Воскресенье, 19.05.2024, 03:23
Приветствую Вас Гость | RSS

ижтимоий-сиёсий,адабий-бадиий,маданий-маърифий сайти

Меню сайта
Статистика

Онлайн всего: 1
Гостей: 1
Пользователей: 0
Главная » 2015 » Февраль » 1 » Тагига чизиб ўқиладиган сатрлар
20:44
Тагига чизиб ўқиладиган сатрлар
 

Тагига чизиб ўқиладиган сатрлар

ЙИҚИЛГАН БАЛИҚ, ХАЁЛГА КЕЛМАГАН МАЖНУНТОЛ ВА ДЕНГИЗГА ҚАРАБ ЁЛҒИЗ ЎТИРГАН ОДАМ...

Япон адабиёти. Танка, хокку (хайку) деб аталмиш бадиий кашфиётлар. Рюноскэ Акутагава, Ясунари Кавабата, Кобо Абэ сингари сўз усталари. Ўзига хос, мутлақо фавқулодда экспериментлар. Синчи-адабиётшуносларнинг анча-мунчасини боши берк кўчага киритиб қўядиган ғоя, фикрлар. Воқеликка, сўзга бўлган янгича ёндашув. Сара киноларга ёрқин мавзуларни берган улкан асарлар. Қуйида катта сўз санъаткори – Кобо Абэнинг адабиёт оламида ўзига хос воқеа саналган "Яшик-одам" романидан парчаларни эътиборингизга ҳавола қилмоқдамиз. Асарнинг асосий ғояси шахс ва жамият ўртасидаги муносабат, зиддиятни бадиий тадқиқ қилишдан иборат. Шунингдек, романдаги етакчи ғоялардан яна бири - инсонни ёлғизлик ва маҳдудликдан гўзал ҳаётгина қутқара олиши мумкин. Роман тўлиғича рамзий асосга қурилган. Ундаги яшик ва сохтабалиқ, фотоаппарат ва милтиқ, врач ҳамда "ёзаётган мен билан қайд қилаётган мен" – барча-барчаси мажозий маънога, тагмаънога эга. Абэни ўқиб, дунёни шундай кўриш ҳам мумкин экан-да, деган ўйга борасиз ва ўзингиз ҳам билиб-билмай барча воқеа-ҳодисадан тортиб оддий буюмгача, "тафтиш" қилишни бошлайсиз...

***

Қани энди кўзи кўзимга тушганда пинагини бузмайдиган одамни бир кўрсам!

***

Яшик ясаш қийин эмас. Бунинг учун бир соат ҳам вақт кетмайди. Уни кийиш ва яшик-одамга айланиш учун эса – анча-мунча жасорат лозим. Одам боласи кўримсиз, оддий картон яшикни кийиб кўчага чиқдими, тамом – ўша дақиқадан бошлаб, яшик ҳам, одам ҳам йўқолади, мутлақо янги мавжудот пайдо бўлади. Яшик-одам жиркантириш, нафрат уйғотиш оғуси билан заҳарланган бўлади. Маълум даражада томошахоналар лавҳасида тасвирланган айиқ-эркак ва илон-аёл ҳам ана шундай оғу билан заҳарланган. Аммо томошахонага кириш пулини тўлаган заҳотингиз бу оғу бир қадар ўз кучини йўқотади.

***

Агар одам ярим кечада кўзойнак тақса ёки юзини ниқоб остига яширса, билки, кўнглида бирор ёмон ўйи бор ёки азбаройи ўзи қўрққанидан шундай қилади – буни бошқача изоҳлаб бўлмайди.

***

Ёмғир эрталабдан бери ёғиб турибди, кечки қоп-қора осмон қарийб ергача осилиб тушган этагини зўрға судрайди.

***

Ўзи шунақа бўлади: йўл чеккасидаги ялтироқ нарсани кўриб, беихтиёр тўхтайсан... Синиқ шиша парчаси бир чақага ҳам арзимаслигини фаҳмлаб турасан, аммо барибир, шишага тушиб жилваланган нур унга ҳайратомуз бир жозиба бахш этади.

***

Табиийки, умидим йўқ эмас, аммо бу шу қадар тутқич бермас умидки, уни ҳар қандай энг сезгир анализатор ҳам пайқай олмайди.

***

Янги персонаж пайдо бўлиши муносабати билан тахминлар ўзгаради.

***

Мабодо вақт тўхтаса, табиийки, сабаб-оқибат муносабатлари бузилади, ана ўшанда, сен ҳеч қандай жазодан қўрқмай, энг беҳаё хатти-ҳаракатлар қилишинг мумкин.

***

Ривоятда нақл қилинишича, кимки ана шу чиғаноқ ўтни ҳидласа, тушида балиққа айланиб қолар эмиш. Менимча, бу ёлғон, аммо ҳақиқат ҳам йўқ эмас. Чиғаноқ ўт шўрхок, сернам тупроқни яхши кўради, хусусан, денгиз соҳилларида яйраб ўсади, мана шунинг учун ҳам бу ривоят пайдо бўлган, бунинг ҳеч ажабланадиган жойи йўқ. Шунга кўра, бу гиёҳ гулининг чангидаги алколоидлар бош айланишига ўхшаш енгил беҳудлик қўзғатади, айни пайтда, нафас йўли ва шиллиқ пардани қитиқлайди. Бу эса, афтидан, одамда худди сувга шўнғиган пайтдагига ўхшаш сезги уйғотади, деган нуқтаи назар бор.

***

Уйқунинг ўзи қийин эмас, уйғониш қийин. Ростакам балиқ вақтни қандай ҳис қилади – номаълум, бироқ тушида балиқ бўлганлар учун вақт ўнгдагига нисбатан бутунлай бошқача ҳаракат қилади. Вақт ҳаракати тезлиги кескин камаяди – оддий сониялар кунларга, ҳафталарга айлангандек бўлиб туюлади.

***

Ернинг тортиш кучи билан боғлиқ барча тан изтироблари – ошқозондаги юк, бўйин ва энса қотиши, тизза бўғинларидаги оғриқ, оёқ шиши – сени бир зумда тарк этади-қўяди.

Тушида балиқ бўлган одамни вазнсизлик бамисоли майдек маст қилади.

***

Вақт имиллаб ҳаракат қилса, юрак чидаб бўлмас даражада сиқилади.

***

Ўзинг қизиққан нарсани токи қўлинг билан ушлаб кўрмас экансан, кўнглинг жойига тушмайди.

***

Мен балиқ йиқилганини ҳеч қачон эшитмаганман. Ҳатто ўлган балиқ ҳам сув юзида сузиб юради. Осмонда учиб юрган ҳаво шарига қараганда, балиқнинг йиқилиши қийинроқ. Балиқлар учун йиқилиш – аксилйиқилишдир.

Аксилйиқилиш...

Ҳа, бундай усул ҳам бўлиши мумкин. Бу – пастга йиқилиш эмас, аксинча, осмонга йиқилиш, ҳавога чўкиш демакдир.

***

Ҳар бир одам манзарадан ўзига керакли нарсаларни танлаб олади ва фақат ўшаларнигина кўради. Мисол учун, автобус бекатини жуда яхши тасаввур қилган ҳолда, унинг шундоқ ёнгинасида ўсиб турган бир неча мажнунтолни хаёлга ҳам келтирмаслик мумкин.

***

Мабодо у ёки бу нарсадан кун бўйи камида уч марта фойдаланмас экансан, ҳеч ачиниб ўтирмай, ундан воз кечиш лозим.

***

...дунё қайнаётган қозонни эслатади. Бир сония ғафлатда қолдингми - тамом, қарабсанки, ҳатто ер куррасининг шакли ҳам ўзгариб кетган бўлади.

***

Сен ўзгарасан, сен билан бирга ташқи олам ҳам ўзгаради – бошқа ҳеч қандай ўзгаришлар мавжуд эмас. Бу ўзгаришлар шу қадар улканки, энг шов-шув кўтарадиган янгиликлар ҳам уларнинг олдида ип эшолмай қолади.

***

Одам янгиликларни фақат кўнглини тинчитиш учунгина эшитади. Ларзага соладиган қандай янгиликни хабар қилмасинлар, агар одам уни эшитаётган бўлса, демак, у тирик – мана, гап нимада. Дунёнинг тугаганидан дарак берувчи сўнгги янгилик – чинакам даҳшатга соладиган янгиликдир. Уни эшитадиган ҳолатда бўлиш – ҳар бир одамнинг муқаддас орзуси.

***

Албатта, битта мен хунук эмасман – тўқсон тўққиз фоиз одамда қусур бор... Одамлар теварак-атрофдагиларнинг кўриш қобилияти яхши эмаслигига ва кўпинча чалғиб кўришларига умид боғлаганлари учун ҳам уларнинг нигоҳларига тоқат қилиб яшашга кўникиб кетганлар.

***

Баъзилар эса, гўё мен ҳеч кимга очиқдан-очиқ тик қарамасам, улар ҳам менга тик қарашга ботинолмайдилар, деб бир умр ерга қараб яшайдилар. Шунинг учун ҳам бир замонларда жиноятчини эл ўртасида шармандаи шармисор қилганлар, бироқ бу ҳаддан ташқари шафқатсиз жазо эди, шу қадар шафқатсиз эдики, юксак маданият тараққиётига эришган жамият бунга барҳам берди.

***

Яшириши лозим бўлган хунукликдан маҳрум одамларнинг кўзига бошқалардаги хунуклик кўринмайди.

***

Эсингдами, бир куни сендан: тасаввур қилки, ер курраси ҳалокатга учрай-учрай деб турибди, энг сўнгги дақиқаларингни мен билан ўтказишга рози бўлармидинг, деб сўраган эдим. Сен эса: агар иложи бўлса, ёлғиз ўзим денгизга қараб ўтирардим, деб жавоб бергансан.

***

...ҳар бир жонли мавжудот ўзининг аниқ белгиланган, хусусий майдонига эга ва у чегарасини бузиб ўтган тажовузкорга беихтиёр ҳужум қилиш учун доим шай туради.

***

Ёлғон ўзига ишонган одамни чалғитиб, ҳақиқатдан узоқлаштиради, тасаввур эса, аксинча, уни энг яқин йўл билан ҳақиқатга олиб келиши мумкин.

***

Чамаси, инсоннинг руҳий азоблари ҳам жисмоний шикастлари сингари атрофдаги кишиларни жонидан тўйдириб юборадиган ҳоллар ҳам бўлади.

***

Аввало, теварак-атрофдаги нигоҳлардан ғайритабиий таъсирланиш – ўз ҳаётингни мураккаблаштириш демакдир.

***

Нигоҳлар сўзлашуви – хароб бўлиш жараёнида вужудга келадиган энг мукаммал ҳодисалардан биридир.

Бекзод ЎКТАМ тайёрлади.

Просмотров: 932 | Добавил: rsc | Рейтинг: 0.0/0
Всего комментариев: 0
Имя *:
Email *:
Код *:
Вход на сайт
Поиск
Календарь
«  Февраль 2015  »
ПнВтСрЧтПтСбВс
      1
2345678
9101112131415
16171819202122
232425262728
Архив записей
Друзья сайта
  • Официальный блог
  • Сообщество uCoz
  • FAQ по системе
  • Инструкции для uCoz