Воскресенье, 19.05.2024, 05:26
Приветствую Вас Гость | RSS

ижтимоий-сиёсий,адабий-бадиий,маданий-маърифий сайти

Меню сайта
Статистика

Онлайн всего: 1
Гостей: 1
Пользователей: 0
Главная » 2015 » Февраль » 1 » "ШИШАДАН ОТИЛИБ ЧИҚҚАН ДЕВ"
20:45
"ШИШАДАН ОТИЛИБ ЧИҚҚАН ДЕВ"
 

Дунё кутубхонаси

"ШИШАДАН ОТИЛИБ ЧИҚҚАН ДЕВ"

ёхуд мўъжиза яратишга қодир тафаккур

Грузин адиби Нодар Думбадзе асарлари беғуборлиги, дилга яқинлиги билан ажралиб туради. Унинг "Ҳелладос"ини ўқимаган, Янгули ва "ватан хоини, мишиқи" Кокани "танимайдиган" адабиёт ихлосмандини топиш қийин. Сара китоб шайдолари кутубхонасида унинг бирор китоби албатта бўлади. Думбадзе асарларида грузин халқининг "мен"и бўй кўрсатиб туради. Грузинларга хос фикрлаш тарзи, ўзаро муносабат, ахлоқ ва тутумлар яққол сезилиб туради. Инсоннинг энг мушкул вазиятлардаги аҳволини, ҳолатини оддий услубда, юмор билан тасвирлайдики, ҳайратда қоласиз. Унга ўхшатиб ёзишнинг эса уддасидан чиқолмайсиз. Мураккаб нарсаларни оддий баён этиш эса ҳар доим мушкул бўлиб келган...

"КУКАРАЧА"

Бугун олча ўғирлайсан, эртага бировнинг уйини тунайсан, индинга поездни қақшатасан, у ёғига қарабсанки, денгизда сузиб юрган кемани кўнглинг тусаб қолади...

* * *

Агар ошиқларни қамайверишса, инсониятнинг ярми ҳозир турмада ётган бўларди...

* * *

- Наҳотки ҳеч нарсадан қўрқмасанг?

- Шу пайтгача фақат бир нарсадан: севги нималигини билмай дунёдан ўтиб кетишдан қўрқардим...

* * *

...қалб тубсиз, ҳад-ҳудудсиз бир нарса. Маънавий ҳаёт эса - кино, театр, рангтасвир, музика... Бундан таш-қари - муҳаббат, чексиз муҳаббат!

* * *

...қалб - инсоннинг бамисоли эртаклардаги девдай шишага қамаб қўйилган орзу-ўйлари. Бу ўй-фикрлар пайдо бўлган кунидан бошлаб озодликка талпинади. Баъзан биз уларга эрк берамиз - ихтиёрий ёки ихтиёрсиз, кўпинча уларнинг ўзлари тутқунликдан халос бўлишади.

* * *

Ҳурриятга чиққан инсон тафаккури фанда, санъатда, адабиётда мўъжизалар яратишга қодир. Мен учун ҳар бир даҳо - шишадан отилиб чиққан девдир. Тўғри, даҳолар орасида ҳам нисбатан йирик ва майдароқлари, бақувват ва заифроқлари бор, лекин муҳими бу эмас. Эрк нашидасини улар бир хилда ҳис этишади.

* * *

...инсонга ҳадя этилган барча хазиналар ичида энг қимматлиси - сева олиш лаёқатидир. Дунёдан муҳаббатсиз ўтган кишига ачинаман.

* * *

- Мен болаларни яхши кўраман.

- Демак, бахтли одам экансан.

* * *

...аслида биз, ер юзидаги барча одамлар бир тилда гаплашамиз, лекин бир-биримизни тушунмаймиз, чунки бир-биримизнинг гапларимизга қулоқ солмаймиз!

* * *

...аёл зотининг табиати шунақа ўзи: у учрашувга белгиланган вақтдан сал олдин келади, панароқ жойга беркиниб олади-да, йигитни зимдан кузата бошлайди. Йигит шўрликнинг тоқати тоқ бўлганига ишонч ҳосил қилгандан кейингина рўпарасида пайдо бўлади...

* * *

Милиционер ҳазил қилса - яхшилик аломати!

* * *

- Сен туғилганингда мен студент эдим, уйда кўзқулоқ бўлиб турадиган одам йўқ эди, шунинг учун сени Анисога ташлаб кетардим. У ярамас дегин, йиғламаслигинг учун сенга сутсиз кўксини тутаркан. Чақалоқлигида қуруқ сийнани эмган болаларнинг ҳаммаси ёлғончи бўлиб ўсади. Тушундингми?

"ОҚ БАЙРОҚЛАР"

Эҳтимол, "илоҳий қуш" бўлгани учун оллоҳнинг бандалари чекаётган ситамларни кузатишга қалдир-ғочларнинг юраги дош беролмас?

* * *

Турманинг муқим соҳиблари йўқ, бу ерда одамлар тўхтовсиз алмашиниб туради, қалдирғоч эса осойишта масканга, инсон меҳрига талпинади, "ўз" хонадони эгаларига ипсиз боғланиб, ҳатто уларнинг қиёфаларини ҳам эслаб қолади... Хуллас, нима учун қалдирғочлар турма деворларига ин қурмаслигини ҳеч ким, ҳеч ким билмайди...

* * *

Инсон - фақат бир ёқлама кўринадиган сурат эмас. Инсон энг яхши, энг гўзал жиҳатларини намоён этадиган нуқтадан туриб кузатилиши лозим бўлган ҳайкалдир.

* * *

Модомики, инсон тарбияси санъат экан, инсонга ҳам санъат асари сифатида ёндашиш керак.

* * *

Чироқ менга тонгда ҳуркитилган тиллақўнғизни эслатади: тун бўлиб тунмас, кун бўлиб - кун. Шунинг учун ҳам шўрлик тиллақўнғиз шифтга ёпишганча на ёнишини ва на ўчишини билади...

* * *

Кетма, мен билан қол, Офтоб! Ёки бутунлай кўринма! Илло, нурларинг озгина ҳарорат, умид ва қувонч бахш этмасдан бармоқларим орасидан сирғалиб, ғойиб бўлишини кузатишдан ортиқ азоб йўқ менга!..

* * *

Дунёдаги энг улуғ нарса бу - алифбе, байроқ ва гимн, зеро уларнинг замирида озодлик руҳи бор!

* * *

...айни пайтда бир-биримиздан нақадар йироқмиз! Орамиздаги мана шу жарлик менга уфқни эслатади; яқинлашганинг сари узоқлашаверади...

* * *

Ўғрилар учун қора, оқ, қизил, сариқ ранглар бўлмайди - ҳамма ўғри бир хилда қора.

* * *

Худо яратган жонзотлар ичида инсондан ялқови йўқ!.. Дунё яралгандан бери инсон тинимсиз меҳнат қилади, тер тўкади, азият чекади, турли-туман машиналар, агрегатлар, станоклар, механизмлар яратади, мусиқа, шеър, романлар тўқиб ташлайдиган роботлар ясайди, ўқийдиган, таржима қиладиган, эшитадиган ва кўрадиган автоматлар ихтиро этади, денгиз тубига, ер қаърига шўнғийди, Ойга учади... Хўш, нима мақсадда шундай қилади? Сира ўйлаб кўрганмисизлар? Ўзи ишламаслик учун шундай қилади! Ҳа, ҳа! Темир-терсакларни ишлатиб қўйиб, ўзи сояда ётаверса!

* * *

Бошқалар қилиши мумкин бўлган иш - иш эмас. Фақат ўзингга мўлжалланган, фақат ўзинг қилишинг лозим бўлган ишни - иш дейиш мумкин.

* * *

Кейин шундай тадбир ўйлаб топишибди: эшакнинг қорнига динамит боғлаб, пилигига гугурт чақишибди, эшак тилка-пора бўлиб кетибди-ю, ҳайтовур, бўриларга ем бўлишдан қутулибди. Даҳшатли воқеа, аммо бу ҳам гуманизмнинг бир кўриниши...

* * *

- Дунёда ўғридай иродаси бўш одам йўқ. Ҳамма ўғриларни довюрак деб ўйлайди. Аслида унақа эмас. Бизда ирода бор, аммо...

- Нима "аммо"?

- Мутлақо кераги йўқ пайтда пайдо бўлади!

* * *

- Одамларнинг хотираси хиралашиб қолган! - деди раис.

- Аксинча, одамларнинг хотираси шу қадар кучлики, улар буткул унутилиши керак бўлган нарсаларни асло унутишмайди!

* * *

...канарейкалар ўз қафасларига шу қадар ўрганиб қолишадики, қўйиб юборсанг - дарров ўлишади!

* * *

Рўзи азалдан байроқ оқ тусда бўлган... Оқ ранг - ер юзидаги ранглар ичида энг асл ранг, бинобарин, оқ байроқ - олийжаноблик тимсоли... Ўзининг мусаффолиги, ўзининг покизалиги билан бу байроқ тинчликни, муҳаббатни, қардошлик ва раҳм-шафқатни бағрига жо этган... Оппоқ тоғ чўққиларидай, олам узра оқ байроқлар бўй чўзиши лозим... Тинчлик, муҳаббат ва эзгулик рамзи бўлмиш улкан оқ байроқ Жомолунгма чўққисида ҳилпираши керак...

Бекзод ЎКТАМ тайёрлади.

Просмотров: 499 | Добавил: rsc | Рейтинг: 0.0/0
Всего комментариев: 0
Имя *:
Email *:
Код *:
Вход на сайт
Поиск
Календарь
«  Февраль 2015  »
ПнВтСрЧтПтСбВс
      1
2345678
9101112131415
16171819202122
232425262728
Архив записей
Друзья сайта
  • Официальный блог
  • Сообщество uCoz
  • FAQ по системе
  • Инструкции для uCoz