Воскресенье, 19.05.2024, 00:35
Приветствую Вас Гость | RSS

ижтимоий-сиёсий,адабий-бадиий,маданий-маърифий сайти

Меню сайта
Статистика

Онлайн всего: 1
Гостей: 1
Пользователей: 0
Главная » 2015 » Июнь » 21 » “АЙТСАМ ТИЛИМ, АЙТМАСАМ ДИЛИМ…”
10:33
“АЙТСАМ ТИЛИМ, АЙТМАСАМ ДИЛИМ…”

“Яқинда 30 ёшга тўламан. Аммо ҳанузгача уйланганим йўқ. Ота-онам қанча қистасалар-да, кўнглимдаги бир ҳадик турмуш қуришимга йўл бермаяпти. Мактабни битиришдан бир неча йил олдин ўзимни сунъий қониқтиришни беихтиёр одат қилдим. Тўғриси, бу ҳолни қилмасам кечалари ухлашим ҳам қийин бўларди. Бундан 7-8 йил олдин қўлимга бир китоб тушиб қолди. Унда онанизмнинг зарарли жиҳатлари, жумладан унинг мизож сустлиги, тўшакдаги муомалага ноқодир қилиб қўйишлиги ҳақида ёзилганларни ўқигач, чуқур изтиробга тушдим. Уйлансам шарманда бўлишдан қўрқаман. “Тарки одат амри маҳол” эканми, ҳозир ҳам бу одат билан онда-сонда шуғулланаман. Ҳаётга қизиқишим қолмади, мен нима қилай?…”

А.

Онанизм (мастурбация ёки кафтаки) ҳирсий хоҳишни алоқасиз қондириш услуби бўлиб, баъзилар уни ўта зарарли, деб билишса, бошқалар унга бепарво қарайдилар. Бу иккала нуқтаи назарни ҳам тўғри деб бўлмайди.
“Онанизм” атамасини чўпон Онан ҳақидаги ривоят билан боғлашади. Ривоят қилинишича, ўз ҳирсини ғайритабиий йўл билан қондиришга одатланган бу кимсанинг ахлоқсизлигидан ғазабланган Парвардигор уни иккала қўлидан ҳам жудо қилиб жазолаган экан.
Бошқа ривоятлар эса “Инжил” қаҳрамонлари билан боғлиқ. Бу ривоятга кўра, Онаннинг отаси унга акасидан қолган тул аёл билан яшашни буюрганлигини хушламагани боис, у шаҳватини фарзанд бўлмасин дея қўл ёрдамида ерга тўкишга одатланган экан.
Кўпгина ўрис олимлари шаҳвоний жўшқин ёшда россиялик ўсмир йигитларнинг 55-70 фоизи, қизларнинг 25-30 фоизи онанизм билан шуғулланишларини эътироф этишмоқда. Профессор А.М.Свядощнинг: “…ёшлик пайти мастурбация билан аҳён-аҳёнда шуғулланиш — жинсий фаолият беқарорлигини маромига солиш услубидир. У кескин қўзғалишнинг шаштини сусайтириши туфайли зарарсиздир…”, — деган фикрига ҳам қўшилиб бўлмайди. Айрим олимларнинг: “онанизм билан шуғулланиш фойдали”, — деган ташвиқлари эса мутлақо асоссиздир.

Тиббий нуқтаи назардан кафтакининг қуйидаги турлари тафовут қилинади:
1. Фрустрацион псевдомастурбация жинсий аъзоларга тегиниш натижасида закар таранглашади, аммо шаҳват чиқиши ва лаззатланиш ҳисси рўй бермайди.
2. Балоғат ёшига етмаганлар эрта мастурбацияси ҳали жинсий майл пайдо бўлмаган ёшда, яъни ҳали ўн ёшга тўлмаганларда учрайдиган ҳол. Бу ҳолда закар қўзғалса-да, гоҳо шаҳват чиқмайди. Гоҳида эса шаҳват чиқиши кузатилса-да, лаззатланиш рўй бермайди.
3. Ўспиринлик давридаги мастурбация энг кўп учрайдиган кафтаки тури ҳисобланади. Бу шаҳвоний ҳирс билан боғлиқ бўлганлиги туфайли жинсий майл, эҳтилом пайдо бўлган балоғат ёшидан бошлабоқ рўй бериши кузатилади.
4. Ўрин босувчи маструбация йигирма ёшдан сўнг пайдо бўлади. Жинсий ҳаёт кўрган йигитлар аёлидан маълум бир сабабларга кўра ажралиб қолиши натижасида бу усулни қўллашга мажбур бўлишади.
5. Персевератор — обсессив мастурбация барча жинсий муносабат шаклларини сиқиб чиқарган, патологик турдаги, дардсимон онанизмдир. Одатда, юқорида таъкид этилган бошқа турдаги кафтакилардан, кўпчилик маълум бир вақтга келиб халос бўла олиши мумкин. Аммо бу турдаги онанизм билан шуғулланувчилар ҳатто уйланганидан сўнг ҳам бу одатни асло канда қила олмайдилар. Кафтакининг бу тури билан машғуллар бемор бўлганликлари туфайли, оғир ҳолларда закар таранглашмаса ҳам, шаҳват чиқмаса ҳам, инзол бўлмаса ҳам бу одатларини қайта-қайта такрорлайверадилар.
6. Тақлидомуз мастурбация билан шуғулланадиганлар асло ўз ихтиёри билан ёлғизликда кафтаки қилмайдилар. Улар ўз шериклари орасидан ажралиб қолмаслиги учунгина тенгдошлари билан “пойгаларда” қатнашадилар, холос.
Мутахассисларнинг таъкидлашларича, 3- 4- тур яъни ўспиринлик давридаги ҳамда ўрин босувчи мастурбация — физиологик ҳол бўлиб, ҳеч қандай даволаш услубларисиз ва асоратсиз йўқолиб кетади. 2-балоғатга етмаганлар эрта мастурбациясининг қўзғовчи сабаби аниқланиб махсус чора кўрилиши лозим. 5-турдаги дардсимон онанизм касаллик ҳисобланиши боис даволаш тадбирларини қўллаш ва қўзғовчи сабабларини йўқотиш мақсадга мувофиқ бўлади.
1- 6- турдаги ёлғондакам мастурбацияда эса ҳеч қандай даволаш зарур эмас, фақат тарбиявий услубларни тўғри йўлга қўйиш кифоя бўлади, холос.
Ота-оналар болаларини онанизмга мойил қилиб қўйиши мумкин бўлган қуйидаги ҳолатларга эътибор беришлари шарт:
1. Болага ўта тор кийимлар кийдирилиши ва баданнинг ифлослиги туфайли жинсий аъзо ҳудудининг қичиши.
2. Вақтида хатна қилинмаганлиги боис, олат кертмагининг закар бошидаги шаҳвоний таъсирчан ҳудудларни қисиши, яъни фимоз дардининг таъсири.
3. Биз ўзбекларнинг ўғил болаларга “носвойингдан бер”, — дея жинсий аъзосига тегиниб эркалашимиз ва гижжаларнинг бола орқа тешигини қичитиши ҳам онанизмга мойиллик туғдириши мумкин бўлган омиллардандир.
4. Болаларнинг бекорчилиги ва тантиқлиги ҳам бу одатга сабаб бўлиши мумкин.
5. Ўспиринлар ҳайвонларнинг ҳатти-ҳаракатларига, ўзидан ёши каттароқларнинг ахмоқона қилғуликларига тақлид этишлари ҳам табиий.
6. Ўткир масаллиқли, тузламали, кучли таомларнинг уйқудан олдин кўп истеъмол қилиниши ҳам безовта қилувчи хатарли омиллардандир.
7. Уйқусизлик, асабийлик ҳам ўсмирларни онанизм домига итаради. Зеро, кафтакининг тинчлантирувчи кучи ўсмирларни ўзига тез жалб этиши билан хавфлидир.
8. Бугунги кундаги энг хатарли сабаблар сирасига беибо адабиётлар ўқиш, шаҳвоний-ишқий саргузаштли суҳбатларга қулоқ тутиш билан бир қаторда, ойнаи-жаҳон, “видео”, мобил телефон, интернетнинг кони зарар таъсирини ҳам киритиш лозим. Айниқса, назоратсиз қолган ўсмирнинг бешарм-ҳаёсиз лавҳаларни томоша қилиши, кейинчалик ҳирснинг сунъий йўл билан қондирилишига олиб бориши шаксиздир.

Онанизм амалга оширилиш тарзига кўра шартли икки турга бўлинади. Биринчи тури руҳий онанизм бўлиб, эҳтиёж ҳар хил ҳолатларни кўз олдига келтириб шаҳвоний хаёл суриш билан қондирилади.
Иккинчи, механик турда эса жинсий аъзоларга тегинилиб, қитиқланилиб ҳирс қондирилади. Бу ҳолат, балоғат давридан то турмуш қургунга қадар жинсий фаолликка қараб, ҳафтада бир ёки икки-уч маротаба давом этиб, кўпинча турмуш қурилганидан сўнг буткул йўқолиб кетади. Лекин айрим иродаси мустаҳкам бўлмаган шахсларда бу ҳолат одат тусига кириб қолиши мумкин. Баъзи кимсалар бу одатни уйланганидан сўнг ҳам ташлай олмасликлари натижасида онанизмнинг хатарли психопатологик тури вужудга келади. Бундай беморларда ҳар хил руҳий ўзгаришлар рўй бериб, орқа мияда жойлашган жинсий марказларнинг иш фаолияти бузилади. Бунинг натижаси ўлароқ жинсий ожизликнинг орқа мия тури пайдо бўлиши эҳтимолдан холи эмас. Бундан ташқари, онанизмга ўта ружу қўйиш ички жинсий аъзоларнинг яллиғланишига ҳам сабаб бўлади. Шунингдек, онанизм нормал физиологик жинсий алоқадагидек лаззат бермаганлиги учун асабий-руҳий беқарорликка олиб келади. Олатга ҳадеб тегавериш баъзан одат тусига кириб қолади. Қониқишнинг бу турида асаб системасига юкланадиган вазифа одатий жинсий алоқадагидан бошқача бўлади, чунки айни ҳолда кўриш, сезиш, ҳидлаш каби табиий қўзғатувчилар тинч туради. Биз юқорида таъкидлаган онанизмнинг салбий оқибатлари анча кам учрайдиган ҳоллардир. Афсуски, онанизм ҳақида фикр юритилган баъзи илмий оммабоп китобларда унинг асоратлари ўта бўрттириб кўрсатилган. Натижада, бир пайтлар бу иш билан шуғулланган кўплаб соғлом кимсалар, ўзларини жинсий жиҳатдан ноқодир ҳисоблаб, изтироблар комига тушиб қолганлар. Онанизм билан аҳён-аҳёнда шуғулланиш ҳеч қандай жинсий хасталикка олиб келмайди. Аммо бу ахлоқсизликка одатланмаслик мақсадга мувофиқдир.

Онанизмнинг бироз бўлса-да асоратланганлиги қуйидаги белгиларда ифодаланади:
а) кафтаки пайти закар таранглашмаган ҳолатда ҳам, шаҳват чиқиши муттасил рўй берса;
б) бу одатни кунига икки-уч маротабалаб, кўп вақт давомида асло тарк этиб бўлмаса;
в) аёлларга бўлган майл буткул йўқолса;
г) бу машғулотсиз мутлақо ухлаб бўлмаса;
д) шаҳват қизғимтир рангда бўлса ва у мояклар оғриғи билан бир вақтда чиқса, мутахассис-шифокорга мурожаат қилиш мақсадга мувофиқдир. Демак, онанизм билан кунига икки-уч маротаба, кўп вақт давомида шуғулланилсагина асоратларга олиб келар экан. Агар ўз вақтида мутахассис шифокорга мурожаат этилса, энг оғир асоратларини ҳам бемалол даволаш мумкин.

Ота-оналар болаларининг онанизмга одатланмасликлари учун қуйидаги маслаҳатларга амал қилишлари лозим:
1. Бола гўдаклигиданоқ ташқи жинсий аъзоларининг тоза тутилишига ва гигиеник муолажаларнинг тўғри бажарилишига эътибор қилиш зарур. Бола қўлини ҳадеб олатига теккизмаслигини назорат қилиш зарур. Боланинг ости мойчечакли илиқ ваннада ювиб турилса, янада яхши бўлади.
2. Болаларни ҳаво ваннаси ва артиниш билан чиниқтириш, қаттиқроқ тўшакда ухлатиш, уйғонганларидан сўнг ўринларида узоқ вақт чўзилиб ётишларига йўл қўймаслик ҳам фойдадан холи бўлмайди.
3. Болани бекорчилик, уйқусизлик ва жуда тор кийимлар кийишдан асраган маъқул.
4. Кичик ёшдаги болаларнинг орқа тешик яқинида бўладиган гижжаларнинг жинсий аъзоларни қичитиши туфайли беихтиёр онанизм билан шуғулланишларини англаган ҳолда даволаш чора-тадбирларини қўллаш лозим.
5. Ота-оналарнинг болалар олдидаги шахсий ибрати зарурлигини унутмасдан, уларни зарарли таъсиротлардан эҳтиёт қилиш зарур. Айниқса, фарзандларимиз турли беибо томошалар ва фильмлар оғушига тушиб қолмасликлари учун қаттиқ назорат ўрнатиш жоиз. Замонамиздаги энг катта қусурлар ибо ва ҳаё йўқолишининг натижасидир. ”.

 

“29-ёшдаман. Ҳали оила қурмаганман. Институтни тугаллаб, уч йил давомида хорижда ишладим. Тўғриси, ўқиш-ишни баҳона қилиб, пайтида уйланмаганим боис, вақти-вақти билан қўл ёрдамида истимно қилишга одатланган эдим. Оврўпача турмуш тарзининг таъсири боисми, бу нохуш одатни меъёр сифатида тушунардим. Қолаверса, ҳаттоки ўзларини мусулмон биладиган айрим кимсалар ҳам бу қилғуликка одатланишган ва бу одатларига гўёки шариатдан дастаклар ҳам топишган эди. Лекин ҳирсий хоҳишни бу йўсинда сунъий қондиргандан сўнг киши барибир ўзини нохуш ҳис этиши боисми, руҳиятимда салбий ўзгаришлар сеза бошладим. Юртга қайтгач, ота-онамнинг уйлантириш учун қилаётган тараддудларини турли баҳоналар билан пайсалга солишга уринардим. Чунки жинсий жиҳатдан буткул соғломлигимга гумоним бор эди. Яқинда, бир мутахассис-шифокор қабулида бўлганимда, у “онанизмдан ҳам кўра унинг зарари ва асоратлари бўрттириб кўрсатилган маълумотлар, манбаларнинг хатарли экан”лигини таъкидлади. Аниқроғи, аксари ёшларга онанизм зарар қилмаса-да, у ҳақдаги нотўғри тушунчаларнинг қурбонига айланишиб, ваҳималар гирдобига тушиб қолишар экан. Юқоридаги фикрлар нечоғли асосли эканлиги ҳақида билишни истар эдим”.

Фақиҳ олимлар “яширин, жирканч одат” деб аташган бу ҳолат замонавий табобатда, “онанизм” дея номланади. Эркакларда маний чиқиши, аёлларда лаззат топилиши билан ифодаланадиган онанизмнинг ҳозирги кунда “мастурбация” дея аталувчи тури кўп учрамоқда. Мастурбациянинг сўзма-сўз маъноси “қўл билан истимно”, яъни “кафтаки”дир.
Кафтаки ҳақида имом Ғаззолийнинг “Никоҳ одоби” рисоласида келтирилган қуйидаги ҳаётий воқелик ибратга лойиқ:

“…Бир куни жамоат фақиҳ олим Ибн Аббоснинг суҳбатларидан баҳра олгандан сўнг туриб кетсалар-да, навқирон ёш йигит ҳаммадан ортда қолади.
У қимтиниб, истиҳола билан сўз бошлайди:
— Сиздан бир масалани сўраш учун қолдим. Жамоат олдида гапиришдан уялдим. Энди сиздан ҳам хижолат чекаяпман. Аммо, олим киши инсоннинг отаси ўрнидадир…
— Унда менга отангга айтадиганингнинг ҳаммасини айтавер, — дедилар Ибн Аббос.
— Мен уйланмаганман. Дўзахга элтувчи зинога рўбарў бўлишдан қўрқаман. Шу сабабли, ҳирс ўта безовта қилганда шаҳватимни қўл билан қондираман. Менинг бу қилмишимда гуноҳ борми?
Бу саволга жавоб бериши лозим бўлган Ибн Аббос бироз ижирғангандек бошқа томонга юз ўгирди ва ўйланиб шундай жавоб берди:
— Канизак (наслу-насабсиз чўри)ни никоҳига олмоқлик қўл билан шаҳватни қондирмоқдан, қўл билан шаҳватни қондириш эса зино қилишдан хайрлироқ бўлган гуноҳлардандир… ”.

Ибн Аббос бу ҳукми билан ҳирс ботқоғига ботган бўйдоқ кимсанинг уч ўт орасида қолганлигига ишорат этганлигини англаш мумкин. Зеро, бу аланганинг оз бўлса-да, шаҳди пастроғи канизакка, яъни наслининг тайини йўқ чўрига уйланиш нисбатан зарарсизроқ ҳисобланади. Аммо ўша пайтларда насабсиз, зоти паст чўридан туғиладиган фарзанднинг қул қилиниш хавфи мавжудлиги туфайли бундай никоҳ исломда олий насаблилар учун таъқиқланган. Мозийда, аждодларимиз насл тозалигига чуқур аҳамият берганлар. Аммо, ҳарисмандлик ўта устун келиб, шаҳватни қўл билан қондиргандан кўра, чўрига бўлса-да уйланиш афзалроқ ҳисобланилган.
Қўл билан ҳирсни қондириш насабсиз заифага уйланишдан хатарлироқ оташ комига тушмайдиган гуноҳлиги шаксиздир. Аммо, бу учала оташнинг энг хатарлиси жаҳанамга бошлайдиган улкан гуноҳ зинодир.
Навқирон йигитларни бундай ишларга қўл уришидан асрайдиган амалда, яъни уйланишда шаксиз фазилат бордир. Ҳали уйланиш ёшига етмаган ўсмирларда эса эҳтилом жараёни вужудни шаҳват қийноғидан озод қилувчи ҳикматдир. Уйланиш ёшидаги фарзандини уйлантирмаган ота-она ҳам бу гуноҳга фарзанди билан теппа-тенг жавобгардир.(Ушбу манбалардан бохабар бўлишни бизга маслаҳат берган Ўзбекистон мусулмонлар идорасидаги маслакдошларимизга ўз миннатдорчилигимизни билдирамиз)
Аксар фақиҳ олимлар, бизнинг мазҳабимиздаги уламолар бу одатни ҳаром деб билишади. Имом Молик, қолаверса, мазҳабдош олимларнинг аксарияти кўплаб ҳужжатлар қаторида қўйидаги ояти каримани далил сифатида келтиришади:
«Улар авратларини (ҳаромдан) сақловчидирлар. Илло, ўз жуфти ҳалоллари ва қўл остидагилар (чўрилар) бундан мустаснодир. Бас, албатта, улар маломат қилинувчи эмаслар. Бас, кимки шундан ўзгани (ҳаром қилинган нарсаларни) истаса, бас, ана ўшалар ҳаддан ошувчидирлар». («Мўминун» сураси 5-, 6-, 7- оятлар, Шайх Абдулазиз Мансур таржимаси).
Бу жирканч одатнинг ҳаром эканлигини таъкидлаган мазҳабимиз уламоларининг фикрлари замонавий табобат қарашларига ҳам ҳамоҳанг. Аммо ўзга мазҳабдагиларнинг қуйидаги қарашлари билан асло келишиб бўлмайди. Чунончи, Ибн Ҳазмнинг таъкидлашича, манийни чиқазиб ташлашни бадандаги ортиқча қонни наштар билан чиқазишга менгзаш мумкин экан.
Имом Аҳмад ибн Ҳанбал ҳам манийни танадаги ортиқча нарса сифатида қабул этган ва шу боис Ҳанбалий мазҳабига мансуб фақиҳлар кафтакига қуйидаги ҳолларда изн беришган:
— агар зинодан сақланиш имкони бўлмаса, яъни, ўзини идора қила олмаса;
— уйланиш имкони мавжуд бўлмаса-ю, шаҳвоний жунбуш домига тушиб қолиш хавфи рўй-рост таҳдид солса.
Ҳанбалий мазҳабидагилар бу ишга изнни сўнгги чора сифатида беришган. Буни очликдан ўлиш муқаррар бўлганда ўлакса еб бўлса-да, жон сақлашга менгзаш мумкин. Ушбу ўринда навбатни яна юқорида ҳасратлари билан ўртоқлашган кимсанинг кечмишларига берсак:

“… Қатор китобларни титкилагач, кўнглим таскин топди. Чунки Оврўпанинг аксари олимлари онанизмнинг зараридан фойдаси кўпроқ эканини таъкидлашган. Мана, марҳамат, уларнинг айримлари:
Профессор Г.С.Васильченко: “Мастурбация — физиологик дискомфорт, яъни ноўнғай, нохуш ҳолатларни юмшатувчи ёки йўқотиш имкониятини берувчи восита ҳисобланади”.
В.П.Осипов: “Онанизм билан шуғулланувчи кимсалар ўз одатини тарк этишга ожизлик сезиши туфайли ва бу ҳохишга қул бўлиб қолганлиги боис ҳам ўзларини одамови ҳис этишади. Онанизм зарарлари бўрттириб кўрсатилган ҳар хил қўлланмалардаги ваҳималар исканжасига тезда тушиб қоладиган бундай кишилар доимо бўлғуси касалликлардан ва жинсий ожиз бўлиб қолиш кабилардан чўчиб яшашади”.
Профессор И.М.Порудоминский: “Онанизм билан ўта кўп, кунига бир неча марталаб, узоқ йиллар давомида шуғулланишгина зарардир. Ўсмирликдаги оз-моз, аҳён-аҳёнда рўй берувчи онанизм асло зарар қилмайди. Бу ёшдагиларда учровчи жинсий ожизлик каби ҳолатлар эса аслида руҳий тушкунлик, яъни онанизм оқибатларидан чўчиб, ваҳимага тушиб қолиш натижаси бўлиб, ўткинчи ҳолатдир”.
Юқоридаги фикрлардан сўнг мендаги ҳадик ҳам барҳам топгандек…”

К.

Бу кишини текшириб кўрганимизда, жинсий жиҳатдан соғлом эканлиги, аммо руҳий тушкун кайфият домига тушиб қолганлиги аниқланди. У тез орада соғайиб кетганлигининг сабабларидан бири, онанизмга ўта берилиб кетмаганлиги бўлса керак. Мазкур одатдан мутлақ қутилган бу йигит яқиндагина уйланиб, ҳаётини ўз маромига солишга ҳам эришди.

Афсуски, қўл билан истимно қилишга кўп йиллардан буён одатланиб қолган қуйидаги кимсанинг тақдири эса анча мураккаблик касб этган:

Н — 32 ёш. Уч бора уйланган. Учинчи оиласи билан фарзандли бўлмаётганлиги туфайли аёлининг қистови билан қабулимга келган. Дастлабки текширувларда касаллик аломатлари топилмади. Аммо, назаримда, рафиқаси нимадир демоқчи бўларди-ю, эридан ийманганлигиданми, журъат қилолмасди. Эри навбатдаги текширув учун бошқа хонага юборилганда рафиқаси бирров қабулимга кирди-да, уялганидан қизариб-бўзариб сўзлашга чоғланди: “Дўхтир, хўжайинимнинг анализлари яхши чиқиши мумкин, фарзанд кўрмаётганимизнинг бошқа сабаби бор. Улар шаҳватни тўкишга қийналадилар.

Дарҳақиқат, мижозни текширганимизда шаҳват сифати яхши эканлиги маълум бўлди. Аммо чуқурроқ суриштирувлардан сўнг қуйидагилар маълум бўлди: Н. қўл билан истимно этишга шу қадар одатланганки, ўз хаёлидаги “объект”ни тасаввур этсагина муроди ҳосил бўларкан. Қолаверса, кафтакида қўл мушакларининг жинсий аъзони маҳкам сиқиб туришига ҳам ўрганган. Шунинг учун, ҳар гал уйланганида аёллари билан узундан-узоқ ҳолдан тойдирувчи даражада жинсий муносабатда бўлсада, алоқани интиҳосига етказа олмас экан. Сўнгра ғусл баҳонасида ҳаммомга кириб кетар ва у ерда кафтаки этиб тани осойиш топар экан. Бу жирканч одат беморнинг руҳиятини ҳам издан чиқазганлиги боис, даволаш жараёни қийинчилик билан узоқ давом этди.
Ниҳоят, у шаҳватни аёли вужудига тўкишга одатланиб фарзандли бўлишга эришди. Аммо унинг аҳён-аҳёнда ҳанузгача “тарки одат — амри маҳол” нақлидагидек иш тутаётгани ойдинлашди.
Дарҳақиқат, қўл билан истимно этишга одатланганлар доимий ваҳимали таҳликалар комида яшашади. Оврўпа олимлари, бу ваҳимали фикрлар ёйилишига насронийлик дини вакилларининг тарғиботи сабаб эканлигини таъкидлашмоқда. Ўсмирликнинг шаҳвоний жўшқинлик даврида 70 фоиз кимсалар бу ишга рўбарў келишини таъкидлашаётган ғарб олимлари ўта таъсирчан ёшларни бу йўлдан чўчитиш орқали қайтаришга уриниш акс натижа беришини айтишмоқда. Ҳақиқатдан, бундай одатга ружу қўйган кимсалар орасида ўзини жинсий заиф ҳис этиш, илк оқшомда қовуша олмаслик каби ҳолатлар кўп учрайди.
Биринчидан, бизнинг мазҳабимизда онанизмнинг ҳаром дея аталиши жуда ҳам тўғри. Зеро, қўл билан истимно этишга одатланган кимса хаёлида бирор жуфтни (эҳтимол кимнингдир турмуш ўртоғини) тасаввур этиши кафтакининг зинога яқин жирканч одатлигидан далолатдир. Шу боис бу ишни вужуддаги ортиқча зарардан қутулишга менгзаб, қон чиқазиш билан тенглаштириш нодонликдир.
Иккинчидан, Ўрусия олимларининг юқорида келтирилган онанизмни ташвиқ этишлари бизга асло ҳужжат бўла олмайди. Чунки Оврўпача ҳаёт қусурлари, фаҳш тарғиботлари, беҳаёлик гирдобида қолиш кабилардан ўз ёшларини муҳофаза этишдан ожиз кимсалар қандайин йўл тутсинлар, ахир.
Хўш, қўл билан истимно шаҳвоний жўшқин ёшлар учун заруратми ёхуд ахлоқий бузуқлик кўринишими? Онанизмнинг меъёрий жинсий алоқадан қуйидаги фарқлари ҳам кишини тафаккур этишга ундайди:
Замонавий тиббиёт қуйидагиларни онанизмдан сақловчи воситалар сифатида тавсия қилади:
— жисмоний меҳнатга ружу қўйиш;
— спорт билан машғул бўлиш;
— тандаги ортиқча қувват заҳирасини камайтирувчи нафл рўзалар тутиш;
— уйқусизлик, бекорчиликдан узоқ бўлиш кабилар шулар жумласидандир.
Учинчидан, ўсаётган организм тўлиқ такомилга етмай қўл билан истимнога одатланиш жинсий аъзолар ва простата бези меъёрий ривожини маълум даражада издан чиқазиши мумкин.
Тўртинчидан, жуда ёшликдан бу ишга одатланиш шартли рефлекслар тизимига ҳам салбий таъсир кўрсатади. Қолаверса, бу ишга ўта ружу қўйган кимсаларнинг бора-бора уйланишга, умуман, аёл кишига майли пасайиб кетиши мумкин. Бундай кимсалар хаёлот оламига муқим ўрнашиб олган “гўзал”ларидан воз кечишни хоҳламай қолишлари кузатилади.
Бешинчидан, бу ишга ўта ружу қўйганлар закар етарлича таранглашмаётганлигидан шикоят қилишади. Чунки улар бу ишга жуда ҳам одатланганларидан сўнг шаҳват вужуд тўлиқ жунбушга келмасиданоқ тўкилади.
Умуман олганда, меъёрий жинсий муносабатдаги қуйидаги зарурий жиҳатлар онанизмда руй бермайди.

Одатда барча сезги қўзғатувчилар ва шаҳвоний фаол нуқталар жинсий алоқа арафасида кескин қўзғалади ва жинсий аъзоларни жунбушга келтиради. Натижада ҳам эркак, ҳам аёл ички секретор безлари ва бошқа аъзоларида секрет ишлаб чиқарила бошлайди. Шу боис жинсий мулоқат икковлоннинг лаззат ҳис этиши билан интиҳо топади. Қолаверса, эркак ва аёл жинсий аъзоларининг тузилишидаги ўзига хослик тўлиқ бўшаниш имконини беради. Шу боис эҳтилом ва кафтакидагига нисбатан меъёрий жинсий алоқада маний суюқлигининг миқдори кўпроқ ва сифатлироқ бўлади. Онанизм эса “ҳиссиз” кечувчи жараёндир.
Гоҳида болакайлар орасида ҳам онанизм учрайди. Ҳаётий мисол: Зиёли аёл ўзининг олти яшар ўғлида ғалати ўзгариш сезади. У ерга ётиб олиб ўзича ишқаланади ва кўпинча, гиламда сезилар-сезилмас шилимшиқ суюқлик қолади. Унинг бу ғайритабиий қилиғи ота-онасини ташвишга солган. Текширувда болакайда фимоз ва гижжалари мавжудлиги аниқланди. Зеро, хатна қилинмаган ўғил болаларнинг олатчаси бошидаги тери ичида меъёрда ҳам смегма, яъни нохуш, қичитувчи суюқлик тўпланади. Қолаверса, фимоз ҳамда гижжалар боис бола олатчаси бошидаги шаҳвоний ҳудуднинг қўзғалувчанлиги ошиб кетган ва у ғалати қилиқлар қила бошлаган. Бу ҳолда қуйидаги тадбирларимиз самарали натижа берди. Болакай хатна қилиниб, фимоз дарди ва смегма таъсиридан қутқариб олинди. Гижжалари йўқотилди. Аммо рефлекс тусига кирган одатини йўқотиш учун узоқ муддат, мунтазам шуғулланишга тўғри келди. Болакайни ўйинчоқларнинг янгидан-янги турларига қизиқтириш, уни ёлғизлатмаслик, ўта тор кийимлар кийдирмаслик кабилар охири ўз самарасини берди.

“…Менинг барча ҳавас билан қарайдиган, ўта хушрўй, вазмин сирдош дугонам бор. У яқинда 24 ёшга тўлиш арафасида, аммо ҳануз турмушга чиқишга унамаётир. Қанчадан-қанча совчилар рад жавобини олишди. Яқинда дугонамнинг иккинчи синглисини ҳам узатганларидан сўнг, у ниҳоят менга ёрилди. Айтишича у 15 ёшидан буён ўз аъзоларини қитиқлаб, сунъий қониқиш ҳосил қилиб келаркан. Мактабни, ҳаттоки, олий даргоҳни ҳам тугаллаган бўлса-да, “ўз номусимни билмасдан бузиб қўймадиммикан?” — деган ўй-изтиробда эрга тегишдан чўчиётган экан. Наҳотки, киши ўз-ўзини қониқтирганда қизлик пардасига дарз етса? Менинг дугонамга ёрдам беришнинг иложи бормикан?..”

С.

Афсуски охирги пайтларда аёллар онанизми ҳам гоҳо-гоҳо учраётганлиги эътироф этилмоқда. Шартли тарзда қизларга хос— бокиралик даври онанизми ва жувонларга хос онанизм турларини тафовут қилиш мумкин. Аёллар онанизми эрининг мизожи сустлиги, шаҳватни тез тўкиши, бефаросатлиги боис қониқиш ҳиссини мунтазам равишда туймаган ёки турмуш ўртоғидан барвақт ажралиб қолган заифаларда учраши кузатилади. Охирги пайтларда бокиралик даври онанизми билан узоқ вақт, эҳтиросли тарзда машғул бўлиш камдан-кам ҳолларда бўлса-да, қуйидаги асоратларга олиб келиши мумкин экан:
1. Узоқ вақт бу одат билан машғул бўлиш бора-бора асл меъёрий шаҳвоний ҳиснинг сўнишига олиб келиши мумкин.
2. Бу бачкана машғулот жинсий аъзолар сезувчанлигини кескин ошириб юбориши боис, қизлар турмуш қурганларидан сўнг анчагача жинсий алоқадан лаззат ҳиссини туя олмасликлари мумкин.
3. Бокиралик даври онанизмида нафақат механик қитиқланиш балки хаёлий жуфтнинг иштироки ҳам муҳим ўрин тутади ва бўлажак турмуш ўртоғи ўша хаёлдаги идеалнинг ўрнини босолмайди. Натижада, айримлар турмуш қургандан сўнг ҳам бу иш билан шуғулланишда давом этадилар. Баъзида бу ҳол оилаларнинг бузилишига ҳам олиб келади.
4. Ўта ҳарисманд қизлар бокиралик даврида онанизм билан эҳтиросли машғул бўлаётиб, иффат пардасига дарз етказишлари ҳам эҳтимолдан холи эмас.
Айрим олимларнинг фикрларича, онанизм билан машғул бўлган қизларнинг кўпчилиги бузуқлик кўчасига ҳам кириб қолишлари ҳеч гап эмас экан. Зеро, онанизм ва фоҳишалик орасидаги масофа анча яқинлигини унутмаслик лозим.
Шу боис ҳам, оқила оналар қизлар тарбиясида пайдо бўлаётган айрим чигалликларни тўғри англаган ҳолда тезда бартараф этишга бел боғлашлари мақсадга мувофиқ.

Просмотров: 1478 | Добавил: rsc | Рейтинг: 2.0/3
Всего комментариев: 0
Имя *:
Email *:
Код *:
Вход на сайт
Поиск
Календарь
«  Июнь 2015  »
ПнВтСрЧтПтСбВс
1234567
891011121314
15161718192021
22232425262728
2930
Архив записей
Друзья сайта
  • Официальный блог
  • Сообщество uCoz
  • FAQ по системе
  • Инструкции для uCoz