Воскресенье, 19.05.2024, 04:26
Приветствую Вас Гость | RSS

ижтимоий-сиёсий,адабий-бадиий,маданий-маърифий сайти

Меню сайта
Статистика

Онлайн всего: 1
Гостей: 1
Пользователей: 0
Главная » 2015 » Февраль » 1 » СУВИ КУЙ, КУЙИ НУР — ФАВВОРАСИ БУЮК САНЪАТДИР
21:24
СУВИ КУЙ, КУЙИ НУР — ФАВВОРАСИ БУЮК САНЪАТДИР

СУВИ КУЙ, КУЙИ НУР — ФАВВОРАСИ БУЮК САНЪАТДИР

ЖАЗИРАМА ёзда ҳамма салқин жой излайди. Кечқурунлари фавворалар атрофи одамларга тўлиб кетади: болалар дунёни тўлдириб чувиллайдилар, катталар ўриндиқларда қалдирғочлардай тизилишиб гурунглашади, чекка-чеккада бир-бирига суянган кўйи кўкка отилаётган биллур шалолага жимгина тикилиб турган ошиқ-маъшуқлар эса ширин хаёлларга чўмади... Мен ҳам иш тугагаши билан юракни лоҳас қилувчи дим ҳаводан безиб, Алишер Навоий номидаги театр майдонига бордим. Улкан фавворадан юзимга сачраган намхуш томчилар дилимни яйратиб юборди. Кўзларимни чирт юмганча ҳузурланиб тургандим, калта шим, чит куйлак, пешайвони каттакон латта шапка кийган жиккаккина бир япон ёнимга келди. У жуда киришимли, сергапгина экан — бир пасда эски қадрдонлардай суҳбатлашиб кетдик.

— Тошкент жуда бош­қача бўлиб кетибди!, — деди меҳмон кўксини тўлдириб нафас оларкан очиқ чеҳра билан. — Ҳамма ёқда янги иморатлар, равон кўчалар, манзарали боғлар. Айниқса, кўркам фаввораларнинг кўпайгани... чекка маҳаллаларда ҳам тошиб-кўпириб отилаётган фавворалар ҳар қандай сайёҳни лол қолдиради. Мана шу фаввора ҳам уч йил аввал жуда оддий эди. Энди бўл­са... камалакдай товланиб-тусланиб мусиқий оҳангларга уйқаш ҳолда рақс тушишини кўринг! Айтгандай, бу иншоотни кимлар қурганини биласизми?, — тўсатдан сўраб қолди у. Аммо жавобимни кутмай, шу заҳотиёқ ўзи жавоб берди:

— 1947 йилда бизнинг боболар — асирдаги японлар қурган.

Янги танишим кўп жаҳонгашта ва фаввораларга ишқибоз экан, зумда бир олам янгиликларни айтиб ташлади.

— Ер юзида “мўъжизавий” деб тан олинган 15 та фаввора бор, — деди у. — Бизни Осака шаҳридаги фаввора ҳам шулар қаторида туради. Мен Рим, Париж, Лас-Вегас, Дубай шаҳарларидаги фаввораларни кўр­дим. Аммо ростини айтсам, Тошкент фавворалари ҳаммасидан бошқача. Сизга ҳавасим келади, мамлакатингиз яшин тезлигида ривожланиб боряпти, саф-саф жозибадор фавворалар қуряпсиз. Биласизми, фавворалар ҳам мамлакат қудрати, буюклиги, юксак маданиятини ифодалайди.

Меҳмоннинг жаҳон фаввораларини энг дарози Жидда шаҳрида бўлиб, бўйи 300 метр экани, энг каттаси эса Сингапурдаги Гиннеснинг рекордлар китобига кирган фаввора бўлиб, унинг умумий майдони 1683 м2 экани ҳа­қидаги ҳикояларидан сўнг, мўъжизавий бу дунёнинг мафтунига айланиб қолдим.

Билмас эканман, фаввора, дегани осмонга қараб пишқираётган ёввойи тў­фон эмас, балки сеҳрли қудратга эга меъморий мужассамот экан.

Билмаганларимни билишда Тошкент шаҳар ҳокимлиги қошидаги “Тошкент фаввораси” Давлат унитар корхонаси бош директори Соибжон Каримжоновнинг ёрдами айрича бўлди.

— Айрим манбаларда биринчи фаввора Тошкентда 1890 йили князь Романов саройида, иккинчиси А.А.Половцовга қарашли уй — ҳозирги Ўзбекистон Амалий санъат музейи ҳовлисида қурилган, дейилади, — деб гапни узоқдан бошлади Соибжон Асомович. — Бу қайд унчалик тўғри эмас. Негаки, Низомийнинг “Хамса”, Бобурнинг “Бобурнома” китоб­ларига ишланган миниатюраларда, Афросиёб деворий расм­ларидаги фавворалар тасвири юртимизда  қадим замонлардаёқ фавворалар бўлганидан дарак беради.

Қолаверса, Амударё ва Сирдарё оралиғидаги аждодларимиз истиқомат қилган кўҳна кент­лар қаъридан топилаётган ажойиб меъморий хазиналар:

тош, сопол, ҳатто мис қувурлардан фойдаланиб сардобалар, қудуқлар, коризлару тазарлар сингари ерости каналлари, банд ва тўғонлар қурилган даврда фаввораларнинг бўл­маслиги мумкин эмас! Чорсу, тим, тоқ каби аҳоли зич жойларда ҳамда шаҳар четидаги боғларда нозик дид, юксак маҳорат билан бунёд этилган шаршара монанд фавворалар бўлгани ҳам уста ва устазодаларимиз санъати авлоддан-авлодга ўтиб, сайқал топганини тасдиқлайди.

Топилган осориатиқалар шаҳодатига кўра, Ўрта Осиёда фавворалар қурилиши XIV-XV асрларда кенг ривожланган.

Фавворалар тараққиёти ҳам буюк соҳибқирон Амир Темур ва темурийлар даври билан узвий боғлиқ. Уйғониш — Шарқ Ренессанси сифатида таърифланган, “ер юзининг сайқали” Самарқандда соҳибқирон бобомиз саъй-ҳаракати билан бунёд этилган кўшку саройларда, шаҳар атрофидаги Боғи Дилкушо, Боғи Нақши Жаҳон, Боғи Шамол, Боғи Чинор каби бир-биридан муҳташам боғларда ўша замон меъморларининг нодир ижоди бўлмиш биллур фавворалар бўлган. Маҳобатли масканларга кўрк берган бу фавворалар унча баланд бўлмаса-да, гўзаллиги билан дилларга ором бағишлаган. Асосан қудуқ, чашма, ҳовуз каби сув иншоотлари яқинида барпо этилиб, соддароқ усулда қурилган: сув махсус сопол қувурлардан келиб, ҳовузларга тушиб, ариқчалар орқали ташқарига оқиб чиққан. Ҳовуз атрофлари ҳар хил ранг­даги мармар тошлар, ранг-баранг гуллар тасвири билан безатилган. Ҳовузларга қуйиладиган ариқчаларнинг қирғоқлари ҳам мармар тошлар билан қопланган.

Ҳозир пойтахтимиз боғларида, майдонларида, ҳукумат ва жамоат бинолари олдида, бозорларда юзлаб фавворалар қайнаб турибди. Уларнинг аксарияти истиқлол йилларида қурилди. Юксак нафосат манбаига айланган 41 та фаввора улуғворлиги билан бошқаларидан алоҳида ажралиб туради. 1969 йили Мустақиллик майдонида қад кўтарган фаввора 2006 йилга қадар Тошкент фаввораларининг энг маҳобатлиси ҳисобланар эди. 2006 йили ҳозирги замон фан-техника ютуқлари асосида реконструкция қилиниб, қайта таъмирланганидан кейин янада кўркам қиёфага эга бўлди. Таъмирлаш жараёнида 120 метр узунликдаги 10 минг кубметр сиғимга эга бўлган сув ҳавзаси, терраса ва каскад мармар билан қопланиб, саҳнига сайқалланган гранит плиталар ётқизилди. Соатига 3 минг кубметр сувни осмонга отадиган қудратли агрегатлар ўрнатилди. Турнақатор биллур шаршараларни эслатувчи фаввораларни оқшомлари юзлаб рангли чироқлар чароғон қилиб туради.

Майдон бўйлаб яна бир неч­та янги фавворалар бунёд этилиши натижасида мазкур ансамбль катта техник имкониятга эга бўлган, ноёб манзарали мураккаб муҳандислик иншоотига айланди.

Фавворалар ансамбли меъморий услуби ва кўлами жиҳатидан атрофидаги маъмурий биноларга яхлитлик бағишлаш баробарида мазкур биноларни совутиш учун хизмат ҳам қилади.

— Мамлакат Бош майдонининг Бош меъмори давлатимиз раҳбари Ислом Каримов экани ҳаммага аён, — дея фахр­ланиб давом этди Соибжон Каримжонов. — Менга қолса, Бош майдон ва майдондаги фавворалар Юртбошимизнинг буюк кашфиётидир, деган бўлар эдим.

Соибжоннинг ифтихори бекорга эмас. Давлатимиз раҳбари фақат Мустақиллик майдони ёки Тошкент шаҳрининг эмас, балки бутун мамлакатимизнинг Бош меъмори ҳисобланади.

Ўлкамизда ҳали тарих билмаган, ривожланган мамлакатлар фуқароларини ҳам ҳайратда қолдирадиган ҳашаматли иншоотларнинг қад кўтариши, пойтахтимизни “меъморий роман”, деса дегулик гўзалликка эга бўлиши — буларнинг барчаси  Президентимизнинг ғояси, меҳнати, кашфиётининг меваси, албатта.

 Мустақилликдан кейин Президентимиз бошчилигида Ўз­бекистон қайтадан бунёд этилди. Қурилиш майдонларига қудратли техника ва индустрия олиб келинди. Махсус ойна, пластмасса каби замонавий қурилиш материаллари, безакбоп тошлар фавворачиликда ҳам чексиз уфқлар очди. Бу эса бетакрор фавворалар тиклаш имконини яратди. Тошкент фаввораларининг ўзига хос жиҳати шундаки, улар шакл жиҳатидан бир-бирига сира ўхшамайди: бири — гулга бурканган маҳобатли дарахтни, бири — чўққидай баланд оппоқ алангани, бири — қадрдон она сайёрамизни, бири — улкан нилуфар гулни эслатса, яна бири — Сангардак ва Жиззах шаршаралари каби кўзларни сеҳрлаб ташлайди. Алишер Навоий театри, “Саёҳат” меҳмонхонаси, “Тантаналар саройи” рўпарасидаги фавворалар “рақс тушувчи” ёки бошқача қилиб айтганда, “куйловчи фаввора”лар, дейилади. Мумтоз ва миллий меъморий анъаналар мужассамлашуви ва сувнинг шовуллаши билан мусиқий оҳангларнинг мувофиқлашуви орқали бу фаввораларнинг бадиий-эстетик жиҳатлари ҳамда беадоқ чиройи ёрқин намоён қилинган. Фаввораларнинг мусиқий шоусидан баҳраманд бўлиш, афсонавий мўъжиза ижро этаётган мумтоз мусиқаларни тинглаб, роҳатланиш учун келганлар бир нафасда бор ташвишларини унутадилар. Мармардек тиниқ сувнинг сеҳрли куй остида бир неча метр юқорига кўтарилиб, ёрқин рангли нурларга беланган кўйи пастга тушиши қалбларга олам-олам завқу шавқ бағишлайди. Амир Темур хиё­бони, “Туркистон” саройи, Мирзо Улуғбек боғидаги фавворалар ҳам маҳобатли ва нозик меъморий шакли, серустун ва майда гумбазли жозибалари билан дилларни мафтун этади. Шароф Рашидов проспекти ҳамда хал­қаро аэропортдаги фавворалар эса турли рангларда товланиши билан ажралиб туради.

 Фаввораларнинг вазифаси кучли босим воситасида сувни осмонга отиб, одамларни “елпиб” туришдан иборат, деб ўйлаганлар янглишади. Замонавий фаввора — бу юқори сифатли материаллар, илғор техника, чуқур инженерлик салоҳияти, аниқ гидродинамик ҳисоб-китоблар билан узвий боғлиқ ўта мураккаб сув иншооти, деганидир. Дилларни мафтун этувчи инжа манзаралар ҳосил қилиш учун компьютерда махсус дастур яратиш, сув тўлқинларини чироқ нурларига мос равишда ҳаракатланишини таъминлаш ҳамда уларни мусиқа оҳангларига сингдириб юбориш эса осон юмуш эмас. Фан ва техника кун сайин тараққий этиб бораётган ҳозирги замонда фавворалар воситасида сеҳрли мўъжизалар яратиш имкониятларининг чеку чегараси йўқ. Биргина сув ости прожектори нурлари воситасида 16 миллион хилдан ортиқ рангин манзаралар яратиши мумкин. Ўзбекистон фавворасозлари бу вазифаларни аъло даражада адо этаётирлар.

— Фавворалар келинчаклардай сулувлигидан ташқари саломатлик манбаи ҳамдир, — дейди медицина фанлари доктори, профессор Жуманазар Бекназаров. — Сувнинг тинмай айланиши, кўкка отилиши натижасида ҳавода ионлар пайдо бўлади. Одамзот учун бу ионларнинг фойдаси беҳад катта.

Фақат Тошкентда эмас, республикамизнинг барча шаҳарларида юзлаб бир-биридан мафтункор фавворалар қайнаб турибди. Бу қадар салобатли ва нафис иншоотларни тасаввур қилиш қийин эди яқин-яқингача.

Ҳа, япониялик меҳмоннинг эътирофи чин: фавворалар ҳам худди ҳайбатли тоғлар оша Сурхон воҳасига кириб борган темир йўллар, Амударё устида қурилган кўприклар, заводлардан қаторлашиб чиқаётган ўзимизнинг машиналар сингари мамлакат юксалишининг ёрқин тимсолларидир.

 Фаввораларинг сингари қайнаб-жўшиб қалбларни ғурурга, дунёни ҳайратга солавер, шидда­тинг­га кўз тегмасин, Ўзбекистоним!

Абдусаид КЎЧИМОВ

Просмотров: 518 | Добавил: rsc | Рейтинг: 0.0/0
Всего комментариев: 0
Имя *:
Email *:
Код *:
Вход на сайт
Поиск
Календарь
«  Февраль 2015  »
ПнВтСрЧтПтСбВс
      1
2345678
9101112131415
16171819202122
232425262728
Архив записей
Друзья сайта
  • Официальный блог
  • Сообщество uCoz
  • FAQ по системе
  • Инструкции для uCoz