарли чиқсагина элга манзур. Мен ҳар бир қўшиқни юракдан ҳис қилиб ижро этишга ҳаракат қиламан.
— Қўшиқ танлашда асосан нималарга эътибор қаратасиз?
— Энг аввало, шеърга. Ҳар доим шеърнинг маъноси ва таъсирчанлигига алоҳида эътибор қаратаман. Агар у менга ёқса, кейингина маъноси ва мазмунига мос оҳанглар топишга ҳаракат қиламиз.
—"Жанубий Қозоғистон" газетаси мухлисларига тилакларингиз.
—Биз, санъаткорларнинг бахтимизга соғ ва омон бўлсинлар. Ватанимиз гуллаб-яшнасин. Ҳар доим юртимизда байрамлар бўлсин! Биз санъаткорларга халқимизнинг яхши кунларида хизмат қилиш насиб этсин.
Таҳририятдан.Алтинай Жўрабаевага яқинда "Тўлебий тумаининг фахрий фуқароси" унвони берилди.Унвон топшириш маросими у санъат пиллапоясидан бориб, илк бор чиққан саҳнаси —1-мамир қишлоғидаги янги қурилган Маданият уйида ўтди.Унвон билан туман ҳокими А.Тургумбеков, туман маслаҳати котиби А.Шингсибаев ва бошқалар табриулашди.Табрикларга биз ҳам қўшиламиз.
Б.ДЎСМАТОВА.

Просмотров: 510 | Добавил: rsc | Рейтинг: 0.0/0
Всего комментариев: 0
Имя *:
Email *:
Код *:
Вход на сайт
Поиск
Календарь
«  Сентябрь 2014  »
ПнВтСрЧтПтСбВс
1234567
891011121314
15161718192021
22232425262728
2930
Архив записей
Друзья сайта
  • Официальный блог
  • Сообщество uCoz
  • FAQ по системе
  • Инструкции для uCoz