Воскресенье, 19.05.2024, 00:51
Приветствую Вас Гость | RSS

ижтимоий-сиёсий,адабий-бадиий,маданий-маърифий сайти

Меню сайта
Статистика

Онлайн всего: 1
Гостей: 1
Пользователей: 0
Главная » 2015 » Июнь » 28 » ЙЎЛДАН АДАШГАН ОТА
17:26
ЙЎЛДАН АДАШГАН ОТА

ЙЎЛДАН АДАШГАН ОТА
Эрта тонг. Ўзининг заррин нурлари ила заминимизга чексиз меҳрини улашаётган қуёш ва шу нурлар остида товланаётган майин, кўм-кўк майсалар...
Ҳар тонг ишга бориш учун йўлга отланар эканман, мана шундай бетакрор манзарадан баҳраманд бўлиб, юртимиздаги гўзаллик ва тароват, тинчлик ва фаровонлик учун дилимда шукрона келтираман. Ана шундай ўйлар оғушида ўтирар эканман, вақт ўтиб кетиб, мен кутган автобус бекатда тўхтаганини ҳам сезмабман. Бекатдан йўлга тушган автобус бироз масофа юргач, ҳар бекатда одамлар бирин-кетин тушаверди. Шунда кўзим ногоҳ биздан икки кўча нарида яшайдиган Замира опага тушди.
Замира опа жуда хомуш, ўйчан, нималарнидир хаёл суриб борар, менга кўзи тушса ҳам эътибор бермас, таниёлмас эди. Опанинг эгнидаги азадор либосларини кўриб, кўнгил сўраш мақсадида унга яқинлашдим.
У билан саломлашиб, сўрашар эканман, дилидаги изтироб юз-кўзларига кўчиб, доим чақнаб, кулиб турувчи кўзлари ногоҳ намланди. 
– Яқинда оғир жудоликни бошдан кечирдим, – дея гап бошлади у. – Бу жудоликдан бутун бир оила, ойижоним ва дадамлар ҳам ўзларига келолмай қолишди. Ҳатто уч ёшли ўғилчам ҳам худди дадаси энди ҳеч қачон қайтиб келмаслигини сезгандек маъюсланиб, гоҳ менга, гоҳ бобо-бувисига қараб қўяди. Нима бўлганлигини англаб етдим-у, бир зум ўзимга келолмай қолдим. Ахир, бундан икки йил аввал опанинг турмуш ўртоғи Учқун ака оиласидагиларнинг қаршиликларига қарамай, ишини, қўлидаги гулдай ҳунарини ташлаб, чет элга ишлагани кетганди...
Ҳа, уч-тўрт йил аввал Учқун ака қишлоқнинг олди ҳунармандларидан эди. У ясаган сандиқларнинг нафақат қишлоқда, ҳатто туманимиз ва шаҳарда ҳам талабгорлари жуда кўп эди. Ҳовлилари саҳнидаги узумзор боғлари эса бутун оилани таъминлар, ортганини қўни-қўшни, қариндош- уруғлар олиб кетишарди.
Ҳамқишлоқ дўстининг гапларига кириб, Россия давлатига ишлагани кетган Учқун ака анча вақтгача хабарлашиб турди. Кейинчалик у кишининг ёмон одамларга қўшилиб, ичкиликка ружу қўйгани ҳақида қишлоқда элас-элас гаплар чиқиб турарди. Замира опанинг гапларига қараганда, ўша Россия давлатида кунларнинг бирида Учқун ака одатдагидек ишларини тугатиб, дўсти ва ҳамкасблари билан ҳар доимгидек бир жойда тўпланишиб, алламаҳалгача улфатчилик қилишган. Спиртли ичимликлар ичиб, орада келишмовчилик чиққач, Учқун ака дўстининг ижара машинаси калитини олиб, уйга кетмоқчи бўлган. Афсуски, маст ҳолда машинани катта тезликда бошқариб бораётган Учқун ака охир-оқибатда симёғочга шу қадар зарб билан урилганки, ҳатто машинанинг қайси русумда эканлигини билиб бўлмас аҳволга келган... Бу ҳақда бирга ишлагани кетган шериклари Замира опага гапириб берган.
Хорижга ўз оёғи билан ўйнаб-кулиб кетган ўғлининг ёмон одамларга қўшилиб, икки йилда тобутда қайтганини кўтаролмаган бечора ота бетоб бўлиб, анча вақт ўзига келолмай, касалхонада ётди. Ота ўтган кунларини эслар экан, ўғлига айтган сўзлари ёдига тушди: “Ўғлим, бугунги куннинг қадрига ет, ахир бу кунларни кўрганлар бор, кўрмаганлар бор. Оллоҳга шукрона келтир, оиламиз фаровонликда, тўкин-сочинликда яшамоқда. Болаларингни кўзларида қувонч, лабларида табассум...” Афсуски, Учқун ака ўша пайтда отаси айтган бу сўзларнинг мазмунини унчалик ҳам тушуниб етмади, яқинларининг маслаҳатига қулоқ солмади.
Бир кун келиб, бу воқеа ҳам унутилар балки. Аммо отасини сўраб ҳар куни Замира опанинг дил ярасини янгилашга ўша машъум кунларга қайтишга яна ва яна мажбур қиладиган икки норасида боланинг отасини бир бор кўриш истаги энди мангу армонга айланиб қолган эди...
Райҳон РАХИМОВА.

Просмотров: 503 | Добавил: rsc | Рейтинг: 0.0/0
Всего комментариев: 0
Имя *:
Email *:
Код *:
Вход на сайт
Поиск
Календарь
«  Июнь 2015  »
ПнВтСрЧтПтСбВс
1234567
891011121314
15161718192021
22232425262728
2930
Архив записей
Друзья сайта
  • Официальный блог
  • Сообщество uCoz
  • FAQ по системе
  • Инструкции для uCoz