Воскресенье, 19.05.2024, 01:09
Приветствую Вас Гость | RSS

ижтимоий-сиёсий,адабий-бадиий,маданий-маърифий сайти

Меню сайта
Статистика

Онлайн всего: 1
Гостей: 1
Пользователей: 0
Главная » 2015 » Апрель » 21 » Пайғамбарнинг хирқаси
16:51
Пайғамбарнинг хирқаси

Ғулом Каримий. Пайғамбарнинг хирқаси.

ЭссеШарқ юлдузи    Ғулом Каримий. Пайғамбарнинг хирқаси. Эссе 2010 йил, 4-сон, Наср


2009 йил август ойи бошида, Шаҳрисабз туманига сафарим чоғида, ҳамроҳим – Лайлакон қишлоғи фуқароси, собиқ курсдошим Манзар Абдулғайров Қамаши туманидаги Катта Лангар қишлоғида ҳазрат пайғамбаримиз Муҳаммад саллаллоҳи алайҳи васалламнинг табаррук хирқаси сақланишини айтиб қолди. Эшонзода дўстимнинг бу гапидан таажжубимни яширолмадим, шунинг билан бирга, Муҳаммад пайғамбар с.а.в. хирқасини сўфий Увайс Қаранийга васият қилгани ҳақидаги ривоят ёдимга тушди.
Бу ҳақда Алишер Навоий “Насойим ул-муҳаббат” асарида ёзади: “Нақлдурки, ҳазрат Рисолат с.а.в. оламдан ўтарда, асҳоб сўрабдурларким, сизнинг мураққаъ кимга ҳаволадур? Дебдурларки, Увайс Қаранийға берсунлар ва десунларки, манинг умматимни дуо қилсун! Ҳазратдин сўнгра Форуқ ва Муртазо разияллоҳу таоло анҳумо Кўфаға бориб, Яман элидин сўруб, Қаранда Увайсни топдиларким, тева кутуб юрур эрди. Мураққаъни топшируб, уммат учун дуо истидъо қилдилар ва бу маънида сўз кўпдур”.
Пайғамбарга замондош шоир Каъб ибн Зуҳайр онҳазратнинг хирқасига бағишлаб, “Қасидат ул-бурда” (“Хирқа ҳақида қасида”) ёзган. ХIII асрда яшаган араб шоири Муҳаммад ибн Саъид ал-Бусирийнинг пайғамбаримизга бағишланган қасидаларидан бири ҳам “Қасидаи бурда” номи билан машҳур. Ривоятларга кўра, қасида муаллифи оғир дардга чалинган. Бир куни у тушида Расулуллоҳни кўрган. Ушбу қасидани ўқиб бергач, Расулуллоҳ ўз хирқасини шоирнинг эгнига ёпади ва унинг фалаж бўлган жойларини силайди. Шу боис шоир шифо топади ва қасида жаҳон адабиётига “Қасидаи бурда” номи билан киради. Бу қасида қатор тилларга таржима қилиниб, унга сон-саноқсиз шарҳлар ёзилган. Қасиданинг туркий тилдаги шарҳларидан бири темурий ҳукмдорлардан Шоҳрух Мирзо замонида Мавлоно Ҳусайн Хоразмий тарафидан яратилган. Бу ҳақда Алишер Навоий “Мажолис ун-нафоис” асарида маълумот беради: “Мавлоно “Қасидаи бурда”ға ҳам хоразмийча туркий тил била шарҳ битибдур”.
“Қасидаи бурда” заҳматкаш олим Сайфиддин Сайфуллоҳ тарафидан ўзбек тилига насрий таржима қилиниб, изоҳлар ва аслият матни билан 2005 йилда Тошкентда “Мовароуннаҳр” нашриётида чоп этилди.
Пайғамбаримиз хирқаси билан боғлиқ мен ҳали ўқимаган ё эшитмаган яна кўплаб асарлар ва ривоятлар, албатта, бор. ХIII аср шоири Муҳаммад Бусирий ҳам тушида кўрган хирқани бугун ўнгимизда кўрсак! Ҳар ҳолда Катта Лангар қишлоғи хосиятли ва сир-синоатга бой. Ахир, Қуръони каримнинг жаҳондаги энг қадимги нусхаларидан бири шу қишлоқдан топилган. У фанда “Катта Лангар Қуръони” деб аталади.
Катта Лангар қишлоғидаги бир хонадонда мезбон аёл одам бўйи баландликда турган саватсимон ёғоч идиш устига ёйилган матони олганда қанчалар ҳаяжонланганимизни таъриф қилолмаймиз. Ним қоронғида хирқанинг рангини ажратиш мушкул эди. Навбатма-навбат тавоф қилдик. Менга хирқа майда сариқ, қизил гуллари бор малла матодан тикилгандек туюлди.
Тошкентга қайтгач, исломшунос илмий ходимлардан Лангардаги хирқа ҳақида суриштирдим. Ишқия тариқатига мансуб шайхлар фаолияти ҳақида мунтазам изланишлар олиб бораётган учта тадқиқотчи – Бахтиёр Бобожонов, Бобур Аминов ва Абдусаттор Жуманазаров бизнинг институтда ишлаши менга анча қўл келди. Лангарда бир неча бор бўлган, кўҳна қабртошлардаги битикларни тадқиқ қиладиган дўстим Бобур Аминов хирқа ҳақида илмий адабиётда илк бор М.Е.Массон 1966 йилда эълон қилинган “Катта Лангар в области средневекового Кеша” мақоласида маълумот берганини айтди.
М.Е.Массоннинг мазкур мақоласида ёзилишича, маҳаллий аҳоли орасида тарқалган ривоятларга кўра, хирқанинг Мовароуннаҳрга келиб қолиши қарийб Муҳаммад пайғамбар с.а.в замонига бориб тақалади. Бир нақлга кўра, пайғамбар хирқасини Увайс Қаранийга васият қилган ва Мовароуннаҳрда яшаётган Увайсни топиб, хирқани унга етказишган. Иккинчи нақлга кўра эса, пайғамбар хирқасини олишга мушарраф бўлган Увайс Қараний умри охирларида Ямандан Мовароуннаҳрга кўчиб келган. Хирқа Увайснинг шогирдларидан бири тарафидан Мовароуннаҳрга келтирилган деган нақл ҳам мавжуд. Хирқанинг шундан кейинги тарихи Ишқия тариқати шайхлари фаолияти билан боғланади. Амир Темур ва темурийлар даврида мазкур тариқатнинг йирик шайхлари ҳозирги Самарқанд вилояти, Нуробод туманидаги Ингичка қишлоғида яшаган. Қишлоқдаги Остона ота мозорида Худойқули шайх, Муҳаммад шайх, Илёс шайх кабилар дафн этилган мақбара мавжуд.
XV аср охирларида Нақшбандия тариқати таъсири аҳоли орасида бениҳоя кучайгач, Ишқия шайхлари Самарқанддан узоқроқ ва янада хилватроқ маскан излашади. Мавжуд вазиятда улар ҳали Нақшбандия шайхларига мурид бўлиб улгурмаган тоғлик аҳоли ўртасидагина эътибор ва муваффақият қозонишлари мумкин эди. Бу жиҳатдан тоғлар орасидаги бўлажак Катта Лангар қишлоғи ҳудуди уларга янги қароргоҳ учун мақбул мавзе бўлиб кўринади. Бу кўчишни ровийлар шайх Муҳаммад Содиқ (вафоти 1545 йил) номи билан боғлашади. Афсонавий нақлга кўра, Муҳаммад Содиқнинг ёшлигидаги вазифаларидан бири ўз пири учун таҳоратга сув иситиб бериш эди. Бир куни у ўтин тугаб қолганини кўриб, сувни иситай дея қумғонни қўлтиғига қисиб олади. Мўъжиза юз бериб, сув қайнаб кетади. Пир ўз муриди ҳақиқат босқичига етганини англаб, шундай дейди: “Энди бу ерда иккаламиз туришимизга ҳожат йўқ. Сен иршод мақомига етибсан ва ўзингга бошқа макон топмоғинг лозим. Туяга миниб йўлга туш. То у чарчаб батамом ҳолдан тойиб йиқилиб, уч кундан сўнггина ўрнидан турадиган манзилгача йўл бос. Бориб етганинг жой сенга маскан бўлғуси!”
Муҳаммад Содиқ туяга миниб, кажаванинг бир тарафига Қуръон, иккинчи тарафига муборак хирқани солиб, йўлга тушади. Туя ҳозирги Катта Лангар қишлоғи жойлашган мавзега етганда ҳолдан тойиб йиқилади ва уч кундан сўнггина ўрнидан туради.
Хирқа ҳақидаги мазкур ривоятларни баён қилган М.Е.Массон унинг пайдо бўлишини бошқача изоҳлайди. Олимнинг фикрига кўра, XVI асрда шайбоний ҳукмдорлар ҳомийлигидаги юксалишдан сўнг, XVII асрдан бошлаб Катта Лангарнинг диний-тасаввуфий марказ ва зиёратгоҳ сифатидаги мавқеи пасая бошлаган. Бу ердаги шайхлар бунинг олдини олиш, мавзенинг ўлка аҳолиси орасидаги зиёратгоҳлик мақомини ошириш учун гўёким пайғамбарга тааллуқли хирқа, тасбеҳ ва “мўйи муборак” каби сохта буюмларни ўйлаб топишган.
М.Е.Массон эшитганлари асосида хирқанинг тавсифини ҳам келтиради: “Хирқа оч-малла туя юнгидан тўқилган, унинг сариқ, кўк ва қизил нақшлари бўлган. Хирқа Иброҳим алайҳиссалом тарафидан қурбонликка сўйилган қўй юнгидан тўқилган, деган нақл ҳам мавжуд. Унинг чоклари бўлмай, мўъжизавий тарзда Муҳаммад пайғамбар учун яратилган эмиш. Шунингдек, у шундай хусусиятга эга эканки, назар солган одамларга турлича рангда кўринаркан”.
Санкт-Петербурглик олим Ефим Резваннинг халифа Усмон қуръонига бағишланган рус ва инглиз тилларида чоп қилинган тадқиқотларида Катта Лангардан топилган кўҳна Қуръон нусхаси ва бу ерда сақланган муборак хирқа ҳақида ҳам баъзи маълумотлар бор. Е.Резван С.Е.Григорьевнинг 2002 йилда инглиз тилида эълон қилинган “Афғон тарихий манбалари Муҳаммад пайғамбар хирқаси ҳақида” номли мақоласига таянган ҳолда баён қиладики, Афғонистондаги баъзи манбалар маълумотига кўра, Афғонистон давлатига асос солган Аҳмадшоҳ Дурроний (1747-1773) даврида Катта Лангардаги хирқа Афғонистонга олиб кетилган ва ўшандан бери Қандаҳор шаҳридаги мозорлардан бирида сақланар экан. Ҳатто толиблар раҳнамоси мулла Умар ўзини халифа деб эълон қилишга ҳақи борлигининг далил-исботларидан бири сифатида мазкур хирқани рўкач қилган.
Шуниси борки, Катта Лангарда сақланган хирқа ҳақида ёзган тадқиқотчилар, асосан, оғзаки ривоятларга асосланган, маҳаллий қўлёзма манбаларда бу ҳақда бирон маълумот учраши қайд этилмаган. Камина ҳарчанд қидирсам-да, Ўзбекистонда ва хорижда нашр қилинган қўлёзмалар каталогларидан ҳазрат пайғамбаримиз хирқаси Мовароуннаҳрга келиб қолиши ҳақидаги хабарни ўз ичига олган бирон асарни тополмадим. Қолаверса, жаҳондаги кўпгина қўлёзмалар жамғармаларида каталоглаштириш ишлари ҳали охирига етказилмаган, бинобарин, юзлаб, ҳатто минглаб қўлёзмалар қандай асарлардан иборат экани ҳануз илмий жамоатчиликка маълум эмас.
Қўлёзмаларни каталоглаштириш, яъни қўлёзма китоблардаги асарларнинг қисқача тавсифини тузиб чиқиб, китоблар ҳолида нашр этиш Ўзбекистон Фанлар академияси Абу Райҳон Беруний номидаги Шарқшунослик институти ташкил қилинган 1943 йилдан бери бу даргоҳдаги энг муҳим илмий вазифалардандир. Шўро даврида 11 жилд каталог нашр этилди. Ундан жами 7574 та асар нусхалари тавсифлари ўрин олган. Бироқ 25 минг жилд қўлёзманинг ҳар бирида ўрта ҳисобда 5 та асар нусхаси бор десак, бу 125 минг нусха дегани. Бунинг ичида айрим асарларнинг ўнлаб, ҳатто юзлаб нусхалари бор бўлса, баъзилари эса ягона ёки бармоқ билан санарли нусхададир. Қачонки, беистисно барча қўлёзма жилдлардаги асарлар ва уларнинг такрорий нусхалари тавсифлари тўла тузиб чиқилиб каталоглаштирилгандагина биз қай миқдордаги ёзма меросга эга эканлигимиз, яъни институтимизда қайси асарлар мавжудлиги ва улар неча нусхада эканлигини бир қадар аниқ билиб оламиз.
Илгари анча суст кетаётган ёзма меросни тавсифлаш ва каталоглаштириш ишларини истиқлол даврида жонлантириш ва тезлаштириш имкониятлари пайдо бўлди. Албатта, бу иш ҳам иқтисодга боғлиқ. Германиядаги Герда Ҳенкель жамғармаси низомида хорижий тадқиқотларга, айниқса, ёзма мерос билан боғлиқ изланишларга ҳомийлик қилиш ҳам кўзда тутилган. Бироқ бу жамғарманинг грантини қўлга киритиш осон эмас. Бунинг учун пул жуда зарур тадқиқотга, умуминсоният маънавияти ривожига кўмаклашувчи изланишларга сарф қилинишини асослаш керак. Хайриятки, институтнинг катта илмий ходими Санжар Ғуломов бу ишни уддалади. Академик Яҳё Ғуломовнинг невараси С.Ғуломовнинг Англия, Германия ва Япониядаги илмий марказларда олим сифатидаги обрўси баланд. У ҳар учала мамлакатда ойлаб илмий сафарларда бўлган. Санжарнинг саъй-ҳаракати натижасида Герда Ҳенкель жамғармаси ва Беруний институти ўртасида беш йилга мўлжалланган илмий лойиҳа имзоланди. Бу хайрли ишда германиялик устозимиз, Марказий Осиё ёзма меросининг йирик тадқиқотчиси профессор Юрген Паулнинг ҳам хизмати катта.
Мазкур лойиҳани бажаришга қарийб 15 та илмий ходим жалб этилди. Улар беш йил мобайнида институтнинг асосий фондида сақланаётган 14 минг қўлёзма жилддаги асарлар тавсифини тузиб, электрон каталог яратишади. Мазкур каталогдан эса зарур асарларни топиш анча осон. Масалан, бирон тадқиқотчи Замахшарий мероси билан қизиқса, электрон каталогдан олимнинг Беруний институтида сақланаётган барча асарлари, уларнинг нусхалари, қачон кўчирилгани, бу асарларга ёзилган шарҳлар ва уларнинг бошқа тилларга таржималари айнан қайси рақамлардаги қўлёзма жилдларда мавжудлигини тез билиб олади. Бу имконият, албатта, каталог якунлангандан сўнг пайдо бўлади. Ҳозир эса иш қизғин. Асарлар турли-туман соҳалар: тарих, адабиёт, филология, география, математика, астрономия, зоология, фиқҳ, калом, ҳадис, Қуръон ва қуръоншунослик, фолнома, толеънома, тақвим, дуолар, иншо ва ҳоказоларга оид. Баъзи қўлёзмаларнинг бошидаги ёки охиридаги варақлари йўқолган. Намдан зарарланган ёки қурт еганлари ҳам учрайди. Бундай нотўлиқ нусхаларнинг номи, мавзуси ва кимнинг қаламига мансублигини аниқлаш ҳамиша ҳам осон кечавермайди. Шу сабабли лойиҳа иштирокчилари бирон қўлёзма устида бош қотириб, хуноб бўлиб ўтиришганини кузатиш ажабланарли эмас. Баъзан эса, “фалон қўлёзмадан фалон номдаги ҳеч бир каталогда учрамайдиган нодир асар чиқиб қолди”, – қабилидаги қувончли хитоблар ҳам янграйди.
Лойиҳа иштирокчиси сифатида камина ҳам бир куни навбатдаги қўлёзма жилддаги асарларга тавсиф тузаётган эдим. Турли ҳажмдаги форс тилидаги асарлардан охиргиси – атиги уч вараққа битилган мўъжаз рисоланинг бошланишини кўзларимга ишонмай қайта ўқидим: “Дар баёни маноқиби ҳазрат Худойқули шайх Кўҳитимий аз тавобеъи Тотканд ва кайфияти расидани хирқайи онҳазрат саллаллоҳи алайҳи васаллам ба шайхи мазкур ин аст”. Мазкур узунчоқ сарлавҳанинг ўзбекча мазмуни шундай: “Тоткандга тобеъ Кўҳитимлик ҳазрат Худойқули шайх маноқиби ва онҳазрат саллаллоҳи алайҳи васаллам хирқасининг мазкур шайхга етиб келиши баёни ушбудир”. Тотканд Самарқанд вилоятидаги қадимий кент бўлиб, ҳозир ҳам мавжуд. Кўҳитим, яъни “Тим тоғи” эса Нуробод туманидаги Тим қишлоғи яқинидаги тоғ. Худойқули шайх Ишқия тариқатининг Амир Темур даврида яшаган йирик муршиди бўлиб, қабри Ингичка қишлоғидаги Остона ота мозорида. Рисоланинг бошқа саҳифаларига шошилинч кўз югуртириб, ниҳоят унинг охирида хирқа Шаҳрисабзнинг Лангар қишлоғига етказилгани, Лангар масжидидаги махсус хонада сақланиши ҳақидаги хабарни топдим. Демак, хирқа ҳақидаги гаплар фақат оғзаки ривоятлардан иборат бўлмай, у ҳақда қўлёзмаларда ҳам маълумотлар мавжуд.
Рисоланинг асосий қисми Худойқули шайх маноқибига бағишланган. Мазкур шайх ва унинг авлодлари ҳақида бошқа манбалар ва илмий адабиётларда ҳам маълумотлар бор. Алишер Навоий “Насойим ул-муҳаббат” асарининг турк машойихларига бағишланган қисмида Худойқули шайхнинг устозлари ҳамда муридлари, шунингдек ўғли Муҳаммад Шайх, невараси Илёс шайх ва чевараси Абулҳасанлар зикрини келтиради.
Манбаларда Ишқия тариқати шайхларининг Ингичкадан Лангарга кўчиши Худойқули шайхнинг чевараси Абулҳасан Калон ал-Ишқий (1419-1491), оғзаки ривоятларда эса унинг ўғли Муҳаммад Содиқ (1460-1545) номи билан боғланади. Эҳтимол, Абулҳасан кўчишни амалга оширган бўлса-да, янги жойда бунёдкорлик фаолиятини бошлашга улгурмагандир. Ҳар ҳолда Лангардаги асосий меъморий обидалар Муҳаммад Содиқ даврида қурилган ва халқ ривоятларида у “Лангар ота” номи билан тилга олинади.
Камина рисоланинг ўзбек тилига таржимасини муҳтарам ўқувчилар эътиборига ҳавола қилар эканман, бу асар хирқанинг асллигини тасдиқлайди, деган фикрдан йироқман. “Насойим ул-муҳаббат”да, ҳатто ундан кейинроқ шайбонийлар сулоласи даврида ёзилган ва Ишқия тариқати шайхлари номлари зикр этилган манбаларда пайғамбаримизга мансуб хирқа мазкур шайхларда сақлангани ҳақида бирон маълумот йўқ. Тўғри, Алишер Навоийнинг шайх Худойқулининг чевараси шайхзода Абулҳасан ҳақидаги нақлида эътиборни ғоятда тортадиган жиҳатлар борки, бу ўринда мазкур нақлни тўлиқ келтириш жоиздир:
“Шайхзода Абулҳасан қуддиса сирраҳу. Илёс шайхнинг ўғлидир. Кичик ёшдин риёзат ва мужоҳида била ўткарибдур. Мундоқ манқулдурким, тенгри таоло қўрқунчидин онча йиғлағондурки, кўзларига тийралик юзлангандур. Илёс шайхдин сўнгра бу силсила аҳли барча анга байъат қилиб, иродат тоза қилибдурлар. Ва Макка сафариға борурда мизожиға заъф торий бўлуб, Бистомда султон ул-орифин қуддиса сирраҳу авлоди анга хирқа ва тож ҳавола қилиб, қайтиб Ҳирий шаҳриға етканда ҳазрат Махдумий наввара марқадуҳу нуран (яъни Абдураҳмон Жомий – Ғ.К). шарафи мажлисиға мушарраф бўлуб, алардин илтифотлар топиб, алар ўз мусаннафотларидин бир китоб ва бир жойнамоз ва бир рўпок анга бергандурлар. Хориқи одот андин кўп нақл қилибдурлар”.
Бистомда султон ул-орифин, яъни Боязид Бистомий авлодлари шайхзодага “хирқа ва тож” ҳавола қилишди, дейилганда айнан нима назарда тутилган экан? Сўз пайғамбаримизга мансуб хирқа ҳақида бўлганида Алишер Навоий буни, албатта, таъкидлаган бўларди. Ўша даврда муршиднинг иршод мақомига етган муридига иршоднома ёзиб бериб, хирқа кийдириши, яъни мустақил фаолиятга оқ фотиҳа бериши одат бўлган. Ишқия тариқатининг асосчиси Боязид Бистомий авлодлари ушбу тариқатнинг мовароуннаҳрлик намояндасига эҳтиром кўргузиб, унга ота-боболаридан қолган кўҳнароқ бир хирқани табаррук сифатида инъом этган бўлишлари мумкин. Абулҳасан бу хирқани Хуросондан Мовароуннаҳрдаги Ингичкага, сўнгра Лангарга олиб келгач, аста-секин унинг гўёким ҳазрат пайғамбарга мансублиги ҳақида ривоятлар тўқила бошлагандир, балким?
Худойқули шайх маноқиби ва онҳазрат хирқаси ҳақидаги рисоланинг муаллифи номаълум бўлиб, охирида кўчирилиш санаси ҳам қўйилмаган. Шу жилддаги бошқа бир асар 1320-1902 йилда айни шу ёзувда кўчирилганини назарда тутиб, рисола ҳам шу йили ё бир оз кейинроқ кўчирилган, деб тахмин қилиш мумкин. Асар илк бор яратилган йил эса номаълум. Мазмунига кўра, у шайх Муҳаммад Содиқ Лангарий авлодларидан бири тарафидан ёзилган.
Хуллас, бу рисола пайғамбаримизнинг табаррук хирқаси диёримизга келиб қолгани ҳақидаги ажиб бир ривоятдир ва унинг ҳозирча маълум ягона қўлёзма нусхасининг таржимаси қуйида тўлиқ келтирилади:
“Бисмиллоҳир раҳмонир раҳим. Тоткандга тобеъ Кўҳитимдан бўлган ҳазрат Худойқули шайх маноқиби ва онҳазрат саллаллоҳи алайҳи васаллам хирқасининг мазкур шайхга етиб келиши баёни будир: Самарқанд туманларидан бири Кўчайи Маликондан бўлган Аллоҳ ундан рози бўлгур шайх Абулҳасан Ишқий ҳазрат шайх Муҳаммад Содиқнинг пиридир.
Бизнинг катта бобомиз шайх Худойқули тўрт кишидан тарбият олганлар. Улардан бири шайх Абулҳасан Ишқий бўлиб, байъат (қасамёд) қилган пиридир. Бу пири (ҳажга) кетар пайтида хирқа ва кулоҳни ҳазрат шайх Худойқулига топшириб, шундай деганлар: “Мен мисли ток бўлдим, сен эса печак. Печак токка чирмашиб, уни қуритганидек, сен бизни қуритдинг”. У ўғли шайх Маҳмудни шайх Худойқулига топшириб, Маккага равона бўлди.
Бошқа пири шайх Муҳиддин Банголий бўлиб, ажиб тарзда (шайх Худойқулини) тасарруф қилган эди. Чунончи, у бир неча бор шайх Муҳиддин Банголийнинг мулозиматига бориш учун шайх Абулҳасандан рухсат сўради, бироқ пири ижозат бермади ва деди: “Унинг суҳбати сукутдир, бориб нима қиласан?”
Бир куни шайх Худойқули масжидда қиблага юзланиб ўтирганида Муҳиддин Банголий ҳозир бўлиб деди: “Ўғлим, бу оламдан сафар қиламан ва сен меросхўримсан. Нима бўлса, сенга бердим”. Шайх Худойқули унинг вафотидан қаттиқ қайғуриб, пири шайх Абулҳасаннинг хонақоҳига бормоқчи бўлди. Ногоҳ йўлда пири рўпара келиб, унга деди: “Ўғлим, шайх Муҳиддин Банголийдан сенга тегадиган нарса ўзи сенга етишини билардим. Боришга ҳожат йўқ эди, бинобарин, бир неча марта сўраганингга қарамай, мен рухсат бермадим”.
Яна бир пири ҳазрат Хожа Баҳоуддиндир. Айтишларича, бир куни Хожа ўз ёронлари билан ўтирганида шундай деган: “Тотканд тарафда бир турк бор ва унинг муҳаббати мени ўзига шунчалик тортмоқдаки, бормасам бузрукнинг Тоткандга келишини хабар қилган. Бир қанча муддатдан сўнг ҳазрат Хожа Тотканд тарафга равона бўлган. Ҳазрат Худойқули буни эшитиб, пири шайх Абулҳасан олдига келиб, деди: “Мен бир турк бўлсам, ҳазрат Хожа хизматини қандай адо этай?” Шайх деди: “Сендан хизмат сўрашса бажар, бироқ ниёзмандлик қилмагин. Тезроқ бор, хожа яқин келди”. Худойқули шайх бир неча қадам босиши биланоқ, шайх Абулҳасан уни чақириб деди: “Ортингга қайт, Хожа ҳам қайтиб кетдилар”. Ҳазрат Хожа Карманага келиб, шу ердан қайтиб кетган эди. “Ниёзмандлик қилмагин” деган сўзидан билдимки, пири мен бориб (муридини) ундан жудо қилишимдан хавотирда, – деди Хожа. – Ҳолбуки, менинг ниятим бундоқ эмас эди. Балки, қобил бир йигитга фойда етказмоқчи эдим. Энди ўша фойдани Бухорода туриб ҳам етказа оламан”. Шу тариқа Хожа Карманадан қайтиб кетди.
Яна бир пири шайх Муслиҳиддин Хўжандийдир. Шайх Худойқулини ишғол қилганида Шайх Муҳиддин Банголийдан қуёшникига ўхшаш нур зоҳир бўлган. Хожа Баҳоуддиндан юлдузсифат нур зоҳир бўлган. Шайх Абулҳасан Ишқийдан шамга ўхшаш нур зоҳир бўлган. Бир куни онҳазрат саллаллоҳи алайҳи васаллам зоҳир бўлиб сўраганлар: “Улардан кимни ихтиёр қиласан?” Шайх Худойқули жавоб берган: “Мен туркман ва шайх Абулҳасан турк машойихидандир” Ҳазрат расул саллаллоҳи алайҳи васаллам унга топширганлар. Худойқули шайхнинг бу тўрт пири Амир Темур асрида яшаб ўтишган. Мавлоно Низомиддин Хомуш Самарқандий ўз рисоласида шундай ёзган: “Мурид шайхни ўз тарафига тортишга қобилдир. Чунончи, Худойқули Аллоҳ ундан рози бўлгур Хожа Баҳоуддинни ўз тарафига тортган”.
Шайхнинг отасининг исми Мулла Одам бўлиб, шу қадар риёзатга машғул бўлганки, бир нафасда “Ло илоҳа иллаллоҳ”ни зикр қилишни минг маротабага етказган. Унинг укаси ҳам отасининг мулозиматида риёзатга машғул бўлган. Бир куни у Худойқули шайхга шундай деди: “Мен яширинаман, сен топ!”. У яширингач, шайх топиш мақсадида муроқаба га кетди. Бир соатдан сўнг бошини кўтариб деди: “Роса изладим, ниҳоят тубий дарахти остидан топдим”.
Аллоҳ ундан рози бўлгур катта бобомиз шайх Содиқ шундай нақл қилган: “Мен Самарқандда таҳсил олганимда шайх Абулҳасан Ишқийнинг ўғли шайх Муҳаммад Амин Жиззахдан Самарқандга келди. Фақир у кишининг зиёратига бориб, қўлларини ўпдим. Эшоннинг мулозиматида бир мулла бўлиб, маорифдан сўз айтар эди. Сухан асносида у Муллойи Румдан ажиб нақл келтирди: “Ҳазрат Румий “Қуръоннинг баргини олиб, мағизи ва пўстини эътиборсиз қолдирдилар”, – демишлар. Демак, у кишининг назарида Қуръон мағиз, барг ва пўстдан иборат экан, бу қанақа гап бўлди?” Шундай дея, у Мавлононинг сўзларини танқид қилди. Шайх бошини солинтириб ўтирар, ҳеч нима демас эди. Ногоҳ, менинг кўз олдимда Мавлонойи Румийнинг руҳи намоён бўлиб деди: “Ўғлим, мени бу итга талаттириб, жим ўтирибсанми?!” Шундан сўнг мен дедим: “Мавлонойи Рум сўзларининг маъноси бор, таҳқиқ қилмасдан, нега зиён етказасиз? Қуръондан наф оладиган жамоат уч тоифадир. Биринчи тоифа Қуръоннинг мағизидан хабардор, яъни “унинг моҳиятини Аллоҳ билур” дейилганидек, унинг ёлғиз Аллоҳга маълум маъниларини билишади. Буларни Аллоҳ Ўзи хоҳлаган кишиларга билдиради. Иккинчи тоифа Қуръоннинг пўстини, яъни сўзма-сўз маъносини билишади. Учинчи тоифа эса Қуръоннинг баргини билишади. Аллоҳ ундан рози бўлур Имоми Аъзам шулар жумласидандир”.
Мен бу гапларни айтгач, мулла мулзам бўлиб, шайхга деди: “Кечаю кундуз сизнинг хизматингизда риёзат чекмоқдаман. Бу йигит мени шарманда қилса-да, сиз индамайсиз”. Шайх деди: “Сиз беадаблик қилдингиз. Бу сўзларни йигитнинг тили билан Муллойи Румнинг ўзи айтди”.

Онҳазрат саллаллоҳи алайҳи васалламнинг муборак хирқалари баёни

Номдор ошиқлар ва орифлар сардафтари султон Боязид Бистомий Аллоҳ ундан рози бўлгур имом Жаъфар Содиқдан сўнг шарафли Ишқия силсиласига раҳнамо бўлди. У кишининг номи Тайфур бин Исо бин Одам бин Сирушондир. Унинг бобоси габр (оташпараст) бўлиб, сўнгра мусулмон бўлган. Шайх 261-875 йилда вафот этган.
Ишқия акобирларидан баъзилари айтишича, шайх Мухториддин Ишқий сайид Баҳоуддин Мағрибийдан тарбият кўрган. Расул саллаллоҳи алайҳи васалламнинг хирқаси Аллоҳ ундан рози бўлгур амиралмўминин Алига қолган эди-ю, Аллоҳ бандаларининг комили уни эгнига киймади. Хирқа бир неча нисбат орқали Муртазо Алидан сайид Баҳоуддин Мағрибийга етган эди. Баҳоуддин Мағрибий вафотидан олдин уни ўз муриди шайх Мухториддинга иноят қилган. Шайхнинг ўғли Маккадан келиб, хирқани унга топширган .
Шайх Ҳасан Ишқий Самарқандий хирқани Худойқули шайхга топширган. Худойқули шайхдан сўнг силсилага унинг ўғли шайх Муҳаммад бош бўлиб, хирқани кийган. Шайх Муҳаммаддан сўнг унинг ўғли шайх Илёс иршод маснадида ўтириб, хирқайи набавийни эгнига кийган. Ҳазрат шайх Илёснинг олти ўғли бўлган. Бири шайх Абулҳасан бўлиб, у Лангар номи билан машҳур. Иккинчиси Қосим шайх, учинчиси Хожамуҳаммад шайх, тўртинчиси Юсуфшайх, бешинчиси Бобоязид шайх ва олтинчиси Бобобек шайхдир.
Ҳазрат шайх Муҳаммад Содиқ Лангарий айтганлар: “Бизнинг ота-боболаримиздан икки киши, айниқса, риёзат чеккан. Бири бобокалонимиз Худойқули шайх бўлиб, у киши баъзан ўз ўғли Муҳаммад шайхга “Сизлар тайёр ошга баковулларсиз” – дер экан. Иккинчиси бобомиз (яъни Илёс шайх – Ғ.К). бўлиб, йигирма беш йил мобайнида оёғини узатиб ўтирмаган . У киши ўн икки ёшидан риёзатга машғул бўлган.
Шайх Абулҳасан отаси шайх Илёс вафотидан сўнг Шаҳрисабз тоғларида манзил қурган ва ўтмиш машойихларидан унинг аждодларига етган расул саллаллоҳи алайҳи васаллам хирқасини Шаҳрисабздаги Лангар (қишлоғи)га келтирган. Масжиднинг кунчиқар тарафида хона қуриб, хирқани шунда сақлашган. Ва яна Аллоҳ билгувчидир”.

Просмотров: 758 | Добавил: rsc | Рейтинг: 0.0/0
Всего комментариев: 0
Имя *:
Email *:
Код *:
Вход на сайт
Поиск
Календарь
«  Апрель 2015  »
ПнВтСрЧтПтСбВс
  12345
6789101112
13141516171819
20212223242526
27282930
Архив записей
Друзья сайта
  • Официальный блог
  • Сообщество uCoz
  • FAQ по системе
  • Инструкции для uCoz