Суббота, 18.05.2024, 22:25
Приветствую Вас Гость | RSS

ижтимоий-сиёсий,адабий-бадиий,маданий-маърифий сайти

Меню сайта
Статистика

Онлайн всего: 1
Гостей: 1
Пользователей: 0
Главная » 2015 » Июнь » 18 » ШАФҚАТСИЗ АСР IV
18:49
ШАФҚАТСИЗ АСР IV

Роман

IV

Саланганинг этак қисмидан шамол эсар, лойқа тўлқинлар қумли қирғоқ устига думалаб чиққандай кўринарди. Чиледу отидан сирғаниб тушди, чарчоқдан чайқалиб бориб, сувга яқинроқ қум устига ағанади. Дарё тўлқини келиб унинг боши ва елкаларига урилди. У дағаллашиб кетган юзидаги сувларни кафти билан энтикиб артди.Унинг кетидан жиловини судраб келган оти дарёга эгилиб, узоқ сув ичар экан, ичига кириб кетган биқинлари дам-бадам кўтарилиб тушар эди. 
Чиледу нариги қирғоққа қараб турарди.У ерда атрофи ярим доира шаклида оқ-қора ўтовлар билан қуршалган йўл-йўл чодир кўриниб турарди. Чодир узра туғ ҳилпирайди. Мана, у уйида. Қайтиши шунақа бўлишини ким ҳам билибди? 
Тўлқинлар қирғоқда ястланган қум устига шитоб билан отилиб чиқар ва яна тезда орқага қайтар экан, қум устида илонизи кўпиклар чизиғини қолдирарди. Шу ерда узуноёқ балиқчи қуш кўпиклар орасида нималарнидир излар, Чиледуга ёвқараш қилиб ёнламачасига қараб-қараб қўярди. От оғзидан сув томчиларини томизиб сувдан чиқиб келди. Чиледу кечувга ошиқмасди. У бутун йўл давомида қабиладошлари билан бўладиган учрашувни даҳшат билан ўйлаб келди. Уни ёш хотини билан кутишяпти, у бўлса… Отасининг кўзига, ҳўкиз-аравасини бериб турган Тайр-Усун нўённинг кўзига қандай қарайди? Бу каби уятсизларча талаб кетишганидан кўра ўлдириб қўя қолишса ҳам майли эди. Ойлун, ҳозир қаердасан, Ойлун?.. Нимага ҳам менинг ҳаётимни сақлаб қолдинг? Ойлун ёнимда бўлмаса, ҳаётнинг нима кераги бор? Балким у овулига қайтмагани, Саланга бўйлаб пастга, қондошлари юрти бўлган Бурқучин-Тўкум ерларига, хур-туматлар қабиласига кетворгани маъқулмикин? 
Осмонни шамол қувлаб келаётган улкан қора булутлар қоплаб, у ер-бу ерда бир-икки томчи ёмғир ҳам шитирлаб қолди. Яхшигина ёғингарчилик бошланаётган эди, чамаси. Йўқ, хур-туматлар тарафга бормайди. Болалигида маркитлар асир олиб кетган бобосини у ерда ҳеч ким танимагани учун, ёки узоқ йўлдан қўрққани учун ҳам эмас. Йўқ, у шу ерда қолади. Қабиладошларининг масхаралари, таъна-маломатларига чидайди. Тўхтабегидан навкарлар олиб, тайжутлар юртига боради ва Ойлунни тортиб олади. 
Чиледу шундай қарорга келди-да, тезгина кийимларини ечди. Уларни бир тугун қилиб ўраб, эгарга боғлади. Жиловини ушлаб, от билан бирга сувга тушди. 
Нариги қирғоққа чиқиб олгач, кийиниб олди-да, отасининг ўтовини чамалаб бир оз туриб қолди. Тезлашиб кетган ёмғир энди унинг юзларига уриларди. Ўрамда ҳеч қандай ҳаракат кўзга чалинмас, ҳамма ўтовига кириб кетган эди. Яхшиям уни ҳеч ким кўрмайди... 
Ўтови ёнига бориб, отни бўшатгунича ивиб кетди. Ўтов ёпинчиғини бўшашибгина очиб, остона ҳатлади. Мўридан ёмғир томчилари билан бирга нурсизгина ёруғлик тушиб турарди. Бундай қоронғуликка ўрганмаган Чиледунинг кўзлари аввалига ҳеч нарсани пайқай олмади. 
- Сенмисан, ўғлим? - қоронғуликдан отасининг ожизгина, деярли англаб бўлмас овози эшитилди. 
Чиледу овоз келган томонга юрди. Отаси ётган ўринга энгашди. Бошидан томчилар думалаб, бўйнига оқди.Чиледу бир сесканиб қўйди. 
- Келганинг қандай яхши бўлди! 
У отасининг юзини энди кўрди. Ич-ичига чўкиб кетган кўзлари, ажинлар ўраб олган юзларига тушиб турган сийрак ва оппоқ сочлари жун кўрпага ўраниб ётган отасининг қартайиб қолганини кўрсатиб турар эди. 
-Менинг жуда ҳам мазам йўқ, ўғлим. Аждодларим чақиришмоқда. Энди сени ҳам, хотинингни ҳам кўролмайманми, деб ўйлаб турувдим. Илтижоларимни осмон эшитибди. 
- Ота... 
- Сабр қил, ўғлим. Олов ёқиб юбор. Анави ерда озгина архи( архи- сутдан тайёрланадиган арақ) ва қотган гўшт бор. Келишингга асраб қўювдим… Менга тезроқ хотинингни кўрсатақол.
Шу тобда Чиледу тирик қолганидан чинакамига нафратланиб кетди. 
- Ота, мен бир ўзим қайтдим... 
Отаси сал туриб ўтирди. Юпқа чопонининг очиқ барларидан суяклари узра қават- қават осилиб турган қари танаси кўриниб турар, тирноқлари қорамтир тус олган, озғин қўллари кўрпа узра бесаранжом ғимирлаб, ниманидир қидираётгандек ҳаракат қиларди.. 
-Ўзим айбдорман, - базўр гапирди отаси, -Ҳозир бориш керак эмасди. Мен ўлиб қолишимдан қўрқиб сени шоширдим. 
-Ота, мен Ойлунни қайтариб оламан! 
Қария бошини секингина чайқади.Чиледу тиззасига муштлади. 
-Қайтариб оламан! - Ойлун энди тайжутлар қўлида абадий қолиб кетганлигини у хаёлига ҳам келтирмасди. 
-Эҳ-ҳ, Чиледу. -Отаси яна ётиб олди. -Сен кимсан? Машҳур нўёнмидинг? Ёки қудратли хоннинг ўғлимидинг? Жасур навкарларинг бормиди? Эҳ , Чиледу, Чиледу…. Сен бори йўғи Тайр-Усуннинг чўпонисан, холос. Қорача... 
-Қайтарволаман! Қайтарволаман! - қасам ичган каби таъкидларди Чиледу. Шалаббо бўлиб кетган кийимлари танасига ёпишиб кетган, ўзини титроқ босарди. 
-Олов ёқиб, архи ичиб ол. Дамингни ол, - деди отаси хўрсиниб. 
-Йўқ, мен Тўхтабегининг олдига бораман. 
У овулни чопиб кесиб ўтди. Нўён чодири олдида калта найза ушлаган навкар турарди. 
-Қаёққа келаяпсан? Сени таклиф қилишганмиди? 
-Менга Тўхтабеги керак... 
-Сенга Тўхтабеги керакми? Сен-чи, сен унга керакмикансан-а? .. Ёғингарчиликда бир ўзи зерикиб турган навкарга эрмак топилган эди. 
-Ўтказиб юбор.Зарур иш билан келдим. 
-Сенинг зарур ишинг борми? - ҳайрон бўлди навкар. - Буни қара-я... Э-э, тўхта-тўхта, сен хотин олиб келгани кетган эдинг-ку, а? Тўхтабегини тўйга таклиф қилмоқчимасмисан, тағин? Мени-чи? Мени нимага таклиф қилмаяпсан? 
Чиледу найзани четга итариб, чодир ичига қадам ташлади. Навкар унинг қўлидан тутиб, орқага тортаркан: 
-Мен сенга ҳозир кўрсатиб қўяман! - деб хириллади. 
Шовқин ичкарига эшитилган шекилли, чодирдан Тайр-Усун чиқиб келди. Баланд бўйли, чайир, бўртиб чиққан думалоқ кўзли бу нўён Тўхтабегининг дўсти эди. У қошларини тепага кўтариб Чиледуга тикилди. 
-Сенмисан? 
-Ўзбошимчалик қилиб чодирга кирмоқчи! - навкар Чиледунинг елкаси оша бидирлаб кетди. Тайр-Усун қўлини енгилгина силкиган эди, навкар жим бўлди. Чиледу тиз чўкиб, бошини хам қилди. Кўз олдида Тайр-Усуннинг учи тепага буралган этиклари турарди. 
-Нима бўлди? 
-Тайжутлар талаб кетишди. Келинни олиб келолмадим. 
-Арава-чи? 
-Ҳўкизларни ҳам, аравани ҳам... 
Этикларнинг бири кўтарилди-ю, йиртқич қушнинг тумшуғига ўхшаб кетадиган учи Чиледунинг юзини нишонга олди. У тепки тушишини кутиб, бошини елкалари ичига тортиб олди. Лекин Тайр-Усун уни тепмай, даҳанидан кўтариб, Чиледуни ўзига қаратди-да: 
-Мен билан юр, - деди. 
Чодирда одам кўп эди. Нўёнлар, қабиланинг ҳурматли оқсоқоллари, Тўхтабегининг уччала хотини, ҳаммалари чордана қуриб ўтиришарди. Ўртада эса, наматлар билан қопланган супачада Тўхтабеги ёнбошлаб ётарди. Унинг пичоқ кескиси сингари ингичка ва ўткир кўзлари Чиледуга тушиб, ҳайрон бўлгандек Тайр-Усунга савол назари билан қаради. 
-Бизнинг жасур аскаримиз қайтибдилар,- деди Тайр-Усун. -Жун олиб келгани кетиб, ўзлари кал бўлиб қайтибдилар. 
-Гапир, - деб буюрди Тўхтабеги Чиледуга ва ҳаммасини эшитиб бўлиб, сўради: - Нима учун ёқалашмадинг? Нимага ҳеч кимни ўлдирмадинг? 
Чиледу бошини хам қилди. Бу талончилар билан нима учун уришолмаганини қандай айтсин? Улар билан уришадиган бўлса, ур-тўпалонда Ойлун ҳалок бўлиши мумкин эди, шунинг учун ҳам қуролни ишлатолмадим, десинми? Аммо бу ўзини оқлаши Чиледунинг ўзига ҳам милтираган шамнинг тафтича иссиғи йўқ баҳонадай эди. 
-Жанг қилиш қаёғда, - деди Тайр-Усун. -Силовсинга дуч келган такадай қочиб қолган. Мана ҳозир ҳам қўрқувдан бир оғиз ҳам сўз айтолмаяпти. 
-Мен қўрқоқ эмасман! - тез гапирди Чиледу.- Менга ўнта навкар беринг, қайлиғимни қайтариб олиб келаман. 
-Буни қаранглар, ботирлигини! Бори-йўғи ўнта навкар билан қайлиғини ҳам, менинг аравамнию буқаларимни ҳам қайтариб олиб келар эмиш. Балким, сен, Чиледу, ўша йўлтўсарларни ҳам бошлаб келарсан? Уларни эслаб қолдингми? Бошқалари билан адаштириб юбормайсанми? - Тайр-Усуннинг думалоқ кўзларига ғазаб тўлди. 
Алам Чиледунинг юрагига ўтмас игнадек бўлиб қадалди. Ғазабланаётган бу нўённи фақатгина буқаларию аравасидан айрилгани куйинтирмоқда эди. Ахир бу Чиледу йўқотган нарсасининг олдида ҳеч нарса эмас-ку. Озгина хайрихоҳлик умидида ҳаммага бир-бир қараб чиқар экан, Чиледу уларнинг кўзидан, боқишларидан ўзига нисбатан ҳеч қандай ачиниш аломатларини кўрмади. Тайр-Усуннинг гапларининг тагидаги масхараомуз оҳангларни илғамай,жавоб берди: 
-Ҳеч кимни адаштириб юбормайман. Есугай машакни бир умр эсимдан чиқармайман. 
У Есугайнинг отини аташи билан, Тўхтабеги ўрнидан туриб ўтирди ва зўриққан оғриқдан афтини бужмайтирди. Унинг ёнига учиб келган хотинларини бир ишора билан орқага қайтарди. 
- Демак, сенинг қайлиғингни Есугай тортиб олибди-да? - Ҳа.У ўзини шундай деб атади. - Сен уни нимага ўлдирмадинг? Бу хизматинг учун мен сенга бир уюр отлар бериб, бешта гўзал хотинга уйлантириб қўярдим. Унинг жигарини юлиб олмасам, бу дунёда менга ҳаёт йўқ! Нўёнлар ва оқсоқоллар, менинг жароҳатларим битиб қолди. Тез орада мен от устида бемалол ўтира оладиган бўламан. Отларингиз ва қуролларингизни тайёрлайверинг. 
Ҳеч ким чурқ этмади. Тўхтабегининг гапларидан тетикланган Чиледу, уруғ оқсоқоллари нима деркин, деб кутиб турарди. Вақт ўтиб борар, сукунат узоқ чўзилиб кетди. Чиледу бу жимликдан ўтирганларнинг Тўхтабегига нисбатан яширин кинлари борлигини сезиб қолди. 
- Сизлар яна сукутдамисизлар? - Тўхтабегининг дўрдоқ лаблари ёнига чизиқлар тушди. -Қачон мен шу ҳақда гап очсам, сизлар тилингизни тишлаб қоласиз. Менинг отам, сизларнинг хўжайинингиз Тудур-билгининг қони сизларни қасосга чорламайдими? Менинг жароҳатларимнинг оғриғи сизларнинг ҳам оғриғингизга айланмадими? Ёки сизлар ҳам тук ташлаган каламуш Ўнбағай-хонга ўхшаб, жароҳатларим мени эркаклигимдан маҳрум қилди, деб ўйлаб юрибсизми? Бўлмасам, билиб олинглар, яраларимда ловуллаётган алам ўти менинг юрагимга кўчиб ўтган. У мени ёқмоқда, куйдирмоқда. Бу оловни фақат душманларимнинг қони ўчириши мумкин! 
Гўёки кўмирдай қоп-қора юзли Турчи -Шомон, қизариб турган кўзларини Тўхтабегига қаратди. 
-Сенинг ботирлигингга ва душманни енга олишингга ким ҳам шубҳа қиларди? Аммо бизнинг ҳаммамизнинг устимизда боқий самонинг иродаси ҳукмрон. Мен етти кун овқат емадим, кун юзини кўрмадим. Руҳлардан келажак сирларини очишларини сўрадим. Руҳлар, ниҳоят, менинг овозимни эшитишди. Боқий осмоннинг иродаси билан сен, машҳур ва шавкатли бўласан, бизнинг уруғимиз эса бой ва гавжум бўлади. Ўрмон ва чўлларнинг барча халқлари сенинг амрингга бўйсунадилар. Аммо... Руҳлар сенинг сабр-бардошли ва эҳтиёткор бўлишингни хоҳлайдилар. Кутиш – сенинг энг яхши қуролинг. 
-Менга айт-чи, доно Турчи, мен нимани кутишим керак? - мулойимлик билан сўради Тўхтабеги. 
-Буни мен билмайман. - Турчи майда ажинлар хосил қилиб пешонасини тириштирди, кўзларини юмиб олиб, тушунарсиз қилиб ғўлдиради: - қаро зулматни ёруғ кун алмаштиради, қариган дарахтни –навниҳол. Тун қоронғусида игнага ип ўтказа олмайсан, ичи пўк қарағай шохидан аравага ўқ ясаб бўлмайди. - Шомон кўзини очди. - Ёруғликни кут. Ниҳол сарвқомат дарахт бўлгунича пойлаб тур. 
Чиледу шомоннинг гаплари Тўхтабегига ёқмаганини, лекин, у билан ортиқча баҳслашиб ўтирмоқни истамаганлигини пайқади. Қўллари қалин наматнинг бурчакларини қисиб турар, лабини тишлаб, ғазабини жиловлар эди. Бундай зўриқишдан унинг боши яна ҳам оғиб кетиб, деярли елкасига тушиб қолди. Хотинлари алланималарни пичирлашиб, ғамгин хўрсиниб қўйишди. Тайр-Усуннинг ола кўзлари Тўхтабеги, унинг хотинларига хотиржам боқар ва мана шу боқишидан гўёки бу ерда Тўхтабеги эмас, Тайр-Усун ҳокимдай эди. 
-Мен айтсам майлими? - деди Тайр-Усун. 
-Гапир. 
-Менинг ўйлашимча, доно Турчи руҳлар унга ошкор қилган нарсаларнинг ҳаммасини тушунарли қилиб гапириб берди. Ва биз, агар ўзимизга само кучларининг нафрати ёғилмаслигини истасак, вақти келмагунча қиличларимизни яланғочламаслигимиз лозим. Аммо бекорчи кутиб ўтиришдан ҳам наф йўқ. Биз ўзимизга кучли дўстлар топишимиз керак. 
-Найманлар ҳукмдорига одам жўнатсакмикан? - қўрқа-писа таклиф киритди Қудун-Ўрчин исмлик нўён. Ҳеч ким унга қарши чиқмаганидан энди дадилланиб гапида давом этди: -У билан ҳаттоки тангутлар ҳам, уйғурлар ҳам ҳисоблашишади. Қарайитлар ҳам чўчиб туришади. У бизларга ён босса ким ҳам биз билан тенглаша оларди? 
-Найман хони бизга ёрдам бермайди! - Тўхтабеги Қудун-Ўрчиннинг гапини менсимаган кўйи четга суриб қўйди. - Унинг ўзи мудраб ётибдию, лекин бизни ўз қўл остида кўряпти. Агар мадад қидирар эканмиз, уни бу ердан эмас, қарайитлар элидан излаш керак. Хон Қурчақур-Буйруқ ўлимидан сўнг, элни унинг тўрт ўғли бўлиб олишган. Энди бўлса, уларнинг ҳар бири бошқаларидан бу мулкларни тортиб олиб, ўзи якка ҳоким бўлмоқчи. Уларнинг бирига ёрдам қўлини чўзиб, иккинчисига панд бериб борамиз-да, натижада ким бизга дўст бўлса, ўша хон бўлади. 
-Сен ақлли ва узоқни кўзловчисан, -Тўхтабегини мақтади Турчи-Шомон. 
Оқсоқоллар ва нўёнлар ҳам уни қувватлаб бошларини қимирлатиб қўйишди. 
Чиледу билдики, буларнинг ҳаммаси охирги урушдан кейин қўрқиб қолишгану, тайжутлар билан уришиш истаги йўқ. Ҳали овулма-овул юриб, қўшни элатлардан мадад сўрашади. Бунга ҳатто йиллаб вақт кетиши мумкин.У вақт ўтгунга қадар, Ойлундан айрилиб қолиши ҳеч гап эмас. 
Гапга қўшилишга юраги бетламай, у хўжайини Тайр-Усуннинг кўзларини қидирарди. Лекин, унинг бу ердалигини, чамаси ҳамма унутган эди: Тайр-Усун ўз ташвишлари билан банд эди. 
-Биз Бурқучин-Тўкумга боришимиз керак, - деди у. 
-У ерда ҳаммаси майда уруғлар. Бизга бундан ҳеч қанақа наф бўлмайди, -деди Қудун-Ўрчин унинг гапини кесиб. 
-Тўрғай кичкина бўлса ҳам сайрашни билади. Аммо қарға катта бўлгани билан қағиллашдан нарига ўтолмайди! - чертиб гапирди Тайр-Усун. -Ўрмонда яшайдиган жангчилар ҳам қўрқмас ва чапдаст бўлишади. Аммо гап бунда эмас. Гап шундаки, Бурқучин-Тўкум каби ҳеч ерда ҳайвонларни усталик билан овлайдиган маҳоратли овчиларни топа олмайсиз. Айнан ўша ерда энг чиройли мўйналарни ҳам топиш мумкин. Бизга эса мана шунақанги чиройли ва майин сувсар мўйналари кўп керак. Ипакдай майин бу мўйналар ва юмшоқ сўзларимиз билан биз қилич билан ҳам яқин қилиш қийин бўлган қарайитларни қўлга осон олишимиз мумкин. 
Чодир узра таранг тортилган мато устига ёмғир шатирлаб урар, шамол увилларди. Эгнидаги кийими ҳўллигидан жунжика бошлаган, бу ердагиларга умуман кераги бўлмаган Чиледу, ўзини худди биров бир нарса отишини кутиб ётган дайди итга ўхшатиб юборди. У қаттиқ йўталиб қўйди. 
-Сен ҳалиям шу ердамисан? - ҳайрон бўлиб сўради Тўхтабеги. 
-Менга ўнта навкар беринг! - Қўлини кўксига қўйиб гапира бошлади Чиледу.- Мен худди илондай майса узра судралиб бораман.Ойлун билан қайтаман. Есугайнинг ўзини ёки унинг бошини олиб келаман. 
Тайр-Усун Тўхтабегидан илгарилаб, деди: 
-Сен Есугайнинг тиригини ҳам, ўлигини ҳам олиб келолмайсан. Аммо арининг инини қўзғатиб юборасан. 
Тўхтабеги қатъий қўшиб қўйди: 
-Сен душманлардан қирғийдан қочган юмронқозиқдан ҳам тезроқ қочиб қолгансан. Шу туришингда сенга ўнта ўлай деб турган ахта отни ҳам ишонмайман. Бор. 
-Мен...ундай қилолмайман... Мен сиздан илтимос қиламан... 
-Йўқол! - ўшқирди Тўхтабеги. 
Барча умидлари сўнганига ҳамон ишонгиси келмай турган Чиледу ўрнидан қимирламади. Қудун-Ўрчин ўрнидан шахд турди-да, уни чиқаверишга судраб келиб, бир тепиб чодирдан чиқариб ташлади. Чиледу ҳўл майса устида сирпаниб кетиб, юзи билан кўлмак устига йиқилди. 
Бояги навкар тишларини ярақлатиб: 
-Насибангни, олдингми, а?- дея кулди.

Просмотров: 498 | Добавил: rsc | Рейтинг: 0.0/0
Всего комментариев: 0
Имя *:
Email *:
Код *:
Вход на сайт
Поиск
Календарь
«  Июнь 2015  »
ПнВтСрЧтПтСбВс
1234567
891011121314
15161718192021
22232425262728
2930
Архив записей
Друзья сайта
  • Официальный блог
  • Сообщество uCoz
  • FAQ по системе
  • Инструкции для uCoz