Суббота, 18.05.2024, 22:47
Приветствую Вас Гость | RSS

ижтимоий-сиёсий,адабий-бадиий,маданий-маърифий сайти

Меню сайта
Статистика

Онлайн всего: 1
Гостей: 1
Пользователей: 0
Главная » 2015 » Июнь » 18 » ШАФҚАТСИЗ АСР VIII IX
18:55
ШАФҚАТСИЗ АСР VIII IX

VIII

Кавакдан суғур бош чиқарди. Қаттиқ мўйловларини қимирлатиб ис олди, калта қулоқларини динг қилиб таниш овозларга қулоқ тутди. Боши узра тўрғай сайрар, майса устида юмронқозиқ чийилларди. Суғур астагина инидан чиқиб, силкиниб устидаги чангини қоқди. Қуёш қиздирар, ер ҳам ёқимли-илиқ эди. Янги чиққан майса сабза урган, гул чиқарган бойчечакларнинг бошчалари енгил шамолда тебранарди. 
Суғур ерга астойдил ёзилиб ётиб олди. Узоқ қиш уйқусидан чиққан танаси ҳали анча кучсиз бўлганидан, қуёш тафтида тезгина уйқуга кетиб қолди. У маза қилиб пишиллаб ухлар, аммо сезгир қулоқлари ҳамон товушларга жавоб қилгандай қимирлаб турар эди. Қулоқчалар бирдан тўхтаб қолди. Суғур бошини кўтарди. Яқин орада секин-аста юриб, уч нафар отлиқ борарди. Суғур ҳар эҳтимолга қарши инига яқинроқ бориб олди. Аммо муз тортиб ётган инига киргиси йўқ эди. Юмронқозиқлар кавлаб чиқарган тупроққа ёнбошлади. Мўйнасининг сарғиш-бўз ранги тупроқ ранги билан деярли бир хил бўлганидан уни дарров илғаш қийин эди. 
Отлиқлардан бири отини тўхтатиб, камонини тортди. Ўқ суғурнинг шундоққина тумшуғининг ёнига қадалди, тўзғиган чанг эса кўзларига қадалди. Ҳеч нарсани кўролмай қолган, қўрқиб кетган ҳайвон шошилиб кавагига кириб кетди. 
-Эҳ, ўғлим-а, мен сенинг ёшингда шунақа отармидим? – Қария Чарха-Эбуген аччиғланиб бошини чайқаб қўйди. – Есугай-баҳодир бўлганида бехато отган бўларди. 
Есугай олдинда кетар эди. Ўз исмини эшитиб, от жиловини тортди. 
-Нима гап? 
-Мана бу Менгликни кўрмайсанми... Мен унга сен бўлганингда ўқни бехато урардинг, деяпман. 
Есугай масофани чамалаб кўрди-да, тасдиқлаб қўйди: 
-Ҳа, мен янглишмасдим. 
-Бўлмаса нимага отмадинг? – деб сўради Менглик нишонга тега олмаганидан алами чиқиб. 
-Шунчаки, ўзим. Хоҳламадим. 
Есугай суғурни ҳам, тўп бўлиб турган тупроқни ҳам пайқамай қолганини билдиргиси келмади. Кўнгли жуда қоронғу эди. Ёвузлик руҳлари тайжутлар улусини таъқиб қилишяпти, шекилли. Ўнбағай-хондай доно одамнинг вафотидан ҳали ўзига келмаган юрак янги ғамдан озурда бўлди: жароҳатлари битмаган Қутул-баҳодир ҳам оламдан ўтди. Бугун нўёнлар қурултойга тўпланишяпти. Кимни янги хон қилиб кўтаришаркин? Қутулнинг ўғли Олтон ҳали жуда ҳам ёш. Бошқа аслзода нўёнлар орасида эса ўз ақли ва жасоратлари билан бошқалардан устунроқ келадигани йўқ. Жуда катта тортишувлар бўлса керак. 
Чарха-Эбуген хирилдоқ овози билан ашула айтиб қолди. У ўғлини изза қилгандай, ёйи чексиз осмон бағридан бургутни, югуриб кетаётган жайроннинг кўзини пойлай оладиган афсонавий мерган ҳақида куйларди. Ини олдида мудраб ётган суғур эса, бу мерган учун арзимас нишон. Буюк мерган Менглик эса, уйқучи суғурни уйғотиб қўйиш учунгина камонидан ўқ отиб қўйгани ҳақида куйларди. Менглик отасининг бу қўшиғини эшитиб, айёрона кулиб қўйдию, ўзи ҳам жавоб қўшиғини бошлаб юборди. 
Ота-боланинг хушчақчақлиги Есугайнинг жаҳлини чиқарди. Ашулага топган вақтларини қараю. Базмга кетаётганлари йўғу. Қурултойдаги баҳслар уруғларнинг бўлиниб кетишига сабаб бўлиши мумкин. Бундан кучсизланиб қолган улус душман қўшнилари – татарлар, маркитлар, қарайитларга емиш бўлиши аниқ. Есугай Менгликни тинчитмоқчи бўлдию, кейин индамай қўя қолди. Ўзингга яқин одамларни уришиш билан қаттиққўллик қилиш ярамайди. Булар ўзи шунақа одамлар : ҳар вақт қўшиқ айтишга, ҳазил-мутойибага ва сўзамоллик қилишга тайёр турадилар. Чарха-Эбуген аждодларининг бири бутун чўлга машҳур шомон бўлган. Чарха-Эбугеннинг ўзи ҳам шифобахш гиёҳларни танир ва улар ёрдамида касалликларни даф қила оларди. Менглик бу соҳада сал йўқроқ. Лекин тўнғич ўғлини шомонга шогирдликка берди. Одамларнинг айтишича, болакай осмон сир-синоатларини ўқишда ажойиб иқтидори борлигини намойиш қилган эмиш. Энг асосийси, қария Чарха-Эбуген ҳам, Менглик ҳам жуда ишончли, Есугайга ҳар тарафлама содиқ кишилар эди. Ҳақиқий дўстлар унчалик ҳам кўп эмас. Шундай дўстлари сафига у яқин қариндошлари -Сача-беги, Торғутой-Қирилдуқ, Олтонларни қўшиши мумкин. Аммо бугунги қурултойга улар алоҳида жўнаб қолишибди, демак, орқадан бир нарсани ўйлаб қўйишган кўринади. Туғишган ака-укалари ҳам ҳар ким ўзича кетворибди. Бу ёмон, буларнинг ҳаммаси жуда ёмон. 
От туёқлари остида майин майсалар ястланиб ётар, ора-орада мовий, сариқ, оқ, кўк гуллар яшнаб турар, бундан дашт гўёки байрамона безатилиб, ҳамма ёқ ювилгандай эди. Кичкинагина кўл устида ўрдаклар парвоз қилар, бир оёғини танасига тортиб олган қарқара ўйчан турар, узоқроқда эса худди қўйлар подасини эслатиб тувалоқлар виқор билан юрардилар. Баҳор!.. Кўчманчилар учун бундан ҳам яхши фасл борми? Қиши билан ориқлаб кетган чорва баҳор яйловларида тезгина семириб олади, қўзилай бошлайди. Болакайлар ҳам тўйиб сут ичадилар, ялангоёқ, тойчоқлардай тиниб-тинчимай ўрамни бошларига кўтариб югурадилар.Чол- кампирлар ҳам кун ботгунича офтобда, эмаклаб кетган набираларига қараб ўтирадилар. Одамлар ҳам бир оз юмшаб, кенгайиб, душманлар ва урушлар ҳақида эмас, балки той-тулпорлар, пойгалар ва полвонлар беллашувлари ҳақида маза қилиб суҳбатлаша бошлайдилар. 
Анъанага кўра қурултой Онон бўйида ўтказиларди. Деярли барча нўёнлар йиғилиб бўлишган эди. Аммо улар илгарилари бўлганидай бир жойда, тўп бўлиб эмас, балки катта майдоннинг ҳар ер-ҳар ерида, кичик-кичик гуруҳларга бўлиниб, бошларини бир-бирларига эгиб олганча, нималарнидир мулоҳаза қилиб ўтиришар ва гоҳ-гоҳида атрофга олазарак нигоҳ ташлаб қўйишарди. Қийғоч гуллари маст қилувчи ифорлар таратиб турган шумурт ёнида Есугай ҳам отдан тушиб, жиловни Менгликка тутқазди. Чарха-Эбуген отдан тушмай, одамларнинг айри-айри ўтирганларини кўриб, норози ҳолда ғўлдиранди: 
-Кутмаган эдим... 
Доритой-Ўтчигин қўлларини дўстона кўтарганича, юзига табассум югурганча уларга яқинлашди. 
-Ака, мен бўлсам, сени ҳаммадан олдин кетиб қолгансан, деб ўйлабман. 
-Жим бўл, муғомбир! -Есугай унга қатъий жавоб қилди. 
Буталар оралаб, уларнинг ёнига ўрта бўйли, бесўнақай Торғутой-Қирилдуқ яқинлашди. Елкасидаги чопонини тортиб туширар экан, ҳайрон бўлди: 
-Э-э,сен шу ердамисан...Биз эса сени... 
-... буталар остидан қидириб юрибсизлар, - деб унинг гапини якунлаб қўйди Есугай. 
-Ҳа, - ўйламай рози бўлди Торғутой-Қирилдуқ, лекин шу ондаёқ гапини тўғрилаб қўйди – Йўқ, қидирганимиз йўқ... 
Доритой-Ўтчигин қулун чийиллашига ўхшаб кулиб юборди. Торғутой-Қирилдуқнинг шишинқираган башараси жиддийлашиб, ёвқараш қилиб унга ўгирилди. 
-Ҳа, нима? 
-Укам билан бир хилда ёлғон гапирдинг-да, шунинг учун кулгиси қистади, - деди хўмрайиб Есугай. - Эҳ-ҳ... Нимага бунақа қиласизлар-а? 
-Ҳар хил миш-мишлар юрибди, - тўнғиллади Торғутой-Қирилдуқ ҳам қовоғини уйганча этикларининг учига тикилар экан. – Нўёнларни ўзингга оғдириб юрган эмишсан. 
-Сени оғдирдимми? Сача-бегини-чи? Олтонни-чи? Ўзимнинг ака-укаларимниямми? - дея Есугай унинг тумшуғигача яқин келди. 
-Бу гапни бас қилайлик, - тинчланди Торғутой-Қирилдуқ ва Есугайга орқасини ўгириб, - юр,биз билан, -деди. 
Шумурт бутаси ортида ёш нўёнлар тўпланишди.Есугай уларнинг ораларига суқулиб кириб ўтирди. Ҳамма ниманидир кутгандай унга, Торғутой -Қирилдуққа қараб турарди. Жаҳли чиққан Есугай жим ўтирарди.Торғутой-Қирилдуқ ҳам. Доритой-Ўтчигин бекорчи бир мавзуни бошлаган эди, қолганлар ҳам уни илиб кетишди. Хон сайлаш ҳақида ҳеч ким оғиз очмасди. Қурултой бошланганда эса, Есугай ёш нўёнлардан орқада қолиб, Чарха-Эбугенни қидириб топди. Кези келганда у билан маслаҳатлашиб олинса бўлади. 
Оломон ичидан Тумор-билги чиқиб келди. Боши кал, соқоли оппоқ, оёқлари тарвақайлаб кетган бўлса-да, ҳали бақувват бўлган чол чийилдоқ овозда гап бошлади: 
-Қадимда бизнинг уруғда ҳукмдорлар бўлмасди. Кейин одамлар шу ерда тўпланиб, етакчиси бўлмаган ғозлар тўдаси ҳам, отлар уюри ҳам тезгина бўри галасига емиш бўлади, дейишди. Орамиздан энг муносибини ўзимизнинг сардоримиз қилиб сайлаймиз, уни хонликка кўтарамиз ва улусни бошқаришни унга топширамиз, дейишди. Биринчи хон қилиб шавкатли Қабил сайланган эди. Ҳозир ҳам биз шунинг учун, ичимиздан энг муносиб деб топилган одамни бошимиз узра кўтариш учун йиғилдик. Кимнинг номини айтасизлар? 
Оламон жим. Есугай, хон номини айтиш пайти келганида, камида ўнта одамнинг исмини айтишади, деб ўйлаб ўтирарди. Нега ҳамма жим? 
-Нега ҳеч кимнинг отини айтишмаяпти? – шивирлаб сўради Есугай Чарха-Эбугендан. Чол кулимсиради. 
-Айтайлик, мен сенинг номингни кўрсатаман, лекин Торғутой-Қирилдуқни сайлашади. Хўш, кейин мен Торғутой-Қирилдуқдан нима яхшилик кутишим мумкин? 
-Хўш, ким айтади? - Тумор-билги қисиқ кўзлари билан нўёнларга қараб чиқди. Есугайга кўзи тушиб, - Сен айт, шавкатли Қабил-хоннинг набираси, қўрқмас Есугай. 
-Бошқалар гапира қолсин. 
Тумор-билги кетма-кет ҳаммадан сўраб чиқди. Аммо ҳеч ким биронта одамнинг исмини айтмади. Есугай ҳаммасини тушунди: ич-ичида деярли ҳар ким хонликка ўзининг кўтарилишини кутиб ўтирарди. Есугай-баҳодирнинг ўзи ҳам шуни кутиб ўтирган эди: Ахир, у Қабил-хоннинг невараси эмасми? Ўнбағай-хон ҳам барча тенгдошлари орасида уни алоҳида кўрарди. Сўнгги юришда ҳам Есугай Қутул-баҳодирнинг ўнг қўли бўлмаганмиди? Аммо Торғутой-Қирилдуқ ҳам, Олтон ҳам уни хон ўрнида кўришмаганда, бошқалар ҳақида нима дейиш мумкин! Майли, кўнглингизга ким яқин бўлса ўшани сайлайверинглар. 
Есугай нарироққа, Ононнинг тик қирғоғи бўйига бориб ўтирди. Дарё тўлиб-тошиб оқар, лойқа ва шитоб сувлари тўлқинида кўпиклар рақс тушарди. Нарироқ бориб ўрамалар атрофида айланар ва қумли қирғоққа келиб йўқоларди. У сувга тикилиб ўтирар, аммо қулоқлари нўёнларнинг гапларида эди. Кимдир жон куйдириб ниманидир исботларди: 
-Биз қурултойга сал шошилиб келдик. Буюк ишларни амалга ошириш учун яхшилаб ўйлаш керак. Қаёққа шошамиз? Ака укаси билан, дўст дўсти билан яхшилаб ўйлаб кўрсин. 
Есугай енгилгина ҳуштак чалиб қўйди. Мана, гап қаерда экан! Кимгадир вақт керак бўлиб қолибди – кимларнидир кўндириш, кимларнидир совға -саломлар бериб сотиб олиш, бошқаларига пўписа қилиб қолиш керак... нўёнлар жонланиб қолишди. Ҳар ким ўзича бу вақтдан бошқалардан кўра яхшироқ фойдаланиб қолади, деб ишонади. Ҳозирча хон сайланмайди, деган қарорга келишга тайёрлар, шекилли. Шу тобда бунга қаршилик кўрсатиш – сувни қилич билан кесиш билан баробар. Масалага бошқа тарафдан ёндашиш мумкин эмасмикин? 
Ҳамма нарсани ўйлаб, пишитиб олишга вақт йўқ эди. Есугай сапчиб ўрнидан турди-да, Тумор-билги ёнига келди. 
-Доно оқсоқоллар ва жасур жангчилар! Сиз яна ва яна ўйлаб кўрмоқчисиз. Шундай ҳам бўла қолсин. Лекин бир ўйга келгунингизгача бизнинг нутуғларимизни ким ҳимоя қилади? Шарқда татарлар, ғарбда маркитлар, шундоққина биқинимизда қарайитлар, шимолда эса, бесаранажом тоғликлар турган бўлса – улар билан ким жанг қилади? Ким қўшин тўплайди? Ким уларни юришга бошлайди? Мен сизлардан шуни сўрамоқчийдим, доно оқсоқоллар ва қўрқмас баҳодирлар. - Есугай жим қолди. Оломондан Чарха-Эбугенни топиб, нигоҳлари билан : “ Тўғри гапирдимми?” деб сўради. Қария уни қувватлагандай бош силкиб қўйди. 
Ҳеч ким Есугайга жавоб беришга шошилмасди. Кучли ҳарбий қудратсиз уларнинг бу осуда, тўкин-сочин турмушлари бир ҳамла билан йўққа чиқишига нўёнларнинг ақли етарди. Аммо бировлар хонлик тожини ўзи кийишини, бошқалар эса хонликка ўз одамларини кўтаришни хоҳлардилар ва бу истак душманлар олдидаги қўрқувдан кучлироқ бўлиб чиқди. 
-Биз маркитларни уриб ташладик, - деди кимдир. 
-Татарларни ҳам! - бошқа бир овоз ҳам тез унга қўшилди. 
-Қарайитлар бўлса, ака-укаларнинг мулк талашишлари билан банд, уларнинг биз билан ишлари йўқ! 
Нўёнлар шу тахлит ўзларига таскин берардилар. Аммо Есугай чекинишни истамади. 
-Тўғри, шундай! - рози бўлди у. -Аммо татарлар бизнинг ерларимизга бостириб келишга тайёрланишяпти, деган гаплар юрибди. 
-Урушга кузда юрилади. Ҳозир эса баҳор, - деди қатъий қилиб Тумор-билги. Есугай томонидан четга сурилиб, нўёнларнинг эътиборини ўзига тортиб олганидан оқсоқол норози эди. 
-Буни биламан...Кузда отлар ҳам етилган, ем ҳам етарли бўлади. Шунинг учун ҳам урушлар кузда бошланади. Мен эса татарлар устига айнан шу пайтда бостириб бориш керак, деб айтаман. Улар ҳеч қандай ҳужумни кутмаган пайтда, биз уларни осон енгамиз. Ўрамлардан одам тўплашга менга рухсат беринг, мен татарлар устига юраман. Мен ҳар бир овул мунчадан одам берсин, демайман. Мен фақат хоҳловчиларни, кўнгиллиларнигина оламан. 
Нўёнлар унинг гапига тез рози бўлишди. Бу уларни ҳеч нарсага мажбурламасди. Есугайга шу керак эди. У бошқалар ҳали кўролмаяпган нарсани кўрарди: Ўнбағай-хоннинг сабоқлари бекор кетмаган эди, агар осмон унга татарларни енгишда куч берса, ҳамма ботир жангчилар унга эргашишади. Унинг қўрқмас, содиқ навкарлари кўпаяди ва ўшанда ҳеч ким унинг хоҳишига қарши унга хўжайинлик қилолмайди. Бобоси бирлаштирган, Ўнбағай-хон мустаҳкамлаган улусни у ўз қўлига олади. Нўёнлар буни ҳозирча тушунмай турганлари ҳам яхши. Ҳатто Чарха-Эбуген ҳам унинг мақсадларини англаб етолмайди. 
-Нимага ўз бошингга бу юкни олдинг? – сўради чол уйга қайтиш чоғида. 
-Татарлардан жароҳатларим учун ўч олмоқчиман. 
-Ҳарбу зарб шамоллари ўзгарувчан бўлади, қара, оёғингдан олмасин.- 
Есугай кулди. У ўз омадига ишонарди. 
Қадрдон овулига яқинлашиб қолишганда Есугай отни чопдириб кетди.Ўзи ўйлаб қўйган режалари ҳақида у фақат битта одамга – Ойлунга гапириб беради. Хотини...Сал узоқроқ кетадиган бўлса, дарров уни соғиниб қоларди. Мана, ҳозир ҳам унинг бетоқат кўзлари ўтовлар олдида тўпланиб турган одамлар орасидан Ойлунни қидирарди. Ана у. Эрини кўриши билан у ўз ўтовига қараб юрди. Юрганида унинг бошидаги боғтўғаси*(боғтўға - ўша даврларда аёллар киядиган бош кийими) чайқалар ва унга суқиб қўйилган кегайи ярақлаб қоларди. Турмушга чиққан аёллар киядиган ва бадани шаклларини яшириб турадиган кенг номрокда (кўйлак) бўлса ҳам, Ойлун ҳозир унинг назарида сезиларли даражада тўлишиб қолгандай туюлди. Ҳозиргина хаёлига келган шодон таҳминидан шодланиб кетди. Наҳотки? 
Отидан сакраб тушган Есугай Ойлунни қучоғига босди, қўллари билан секингина қорнини силаб кўрди. У эса ўзини четга олиб, қизаринди. 
-Демак, тўғри экан-да? 
Хотини боши билан тасдиқлади. Есугай уни кўксига босди, озғингина елкаларини авайлаб силади.

IX

Ўз биродарларини қатл қилиш билан Тўғрил атрофидаги нўёнларни ўзидан узоқлаштириб қўйди. Уларнинг хушомадлари остида у энди аллақандай ҳушёрликни ҳам сезаётган эди. Вазиятни сал юмшатиш ва ўз эҳтиётини кўзлаб у тангут уруғи қўлидаги укаси Жағамбуни сотиб олди. Найманлар юртида юрган укаси Эрка-Қорани ҳам ўзига оғдиришга уриниб кўрдию, аммо у Той-Тумор ва Буқа-Туморларнинг тақдиридан хабардорлиги боис, ҳеч қанақа келишувлар ва ваъдаларга учмади. 
Ҳеч кечиктирмай нимадир қилиш керак эди. Лекин нима? Нима? У деярли ўз ўтовидан чиқмасди. Бошқа бировларни ҳам камдан-кам киритарди. Камгап ва ўйчан ўспирин укаси Жағамбугина доим у билан бирга эди. У кун бўйи кичкинтой жияни Нилха-Сангун билан овора бўларди. Хотинининг вафотидан кейин Тўғрил ўз ўғлини ҳеч кимга, энагасига хам, хизматкорларга ҳам ишонмасди. 
Нилха-Сангун энди-энди юра бошлаган эди. Бақалоқлигидан вазни оғир бўлган болакай ўрдак жўжаси каби у ён-бу ёнга лапанглаб, Жағамбунинг бармоғини ушлаганча юмшоқ намат устида оёқ босарди. 
-Ҳм, мана шунақа, шунақа, - деб Жағамбу уни қўллаб қўярди.- Энди ўзинг, менсиз юриб кўргин. 
Жағамбу болакайдан бир неча қадам узоқлашиб, қўлларини чўзиб ёнига чақирди. Бола қўрқа-писа бир қадам қўйди, кейин яна бир қадам босди-да, йиқилди. Пастки лабини чўччайтирдию, йиғлаб юборди. 
- Ана холос, дарров йиғлаш экан-да! -деди Жағамбу гина қилгандай, унинг кўз ёшларини артаркан. 
Ўтовга шошилганча қуролланган аскар қириб келди. Таъзим қилишни ҳам унутиб: 
- Найманлар! – деб бақирди. 
- Қаерда? 
- Бу ердан бир манзил нарида. Уларни Эрка-Қора бошлаб келаяпти. 
- Ҳаммани йиғ! Отлар эгарлансин! – деб буюрди Тўғрил ва шошилиб совутини кия бошлади. - Жағамбу, болага қараб тур.Отингни шайлаб қўй. Бирон нарса бўлса, уни олу менинг ёнимга уч. 
У ўтовдан чиққанида бутун ўрам хавотирдан жунбушга келган эди. Жангчилар от устида ўтовдан ўтовга бош суқиб югуришар, отлар кишнаган, қуролларнинг жаранги эшитиларди. Ўтларни ерга эгиб шамол эсар, қора булутлар сузиб юрган осмоннинг қайсидир бурчида момақалдироқ гумбурлади. “Эгам, ўзинг менга ёрдам қил!” – шивирлади Тўғрил. Агар найманлар ростдан ҳам бир манзил нарида бўлсалар, демак, кечга яқин етиб келишади. Уларни нима қилиб тўхтатиш мумкин экан? 
Ўтов олдида ҳарбийлар тобора кўпайиб борарди. Нўёнлар унинг ёнига келиб, кимда қанча жангчи борлигини маълум қиларди. Уларнинг биронтаси ҳам келмасликка қарор қилолмагани, Тўғрилни тинчлантирди. Балким улар ҳақида бекорга ёмон фикрга бориб юргандир. 
У отига миниб, қўшинни шамол увиллаган, қоронғу даштга эргаштириб кетди. Яна момақалдироқ гумбурлади. Бу галгиси аввалгисидан кўра яқинроқда ва анча баландроқ эди. Бўрон яқинлашаётган эди. Бирдан шамол тўхтади, қоп-қора булутлар шундоққина бош устида осилиб қолгандай, пастлади. Чўл сукунатга чўкди. Шу ондаёқ ёмғир ёға бошлади. Унинг йирик томчилари дубулғаларга урилиб тараклар, отлар тўқимларига попиллаб урилиб, шимилиб кетарди. Аввалига отларни секинлаштирган қўшин, сал ўтиб умуман тўхтаб қолди. Жаланинг тўхташини кутиш лозим эди. Акс холда ёмғир одамларни ҳам, отларни ҳам холдан тойдириб қўйиши мумкин эди.Унда душман босимини қайтаришнинг имкони бўлмай қолади. Найманлар ҳам, шубҳасиз, пойлашади. Энг тўғриси шу - қўшинга дам бериш керак. 
Жангчилар тўрваларидан чоғроққина чодирлар олиб, ўзларини панага урдилар. Отлар эгаларининг яқинида, пишқириб, ёлларидан оқиб тушаётган томчиларни силкиб турардилар. Тўғрил учун навкарлар сафар чодирини тиклаб беришди. У ичкари кириб, қуруқ кийимларни кийиб олди-да, кираверишда эгар устига ўтирди. Момақалдироқ кетма-кет гумбурлар, чақмоқнинг кўкимтир-оқ рангдаги шўъласи яшин сингари ерга санчиларди. Тез қоронғу туша бошлади. Тўғрил ёнбошлади, устига намиққан тўқим ташладию, бироқ ухлай олмади. Уни тушунарсиз бир хавотир қамраб олган эди. Нўёнлари жуда тез, худди тайёрлангандай тез тўпланишди. Бир ёмонликни режа қилишган бўлса-чи? 
Тун ярмига яқин ёмғир секинлашди. Тўғрил навкарларини уйғотиб, қўшинни айланиб чиқишни буюрди. Улар бир зумда изларига қайтишди. 
- Ҳеч ким йўқ! Улар кетишибди! 
- Бўлиши мумкин эмас! 
Унинг ўзи қоронғуда қоқиниб-суқиниб, яқингинада чодирларида ўтирган аскарларини қидириб кетди. Лекин у ерда ҳеч ким йўқ эди. Бақирган эди – ҳеч қандай жавоб бўлмади. Навкарлардан бири мойга ботирилган латтани найзаси учига қадаб, машъала ёқди. Уни баланд кўтарганида эса ёмғир сувлари билан тўлиб қолган отлар туёқларининг излари, топталган майса ва кимдир эсидан чиқариб қолдирган бош кийимидан бошқа ҳеч вақо кўринмади. Тўғрил ўз ўтовига қайтди. Унинг ёнида юзга яқин ивиб кетган навкарлари биқиниб туришарди. 
- Отларга мининглар, - деди у чарчоқ овозда. 
Кетиш керак эди. Қанча тез бўлса, шунча яхши. 
Анча юрганларидан сўнггина кун ёриша бошлади. Осмонда ҳамон қора булутлар сузиб юрар, лекин ёмғир тинган эди. Қуёш чиқа бошлади. Тўғрил ёнига айғоқчи от чопдириб келди.
-У ерда бир ўрам бор. 
- Кимларники? 
- Ўзимизники, қарайитларники. 
У егулик ва қимиз топиб келиш учун ўрамга ўн нафар навкар жўнатди. Энди у манави навкарлар ҳақида ўйлаши, уларни тўйдириши керак. Бўлмаса улар ҳам тарқаб кетишади. Кейин нима бўлади? Маркитлар тарафга борсинми? Унинг эсига чақчайган Тайр-Усун, унинг дўстлик ҳақидаги, доимий иттифоқ тузиш ҳақидаги гаплари келди. У Тўхтабегининг элчиларига ишонмаган эди. Той-Тумор билан Буқа-Тумор уларнинг мададига ишонишган эди. Оқибатда ўлимга юз тутишди. Агар Эрка-Қора мустаҳкам ўрнашиб олса, маркитлар Тўғрилни ҳам укалари сингари тутиб бериши аниқ. Шунинг учун ҳам бу ерлардан узоқроқ юрган маъқул. Тайжутлардан паноҳ сўрасаммикан? 
Улар ҳам Эрка-Қора билан яқинлашиб олиш учун унинг бошини тикиб юборишса-чи? 
Уларнинг кетидан бир ёлғиз отлиқ келаётганини хабар қилишди. Тўғрил тўхтади. Чўлда бағрига аллақандай тугунни бостириб олган бир отлиқ бор кучи билан елиб келарди. Бу Жағамбу-ку! Кичкинтойига нима бўлдийкин? 
Тўғрилнинг сабри чидамай, укаси томон от чоптириб кетди. Ҳеч нарса демай, у укасининг қўлидаги тугунни олди-да, уни шоша-пиша очиб қаради. Болакай бармоғини оғзига солганча ухлаб ётарди. У боласининг ипакдай майин сочларини силаб, яна меҳр билан ўраб қўйди-да, навкарларга узатди. Жағамбунинг юзи чароғон эди. Тўғрил белидаги кумуш дастали пичоғини олиб укасига узатди. 
- Бу сенга. Сен менинг энг содиқ навкаримсан. 
У укасини бағрига босгиси, кичкинтойи ҳақида ўйлашдан ҳам қўрққани ва кичик укаси бошқалардан фарқли ўлароқ, садоқатли ва ишончли бўлиб чиқишини кутмаганлигини айтмоқчи бўлди. Лекин ҳеч нарса айтмади. Атрофда чарчаган ва очиққан, мавҳумликдан соб бўлган навкарлар турарди. У Жағамбудан сўради: 
- У ерда нима гап, гапириб бер. 
- Мен билмайман, - айбсинганча жавоб берди Жағамбу. - Сен кетганингдан кейин, ёлғиз ўзим қолишдан чўчиб, Нилха-Сангунни олиб, ўртоғимникига, Дутуз нўённикига кетдим. Ўша ерда тунаб қолдим. Кечаси Дутузнинг қайтганини, навкарларинг сени ташлаб кетишганини билдим. Мен жимгина отимни эгарлаб, сен тарафга қараб кетдим. Тонг отганда сизлар тўхтаган жойга етиб келган эдим. Отлар изидан юриб сизлар тарафга қараб келаяпман... 
Ўрамга юборилган навкарлар қайтишди. Уларнинг кўриниши ғамгин эди. 
- Бизга ҳеч нарса беришмади. Кеча бу ўрамга Эрка-Қоранинг жангчилари келиб, сени ҳукмдор деб ҳисобламасликларини буюриб кетишибди. Агар биз ўрамга борсак, улар ҳимояланишар экан. 
Қуёш энди анча кўтарилиб қолган, навкарларнинг нам энгилларидан буғ кўтариларди. Улар тушкун аҳволда сукут сақлашарди. Тўғрил ўрамга қараб турарди. Ўтовлардан кўкимтир тутун осмонга ўрларди. От уюрлари, қўйлар подаси даштга қараб кетар, қуролланган жангчилар от суриб юришарди. 
-Ҳа, майли, -деди у қовоғини уйиб, - улар бу ишларидан афсус чекиб қоладилар. 
Улар ўрам ёнидан от йўрттириб ўтдилар. Орқароқдаги навкарлар бир пода қўйларни ярим ой шаклида ўраб олиб, индамай ҳайдаб кетдилар. Ўрамдагилар буни кутишмаган шекилли, Тўғрил ва унинг навкарлари анча узоқлашиб кетгандагина тартибсиз жангчилар уларнинг кетидан от солишдию, узоқ масофадан бир-икки ўқ узиб, кейин орқага қайтиб кетишди. 
Энди истаганча озуқа бор эди. Юмшоқ қўй гўштини еб олган навкарларнинг чеҳраси очилди. Лекин унинг ўзи борган сари тундлашиб борарди. Ўзига тобе одамларни талагани азоб берар ва эртадан ҳеч бир яхшиликни кутиш мумкин эмасди. Биргина чора бор – кутиш. Найманлар кетгач, Эрка-Қорани бир ёқлик қилиш мумкин бўлар, балким. Лекин бу ерда кутиб бўлмайди. Уни ҳамма тарафдан қуршаб олишлари, ўлдиришлари ёки бўйинсунишга мажбур қилишлари мумкин. Қарайитлар улусидан тезроқ чиқиб кетиш керак. Иложи борича узоқроққа кетиб, вақтинча ғойиб бўлиш керак. 
Тайжутлар ва татарларга қарашли ерлар орасида жуда катта ерлар бўш ётганини у биларди. Ўша ёққа кетиш керак. Шу қарорга келган Тўғрил яқин атрофдаги ўрамларнинг биридан бир тўда соғин бияларни олиб қочиб, изларини яшириб, қарайитлар ерларидан нари кетди. 
Энди йўлда кўчманчилар қароргоҳлари камроқ учрар, яна бир муддатдан кейин эса, умуман бий даштга чиқиб олдилар. У узоқ муддат яшаб туриш учун жой танлади. Узоқ сафардан ҳориққан навкарлар, дам олиш имкони туғилганидан болалардай шодланиб, қувноқ бақир-чақир билан шоша-пиша чодирларни тика бошлашди. Олов ёқилди, бурунни қитиқловчи пишган гўшт ҳиди димоққа урилди. 
Бирдан ҳамма ёққа сукунат тушди. Кўзларини бир томонга қадаганча ҳамма қотиб қолди. Уларга қараб отлиқ қўшин келар эди. Мингга яқин қуролланган отлиқлар бир саф бўлиб, отларини йўрттириб уларга қараб келишарди. Тўғрилнинг юраги увушиб кетди. Тамом. Лекин у ҳар қалай навкарларига жангга тайёр бўлиб туришни буюрди. Найзаларини тикка қилганича отлиқлар тез яқинлашиб келишарди. Тўғрил қиличи дастасини маҳкам қисиб олган, елкасидан ғашга тегадиган муздек тер қуйиларди. Урушнинг ҳамма даҳшати – мана шу кутиш онлари. Қўрқув темир қўллари билан юрагингни сиқади, бутун аъзойи баданинг ўлиб қолгандек, сенга бегонадай. Кейин буларнинг ҳаммаси йўқолади. Жанг пайтидаги аламли қичқириқлар, қуролларнинг жаранг-журунги, отларнинг пишқириши остида одам ўзини унутиб қўяди, гўё. 
Бир камон ўқи етарлик масофа нарида қўшин тўхтади. Кул ранг от минган бир чавандоз улардан ажраб чиқиб келиб, Тўғрил навкарлари сафлари олдида тўхтади.Унинг остидаги от типирчилар, оғзидан кўпик оқизиб, сувлиқларини жаранглатиб тишларди. 
-Ҳов, татар кўппаклари! Қуролларингизни ташланг, акс ҳолда битта қўймай сўйиб ташлаймиз! 
-Биз татар кўппаклари эмасмиз! Биз қарайитлармиз! - қичқирди Тўғрил. 
Ҳайронликдан отлиқ оғзини юмишни ҳам эсдан чиқарди. 
-Ростдан ҳам татарлармас! 
Биқинларини ликиллатганича от уни ўз қўшини томонга олиб кетди. Қўшин сафлари ораси очилиб, олдинга оёқлари оппоқ, сариқ от минган чавандоз чиқиб келди. Чопарининг гапларини эшитиб бўлиб, у секин қарайитлар томон кела бошлади. Тўғрил ҳам унга қараб юрди. Чавандоз совуқ, кулранг кўзларини қадаб унга бошдан оёқ разм солиб чиқди. 
-Сен кимсан? 
-Мен қарайитлар хони Тўғрилман.Ўзинг-чи? 
-Биз тайжутлармиз. Ўз улусингдан бунчалик узоқ жойларда нима истаб юрибсан, хон? 
-Улусимни мендан тортиб олишди. Қолгани шу, - Тўғрил ўз навкарларига ишора қилди. 
-Қанақасига?.. 
-А-а... Нўёнлар хиёнат қилишди, - алам билан хўрсинди Тўғрил. 
-Нўёнлар? - Тайжутнинг кулранг кўзларида истеҳзоли кулги пайдо бўлди. – Хонлиги йўқ хон, энди нима қилмоқчисан? 
-Ўзимга тегишлигини қайтариб оламан. 
-Йўқотишдан кўра, қайтариб олиш қийинроқ... Мен билан борасанми? Мен Есугайман. Татарлар устига кетяпман. 
Татарлар устига нимага боришим керак? Лекин йўқ, деса, Есугай уни орқасида қолдириб жим кетармикин? Йўқ. Бу ёш жангчи бунақа хатога йўл қўядиган аҳмоқлардан эмаслиги шундоқ кўриниб турибди. 
-Мен сизлар билан бораман. Лекин кейин, сизлар ҳам менга ёрдам бериб юборасизлар. 
-Майда-чуйда сотаётган савдогарга ўхшаб савдолашмагин, хон, - масхараомуз кулди Есугай. – Ҳаммасининг вақти келади. 
Кўринишдан Есугай унинг гапларига ишонмагандай. Тўғрилнинг навкарларини қўшинининг ичига шундай жойлаштирдики, улар билинтирмай бир қадам ҳам қўёлмасдилар. Ҳар доим юзлаб кўзларнинг назари остида бўлиб турардилар. Аммо Тўғрилга Есугайнинг бу хил эҳтиёткорлиги маъқул келди. 
Улар татар нутуғларига сичқон овлаётган мушук мисоли сокин яқинлашардилар. Айғоқчилар йўларни синчиклаб кузатиш учун қўшиндан анча илгарилаб кетган эдилар. Йўлда учраган тасодифий одамлар ҳам тутиб келтириларди. Кейинроқ эса, пойлоқчиликни кучайтирган ҳолда кундузлари дам олиб, фақат тунда йўл юришга ўтдилар. 
Тонготар пайтда бир татар ўрами олдидан чиқиб қолишди. Айлана ясаб турган аравалар ортида юзлаб ўтовлар ва чодирлар турарди. Итлар ҳуриб, одамлар бесаранажом югургилаб қолишди. Довуллар овози янграй бошлади. 
Есугай жанг бошланганини эълон қилувчи: 
-Урагша! - чақириғини ҳайқириб айтди. 
-Урагша-а! - илиб кетишди бошқалар ва жангчилар ўрамга бостириб киришди. 
Уларга қарата онда-сонда, тартибсиз ўқлар отилиб қолди. 
Даҳшатга солувчи бақириқлар ва қичқириқлар билан отлиқлар тўлқини ўрамга таҳдид қилар, аммо зич қилиб териб қўйилган аравалар олдига етиб келгач, отлар орқа оёқларида тик бўлиб олар ва орқага қараб кетар эди. Бу вақт ичида татарлар қўшин тўплаб улгуришди. Энди ўқлар ёмғири рақибларга етиб кела бошлади. Тўғрил отдан сирпаниб тушиб, аравалар томонга чопди. Унинг навкарлари ҳам тезликда араваларни тортқилаб йўл очишди. Пайдо бўлган кичиккина йўлакчадан тайжутлар ёпирилиб кириб, қадамларида учраган ўтовларни йиқитиб кета бошладилар. 
Эгарга ўтириб олган Тўғрил атрофга бир назар ташлаб олди. Есугай жангчилари аравалар ва ўтовлар орасида қилич серпаб, ўрамни иккига бўлиб борарди. Бу юриш анча ичкарилаб, ўрамнинг маркази бўлмиш, ҳаво ранг чодирга яқинлашиб қолган эди. Ўша ерда Есугайнинг бошидаги дубулғанинг учи гоҳ кўриниб, гоҳ яна кўздан йўқоларди. Тўсатдан, ёнбошдан янги кучлар ҳужумга ўтиб қолишди. Юз элликка яқин учи қайрилма найзалар билан қуролланган татарлар Есугай жангчиларига ёпирилиб, уларни отлардан қулатиб, думалаганларни ерда қиличдан ўтказа бошлади. Уларга енгларини шимариб олган бир баҳодир бошчилик қиларди. Унинг қоп-қора юзида аламли тишлари ярақлаб кўринарди. Энди татарлар Есугай ва у билан қолган саноқли жангчиларни қуршаб олган эдилар.Тўғрил ўз йигитларини ана шу янги кучларнинг орқасидан солди. Оқибатда “илгич” аскарларнинг ўзлари қуршовда қолишди. Мана шу ҳолат жанг тақдирини тўла-тўкис ҳал қилди. Қаршилик кўрсатаётганлар биттама-битта тайжутлар ва қарайитлар қиличи зарбаларидан нобуд бўла бошладилар.Энг охири бояги қора баҳодир қолди. У елкаси билан аравага тисарилиб, қон тўлган кўзларини аланг-жаланг қилиб, ҳар тарафдан устига бостириб келаётган отлиқларнинг ҳамлаларини мардонавор қайтарди. 
-Уни тириклай қўлга олинглар! - қичқирди Есугай. 
Арқоннинг шувиллаган овози эшитилди. Тугун баҳодирнинг бўйнига илиндию хириллаганича ерга қулади. Бирваракайига бир нечта навкарлар ёпирилиб, уни арқон билан маҳкам чандиб ташладилар. Есугай от устида туриб энгашди. 
-Хўш, қалай, Темучин-Уга, мени кутмаганмидинг? - Есугай шодон кулиб юборди-да Тўғрилга қараб: - менинг эски танишим. Сен бўлса, хон, мард экансан! Менинг андам* (анда - тутинган ака-ука) бўлишни хоҳламайсанми? – деди. 
-Бунақанги азамат йигитнинг андаси бўлиш, ҳар қандай одам учун ҳам шараф. - Тўғрил бу манзират гапни айтиб, Есугайга самимий кулиб қўйди. Бу қатъиятли одам унинг укаси бўлишига у асло қарши эмасди. 
Жанг охирлаб қолган эди. Ҳали қиличлар жаранги, ўлим талвасасида қичқиришлар эштилиб турган бўлса-да, буни жанг деб бўлмасди. Есугайнинг одамлари қўлида қурол тута оладиган ҳамма эркакларни қиличдан ўтказаётган эдилар. Ағанаган ўтовлар, вайрон қилинган соябон аравалар орасида жасадлар чўзилиб ётар, ярадорлар эмаклаб юрар эди. Қорни ёрилган от жон талвасасида бошини сараклатар, туёқлари билан қонга тўлган тупроқни тирнарди. 
Эртасига унча катта бўлмаган яна бир ўрамни қўлга киритиб, тезгина ортга қайтишди. Татарлар ҳамма кучни бир жойга йиғишини кутиб ўтирмай чекиниш керак эди. Улар минглаб бош чорва, кучаниб, чийиллаётган арваларда ҳарбий ўлжаларни олиб кетишарди. Ўзлари билан олиб кетишнинг иложи бўлмаган нарсаларни бир жойга тўплаб, ёқиб юборишди. Ортда анчагача қоп-қора тутун устуни нақ осмонгача ўрлаб турди. 
Есугай бу тутунга қараб туриб, Тўғрилга деди: 
-Бу ҳали ҳаммасиямас. - Нималарнидир ўйлаб жимиб қолди. - Агар биз сен билан, менинг андам, тутинган акам билан, араванинг қўш шотисидек доимо бирга бўлсак душманларимиз қўрқувда титраб юрадилар. 
-Мен ичган қасамимга содиқ қоламан, - деди Тўғрил шошмасдан жавоб қилиб. - Сен ожиз бир қувғиндига акаликни таклиф қилдинг. Мен буни ҳамма нарсадан ҳам юқори баҳолайман. Хонлигимни қайтариб оламанми ёки сўққабош дайди бўлиб қоламанми, бир умрга сенинг андангман. 
-Сен хон бўласан. Агар найманлар кетишган бўлса, биз Эрқа-Қора устига юрамиз. Худди якка ўтовни яшин ургандай. Вақти келиб эса, найманларнинг ҳам адабини бериб қўямиз. 
Ўлжалар билан тўлиб-тошган қўшин тайжутлар улусига кириб келганида Есугай Тўғрилга қадрдон ўрамига юксиз, енгилгина кириб боришни таклиф қилди. Улар ўзлари билан ўн нафар навкар ва асир олинган Темучин-Угани олиб, илгарилаб кетишди. Арқонлар билан йўргаклаб ташланган татар, сув ҳам ичмас, овқат ҳам емас, ҳаммага мағрурона нафрат билан қарарди. 
-Зўр баҳодир-а? - Есугайнинг унга қараб завқи келарди. 
Нима учун Есугай бу асирни ортмоқлаб олиб келаяпти, қадрдон овулига нимага бунча шошади? Тўғрил шуни тушуна олмасди. Андасини менсимаганнамо хаёл қилди: “Андам ғолиблик шон-шарафини тезроқ кўргиси келяпти”. 
Аммо Есугай ўзининг ғалабасини оқсоқоллар ва нўёнларга етказишга шошилмасди. У тўғри ўз ўтовига қараб юрди. Бироқ эшиги олдида уни тушунарсиз бир иккиланиш қамраб олди. Кираверишдан кўзини узмай, секин отдан тушди. Отини ҳам чўзилиброқ тушовлади. Ўтовдан ёшроқ бир аёл чиқиб, нимтабассум билан унинг ёнига келди. Есугай ўзининг оғир қўлларини унинг елкасига ташлаб, юзига ҳадиксирагандай қаради. 
-Ўғил, - деди аёл. 
-Ўғил? Менинг ўғлимми? - у шитоб ўтовга кириб кетди. 
Ҳар тарафдан одамлар тўплана бошлашди. Улар Тўғрил ва Темучин-Угага қизиқсиниб қарар, секингина жангчилардан нималарнидир сўраб олишарди. 
Есугай ўтовдан чиқди. У қўлида қайин ёғочидан ясалган беланчакни бесўнақай, ҳадиксираб кўтариб олган эди. Бола оёқларини қимирлатганча чинқириб йиғларди. 
-Бақироқлигини қара! - Есугайнинг юзи шодликдан ёришиб кетган эди. - -Менинг ўғлим! Тўғрил анда, бу менинг хотиним Ойлун. Тўғрилнинг эсига ўзининг хотини тушиб кетиб, тишини тишига босди. Яқингинада у ҳам Есугайга ўхшаб бахтиёр эди... 
-Дам олинглар, кечқурун эса ҳаммангизни зиёфатга таклиф қиламан, деди Есугай навкарларига. Темучин-Уганинг ёнига келиб: Сен бизнинг душманимизсан ва сен шу бугун ўласан. Аммо сен жасур одам бўлганинг учун мен ўғлимга сенинг исмингни қўяман,-деди.

Просмотров: 600 | Добавил: rsc | Рейтинг: 2.0/1
Всего комментариев: 0
Имя *:
Email *:
Код *:
Вход на сайт
Поиск
Календарь
«  Июнь 2015  »
ПнВтСрЧтПтСбВс
1234567
891011121314
15161718192021
22232425262728
2930
Архив записей
Друзья сайта
  • Официальный блог
  • Сообщество uCoz
  • FAQ по системе
  • Инструкции для uCoz