Воскресенье, 19.05.2024, 01:09
Приветствую Вас Гость | RSS

ижтимоий-сиёсий,адабий-бадиий,маданий-маърифий сайти

Меню сайта
Статистика

Онлайн всего: 1
Гостей: 1
Пользователей: 0
Главная » 2015 » Июнь » 18 » ШАФҚАТСИЗ АСР VI VII
18:53
ШАФҚАТСИЗ АСР VI VII

VI

Чиледу тўмоғини ( тўмоқ – қайтарма қалпоқ) орқага суриб тушириб, узоқ қулоқ солиб турди. Тоғтеракларнинг қаттиқ барглари шитирлар, қарағайларнинг қир учлари сокин шивирлар, бошқа бирон-бир бегона товушлар эшитилмасди. Лекин унга адл қарағайлар ортида биров бордек, кимнингдир нигоҳи унинг ҳар бир ҳаракатини кузатиб тургандек туюларди. Чиледу Тайр-Усун навкарлари билан етиб келишини кутмоқчи ва унга айтмоқчи бўлди... 
Нима дейди? Айғоқчилар ўзларига туюлган, ҳис қилган нарсаларни эмас, балки кўрган ва эшитган нарсаларинигина етказишлари керак. 
Неча кундирки, улар Саланга дарёсининг ўнг қирғоғи бўйлаб пастлаб боришарди. Бу ерда тоғлар қирғоққа тик тушиб турар, баъзи жойларда эса ўткир қоялар тўғри сувга кириб кетар эди. Ўрмон ҳам сув лабигача бостириб келган эди. Дарё қўлтиқларига қип-қизил сўлғин барглари билан шумурт буталари энгашиб турар, қумлоқ жарлик устида қудратли қарағайлар, тор уватларда қайинларнинг танаси оқариб кўринарди. Бу ерлар унинг аждодлари ватани. Боболар ерида нимадан қўрқади? Ҳеч кимга кераги бўлмаган ҳаётининг нимаси учун қўрқсин? 
Чиледу энди отини тўхтатиб, атрофга қулоқ солиб ўтирмасди. У тик қумли жарлик ёқалаб борарди. Чап тарафда, анча чуқурликда Саланга тўлғаниб оқарди. Унинг ирмоқлари айлана ясар, буталар ўсган оролчаларни чўлғаб оларди. От қарағайнинг сарғайган игнабарглари сочилиб ётган сўқмоққа чиқиб олди ва ўнгга, дарёдан нарироқдага қуюқ ўрмон тарафга 
юрди. Чиледу тўсатдан олдинда, дарахтлар орқасидаги сувга кўзи тушди. Бу Саланга эмас, унинг ирмоғи, хур-туматларнинг Уда дарёси эди. Шу атрофда, мана шу қирғоқ яқинида улар ов қилишар ва чорваларини боқишарди. Мана шу дарёнинг қуйилиш жойини Тайр-Усун тунаш учун қароргоҳ қилиб белгилаганди. Чиледу яна бироз тепароққа кўтарилиб борди. Кенггина ялангликка чиқиб атрофни кўздан кечиришга шошилди. Ўрмон ялангликни уч тарафдан ўраб турар, дарёнинг у бетида баланд тепалик, унинг сувга қараган томони тик бўлиб, пастдан кулранг қоялар бўртиб чиқиб турарди. 
Чиледу атрофни ўрганар экан, яна кимдир ўзини кузатиб тургандай туюлди. У яна қулоқлари шанғиллагунга қадар атрофга зўр бериб қулоқ тутди, лекин бу сафар ҳам шубҳали ҳеч бир товуш эшитмади. Тез орада олти нафар навкари билан Тайр-Усун етиб келди-ю, Чиледу тинчиди. Эгарларни ечиб олиб, отларни ўтлашга қўйиб юборишди. Нўён учун сафар чодири тикилди. Бирдан ўрмондан камонлар билан қуролланган уч нафар жангчи чиқиб келди. Биттаси уларга қараб келар, қолган иккитаси эса, камонлари билан отларни тўсиб туришарди. Навкарлар дарҳол қуролларига ёпишган эдилар, келаётган аскар қўлини кўтарди. Шу заҳотиёқ ўрмондан иккита камон ўқи визиллаб учиб келди-ю, чодирнинг арқонларини худди пичоқда кесгандай узиб ташлади.Чодир бўшашиб ерга чўзилди. Тайр-Усун белбоғидан қиличини ечиб олди-да, оёғи остига ташлади. Навкарлар ҳам худди шундай қилишди. Аскар ҳамма қуролларни йиғиштириб бир жойга тўплади-да, қўлини боши узра кўтарди. Ўрмондан тўриқ от минган чавандоз, унинг кетидан яна олти нафар пиёда жангчи чиқиб келди. Чавандоз жуда ёш, деярли ўспирин эди. У ўзини жуда жаҳлдор қилиб кўрсатишга уринса ҳам, унинг ҳаяжондан ёниб турган кўзларида жаҳлдан кўра қизиқсиниш кўпроқ эди. 
-Биз макитларнинг шавкатли ҳукмдори Тўхтабегининг одамларимиз, - деди Тайр-Усун ўпкалаган овозда. Биз хур-туматлар доҳийси Бэрхе-Чечан (чечан- сўзамол, доно) ҳузурига йўл олганмиз. Нима учун бизга сўқмоқда пистирма қўясизлар? 
-Бэрхе-Чечан – менинг отам, - деди йигитча ғурурланиб. -Менинг исмим Татуласўқар. 
-Татуласўқар бизни отангнинг олдига олиб бор, қуролларимизни қайтариб бер. 
-Отамнинг олдига бошлаб бораман, қуролингларни қайтариб беришни унинг ўзи ҳал қилади.
Шу ернинг ўзида, хур-туматларнинг тийрак кўзлари остида тунашди. Эрталаб йўлга тушишди. Уларни овчиларнинг тор сўқмоқларидан бошлаб боришди. Эртаси кечга яқин Бэрхе-Чечан овулига етиб келишди. Ўтовлар унчалик кўп эмас, аксарияти ёввойи ҳайвонларнинг териларидан ясалган эди. Бу ернинг одамлари узун чопонлар кийишмас, жун матодан ёки майин теридан тикилган кийимлари тиззаларидан келарди. Бу жуда кулгили туюлар, гўёки ҳазиллашиб этакларини кесиб ташлашганга ўхшарди. 
Лекин кейинроқ, Чиледу бундай кийим ўрмонда шох-шаббаларга илакишиб юрмаслик учун жуда ҳам қулай эканлигини тушунди. 
Бэрхе-Чечан уларни айиқ терилари тўшалган кенггина ўтовда қабул қилди. Тайр-Усун ўзи билан олиб келган совғаларни унинг олдига ёзиб қўйди: олача ипак мато, кумуш қинли пичоқлар, жез идишлар ва ўйма нақшлар билан безалган темир дубулға. 
Бэрхе-Чечан бошини сал эгиб қўйиб, Тайр-Усунга миннатдорчилик билдириб қўйди. Сочлари оппоқ, касалманд, озғин юзли бу одам дунёдаги ҳамма нарсага бефарқдай кўринарди. 
-Нима сўраб келдинглар, марқалар? - сўради у Тайр-Усундан. 
-Биз фақат нарса сўраб келамизми? 
-Йўқ, иложини қилганингизда сўрамай ҳам олиб кетаверасизлар. 
-Нима, биз ёмон қўшнилармизми? - Тайр-Усун ҳайрон бўлиб, қовоғини уюб олди. - Биз кўп йиллардан бери сизлар билан душманлашмай келамиз. Наҳотки бурунги гапларни эслаб юрсаларинг? Лекин ўша пайтларда ҳам сизнинг уруғдан бўлган одамларга биз бошқача қарар эдик. Асирларга биз раҳм қилар, ҳаётларини сақлаб қолардик. Улар бизнинг қавмимиз болалари билан тенг яшашарди. Мана, Чиледу... унинг бобоси шу ерда туғилган. Ўзи эса, менинг бошқалар билан теппа-тенг навкарим. Шунақамасми, Чиледу? 
Тайр-Усун бесаранжом, шишинқираган кўзлари билан Чиледуга боқди. 
-Бу бор гап. 
-Сен бобонгни эслайсанми? – сўради Бэрхе-Чечан. 
-Йўл. 
-Унинг исми нимайди? 
Чиледу бобосининг исмини айтди. Бэрхе-Чечан унинг кўзларига тикилиб қаради-да, ўрнидан турди. 
-Сизлар йўлдан чарчаб келдинглар.Вақт кеч бўлди. Суҳбатни эртага давом эттирамиз. 
Тайр-Усунни алоҳида ўтовга, қолган навкарларнинг ҳаммасини бир ўтовга жойлашди. Тайр-Усун ўз ўтовига кириб кетиш олдидан Чиледуга кетимдан кир, дегандай ишора қилди. Ичкарига кириши билан у шоша-пиша пичирлади: 
-Улар билан шундай гаплашгинки, сенга ишонишсин. Мағлубиятимиз ҳақида гапирма. Нима қилиб бўлса ҳам, биз уларнинг ёрдамларига ишониб кетишимиз керак. Тушуняпсанми? Ақл билан иш қилсанг, мен аравани ҳам, ҳўкизларни ҳам эсламайман. Сенга кўп нарса боғлиқ. Мен буни аввалроқ тушуниб, сени ўзим билан бирга олиб келган эдим. 
Чиледу ўтовига кирмади. Эгар устига ўтириб, юзларини қўллари билан беркитиб олди. Ойлунни олдириб қўйганидан бери нима ишга қўл урмасин, ҳаммаси унинг учун маънисиз, бефойдадек кўринарди. Тайр-Усун эса ундан манови одамларни нималаргадир ишонтиришни талаб қиляпти. Шамол учириб кетаётган қум зарраси нима ҳам қила оларди?.. Унинг ҳаётини кичкинагина бир ишонч - Есугайдан қасос олишгина ушлаб турарди. Малла қароқчи ҳам у сингари бир эзилса эди, юраги ором оларди. 
Ўрамдагилар уйқуда. Ўтов олдида ит хириллар, узоқ тоғларда буғу ўкирарди. Кимдир Чиледунинг елкасини туртди. У бошини кўтариб қаради. Олдида Татуласўқар турарди. 
Чиледу унга эргашиб боя Бэрхэ-Чечан қабул қилган ўтовга кириб борди.Бу сафар хур-туматлар сардори гуриллаб ёнаётган ўчоқ олдида ўтирар, чўпга тортилган жигар бўлагини пишириб, шошмасдан ерди. Чиледу жигар ейишдан тийилиб, фақатгина бир чилпит сутдан қилинган ичимлик – нордонгина дуғдан ичиб қўя қолди. Татуласўқар ҳам отаси ёнига ўтириб жигар пишириш билан машғул бўлди. Улардан бошқа ўтовда ҳеч ким йўқ эди. 
-Нўёнинг бизлардан бирон нарсани билиб олишни буюрдими? -сўради Бэрхэ-Чечан. 
Чиледу унинг ўткир қарашларидан безовталаниб қолди. 
-Жавоб бермасанг ҳам майли, бу шундоғам тушунарли. Нўёнинг жуда ҳам ёш... Маркитлар орасида яшаш сенга оғир. Сен ҳурсанд эмассан, кўзларинг бўм-бўш. Биласанми, сенинг бобонг ким бўлган? У менинг отамнинг акаси эди. Лекин биз уни ёш, ўзидан ҳеч кимни қолдирмай ўлиб кетган деб эшитган эдик. 
-Ҳа, у жуда эрта ўлиб кетган. Лекин ундан менинг отам қолган. Яқинда эса менинг отам ҳам оламдан ўтди.- Чиледу хўрсинди. -Онам эса анча аввал ўлган эди. 
-Акаларинг, опаларинг борми? 
-Йўқ, мен бир ўзимман. Акаларим ҳам, опаларим ҳам, хотиним ҳам... йўқ. - Чиледу оловдан кўз узмасди. 
-Бизлар билан қол. Сенга хотин ҳам топилади, ўтов ҳам ясаб берамиз. Биз сенинг маркит хўжайинларингга ўхшаб бадавлат эмасмиз.Отларимиз ҳам, қўйларимиз ҳам қамроқ. Аммо овдан топган ўлжаларимиз бизга егулик ҳам, кийим-бош ҳам беради... 
-Йўқ,- Чиледу бошини чайқаб қўйди. - Балким, мен қачондир бу ерларга қайтиб ҳам келарман. Бироқ ҳозир... У ерда менинг тугалланмай қолган ишларим бор. 
-Яна ўзинг биласан, - Бэрхэ-Чечан зўрлаб ўтирмади. – Бизнинг қариндош эканимизни нўёнинг билишини истайсанми? 
-Менга барибир... 
-Нега энди барибир? Одам дегани ўз тақдирига ҳам шунчалик бефарқ бўладими! - Бэрхэ-Чечан қовоғини уйиб олди. - Қанақа ишларинг қолиб кетган экан, деб сендан сўрамайман.Лекин шу туришинг бўлса, ҳеч нарсани тугатолмай сўлиб қоласан. 
-Мен ўз ишимни тугатиб қўяман, - деди Чиледу бўғиқроқ қилиб ва қайтарди: - Тугатаман. 
Татуласўқар кўзларини чақчайтириб олганча пишган жигарни майда бўлакларга бўлар ва устига туз сепиб, оғзига ташлаб ўтирар эди. Шу чоққача у бир оғиз ҳам сўз қўшмади. 
-Энди бўлса мен сендан маркитларнинг режалари ҳақида сўрамоқчиман. Тушунаман, улар бекорга келишмаган, аммо бунинг тагида нима бор? Сен саволларимга жавоб бермаслигинг мумкин, - деди Бэрхэ-Чечан. -Агар жавоб берсанг, мен сўз бераман, гапларингни сенинг зиёнингга ишлатмайман. Мен боя айтганимдай, биз хўжайинларингга ўхшаб бадавлат эмасмиз. Лекин биз озод одамлармиз. Бу ерларга эгалик қилиш ва ўзимиз хоҳлагандай яшашимиз учун биз анча қон тўкканмиз. Маркитлардан бизга ҳеч нарса керак эмас. Лекин биздан уларга нима керак? 
-Тайр-Усун буни ўзи айтади. 
-Тўғри. Лекин қўшним мендан олов сўрар экан, мен бу оловни олиб у ўзига овқат пиширмоқчими ёки менинг ўтовимга ўт қўймоқчими, билишим керак. Агар маркитлардай қудратли уруғ катталари бизнинг ёрдамимизга суянмоқчи экан, бу бир нарсани билдириши керак. 
-Улар тайжутлар билан тескари бўлиб қолишган. Менимча, Бэрхэ-Гуай(гуай-катталарга ҳурмат белгиси) бу душманлик, илгарилари бўлиб турганидай, оддий жанглар билан тугамаса керак 
-Бўлиши мумкин, - Бэрхэ-Чечан ўйланиб қолди. - Биз сизларнинг чўлларингиздан анча узоқда яшаймиз. Лекин бизга ҳам узуқ-юлуқ хабарлар келиб туради. Сиз тарафларда ақлга сиғмайдиган ишлар бўляпти. Бир қабила иккинчи қабила устига оч қолган итдай ёпирилади. Гўёки осмон бу одамларни ақлдан оздириб қўйгандай. Лекин бу ҳолат доимо шундай давом этиши мумкин эмас. 
-Мен сизнинг маркитларга ёрдам беришингизни хоҳлардим. Мен маркитлар тайжутларнинг адабини бериб қўйишларни истайман. 
-Сен тайжутларни ёмон кўрасанми? 
-Уларни кўрарга кўзим йўқ! - Чиледу бу гапни секингина айтган эди, лекин унга гўёки бақиргандай туюлди. Унинг ичида бирдан ҳамма нарса алангаланиб кетгандай бўлди. 
-Нафрат кишига яхши ҳамроҳ бўлолмайди. Тайжутларнинг ҳаммасини ёмон кўришингга сабаб нима? Ўрмонда баланд дарахтлар ҳам, паст дарахтлар ҳам бўлганидай, халқлар ҳам яхши ва ёмон одамлардан иборат. Тайр-Усун мендан одам сўрайдими? 
Чиледу бу саволга жавоб бермасаммикин, деб ўйланиб қолди. Лекин Тайр-Усун унга фақат ютқазганлари тўғрисида гапирмасликни буюрган-ку. Унинг устига очиқкўнгил Бэрхэ-Чечандан бирон нарсани яшириш ҳам ноқулай эди. 
-Одамлар ҳам, қимматбаҳо мўйналар ҳам сўраса керак, - деди Чиледу. 
-Сен ҳам биз шуларни беришимизни хоҳлайсанми? 
-Мен маркитлар тайжутларни енгишини хоҳлайман. Менинг истагим шу, Бэрхэ-Гуай. - Шу онда Чиледу бутун дилидагини тўкиб-солгиси, ўз ғами, аламини айтиб бергиси келди-да, ёш хотинини қандай қилиб олдириб қўйганини гапириб берди. 
Бэрхэ-Чечан унинг пойма-пой ҳикоясини хотиржам эшитди. Ўйчанлик билан: 
-Қабилаларнинг душманлашиши одамларга фақат бахтсизлик ва алам келтиради, - деб қўйди. - Сен ҳозир қасос олиш ҳақида ўйлаяпсан, лекин бу 

қасос сени бахтли қилиб қўймайди. 
-У менинг қалбимни тинчитади. 
-Сен янглишасан. 
-Ота, унинг ўрнида мен бўлганимда ҳам... - шу пайтгача жим ўтирган Татуласўқар гап бошлаган эди, Бэрхэ-Чечан уни юмшоқлик ва айни дамда кескинлик билан тўхтатиб қўйди. 
-Ўч олиш билан ҳеч нарсани тузатиб бўлмайди. Ўтмиш хаёли билан яшаш эса, гўёки қозиқ атрофида айланиб чопаётган отнинг ишига ўхшайди – қанча юугурма, бир жойда тураверасан. 
Чиледу у билан баҳслашишни истамади.Агар шу чоққача Есугай ва унинг уруғидан қасос олиш истаги ноаниқ ва дудмал туюлиб юрган бўлса, энди у худди қарағай танасидаги болта изидай аниқ ва яққол кўриниб қолди. Бэрхэ-Чечан буни сезди, лекин Чиледу бу ҳақда гапиришни истамаганини кўриб, ҳорғин кулиб қўйди. 
-Майли... Лекин одам бермаймиз. Уруш сотиб олиш бизнинг одатимизда йўқ. Мўйналарни... Масалан, газламалар эвазига бўлса, беришимиз мумкин. Лекин сен, нўёнинг сўраса, мўйналарни найманларга ваъда қилиб қўйишган экан, деб айтгин. 
-Нимага энди? - ҳайрон бўлди Чиледу. 
-Шундай қилсак, бизга ҳам, сенга ҳам яхши бўлади. 
Бунинг нимаси яхши, Чиледу барибир тушунолмади. Аммо Тайр-Усунга у Бэрхэ-Чечан қандай буюрган бўлса, шундай етказди. Нўённинг жони-пони чиқиб кетди. 
-Қандай ҳаддилари сиғди? Мўйналарни найманларга беришармиш – бу қанақаси? Биз, калтакланган маркитлар билан эмас, бадавлат ва кучли найманлар билан иш қилишни афзал биламиз, демоқчиларми! - Тайр-Усун тўсатдан Чиледуга ўдағайлаб кетди: - Сен уларга ҳаммасини айтиб бергансан! Уруғингни топганингга суюниб бизларни сотгансан! 
-Бэрхэ-Чечан менинг нафақат уруғим, балки яқин қариндошим ҳам! - гапириб ташлади Чиледу. - Сизларни эса сотганим йўқ... 
-Қариндошим? Шунақа дегин! - Тайр-Усун адашиб кетгандай бўлди, унинг кўзларида шубҳа бор эди. - Алдамаяпсанми? Нима ҳам дердим, бўлиши мумкин. Сен албатта, шу ерда қолсанг керак? 
-Йўқ, мен қолмайман. Мен сенинг навкарингман. 
Тайр-Усун унга яқинлашди-да, даҳанидан кўтариб юзига тикилди. 
-Нимагадир мен сени тушунмаяпман. Бироқ буни билиб оламиз. Лекин ҳеч нарсасиз, қуруқ қайтаверамизми? Одам беришмаса майли, уларсиз ҳам эплаймиз. Лекин мўйналар... Кейин, бу одамларнинг найманлар билан яқинлашишларига ҳам йўл қўймаслик керак. Яна бир гаплашиб кўр. Бэрхэ-Чечан менга рад жавоб бериши мумкин, аммо ўзининг қариндошига йўқ демаслиги керак. 
-Мен уриниб кўраман, -ғўлдиради Чиледу, Бэрхэ-Чечан ўйлаб топган бу тушунарсиз ўйинда иштирокчи бўлиб қолганидан ўнғайсизланиб. 
Хур-туматлар сардори билан учрашгач, билдики, Бэрхэ-Чечан ўз айтганига эришган. Унинг айтишича, Тайр-Усун бу одамлар нима беришни истасалар ўшани олиши, ёки умуман ҳеч нарса ололмаслигини тушуниб етган. 
-Энди бориб, мени найманлар билан тузган шартномани узишга кўндирганингни айтишинг мумкин. 
Чиледу энди ҳаммасини тушунди. Бэрхэ-Чечаннинг ақлига қойил қолди. Ахир у бошидаёқ Тайр-Усунга одам бермасдан, мўйналар беришга рози бўлганида, маркит нўёни барибир ҳафа бўлиб қайтарди. Ҳозир эса, у шунга ҳам хурсанд бўлиб кетади. 
Шундай бўлиб чиқди ҳам. Бу гапни эшитиб, Тайр-Усун яшнаб кетди, Чиледунинг елкасига меҳрибонларча уриб қўйди. 
-Баракалла! Сенинг бу хизматингни Тўхтабегининг ўзига айтаман. 
У айтган сўзининг устидан чиқди. Қанор-қанор мўйналар билан уйга қайтишганида, Тайр-Усун Чиледуни Тўхтабеги ўтовига бошлаб борди. 
Тўхтабеги мўйналарга бефарқ назар ташлади. Ялтираб турган сувсар мўйнасини бир қоқиб қўйиб, ипакдай майин тукларига пуфлаб кўрди-да қопга ташлади. 
Тайр-Усуннинг бундан қовоғи тушиб кетди. Бу бойликларни қандай катта қийинчилик билан қўлга киритгани ҳақида гапира бошлади. Тўхтабеги унинг гапларини ёқимли табассум билан, қўлларини орқасига туташтирганча, у ёқдан-бу ёққа юриб эшитди. У бутунлай соғайган, аммо бўйни қийшайганича қолганидан, боши аввалгидай бир ёнга энгашиб турарди. 
-Мен энди улардан ҳеч нарса оломаймиз, деб турган эдим, - деди Тайр-Усун, - лекин навкарларимдан бўлган Чиледу Бэрхэ-Чечаннинг яқин қариндоши чиқиб қолди. У менга ёрдам берди. У ўша ерда қолиши ҳам мумкин эди, лекин қолмади – сенинг байроғинг остида жангга кириш унинг олий истаги экан. 
Тўхтабеги Чиледуга яқинлашди. 
-Э-э, куёв... Садоқатинг мақтовга арзийди! Мен ахтачига буюраман, сенга менинг уюримдан битта учқур от беради. - Тайр-Усунга ўгирилди. - Албатта, хур-туматлар билан ишни ўнглаб келганинглар яхши. Лекин биз мўйналарни қарайитлар хонининг меросхўрларига ҳадя қилмаймиз. Сен сафардалигингда бу ерда баъзи бир ўзгаришлар бўлди. Ака-укалар бир -бирлари билан уришиб қолишди. Биз тўрталовларига ҳам ёрдам берамиз, деб ваъда қилдик. Тўғрил ютиб чиқди. Икки укаси Той-Тумор билан Буқа-Тумор бу ёққа қочиб келишди. Эрка-Қора эса, афсуски, найманлар тарафга ўтиб кетди. Ака-укаларни мен яхши кутиб олдим, ишонтирдим... 
-Бу яхши хабар, - деди Тайр-Усун. Бироз ўйлаб, таъкидлаб қўйди: -Бу жуда яхши хабар. Лекин Тўғрил нима қилмоқчи? 
-У бизга чопар юборибди. Той-тумор билан Буқа-Туморларни унга топширишимни сўрабди. Мана шунақа гаплар! - Тўхтабеги Тайр-Усунга хурсанд назар ташлади. – Яхшиямки, сизлар мени шошилиб тайжутлар устига юриш қилишдан тўхтатиб қолдингиз. Қарайитлар энди биз билан бўлишади ва биз икки карра кучли бўламиз. Ўшанда ҳеч қанақанги тайжутлар бизнинг босимимизга дош беролмайдилар. Биз уларнинг овулларини супуриб ташлаймиз. Ерларини ўз қонлари билан ювамиз! 
-Тўғрилнинг чопарига нима жавоб қилдинг? 
-Мен унга анча гап айтдиму, лекин ҳеч нарса демадим. 
-Сен агар Той-Тумор ва Буқа-Туморга ёрдам берсанг, Тўғрил билан жанг қилишимизга тўғри келади. Балким қочоқларни унга топширганимиз маъқулдир? Тўғрил бизга дўст бўларди. 
-Дўст бўлишини билмадим, - иккиланди Тўхтабеги. -Лекин найман хонидан кўмак сўраб турган укаси Эрка-Қорадан чўчиб, у бизга қарши чиқмайди. Вақт бор. Шундай қилиш керакки, ака-укалар бир-бирларини ўлгудай ёмон кўрсинлар. Уларнинг ўрталаридаги душманлик қанчалик кучли бўлса, улар шунчалик бизга суянишади. Биз эса, кимга ёрдам беришни ўйлаб кўрамиз...

 

VII

Ичкариси сариқ ипак билан тортилган каттагина ўтовда сочлари пахмайган бошига қўлларини тираганича олов олдида ёлғиз бир одам ўтирарди. Намат билан ўралган ўтов ортида бўрон қутурар, шамол худди бўри каби увиллаб ўтовни тебратар ва бундан ипак мато тўлқинланарди. Очиқ мўридан қор учқунлари учиб кирар ва оппоқ капалак мисоли у одамнинг боши узра парвоз қиларди. Ташқарида навбатчиликда турган навкарларнинг шамоллаган, бўғиқ овозлари эшитилди. Кимдир ўтовга кирмоқчи-ю, улар уни ичкарига қўймасдилар. Ниҳоят, эшик очилди ва остонада навкар пайдо бўлди. 
-Сенга нима керак? 
-Яратганнинг хизматкори келибди... 
-Ўтказиб юборинглар. 
Қора рангдаги узун кийими оёқларига ўралиб, худонинг хизматкори кирди. У чўқиниб олиб, таъзим қилди. (Қарайитлар христиан динининг насаро мазҳабига амал қилардилар) 
-Нима дейсан? – Ўтов эгаси кўзларини очиб, қўлларини туширди. 
Унинг ялпоқ юзида сувчечакнинг бужур излари бир умрга муҳрланиб қолганди. Туя жунидан тўқилган матодан тикилган олтин тугмали пўстинининг кенг елкалари эркин осилиб турарди. Унинг ҳузурида ўзини ожиз сезган руҳоний, нима қиларини билмай, сийрак соқолига ёпишган муз парчаларини қоқиб туширди. 
-Олампаноҳ, сен ҳам видолашасанми?.. 
Қарайитларнинг навқирон хони Тўғрил пўстинининг олтин тугмаларини тақиб, сўзсизгина чиқишга қараб юрди. Руҳоний ундан илгарилаб, ўтовдан биринчи бўлиб чиқди. Шамол пўстиннинг узун этакларига урилиб, уларни тўзғитганча икки тарафга кўтарди. Шу кўринишда у парвозга шайланиб турган қузғунга ўхшаб кетди. Атроф-жавониб совуқ оқлик билан қопланган эди. Навкарлар икки тарафдан уни қўлтиқлаб олишмоқчи бўлишган эди, аммо у уларни нари суриб, елкаларини кескин силтаб, яланг бошини эгиб олганича руҳонийнинг кетидан кетди. 
Руҳоний уни черков сифатида хизмат қиладиган ўтовга бошлаб келди. Буруқсиб ёнаётган чироқларнинг кўплигидан ўтов димиқиб кетганди. Ўртада, энсизгина нақшинкор кўрпа остида ёшгина аёлнинг жасади ётарди. Бу унинг хотини эди. Эмизикли ўғлининг онаси. 
Ҳеч кимга эътибор қилмай, Тўғрил унинг ёнига келиб тиз чўкди. Аёлнинг бош тарафида, қизил ипак ёпилган супача устида йирик ёқутлар билан безатилган хоч ётарди. Бу ўйноқи тошлар чироқлар нуридан қизғиш жилоланиб, хавотирли шўълалар таратарди. Тўғрил қўлини хочга теккизиб олиб, бармоқларини ўпди ва кўрпани кўтарди. Ўлим аёлнинг юзини деярли ўзгартирмаган эди. Фақат кўзларининг остидагина кўкиш соялар пайдо бўлганди. Кенг, тоза пешонасидаги бир шода марваридлари билан у мана шу ҳолда ҳам чиройли эдики, Тўғрилнинг назарида у тирикдай кўринди. Сал куйлаган кўйи ибодат қилаётган руҳоний ҳам хотинининг жанозаси учун эмас, бошқа сабаб билан ибодат қилаётгандай, ўтов деворлари атрофида тиз чўкканча йиғлаб ўтирган одамлар ҳам унинг учун аза тутишмаётгандай туюлиб кетди. У қўллари билан аёлнинг ёноқларини ушлаб кўрган эди, бармоқларини гўёки муз тешиб ўтгандай ҳис қилди. Ўрнидан туриб, сўнгги бор хотинининг юзига қаради. Қошлари туташиб, пешонасининг қоқ ўртасида чуқурча ҳосил қилди. Нафаси қисилди. У черковдан чиқиб, катта-катта қадамлар билан ўзининг кимсасиз ўтови томонга кетди. 
У унинг учун фақат хотингина эмас эди. У онаси, ака-укаларининг ҳам, дўстларининг ҳам ўрнини босарди. Катта қуршов овлари пайтида ҳам, душманлар билан жанглари пайтида ҳам хотини унинг ёнида от суриб борарди. У эрининг энг содиқ навкари эди... 
Ўтган куни улар мана шу сариқ ипак тортилган ўтовда нўёнлар ва обрўли авлодлар оқсоқолларининг итоат қилишлари ҳақидаги розиликлари ва қасамёдларини қабул қилишган эди. Кейин зиёфат уюштирилди ва хотини эрининг шаробидан ичишга ижозат этишини сўради. Сал ўтмай хотинининг аҳволи ёмонлашиб қолди. “Бу шароб, уни хитойлар гуручдан тайёрлашади, -деди у хотинига. Мен ҳар сафар уни ичганимда ичим ёнади. Бориб дам олақол.” У кетди. Базм тугаб, Тўғрил хотинининг ёнига кирганида эса у ўлим билан олишиб ётар, хушидан кетганди. Шундоқ жон чиқиши олдидан у ўзига келиб: “Мени заҳарлашди” ,деди. 
Уни чиндан ҳам заҳарлашганди. Аниқроғи,заҳарланган шароб тўла қадаҳ, аслида хотинига эмас, унинг ўзига тайёрланганди. Димиқиб ётган черковдаги тўшакда бугун унинг ўзи ётиши керак эди. 
Шамол аста тина бошлади. Энди ўтов титрамасди. Ташқаридан навкарларнинг оёқлари остида қорнинг ғирчиллаши эшитилиб қолди. У эшикни очиб буюрди: 
-Менинг ҳузуримга баковулни олиб келишсин. Оловни ҳам гуриллатинглар, совуқ. 
Ўтовда олов алангаланиб ёна бошлади. У пўстини барини очиб юборди-да, қўлларини олтинранг аланга тилларига тутди. Уни безгак тутар, назарида хотинининг танасидаги совуқлик унинг ичига кириб олгану, бутун вужудини музлатиб қўйгандай эди. 
Уч нафар навкар сийрак мўйловлари осилиб тушган кичкинагина баковулни олиб киришди. Отасига ҳам баковуллик қилган бу одамни Тўғрил болалигидан танирди. Эпчил ва чаққон бу одам зиёфатларни ташкиллаштиришда ҳаммани орқада қолдириб кетар, ҳеч кимни назардан қочирмас, ҳеч кимни қуруқ қолдирмасди. Шу билан бирга ҳеч кимга хиралик қилмас, ишини билиб-билиб қиларди. Тўғрил уни илк таниган пайтда ҳам у бугунгидай оппоқ мўйловли, юзи эса биронта ҳам ажини йўқ, текис эди. Ҳозир эса, баковул совуқдан кўкариб кетган, мўйловларининг учи енгилгина титраб турарди. 
-Исиниб ол. - Тўғрил ўчоқ олдидан унга ҳам жой бериб, четроққа сурилди. Баковул қўрқув тўла кўзларини Тўғрилдан узмаган кўйи ҳадиксираб оловга яқинлашаркан, илжайишга уриниб кўрди-ю, аммо лаблари беихтиёр титраб кетди. 
Бир вақтлар, Тўғрил ҳам, укалари ҳам кичкина бола эканликларида баковул уларни меҳмон қилишни яхши кўрарди. Ҳар хил ширинликлар берар, имо-ишоралар қилиб, кулиб қўярди. 
Тўғрил хўрсиниб қўйди. Беихтиёр келган бу хотираларни четга сурди ва буюрди: 
-Гапир. 
-Нимани? - овози бўғилиб чиққан баковул йўталиб қўйди. - Мен отангнинг содиқ хизматкориман... 
-Сен эҳтимол, отамнинг содиқ қули бўлган ҳамдирсан... Мени заҳарлашни ким буюрди? 
Баковул чўқиниб олди. 
-Худо ҳаққи, қасам ичаман! Қандай ҳаддим сиғарди! 
Тўғрил навкарларга имо қилди. Иккитаси баковулнинг кийимларини ечиб олиб ерга ағанатишди, учинчиси эса калта қамчисини ўйнатиб қолди. Чолнинг қорача, чайир елкаси узра шишинқираган чандиқ пайдо бўлди-ю, баланд ва чинқироқ овозда бақириб юборди. Қамчи иккинчи бор урилганда, орқасидаги териси ёрилиб кетди ва қовурғалари ботиқларидан ёнбошларига қон оқиб туша бошлади. Тўғрил юзини буриб олди. Кейинги зарбалар тушар экан, баковулнинг овози тобора пасайиб борарди. Тўғрил навкарларни тўхтатди. Баковулни ўтқазиб қўйишди. Унинг кўзлари ов пайтидаги узоқ олишувдан сўнг қўлга тушган ҳайвонникига ўхшарди. 
-Хўш? -Тўғрил ҳазар қилган каби афтини буруштириб, унинг устига энгашди. 
-Мен айбдор эмасман! Мен... 
-Қўлларини қайиринг. 
Навкарлар яна унга ёпишишди. Синган бармоқларининг қарсиллаши эшитилди. 
-О-о-о! Керакмас! 
-Гапир. 
-Айтаман. - Баковулнинг бўғриқиб, шалпайиб қолган юзидан тер қуйиларди. - Айтаман. Ўз укаларинг. 
-Ёлғон айтасан! 
-Йўқ, алдаётганим йўқ. Ҳамон ўлар эканман, ёлғон гапиришдан фойда йўқ. Фақат мени қийнама. 
-Нега бундай қилдинг? 
-Мен ўлишдан қўрқдим. Уларнинг одами айтдики, сен бу ўтовда бари-бир узоқ ўтиролмас экансан. Той-Тумор ва Буқа-Туморларни маркитлар, Эрка-Қорани эса найманлар қўллаб-қувватлашаётган эмиш. Агар уларнинг айтганини қилмасам, сен ўлишинг керак бўлган куни мен ўлардим. 
-Хў-ўш, -аламзада чўзилди Тўғрил. - Йўқотинг буни. 
Ўша куниёқ у укаларини унга дарҳол қайтариб беришни талаб қилиб, Тўхтабеги ҳузурига яна битта элчи жўнатди. Бермаса – уруш бўлади. Маркитлар ҳукмдори Той-Тумор ва Буқа-Туморларга Тайр-Усун нўёнини қўриқчи қилиб жўнатар экан, у орқали Тўғрилга дўстлик ва хайрихоҳлик билдириб юборди... 
Тўғрил барча нўёнларни чақиртириб келишни буюрди. Улар келгунича у олов ёнидан жилмади. Ичига қамалиб олган совуқлик ҳеч кетмас эди.Олов иситмасди. У тантанали кунларда отаси ўтирадиган супачага чиқиб ўтирди.Отаси ўлгандан кейин бу жой учун қанча қон тўкилди. Худо шоҳид, у бу ўринга ўтиришга интилгани йўқ. Унга отаси ажратиб берган улус ҳам етиб турган эди. Аммо укалари уни ҳоли-жонига қўйишмади. Укалари у ҳокимиятни барибир ўз қўлига олади, деб қўрқдилар. Ростдан ҳам унга бу ўрин керак эмасди. Лекин у уни қўлга олдию, ўзи учун хонликдан ҳам қимматроқ бўлган хотинидан айрилди. 
Тўғрил нўёнларнинг саломига жавоб бермай ўтирарди. Ҳозир у ҳаммани ёмон кўриб кетаётган эди. Бугун унга тилёғламалик билан таъзим қилаётганлар эртага бошқа бировнинг олдида ҳам бошларини худди шундай эгаверадилар. Ким хон бўлишининг уларга фарқи йўқ, фақат уларнинг подаларига даҳл қилинмаса бўлди. 
Одамлар билан тўлиб кетса ҳам, ўтов ичи ҳамон жим-жит эди. Ҳар бир нўён ўз ўрнида оёқларини чордана қуриб олиб, ёш хонга хавотирли нигоҳ ташлаб, индамай ўтиришар эди. Тайр-Усунга меҳмон сифатида юқорироқдан жой кўрсатишди. У ҳам чордана қуриб, таранг тортилган белбоғини қўллари билан ғижимлаб ушлаганча, шишинқираган кўзларини чақчайтириб, ўтовни қоплаб турган сариқ ипак мато бурмаларини томоша қилиб ўтирарди. 
Той-Тумор билан Буқа-Туморни олиб келишди. Улар эшик олдида нималарнидир ўзаро пичирлаб туришарди. Бири-бирига жуда ҳам ўхшайдиган бу эгизакларни яқинлари ҳам кўпинча адаштириб юришарди. Оқ-сариқдан келган бу эгизакларнинг қошлари ҳам, энди бўртиб чиқаётган мўйловлари ҳам бир хил эди. Уларнинг орқасида хонга чин садоқат сақлаган ёш йигитлар, нўёнлар туришарди. 
Нигоҳи укаларининг қарашлари билан тўқнашган хон бир сесканиб тушди, нўёнларига яна бир қараб чиқди. 
-Шижоатлари ҳаммага маълум, оқиллиги билан қавмлар фахрланадиган, аччиқ ҳақиқат аламига чидай оладиган ва ширин ёлғонни фарқлай оладиган сиз нўёнларни мен бугун муҳим бир қарор қабул қилиш мақсадида чақиртирдим. Қодир худо отамнинг ўтовини ва ундаги мана шу ўринни қўлга киритишимга мадад берди. Сизлар менга итоат қилишингизни баён қилдингиз ва мен бу сўзларингизни юрагимдан қабул қилдим. Лекин мен бугун бу сўзларингизни ўзингизга қайтараман. Отамнинг ўрнига ўтириш учун укаларимнинг ҳаммаси ҳам бирдай ҳақли. Той-Тумор ҳам, Буқа-Тумор ҳам. Мана, сиз уларни кўз ўнгингизда кўриб турибсиз. Ақлсизлиги туфайли найманлар юртида юрган Эрка-Қора ҳам, танғитлар томонидан бир неча йиллар аввал асир олиб қочилган Жағамбу ҳам шундай. Бугун, мен сизлардан шавкатли одамлар сингари гапнинг тўғрисини очиқ айтишингизни сўрайман, сиз мана шу беш ака-укаларнинг қайси бири хон бўлишини истайсиз? -Тўғрил ўрнидан турди-да, укаларининг ёнига келиб турди. 
Нўёнлар пичирлаша бошлашди. Кейин бу тушуниб бўлмас ола-ғовурга айланди. Мана шу ғовур орасидан аниқ гаплар эшитилиб қолди: 
-Сени! 
-Сен бизнинг хонимизсан! 
Тўғрил ҳаммани тинчитиб огоҳлантирди: 
-Шошилманглар.Ўйлаб кўринглар. Барча муқаддас нарсалар ҳаққи қасам ичаман, мен сизлар нима қарорга келсангиз ўшанга бўйин эгаман! 
Нўёнлар баттар шовқин солишди. Кимдир баланд овозда бақирди: 
-Бизнинг хонимиз Тўғрил! 
Ҳамма бу ҳайқириқни илиб кетди: 
-Бизнинг хонимиз Тўғрил! Бизнинг хонимиз Тўғрил! 
Тўғрил қўлини кўтарди. 
-Бошқа одамни хон ўрнида кўришни истаганлар ҳам борми? 
Сукунат. Тўғрил супача ёнига келдию, ўтирмади. Нўёнларга таъзим қилди. 
-Мен сизларнинг иродаларингизга бўйин эгаман. Шу тобдан бошлаб ва то тирик эканман, мен сизларнинг ҳукмдорингизман. Мен сизларнинг хоҳишларингизни қандай ҳурмат қилсам, бундан кейин сизлар ҳам менинг истакларимни шундай ҳурмат қилишинглар керак. Хон ҳукми олдида ҳамма баробар – энг паст қорача ҳам, зоти улуғ оқсоқол ҳам. Ҳаммаларингга адолат ва ақл билан қарайман. Содиқ ва қўрқмас одамларга марҳамат кўрсатилади, жиноятчилар – ким бўлишларидан қатъий назар! – жазоланади. - Тўғрил кўзларини укаларига қаратиб, жимиб қолди. 
Барча нўёнлар ҳам хоннинг укаларига тикилиб қолишди. Эгизаклар хавотирда оғирликларини бир оёқдан иккинчи оёқларига ташлашарди. Тўғорил навкарларга ишора қилди. Улар ўтовга дабдаласи чиқиб кетган баковулни олиб киришди. 
-Гапир! - буюрди унга Тўғрил. 
Баковул қўрқувдан тутила-тутила бояги ўз иқрорини қайтарди. 
Тўғрил укаларидан кўз узмай турса-да, Тайр-Усунни ҳам назаридан қочирмасди. Баковул маркитлар ҳақида гапирганида, маркит нўёнининг қўллари таранг белбоғлари устида ғимирлаб қолди, аммо қотма юзида ўзгариш сезилмади. Той-Тумор билан Буқа-Тумор баковулнинг биринчи сўзларидаёқ тиз чўкиб олишган, пешоналари билан наматга қадалиб олиб, кечирим сўрашарди. Хон энгашиб турган укаларининг очиқ бўйинларидан болаларча баданларини кўриб, кўнгли бузилиб кетди. Уларга томон бир қадам қўйди-ю, тўхтади. Яна унинг эсига хотинининг муздек ёноғи тушиб кетди. Чўтир юзи тундлашиб, қорайиб кетгандай бўлди. 
-Мана бунинг калласини узиб ташланг, - деди у баковулни кўрсатиб. - Буларнинг эса умуртқаларини синдиринг. 
Навкарлар шу ондаёқ уччаловини ўтовдан олиб чиқиб кетишди. Қулоқни қоматга келтирувчи сукунат чўкди. Ташқарида ўтовни тортиб турган чилвирнинг учини ўйнатаётган шамолнинг кучсиз шивири эшитилди. Нўёнлар кўзларидаги қўрқувни яширишга уринардилар. Улар кўпни кўришган эди-ю, аммо туғишган укаларини бундай шафқатсиз жазолаган одамни эшитмаган эдилар. Укаларики кечирилмаган бўлса, бошқалар хондан нимани кутишлари мумкин?

Просмотров: 582 | Добавил: rsc | Рейтинг: 0.0/0
Всего комментариев: 0
Имя *:
Email *:
Код *:
Вход на сайт
Поиск
Календарь
«  Июнь 2015  »
ПнВтСрЧтПтСбВс
1234567
891011121314
15161718192021
22232425262728
2930
Архив записей
Друзья сайта
  • Официальный блог
  • Сообщество uCoz
  • FAQ по системе
  • Инструкции для uCoz